Александр Зинченко:«Уфа» мухлислари ҳамиша қалбимда қолишади»
17 июл 2016 18:00
Янгиликлар
Александр Зинченко:«Уфа» мухлислари ҳамиша қалбимда қолишади»
У «шаҳарликлар» билан беш йиллик шартнома имзолади. Маълумотларга қараганда, манчестерликлар Украина терма жамоаси аъзоси ҳисобланган футболчини ПСВга ижарага беришади. Манчестерга бориши биланоқ Зинченко «Championat.com» сайтига интервью берди.
— Александр, табрикларимизни қабул қилинг. Айни пайтда нималарни ҳис қиляпсиз?
— Раҳмат. Эхтирослар жунбушга келган. Лекин Англия клубига ўтиш билан ҳаммаси тугамади. Ҳали олдимда катта меҳнат турибди.
— «Уфа»дан «Манчестер Сити»га ўтиш - бунга ишониш қийин. Бир томондан ҳақиқат, бошқа жиҳатдан эса, фантастика. Шу фикрга қўшиласизми?
— Бу ўринда икки хил фикр бўлиши мумкин эмас. «Сити» жаҳоннинг энг кучли клубларидан бири. Шу жамоа аъзосига айланганимдан хурсандман. Тўғриси, бугун туғилган кунимдагидан ҳам кўпроқ табриклар қабул қилдим (кулади).
— Яқингача, «Сити» футболчиларининг ўйинларини телевизор орқали томоша қилардингиз. Эртага эса, улар билан бирга машғулотга киришасиз. Мазкур жамоа ўйинчиларидан энг ёқтирганингиз ким?
— Бу клубдаги ҳар бир футболчи борасида илиқ фикр билдирса бўлади. Чунки уларнинг барчаси юқори савиядаги футболчилар. Лекин барибир Давид Силва ва Фернандиньоларнинг ўйинларига қўпроқ эътибор бераман.
— Гвардиола билан ишлаш ажойибми? У ҳақда қандай фикрдасиз?
— Бир сўз билан таърифлайдиган бўлсам: у жаҳонинг энг яхши мураббийи. У билан ишга киришишни астойдил кутяпман.
— Унинг «тики-така»си ҳақида қандай фикрдасиз? Бундай футболга мослаша олишингизга ишонасизми?
— Умид қиламанки, ҳа. Умуман олганда, менга шундай ўйин услуби ёқади.
— Барибир қандайдир ҳадиксираш борми? Ҳар ҳолда шундай машҳур мураббий билан ишлайсиз...
— Ҳеч қандай хадиксираш йўқ. Аксинча, жамоа билан танишишни интизорлик билан кутяпман.
— Инглиз тили борасидаги билимларингиз қандай?
— Ўз фикримни тушунтира оламан. Лекин ҳали кўп ўрганишим керак. Ўқишим шарт. Бусиз бўлмайди.
— Янги мавсумдаги мақсадларингиз...
— Асосийси, янги жамоа, янги шароитларга мослашиб олиш. Албатта, «планка»ни ҳам максимал баландликка қўяман.
— Матбуотда агентларингиз ҳақида кўп гап-сўз бўлди. Айримлари интервью ҳам беришди. Умуман олганда, нечта агентингиз бор?
— Икки нафар. Юрий Гаврилов ва унинг ёрдамчиси Анатолий Патук. У юридик масалалар билан шуғулланади. Бошқаларнинг эса, менга, умуман, алоқаси йўқ. Шуни алоҳида айтишим мумкин, шартнома имзолаётганимда Анатолий мен билан бирга бўлди.
— Айтишларича, келишувингиз деталларини икки ой муҳокама қилишган. Бу Европа чемпионати пайтида халақит бермадими?
— Умуман, бу вақтда менинг бор эътиборим Украина терма жамоаси ўйинларига қаратилганди.
— Кетиш олдидан «Уфа» мухлисларига тилакларингиз. Улар сизга нисбатан яхши муносабатда бўлишган...
— Бу айни ҳақиқат. «Уфа» жамоасининг барча мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Улар мени яхши кўришарди. Шу боис ҳам ҳамиша қалбимда қолишади.
Фикрлар