UZ

Сўнгги янгиликлар

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  10 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

Аваз Бердиқулов: «25 январь куни кўп саволларга жавоб оламиз» Янгиликлар

Аваз Бердиқулов: «25 январь куни кўп саволларга жавоб оламиз»

Уммонда старт олган ёшлар (U-22) ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоа аъзоларидан ташқари яна уч нафар юртдошимиз, аниқроғи мутахассисларимиз ҳам бўлиб туришибди.
ФИФА рефери ассистенти Жамшид Саидов бош ҳакамга қанотда ёрдам беряпти. Фарҳод Абдуллаев назоратчи ҳакам вазифасини бажаряпти. Афсуски, бу сафар қитъа чемпионатига Ўзбекистондан бош ҳакам таклиф этилмаган. Начора, шунақаси ҳам бўлиб турар экан. Балки, ОФКдагилар наздида 2013 йилги футбол мавсумида мамлакатимиз ҳакамларида пасайиш кузатилгандир. Бежизга бундай қарорга келишмаса керак. Лекин Валентин Коваленкони чақиришса бўларди. Ҳа, майли. ОФКда фаолият юритаётган ягона ҳамюртимиз Аваз Бердиқулов эса Осиё чемпионатининг бош стадиони «Султон Қобус»да ўтказиладиган ўйинларга масъул шахс этиб тайинланган. Биз ОФКнинг Мусобақаларни ўтказиш бўлимида менежер лавозимида ишлаётган бу мутахассисимиз билан боғланиб, ундан эксклюзив интервью олдик.

- Аваз ака, Уммон давлатининг Осиё чемпионатига кўрган тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
- Уммон биринчи маротаба Осиё чемпионати даражасидаги йирик мусобақага мезбонлик қиляпти. Биринчи галда шу нарсага эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Шу пайтгача турли ёш тоифасидаги қитъа чемпионатларининг саралаш ўйинларини ўтказиб келган. Ўтган йили 14 ёшлилар ўртасидаги қитъа биринчилигининг саралаш босқич ўйинлари ҳам шу давлатда ўтказилди. 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг ўзи илк маротаба ташкил этилмоқда. Бу ОФК учун ҳам ўзига яраша синов ҳисобланади. Уммон тарихида илк бор ушбу мамлакатда қитъанинг 16таси сараланган терма жамоалари жам бўлди. Демак, Уммон учун ҳам бу катта синов бўлиш баробарида яхшигина тажриба мактабини ўтаб беради. қолаверса, Уммон давлати 2019 йилги катталар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлигига ҳам даъвогарлик қиляпти. Шу қитъа чемпионати орқали биз ОФК мутасаддилари Уммонда футболга бўлган эътиборни ҳам кўздан кечиряпмиз ва бу мусобақанинг муваффақиятли ўтказилиши 2019 йилги Осиё чемпионати мезбонлиги учун курашда катта аҳамиятга эга бўлади. Энди тайёргарликка келсак, бу борада ҳеч қандай муаммони кўрмаяпман. Хатто Уммон бу бўйича ўз имкониятидан баланд ҳам сакради, дейиш мумкин. ОФКнинг Осиё чемпионатига жавобгар гуруҳи чемпионат бошлангунига қадар ҳам бир неча маротаба Уммонга келиб кетди. Шахсан ўзим ҳам ўтган йили тўрт бор Уммонда бўлдим. Тайёргарликни бевосита кўриш мақсадида хатто, Уммон - Сурия ўйинига комиссарлик ҳам қилдим. Мамлакатда футболга бўлган қизиқиш юқори. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Уммон бошқа араб давлатларидан фарқ қилади. Биринчи галда бу давлатда хорижликлар жуда ҳам кам, асосан маҳаллий аҳоли истиқомат қилади. Хатто такси ҳайдовчилари ҳам уммонликлар. Саудия Арабистони, БАА каби давлатларда бундай манзарага гувоҳ бўлмайсиз. Халқининг менталитети ҳам бошқача. Англия Премьер-лигасида бир неча йиллардан бери муваффақиятли тўп тепиб келаётган дарвозабон Али ал-Хабси Уммоннинг барча даврлардаги биринчи рақамли футболчиси ҳисобланади. Кўчаларда, хатто давлат ташкилотларида ҳам унинг суратларига кўзингиз тушади. У туфайли Уммонда миллионлар ўйинига бўлган эътибор кундан-кунга ортиб боряпти. Шуларни инобатга олган ҳолда, 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги илк Осиё чемпионати мезбонлигини Уммонга ишониб топширдик. Бу билан ОФК байроғи остида ўтказилаётган мусобақалар географиясини ҳам кенгайтиришга эришдик. Ҳозирча мусобақани Уммонга топширганимиздан афсусланмаяпмиз. Ўйинлар ўтказилувчи «Султон Қобус», «Сиб» ҳамда «Роял Полис» стадионларида барча зарурий шароитлар яратилган. Тўғри, баъзи камчиликлар ҳам йўқ эмас. Бусиз иложий йўқ. Лекин умумий олганда, ҳозирча жиддий эътирозлар йўқ.  

- Сиз номларини тилга олган стадионлар ҳамда машғулот майдонларининг ҳолати қандай?
- Мен 5 январь куни, яъни мусобақа бошланишидан бир ҳафта аввал Мускатга етиб келгандим. Ўзи январь ойида араб мамлакатларида унчалик иссиқ бўлмайди. Ҳаво ҳарорати 17-20 даража атрофида. Футбол ўйнаш учун жуда яхши иқлим шароити. Лекин тез-тез ёмғир ёғяпти. Бу майдон майсасининг ҳолатига ҳам таъсир ўтказяпти. Шу боис, майдоннинг бугунги ҳолатини идеал деб бўлмайди. Кечқурун хатто қалинроқ кийиниб юришга ҳам тўғри келяпти. Майдоннинг ҳолатини яхши сақлаш мақсадида жамоалар билан ўзаро келишган ҳолда машғулот ўтказмасликка қарор қилинди. Учрашувдан бир кун олдинги расмий машғулотлар ҳам бошқа майдонда ўтказиляпти. Жамоалар бир кун олдин бориб, стадион ва майдон билан шунчаки танишиб қайтишяпти. Олтита машғулот майдони танлаб олинган. «Султон Қобус» стадиони олдида улардан бири жойлашган. Султон Қобус университетида иккита машғулот майдончаси бор. «Аҳли Седаб», «Боушир» ҳамда «Мускат» клубларига қарашли стадионлар ҳам машғулот учун ажратилган. Барча иштирокчи жамоалар аввалдан белгиланган жадвал бўйича бу майдонларда машғулот ўтказишади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўзининг Уммондаги илк машғулотини 10 январь куни маҳаллий вақт билан соат 17дан 19гача Султон Қобус университетидаги майдонда ўтказди. 11 январь куни «Боушир» стадионида худди шу соатларда машғулот бўлиб ўтди. Бир ҳил вақтда машғулот ўтказилиши Ўзбекистон - Хитой учрашувининг бошланиш муддати билан боғлиқ. Режа бўйича 13 январь (суҳбат 12 январь куни уюштирилган, - муал.) кунги машғулотлар «Мускат» клубига қарашли стадионда олиб борилади. 15 январь куни соат 18дан 20гача «Султон Қобус» стадиони ёнидаги майдонда терма жамоамизнинг машғулот ўтказиши режалаштирилган. Худди шундай қолган жамоалар ҳам жадвал асосида машғулотларини ташкил этишади.

- Шахсан ўзингиз жавобгар ва масъул бўлган «Султон Қобус» стадионида муаммолар йўқми?
- Бу стадионда Осиё чемпионатининг очилиш ва финал учрашуви ўтказилади. 11 январь куни маҳаллий вақт билан соат 20.00да Уммон - Мьянмар ўйини бўлиб ўтди. Бу қитъа чемпионатининг очилиш учрашуви бўлгани учун ундан олдин театрлаштирилган кичик саҳна кўринишлари намойиш этилди. Уммон футбол федерацияси ҳамда мусобақа ташкилий гуруҳи асосий эътиборини шу стадионга қаратган. Шу боисдан, қолган икки стадионга қараганда, «Султон Қобус»нинг тайёргарлиги яхшироқ. Ўз бағрига 28 минг томошабинни сиғдира олади. Майдоннинг ўлчами 105Х65 метрни ташкил қилади. Ўзи аввалига майдон энини 68 метр қилмоқчи бўлгандик. Бунда қанот ҳакамларининг бемалол югуриб ҳаракат қилиши инобатга олинганди. Лекин ФИФАнинг энг минимал талаби 65 метрда тўхтадик. Майдон чими ҳам яхши ҳолатда. Олимпия стадиони бўлгани учун майдон атрофида енгил атлетика учун мўлжалланган югуриш йўлаклари бор. Энди камчиликдан ҳоли нарсанинг ўзи йўқ. Кичик муаммоларни жойида бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Иштирокчи жамоалар Уммондан юқори кайфиятда кетишлари учун бор имкониятни ишга соляпмиз.

- Стадионларда ОАВ ҳодимлари учун шароитлар (Wi-Fi тизими, микст-зона) етарли даражадами?
- Бу ҳар қандай мусобақанинг биринчи галдаги талаблари ҳисобланади. Буларсиз ҳар қандай савиядаги турнирни ўтказмаймиз. Уммон телекомпанияси билан ҳамкорликда Осиё чемпионатини ёритиш учун келган ОАВ ҳодимлари учун симсиз (Wi-Fi) интернет тизимини йўлга қўйилди. Адашмасам, сониясига 35 мегабайт тезликдаги пакетлик шартнома имзоланди. Ҳар бир журналистга алоҳида индивидуал карточка берилган. Шу карточка орқали интернет тизимига уланиб, бемалол ишлаш мумкин. Уччала стадионда ҳам матбуот марказлари ишлаб турибди. Бевосита ўзим масъул бўлган «Султон Қобус» стадиони ҳақида гапирадиган бўлсам, ўйинолди ва учрашувдан кейинги матбуот анжуманлари шу стадионнинг ўзида ўтказилади. Тўрттала гуруҳ жамоалари бош мураббийлари иштирокидаги матбуот анжуманлари айнан «Султон Қобус»да ўтказиляпти. Масалан, кеча Шуҳрат Мақсудов иштирокидаги анжуман соат 12дан 12.30гача вақт оралиғида бўлиб ўтди. Микст-зона, яъни футболчилардан интервью олиш учун мўлжалланган ҳудудларни ҳам ташкил қилганмиз.

- Шу пайтгача иштирокчи жамоа вакиллари ва ОАВ ҳодимлари томонидан ташкилий қўмита манзилига ҳеч қандай эътирозлар бўлмади.
- Мусобақа регламентига кўра, иштирокчи мамлакат жамоалари чемпионат бошланишига икки кун қолганида келиши керак. ОФК ана шу икки кунлик меҳмонхона ҳаражатларини тўлайди. Эътирозлар аксарият ҳолларда делегация таркибида кўп одам келиши билан боғлиқ бўлиб қоляпти. ОФК ўрнатилган тартибда делегацияга меҳмонхонада жой ажратади. Саудия Арабистони, БАА, Эрон каби давлатлар эса белгиланганидан ҳам кўп одам билан келишган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Одам сони ошиб кетса, меҳмонхона ҳаражатларини ўша давлат федерацияси қўшимча тарзда тўлайди. Одами кўп делегациялар рўйхатдан ташқарида бўлганларни ҳам расмий меҳмонхонага жойлаштиришни талаб қилишади. Бошқа меҳмонхонада туришдан бош тортишади. Битта меҳмонхонада тўрттадан саккизтагача терма жамоалар жойлаштирилгани учун бўш ўринлар қолмаган бўлади. Бу каби муаммолар бошқа мусобақаларда ҳам бўлиб туради. Шу боис, бундан ажабланмаса ҳам бўлади. Бу масалалар билан шуғулланадиган алоҳида ишчи гуруҳимиз бор. ОАВ ҳодимларидан эса ҳозирча ҳеч қандай эътирозлар бўлгани йўқ. Балки, Уммон футбол федерацияси билан боғлиқ муаммолар юзага чиққандир, биз бундан бехабармиз.

- Бу ёш тоифасидаги чемпионат илк маротаба ташкил этиляпти. Балки, шунинг учун мусобақага бўлган қизиқиш бироз пастроқдек таассурот қолдирмоқда. Бу фикрга қўшиласизми?
- қизиқиш пастлиги рост. Лекин бу мусобақанинг илк маротаба ўтказилиши билан боғлиқ эмас. Шунчаки, бу ёш тоифасидаги Осиё чемпионати ҳеч қандай йўлланма ёки имтиёз бермайди. Шунинг учун ҳам, мусобақага қизиқиш юқори даражада эмас. Масалан, ўсмирлар (U-17) ва ёшлар (U-19) ўртасидаги қитъа биринчиликларида ярим финалга етиб келган терма жамоалари жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Табиийки, бундай мусобақага қизиқиш жуда юқори бўлади. Энди 22 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги илк мусобақада бундай имтиёз йўқ. Бу ёш тоифасидаги кейинги чемпионатда эса Олимпиада ўйинлари йўлланмалари ўйналади. Фақат орадаги битта мусобақамиз ҳеч қандай имтиёзсиз ўтказилади. Нима учун биз бу мусобақани ҳар тўрт йилда эмас, ҳар икки йилда ўтказяпмиз? 19 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этадиган футболчилар миллий терма жамоага қўшилиб кетишида муаммолар бўлмаслиги учун шу ёшдаги турнир ўтказилиши йўлга қўйилди. 16 ва 19 ёшли футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионати ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. 22 ёшлилар турнирини ҳам синаб кўряпмиз. Бир йилда учта мусобақа федерацияларга ҳам оғирлик қилишини инобатга олиб, 22 ёшлилар турнирини бошқа йилга қўйдик. 2013 йилдан 2014 йилга кўчирганимизнинг сабаби ҳам шу. Чунки, 16 ва 19 ёшлилар чемпионати бир йилда ўтказилади. Бир йилда уччала мусобақанинг ҳам финал босқичлари ўтказилса, қизиқиш кескин пасайиб кетади. Илк бор ўтказилаётгани учун баъзи камчиликлар бор. қисқа фурсат бўлгани учун биз ҳам мусобақага муносиб тайёргарлик кўра олмадик. Яқинда қўмита йиғилиши бўлади. Шунда биз ўз таклифларимизни ОФК раҳбариятига тақдим этамиз. Балки, тўрт йилда бир маротаба ўтказилгани афзалроқмикан? Бу масала кўриб чиқилади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам келаси галги мусобақага қизиқиш жуда юқори бўлади. Ярим финалга етиб келган тўртта терма жамоага 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган Ёзги олимпиада ўйинлари йўлланмалари тақдим этилади. Шуни инобатга олган ҳолда, аксарият терма жамоалар 1991 йилда туғилган футболчиларни ўйнатиш имконияти бўлсада, Уммонга асосан 1993 йилги таркибларини олиб келишган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолат. қўмита қарори эълон қилинмагунига қадар 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб турамиз.

- Олимпиадага йўлланма бермайдиган йиллардаги мусобақага қизиқишни ошириш мақсадида қандайдир янгиликлар киритиш ҳақида ўйламаяпсизларми?
- Бу борада алоҳида гуруҳ ишлаяпти. Маълумки, Жаҳон чемпионати олдидан, аниқроғи, бир йил аввал ҳар бир қитъа чемпионлари иштирокида Конфедерациялар Кубоги ўтказилади. Шу орқали, ўша мундиал мезбонининг тайёргарлиги текшириб олинади. ОФК ҳам худди шу йўлдан боришни мақсад қилган. Унга кўра, 2019 йилги Осиё Кубоги мезбонлигини қўлга киритадиган давлатга бир йўла 2018 йилги 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионати мезбонгини ҳам автоматик тарзда топширилади. Бу билан ўша мезбон мамлакатнинг тайёргарлигини ҳам кўздан кечириб олинади. Ўз ўрнида бу мезбон қидиришда ҳам қийинчилик туғдирмайди. Уммонда ўтаётган Осиё чемпионатига олтита давлат даъвогарлик қилганди. Бу мамлакатда ҳали йирик мусобақалар ўтказилмаганлигини инобатга олиб, мезбонлик Уммонга тақдим этилганди. Кўрамиз, балки 22 ёшлиларнинг мусобақасини ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказармиз. Бу масала кўриб чиқиляпти. Ҳар тўртинчи йилида ўтказиладиган чемпионатимиз олимпиадага саралаш вазифасини ўтаб берса, орадаги икки йилдагиси Конфедерациялар Кубоги мақомида бўлиб ўтади.   

- Маълумотларга кўра, Осиё Кубоги билан ЖЧ саралаш турнири бирлаштириш мумкин экан. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- 25 январь куни айнан Уммон пойтахти Мускат шаҳрида ОФК қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинади. Жумладан, ОФКнинг кейинги тўрт йиллик тақвими ҳамда мусобақаларни ўтказиш тизими тасдиқланади. Шу йиғилишда сиз айтган масала ҳам кўриб чиқилади. Ҳар ҳил вариантлар кўриб чиқиляпти. Иккита мусобақанинг саралашини бирлаштириш ҳақида ҳам кетяпти. Лекин бу жуда мураккаб жараён. Тақвим, маркетинг, жамоаларнинг иштироки билан боғлиқ муаммолар юзага келади. ОФКга 47та давлат аъзо ҳисобланади. Лекин саралаш баҳсларида 46та мамлакат терма жамоалари қатнашади. Шимолий Мариана ОФКга аъзо бўлгани билан ҳали ФИФАга қабул қилинмаган. Шунингдек, Чақириқ Кубоги ҳам бор. Бу масалада махсус ишчи гуруҳ иш олиб боряпти. Кераксиз ўйинлар сонини камайтириш ва бунинг натижасида молиявий томондан ҳам иқтисод қилиш масалалари ҳам кун тартибига қўйиляпти. ОФКнинг янги раҳбари биздан мусобақаларни ўтказиш бўйича янги таклифларни беринглар, деб сўраган. Таклифлар ва вариантлар етарли. Айтиб ўтганимдек, 26 январь куни ОФК Мусобақаларни ўтказиш қўмитасининг йиғилишидан сўнг бу борада расман маълумот берилади.

- Аваз ака, бир неча йиллардан бериб ОФКда фаолият юритиб келяпсиз. Шу ўринда қитъамизнинг нуфузли ташкилотидаги меҳнат фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз. Бу ўқувчиларимиз учун ҳам қизиқ.
- 2008 йилнинг июнь ойидан бери ОФКда ишлаб келяпман. Ўша пайтда тўрт йиллик шартнома имзолагандим. Ўтган йили бу келишувни яна икки йилга узайтирдик. Илк фаолиятим «Мусобақаларни ўтказиш бўлими»да бошланган. У пайтларда клуб ва терма жамоаларнинг мусобақа ўтказиш бўлими деб ажратилмаганди. Битта бўлимга бирлаштирилганди. 2008 йили Тожикистонда клублар ўртасида ўтказилган ОФК Президенти Кубоги илк мусобақам бўлди. Ўша йили Саудия Арабистонида 19 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказдик. 2009 йили ОФК Президенти Кубоги қирғизистонда ташкил этилди. Мен мана шу уччала мусобақанинг ўтказилишига масъул шахс бўлганман. Бугунги кунда ОФКнинг Терма жамоалар мусобақаларини ўтказиш бўлимида ишлаяпман. Айни пайтда 22 ёшлилар мусобақасига жавобгарман. Тўғри, ОФКда Осиё чемпионатларини ўтказиш бўйича алоҳида бўлим ҳам бор. Лекин улар асосан маъмурий ишлари билан шуғулланишади. 2015 йили Австралияда ўтказиладиган осиё Кубогини ҳам ташкил этиш бизнинг бўлимимиз зиммасига юклатилган. Терма жамоалар билан ишлаш менга ҳар томонлама маъқул келяпти. Жуда қизиқарли жараён. Ҳозирча иш жойимда ҳеч қандай ўзгариш қилишга ҳожат йўқ. Австралиядаги Осиё чемпионатини ўтказиб олганимиздан сўнг, кейин ўша пайтдаги вазиятга қараб иш тутаман.
 
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика