Андрей Фёдоров: “Легионерларимиз Туркия йиғинида жамоага қўшилади”
29 янв 2017 13:51
Янгиликлар
Андрей Фёдоров: “Легионерларимиз Туркия йиғинида жамоага қўшилади”
Яқинда Тошкент йиғинини якунлаб Фарғонага қайтиб келган “Нефтчи” вакиллари кўп ўтмай “Ҳоким Кубоги-2017” мусобақасига киришиб кетишди. Дастлабки турда Фарғона шаҳрининг “Истиқлол” жамоасига қарши беллашган “Нефтчи” жамоаси дуранг натижа қайд этди. Ўйиндан кейин эса яқиндаги Москва сафаридан қайтиб келган Андрей Фёдоровдан интервью олдик. Мураббий суҳбат давомида Тошкент йиғини, леогионерлар масаласи, Мурод Бобожоновнинг “Локомотив” сафига ўтиши ҳамда Туркия сафари каби мавзуларга тўхталиб ўтди.
ТОШКЕНТ ЙИҒИНИ
– Тошкент йиғинидан кўнглим тўлди. Бироқ об-ҳаво бироз ноқулай келгани сабабли машғулотларни сунъий майдонларда ўтказишга мажбур бўлдик. Оқибатда сунъий қопламали майдондаги машғулотларда барча футболчилар иштирок эта олишмади. Чунки енгил жароҳат олган футболчиларга бундай майдонларда шуғулланишга умуман мумкин эмас. Қўшимчасига, соғлом ўйинчиларни ҳам жароҳат олиш имконияти мавжуд бўлади. Мен хар қандай шароитда ҳам машғулотлар табиий чимли майдонларда бўлиб ўтиш тарафдориман. Йигитларнинг жисмоний ҳолатидан кўнглим тўқ. Лекин тактик ва ўйин амалиёти жиҳатидан баъзи бир футболчиларни асраган ҳолда улар билан якка гуруҳда машғулот ўтказдик. Ўртоқлик баҳсларига тўхталадиган бўлсам, ушбу беллашувларга жиддий ёндошган ҳолда гарчи назорат ўйини мақомига эга бўлсада йигитлардан ғалаба талаб қилдим. Асосий мақсад чемпионатнинг илк турига жароҳатларсиз ва оптимал таркиб билан етиб боришдир.
ЯНГИ ФУТБОЛЧИЛАР
– “Нефтчи” йиғинига етиб келган янги футболчилардан Ҳамза Каримов ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, Каримовни назорат баҳсларида тўлиқ майдонга туширмадик. Чунки тажрибали футболчи эндигина жароҳатдан қутулиб чиққанди. Ҳозирда унинг савияси ёмон эмас. Фақат жисмоний ҳолатини янада яхшилаши лозим. Тошкентда асосан декабрь ва январь ойида жамоа сафига келиб қўшилганлар билан шуғулландик. Йиғин сўнггида эса Мўйдин Мамазулумовни жамоага жалб этдик. Мўйдинни ҳам анчадан бери кузатиб келардим. Унинг тажрибасига шубҳам йўқ. Умид қиламанки, тажрибали ҳужумчи тез орада жамоага киришиб кетади. Бунга бироз вақт керак. Ўйлайманки, Мўйдин жамоамизга ҳали кўп фойдаси тегади.
МУРОД БОБОЖОНОВНИНГ “ЛОКОМОТИВ”ГА ЎТИШИ
Мўйдин Мамазулумовни жамоамизга бежизга таклиф қилмадик. Сабаби жамоамиз Мурод Бобожоновдек асосий ҳужумчимизни “Локомотив” жамоасига ижарага берди. Шу сабабли зудлик билан унинг ўрнини тўлдиришни амалга оширдик. Бобожоновга аввалдан етакчи клублар қизиқиб келарди. Лекин биз Муродни “Локомотив”га фақат ижарага бердик холос. У ҳали расман “Нефтчи” футболчиси ҳисобланади. Мурод Бобожоновнинг Тошкент клубига ўтиши футболчи учун ҳам биз учун ҳам фойдали бўлди деб айтишим мумкин. Биринчи навбатда биздан етишиб чиққан умидли ҳужумчимизда ОЧЛ доирасидаги 6 та баҳсда тўлиқ иштирок этиш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек халқаро мусобақада Осиёнинг кучли жамоаларига қарши ўйинда катта тажриба йиғади ва футболчи сифатида ўсишига улкан кўмак бўлади. Ундан ташқари амалдаги чемпиондан ҳар доим ҳам мана шундай таклиф бўлавермайди. Агар Мурод Бобожоновнинг “Локо”даги фаолияти омадли чиқса биз уни Тошкент жамоасига трансфер қилишимиз ҳам мумкин. Юқори савияли футболчиларни “Нефтчи”дан етишиб чиқиши жамоамиз нуфузини янада оширишига шубҳам йўқ.
МОСКВА САФАРИ
Аввал айтиб ўтганимдек, жамоамизнинг хар бир чизиғига юқори савиядаги ўйинчиларни жалб қилишни ният қилганмиз. Москва сафарида легионер футболчилар билан музокаралар ўтказилди ва бу жараён ҳали ҳамон давом этмоқда. Яна бир янгилик. Биз хорижлик футболчиларимиз билан оғзаки келишувга эришганимизни мухлисларга маълум қилсам бўлади. Мухлислардан бу масалада бироз сабр қилиб туришларини сўрардим. Легионерлар кимлар, қайси мамлакатдан ва қайси чизиқ вакиллари сингари маълумотларни футболчилар билан расман келишувга эришганимиздан сўнг эълон қилмоқчимиз. Легионерлар Туркияда бўлиб ўтадиган йиғинда “Нефтчи” сафига қўшилиши кутилмоқда. Ҳали мухлисларда мавсум олди таништирув маросимида улар билан юзма-юз кўришиш имконияти ҳам бўлади. Энг муҳими хорижлик футболчиларимизнинг “Нефтчи”га фойдаси тегиши керак. Улар билан суҳбатда Ўзбекистон чемпионати олий лигаси ва Фарғонадаги қароргоҳимиз, жамоамиз ҳақидаги маълумотларни айтиб ўтдим. Умуман олганда, легионерлар Ўзбекистон чемпионатида фаолият олиб борган ватандошларидан биздаги муҳит ҳақида оз бўлсада маълумотлар билиб олишган экан. Бизга 2 та чизиққа легионер керак.
“ҲОКИМ КУБОГИ-2017”
“Истиқлол” жамоасига қарши ўйин билан турнирни бошладик. Албатта натижадан кўнглим тўлмади. Бироқ ўйин борасида йигитлар ёмон ҳаракат қилишмади. Тошкентдаги оғир жисмоний машқлардан сўнг футболчиларда хордиқ олиш учун вақт кам бўлди. Тошкент сафаридан кейиноқ “Ҳоким Кубоги”га киришиб кетдик. Шу сабабли оз бўлсада йигитларда чарчоқ аломатлари билинди. Жамоа ўйиндан ўйинга кучайиб боради. Хозир давом эттираётган ҳар бир йиғинимиз ва ўйинлар янги мавсумга тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
ТУРКИЯ ЙИҒИНИ
Янги мавсумга тайёргарлик босқичининг сўнггиси хорижда бўлади. Туркиядаги йиғинда 5 ёки 6 та жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказишни режа қилиб турибмиз. Рақиблар номи эса тез орада маълум қилинади. Хориж сафаридан асосий мақсад Туркияда кучли рақибларга қарши ўйинда йигитларнинг маҳорати ва ўйин амалётини янада ошириш ҳисобланади. Руҳий жиҳатдан ўзига бўлган ишончини ортириш режамиз таркибига кирган. Айтиш керакки, Туркия йиғини жамоамиз учун жуда муҳим ахамиятга эга ҳисобланади. Чет элга 5 февраль куни йўл оламиз, – деди Андрей Фёдоров “Нефтчи” матбуот хизматига берган интервьюсида.
Баҳодир Эргашев суҳбатлашди.
Фикрлар