Арвеладзедан кутилмаган юриш ёхуд "Пахтакор"нинг трансфер кампанияси ҳақида
23 янв 2019 13:15
Янгиликлар
Арвеладзедан кутилмаган юриш ёхуд "Пахтакор"нинг трансфер кампанияси ҳақида
Дастлаб трансфер ойнасида "Локо" пешқадамларга хос тарзда илдамроқ ҳаракат қилаётганди. ОЧЛда иштирок этадиган яна бир жамоамиз АГМК ҳам селекция ишларини анча аввалроқ бошлаб, керакли трансферларга қўл урганди. Фақатгина "Пахтакор" томондан ҳеч қандай шовқин кўтарилмаётганди.
Тўғри, жамоа трансфер бозорининг дастлабки кунларида иқтидор эгалари саналган Акром Комилов ва Сардор Собирхўжаевни олишга эришди. Бироқ жамоадан кетган футболчилар кўплиги фонида ушбу иккита трансфер аҳамияти дарҳол сезилмади.
"Пахтакор"нинг аксарият футболчилари терма жамоа сафида бўлганлиги ва кўплаб ўйинчилар кетгани боис мавсумга тайёргарлик босқичининг дастлабки режасига ўзгартириш киритилганди. Туркия йиғини айнан таркибда футболчи етишмаслиги туфайли бекор қилинганди.
Шота Арвеладзе бошчилигида режалаштирилган трансфер сиёсати кўп жиҳатдан Осиё Кубогига боғлиқлиги боис жамоа бу ишни пайсалга солиб турди. Айнан мазкур қитъа чемпионати Шота Арвеладзега футболчи танлаш имкониятини яратди. Бу орада эса Осиё Кубогида ўзини ҳар тарафлама яхши кўрсатган Жалолиддин Машарипов ва Егор Кримец билан ўртадаги битимни узайтиришга эришилди. Мусобақа давомида ўз ўйинлари билан илиқ таассурот қолдирган Достонбек Ҳамдамов харид қилинди. Марат Бикмаев эса суперлигадаги ўйинлари орқали Арвеладзега ёқиб қолгани аниқ. Шу боисдан ҳам суперлиганинг асосий "снайпери" ўз уйига, яъни "Пахтакор"га қайтарилди.
"Пахтакор"дан кетганлар рўйхати:
Дарвозабон: Александр Лобанов
Ҳимоячилар: Камолиддин Тожиев, Акмал Шораҳмедов,
Ярим ҳимоячи: Жамшид Искандеров
Ҳужумчилар: Исмоил Гонсалвеш, Тиаго Безерра
Лобанов ўтган мавсум рақобатда Суюновга ютқазди. Қўшимчасига "Пахтакор" Санжар Қувватовни Суюновга рақобат туғдириш учун олиб келгани Лобановга чиқиш эшикларини кўрсатди. Ҳар ҳолда исталган жамоада биринчи рақам учун рақобат туғдира оладиган кипер "Пахтакор"да учинчи дарвозабон бўлишни истамади ва "Металлург"га йўл олди. Камолиддин Тожиев ўзининг энг ёрқин даврларини "Пахтакор"да ўтказган. Ўтган мавсум тўлақонли захира футболчисига айланган Тожиев бошқа жамоада ҳали бемалол ўйнай олишини тушунган ҳолда "Металлург" вариантини маъқул кўрди. Ўтган йили ўзидан кутилган ўйинни намойиш этолмаган Шораҳмедов Арвеладзе ишончини қозона олмади ва устози Миржалол Қосимов қўл остида ўйнашга кетди. Арвеладзе Искандеровга маълум имконият тақдим этди. Лекин футболчи муҳим баҳслардаги хатолари эвазига захира футболчисига айланди. Легионерлардан гарчи кўп гол урган бўлсада энг кўп танқидга учраган Исмоил Гонсалвеш жамоа билан хайрлашди. Суперлигада энг яхши футболчи ва тўпурарга айланган Тиаго Безерра ҳам Тошкентдаги фаолиятига якун ясади. Жамоани тарк этганлар орасидан ўтган йили асосий таркиб футболчиси саналган уч нафар футболчи - Акмал Шораҳмедов, Тиаго Безерра ва Гонсалвеш кетди. Қолганлар эса асосан захирада ўтиришгани ва ўйин амалиётисиз қолишгани туфайли ҳам кетишди. Табиийки бу жамоа учун йўқотишга айланмайди. Чунки клуб селекция ишлари орқали бу йўқотишлар ўрнини қоплаш билан биргаликда, яхшигина кучайишга ҳам эришди.
Жамоага келган футболчилар рўйхати:
Дарвозабон: Санжар Қувватов
Ҳимоячи: Акром Комилов
Ярим ҳимоячи: Сардор Собирхўжаев, Достонбек Ҳамдамов
Ҳужумчи: Марат Бикмаев
Дарвозабонлар масаласи тушунарли. Бирнчидан, асосий кипер саналган Суюновга рақобат туғдириш мақсадида Қувватовга мурожаат қилинди. Шунингдек, Суюнов айни пайтда эски жароҳатини янгилаб олган ва қачон сафга қайтиши номаълум. "Пахтакор" эса февралдаёқ ОЧЛдаги юришини бошлаши керак. Шу боисдан ҳам жамоа тажрибали ва тайёр дарвозабонга эҳтиёж сезгани учун ҳам Қувватов трансфери амалга оширилди. Ўз олдига юқори мақсадларни қўяётган жамоа учун иккита юқори савиядаги кипер бўлиши шарт. Бу тарафлама "Пахтакор" жуда тўғри иш қилганини таъкидлаш мумкин. Элдор Суюнов ўтган мавсумда Лобановни захирага ўтказганди. Бу йили эса унинг рақобатчиси эски-янги ҳисобланган Қувватов бўлади. Суюнов жамоада ким биринчи эканлигини қайтадан исботлашига тўғри келади. Санжар Қувватов ҳам бекорга ва бежизга "Пахтакор"га келмаганини исботлаш учун қаттиқ ишлаши тайин. Бундан эса аввало жамоа ютади.
Акром Комилов масаласига келадиган бўлсак, бу трансфер ҳар тарафлама фойдали эканлигини таъкидлаш мумкин. Акром Комилов юқори истеъдод ва иқтидор соҳиби. Комилов характер жиҳатидан ҳам агрессив ва қизиққон футболчи. Акром айнан ҳужумкор футболни хуш кўрадиган ва Арвеладзенинг ўйин фалсафасига мос тушадиган қанот ҳимоячиси. Шораҳмедов кетганидан сўнг бўшаб қоладиган ўринни эса ўтган мавсумда чап қанот ҳимоячиси ролида ўйнаган Сайфиев ёпади. Бу қанот эса Комилов билан тўлдирилади. Шу тариқа Арвеладзе ҳар иккала қанотда характер ва ўйин жиҳатидан агрессив ва қизиққон футболчиларга эга бўлади.
Ўтган мавсумда энг кўп муаммо бўлган ва аксарият учрашувларда айнан марказдаги бўшлиқ туфайли панд еган "Пахтакор" бу нуқтага дастлабки трансферни Сардор Собирхўжаев билан амалга оширди. Аслида шу жамоа тарбияланувчиси саналган Сардор ўз уйига қайтди. Собирхўжаев "Пахтакор" услубида пас ўйнашни яхши кўрадиган футболчи. Унинг ассистентлик маҳоратини инобатга оладиган бўлсак, Арвеладзе истайдиган футболни намойиш этишда Собирхўжаевда муаммолар пайдо бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин. Суперлиганинг энг яхши ассистентини қўлга киритиш исталган жамоа учун фойдага хизмат қилади. Ҳозирги ҳолатга реал қарайдиган бўлсак, жамоадан кетган Искандеров ўрнига Собирхўжаевни келиши кучайишдан далолат.
Трансферлар ичидан энг кутилмагани ва жарангдори бўлган Достон Ҳамдамовни "Пахтакор" либосида кўриш жуда қизиқарли бўлади. "Анжи"даги қисқа фаолияти давомида футболчи барибир янги даражага кўтарилгани, ўйин сифатини оширгани Осиё Кубогида яққол кўринди. Ҳар ҳолда асосий таркиб футболчиси эканлигини исботлай олган ва тўпсиз ҳам катта ҳажмдаги ишни бажарган Ҳамдамов "Пахтакор"нинг энг яхши трансферларидан бирига айланди. Катта трансфер. Россия клубидан футболчини ортга қайтариш осон иш эмас. Достон учун орқага ташланган қадам дейишга эса шошилмаган маъқул. Келажаги сўроқ остида қолган жамоага борган ва у ерда ўз жойини тўлиқ тополмаган Ҳамдамовга "Пахтакор" трамплин вазифасини ўтаб беради. Чунки клуб ўз олдига жиддий вазифаларни белгилаб олган. ОЧЛда ўзининг яхши сифатларини кўз-кўз қилиш орқали Ҳамдамов қайтадан кашф этилиши мумкин.
Ҳужумдаги бўшлиқ Марат Бикмаев орқали ёпишга уринилди. Суперлигада тўпурарлик қобилиятини барқарор намойиш этиб келаётган Бикмаев "Пахтакор"га ички чемпионат ва ОЧЛда ҳам кўмаклашиши талаб этилади. Бу трансфер орқали "Пахтакор" нафақат ҳужум чизиғини кучайтирди, балки Искандеровни ўз сафига қўшиб олган тўғридан-тўғри принципиал рақиби "Локомотив"га муносиб жавоб қайтарди. "Локо"га захира футболчисини бериб юбориб, рақобатчиларининг етакчисини олиб қўйиш трансфер бозоридаги яна бир чиройли юришга айланди. Қисқа қилиб айтганда, "Пахтакор" ва "Локомотив" ўзларининг 10-рақам эгаларини алмашиб олишди.
Мазкур харидлардан ташқари "Пахтакор" шартномаси тугаган икки етакчи футболчилари, марказий ҳимоячи Егорь Кримец ва қанот вингери Жалолиддин Машариповни ҳам жамоада қолишга кўндирди. Ҳужумда Игорь Сергеев олиб қолинди. Айни пайтда Арвеладзе қўл остида асосий жамоа ўзаги бўладиган камида 18 нафар футболчи мавжуд.
Дарвозабонлар масаласи аниқ. Танлов ва рақобат борасида муаммо йўқ. Қанот ҳимоясида ким асосий футболчи бўлиши маълум. Захира сифатида ёшлар жамоасидаги Алижонов ва Салимов мавжуд. Марказий ҳимояда эса Арвеладзеда Аъзамов, Кримец ва Симич танлови бор. Трансфер ойнаси ёпилгунига қадар марказга яна бир ҳимоячи жалб этилиши мумкин. Марказда эса Раҳматуллаев, Аҳмедов, Аҳмадов, Собирхўжаев танлови мавжуд. Катта эҳтимол айнан шу нуқтага тез орада жамоага тажрибали легионер футболчи олиб келинади. Бу орқали "Пахтакор" марказдаги муаммони ҳал этишга уриниб кўради. Ҳужумчи ортида ўйнаши мумкин бўлган футболчилар ҳам етарли. Арвеладзе бу борада Черан ёки Абдурахимов хизматига мурожаат қилиши мумкин. Қанот вингерлари борасида эса муаммо туғилмаса керак. Чунки мураббийи бу нуқтада Ҳамдамов, Машарипов ва Яхшибоев танловига эга. Турғунбоев масаласи эса ҳозирча очиқ қолмоқда. Марказий ҳужумда эса Сергеев ва Бикмаев рақобати кузатилади.
Ҳозир чизиқлар ва позиция бўйича футболчиларни жойлашувини таҳлил қилдик. Таркибда шунингдек универсал мақомга эга футболчилар ҳам талайгина: Козак, Абдурахимов ва Бикмаев. Козак керак пайтда чап қанот ҳимоясида ёки марказда ўйнаши мумкин. Абдурахимов қанот вингери ва марказда ҳужумчи ортида бемалол ўйнай олади. Бикмаев эса ҳужумкор вингер ва марказий ҳужумчи ролида ҳам ўйнай олишини исботлаган.
Ҳозиргача қўл урилган харид ва трансферлардан хулоса қиладиган бўлсак, деярли барча чизиқларда рақобат янгитдан уйғолитлганини кўрамиз. Мавжуд таркиб янада кучайтирилди. Катта йўқотишларга дуч келинмади. Аксинча, бир қатор футболчиларга гарчи хориждан яхшигина таклифлар келиб турганига қарамасдан уларни жамоада олиб қолиш уддаланди. Бу эса жамоанинг янги мавсумда ўз олдига қўйган вазифа қанчалик жиддийлигини англатиб турибди.
Бу билан "Пахтакор"да трансфер компанияси тугади дейиш фикридан йироқмиз. Жамоанинг ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Агарда бу вазифа уддаланса, баъзи кемтик қолган нуқталарга янада янги номлар жалб этилиши эҳтимоли йўқ эмас.
Шаҳбоз Беғамов
Фикрлар