Александр Мочинов: "Бухоро" Чемпионлар лигаси йўлланмасини берувчи ўринлар учун курашади"
09 янв 2015 12:02
Янгиликлар
Александр Мочинов: "Бухоро" Чемпионлар лигаси йўлланмасини берувчи ўринлар учун курашади"
Александр Мочинов бошчилигидаги жамоа ўз қароргоҳида, кунига уч маҳалдан машғулотлар олиб бормоқда. Куни-кеча жамоа бош мураббийи Александр Мочинов “Бухоро” жамоасининг расмий pfcbuxoro.com сайти учун махсус интервью берди.
- Александр Владимирович, авваломбор сизни янги йил билан табриклаймиз ва Бухорога хуш келибсиз.
- Рахмат.Сизларнинг ҳам янги йилингиз муборак бўлсин.
- Айтинг-чи, сизда “Бухоро” варианти қандай пайдо бўлди?
- Мавсум якунланганидан сўнг, “Бухоро” раҳбарияти жамоа бош мураббийи лавозими номзодлари орасида менинг ҳам номзодимни кўриб чиқишаётганликлари ҳақида эшитиб қолдим. Ҳақийқатдан ҳам, бир оз вақт ўтиб жамоа раҳбарияти мен билан боғланди ва менинг фикримни билишни исташди. Мен ушбу таклифни ўйлаб кўриш учун вақт беришларини сўрадим. Бир ҳафтадан сўнг раҳбарият билан боғланиб, ўз розилигимни билдирдим. Шундан сўнг мен ва раҳбарлар учрашишдик ва барча масалаларни муҳокама қилиб бирга иш бошладик.
- Бундан олдин сиз “Бухоро” жамоасини кузатгандингизми?
- Ҳа, албатта.
- Таасуротлар қандай?
- Тўғрисини айтаман, мен бу жамоани нафақат кузатган ман. Ўзимни таниганимдан бери, ёш футболчи бўлганимда менга бу жамоанинг ўйин услуби жуда ва жуда ёқар эди. Ёшим каттароқ бўлганида, мен энди профессионал ва жиддий жамоаларда тўп сура бошлаганимда ҳам бу жамоанинг ўйинларидан жуда завқланар эдим. Мен сизга бир сирни очаман, менга ўзгача завқ ва ҳайратланиш, шу билан бирга ҳавас туйғусини бериб келадиган яккаю-ягона жамоа бу “Бухоро” ҳисобланади. Вақтида бу ерда ўйнаш шу даражада қизиқ ва мароқли эди-ки, футболчилар бу жамоада ҳақийқаттан ҳам мириқиб футбол ўйнашар эди. Жойи билан мен “Бухоро” да ўйнаётган футболчиларга қандайдир ҳасад билан қараган пайтларим бўлган, чунки менда бу жамоада ўйнаш ҳеч насиб қилавермас эди.
- Шахсан сиз, “Бухоро”да нимани ўзгартирган бўлар эдингиз?
- Ўзгартириш эмас, балки қайта тиклашдир. Жамоанинг шонли даврини қайта тиклар эдим. “Бухоро”нинг шонли тарихи ва фақат бу жамоага хос услуби бор. Бу услуб ўзгартиришга мухтож эмас, айнан шу услуб жамоанинг юзи саналади. Ҳозир дунёда,хусусан Осиёда футбол жадаллик билан ривожланиб, ўсиб бормоқда. Бухорода пайдо бўлган ва бошланган ўзига хос услубни ривожлантириш ва такомиллаштириш керак.Ўз ўйин услуби билан машҳур булган “Бухоро”ни қайта “тирилтиришимиз” шарт! Шу билан бирга жамоа мухлисларини стадионга қайтариш вақти келди. Биз футболни мухлисларимиз учун ўйнаймиз, жамоа яна қайтиб ҳалқ ва севимли жамага айланишини жуда-жуда хохлайман.
- Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, “Бухоро” нинг сўнгги ютуғи узоқ 1994 йили қўлга киритилган( кумуш медаль). Мана 20 йилдан кўпроқ вақт ўтиб кетибди, лекин жамоа айтарли ҳеч қандай ютуқга эришгани йўқ. Ушбу ҳолат йилдан йилага мухлисларнинг кўплаб норозиликларига сабаб бўлиб келмоқда. Натижада мухлислар мураббий ва футболчиларга катта босим қилишади. Бу ҳолат сизга қўшимча куч, яъни натижага эришиш мумкинлигини исботлаш ҳиссини берадими ёки аксинча сизни катта босим остида ва қўрқув остида ушлаб турадими?
- Футболда энг биринчи навбатда мухлис туради. Мухлисни алдашнинг иложи йўқ. Ҳатто агар жамоа ютқазиб турган бўлса-ю, лекин футболчи борини бериб, мухлислар учун ўйнайдиган бўлса, оддий мухлис буни кўра олади ва мен аминман-ки, битта ҳам мухлисл ушбу футболчи шаънига ёмон сўз айтмайди. Футболда мухлис энг асосий эксперт ҳисобланади. У жамоа,футболчи ва мураббийнинг ишини кўриб ёки олқишлайди ёки ўз норозилигини турли йўллар билан намоиш этади. Шу сабабли мен ва шогирдларим қўлимиздан келадиган барча ишни қиламиз, асосийси мухлис биздан рози бўлсин. Учрашувдан сўнг мухлисларимиз ўз уйларига яхши кайфиятда қайтишлари учун барча куч ва билимларимизни сарфлаймиз. Мухлисларнинг кайфияти футболчи ва жамоанинг ўйинига таъсир қилади, ахир мухлислар 12чи футболчи ролини бажаришади. Яна бир бор қайтараман, “Бухоро”нинг аввалги шухратини ва мухлисларни қайтиб стадионга қайтариш йўлида биз ва раҳбарлар барча имкониятларни ишга соламиз.
- Мураббийлар штаби аниқландими?
- Ҳа, ёрдамчиларим масаласида бир қарорга келдим ва мураббийлар штабини тасдиқладим.
- Ўз олдингиздаги, биринчи навбатдаги мақсад ва вазифалар нимадан иборат?
- Балки менинг гапларим баландпарвоз гапларга ўхшаши мумкин, лекин мен ҳаётда максималистман. Инсон биринчи навбатда ўз олдига қандайдир мақсад қўйиши керак. Бу ҳолат унга қўшимча куч ва қувват беради. Инсон мақсад сари интилади, натижада одамда ўсиш кўзга ташланади. Шу сабабли мен мураббийлик фаолиятим давомида ҳам доим юқори мақсадларни қўйиб ишлайман.
- Жамоа олдида қандай вазифа қўйилган?
- Юқори вазифа қўйилди. Насиб қилса, барчаси биз кўзлагандай кечадиган бўлса, бизнинг мақсадимиз чемпионлар лигасига йўлланмаларни берувчи ўринлар учун курашиш. Ҳозир барча шароитлар яратиб берилмоқда, барча имкониятлар осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш йўлида сарфланади. Энг қувонарлиси ҳозир рахбарлар,мураббийлар штаби ва футболчилар ушбу мақсадга эришиш ва Бухорога халқаро футболни қайтариш йўлида жуда жиддий киришишди.
- Энди мавсумолди тайёргарлик ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Йиғинимизни 15-январга қадар шу ерда, Бухорода ўтказамиз. 18-январдан бошлаб йиғин Тошкентда давом эттирилади. Шундан сўнг Туркияга сафар уюштириш режамиздан ўрин олган. Туркиядан қайтиб келгач, чемпионатнинг биринчи турига тайёргарликни бошлаб юборамиз.
- Трансфер сиёсати қандай кечмоқда?
- Трансфер сиёсатига ўта эҳтиёткорлик билан ёндашяпмиз. Барча нарса фақат менга боғлиқ эмас, бу гапим билан мен масъулиятни ўз бўйнимдан соқит қилмоқчи эмасман. Бизда катта мураббийлар штаби мавжуд. Ҳар бир қарорни қабул қилишдан олдин барча мураббийларнинг фикрлари инобатга олиниб, биргаликда қарор қабул қилиб келамиз. Ҳар бир номзодни синчковлик билан ўрганиб чиқамиз, футболчининг кўплаб учрашувлари тушурилган дискларни бир неча маротабалаб кўриб уни муҳокама қиляпмиз. Ҳозирда биз легионерлар билан шуғулланяпмиз. Вақтида мен легионерларни унчалик хуш кўрмас эдим. Назаримда улар фақатгина ортиқча харажатларга олиб келар эди, жамоага эса фойдаси деярли тегмайди деб ўйлар эдим. Лекин, замон ўзгарди, ҳозир агар легионер номига лойиқ футболчи бўлса, унинг ўзбек футболига фойдаси тегиши аниқ. Легионер маҳаллий футболчидан бир бош устун бўлиши шарт. Шунинг учун биз легионер танлашда ўта эҳтиёткорлик билан ёндашдик. Биз таклиф қиладиган легионерлар маҳаллий футболчилардан бир бош устун бўлиши аниқ. Ўтган мавсум жамоада ҳаракат қилган легионерларнинг фақат биттасинини, Виталий Плэмэдялэни жамоада ушлаб қолдик. Бу футболчи бизни тўлиқ қониқтиради.
- Маҳаллий футболчиларимиз-чи? Улар ҳам жамоага жалб қилинишадими?
- Албатта. Хохлаймизми йўқми, биз асосий урғуни барибир маҳалий футболчиларга қаратамиз. Афсус-ки, маълум бир давр мобайнида Бухородаги футбол мактаблари талаб даражасида ишлашмади, натижада ҳозирги кунга келиб бу ўз сўзини айтиб келяпти. Ҳозирда маҳоратли ёш футболчилар бор, йўқ эмас, лекин улар ҳали профессионал футбол клубида ўйнаш даражасига ва талабига жавоб беришмайди. Бугунги кунда жамоада бир нечта маҳаллий футболчилар бор, улар бир оёғлари билан асосий таркибга кириб келишяпти. Биз нима бўлганда ҳам, маҳаллий ёшлар билан ишлашда давом этамиз. Уларни юқори даражадаги футболчига айлантириш қўлимиздан келади.
- Сиз ўзингиз бошчилигингиздаги “Бухоро”нинг ўйин услубини қандай тасаввур қиляпсиз?
- Мен ҳужумкор футбол тарафдориман. Айнан ҳужумкор футбол билан Бухоро футболи ном чиқарган. Яна такрорлайман, биз ушбу усулни янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз.
- Янги мавсумдан нимани кутяпсиз?
- Фақат яхшиликни! Бу менинг дебютим ҳисобланади. Яхши кайфият ва эзгу ниятлар билан янги мавсумни интиқлик билан кутиб турибмиз. Ўйлашимча барчаси режалаштирганимиздай, яхши бўлади. Брчаси ўз қўлимизда.
- Охирида анъанавий саволни берамиз. Интиқлик, шу билан бирга ҳаяжон ва кандайдир қўрқув билан янги мавсумни кутиб туришган бухоролик мухлисларга тилакларнигиз?
- Мухлисларимиздан жамоани қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан. Мен жамоани маҳалий ва келгиндиларга ажратмоқчи эмас ман. Шу жамоанинг шаънини ҳимоя қилар эканмиз, демак жамоа учун юрак ва вужудимизни беришимиз керак. Жамоага ишонинглар, ахир барча эзгу ишлар фақат ишончдан бошланади.
- Шу чиройли нотада суҳбатимизни якунласак. Сизга ажратган қимматли вақтингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.
Фикрлар