UZ

Сўнгги янгиликлар

Александр Крестинин: "Ҳеч шубҳасиз, Қирғизистон - менинг иккинчи уйим" Янгиликлар

Александр Крестинин: "Ҳеч шубҳасиз, Қирғизистон - менинг иккинчи уйим"

ОФК сайти карантин пайтида одамлар зерикиб қолмаслиги учун янги лойиҳага қўл урди.

Бу лойиҳа My Asian Home деб номланади ва илк меҳмон сифатида Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи Александр Крестинин танланди. 

Маълумки, ўтган йилнинг қиш ойида БААда ўтказилган Осиё Кубогида Қирғизистон терма жамоаси барчада ижобий таассурот қолдирди. Шундан сўнг жамоа бош мураббийи Александр Крестинин ҳақида кўпчилик гапира бошлади. Ундан интервью олишни хоҳловчилар кўпайди. 

Қуйида Александр Сергеевич Крестинин футболдаги фаолиятини ўз тилидан ҳикоя қилади. 


Бошланиш 

- Мен футбол билан ўзим туғилиб ўсган Краснодарда шуғулланишни бошлаганман. 7 ёшимда бувим мени футболга олиб борган. 15 ёшимда эса Россия ўсмирлар терма жамоаси аъзосига айландим ва Европа чемпионати саралаш ўйинларида майдонга тушдим. 

- Биринчи профессионал шартномамни ҳам анча эрта тузганман. 15 ёшимда Краснодардаги "Колос" клуби футболчисига айландим, ҳали мактабда ўқирдим. Шартнома тузганимдан бир ой ўтиб Бельгиянинг "Брюгге" клубидан таклиф тушди. Ўшанда Россия терма жамоасида таниқли футбол агенти Константин Сарсания ҳам ишларди, бироқ клуб мени четга қўйиб юбормади. 

- Мен катта клубларда ўйнамадим. Буни эса агентлар билан ишламаганимда деб биламан. У пайтлари давр бошқача эди, таниш-билиш катта роль ўйнарди. Умуман мен ўртамиёна футболчи бўлганман, тезлигим ҳам юқори эмасди".

 

2010 йил: Қирғизистондаги илк кунлар 

- Қирғизистонга биринчи келганимда C лицензиям бор эди. 2009 йил жароҳат олдим ва бунинг натижасида олти ой майдонга тушмадим. Шунда вақтни зое кетказмай мураббийлик курсига қатнай бошладим. 

- 2010 йил Қирғизистонга аслида футбол ўйнаш учун келгандим, лекин шундай бўлдики, клуб раҳбарияти футболчилар билан машғулот ўтказишни ҳам менга ишониб топширди. Шундай қилиб ўйновчи-мураббийга айландим. 

- Дастлабки таассуротлар қандай бўлган? Футбол томонлама олиб қарасак, ўта салбий. Чунки футболга эътибор яхши эмасди, шароит ҳам деярли бўлмаган. Оддий машғулот ўтказиш учун доим муаммога йўлиқардик. Овқатланиш ва яшаш яхши эмасди. Вазият қийин эди, лекин раҳбарият билан фикримиз бир жойдан чиқиб икки ойдан сўнг ҳаммаси ижобий томонга ўзгара бошлади.


Тажрибасизликдан чемпионлик сари 

- "Нефтчи"да ўтказган йилларим ғалати бўлган. Биринчидан, мураббийлик дебютим ва бирданига Премьер лига жамоасида. Раҳбарият олдимга ҳали тажрибам ноль эканини ҳам инобатга олмай чемпионлик вазифасини қўйди. Шу боис ишлаш жуда қизиқарли бўлган. Мураббийлик соҳасида нималарнидир билардим-у, лекин барибир амалиёт йўқ эди. 

- Ўз устимда жуда кўп ишлай бошладим. Клубни ҳамон муаммолар безвота қилар, лекин раҳбарият ҳам ўз навбатида бир четда қараб турмасди. Ҳаммамиз енг шимариб бир мақсад йўлида ишга киришдик. Мен жуда катта тажриба олдим. 

- Ҳа, "Нефтчи" билан бир қатор яхши натижаларга эришдик. Дастлабки мавсумда қўлга киритилган чемпионлик эса умуман унутилмас бўлди. Иккинчи йил ҳам чемпион бўлишимиз мумкин эди, бироқ баъзи воқеалар рўй бериб, клуб бош ҳомийси "Киргизнефтегаз"да раҳбарият ўзгарди. Шундан сўнг пул билан боғлиқ муамолар юзага кела бошлади. 

- Янги раҳбарият клубни маблағ билан таъминлашни тўхтатиб қўйди. Якунда охирги уч ойни пулсиз ўтказдик. Кимдир жамоадан кетди, кимдир қолди, ҳеч кимни мажбуран олиб қололмасдик. Мавсумни эса 14 киши билан тугатиб қўйдик. Шунга қарамай, иккинчи бўлдик ва чемпионат охирида ҳамма билан илиқ хайрлашдик.

 


Кутилмаган таклиф 

- Мамлакатнинг бош жамоасини бошқариш мумкинлиги етти ухлаб тушингга кирмайди. Майли, қайсидир жамоадан таклиф тушса буни мантиқан қабул қиласиз. Мен Қирзизистон терма жамоасидан таклиф кутаётгандим десам ҳаммани алдаган бўламан. Лекин шундай таклиф тушганида уйда ўтириб узоқ ўйладим. 

- Музокаралар икки босқичда олиб борилди. Якунда федерация билан бир тўхтамга келиб, ҳамжиҳатликда ишлашга келишиб олдик. Ҳозир ҳам иш бир текис давом этяпти ва бунинг учун Қирғизистон футбол федерациясидан миннатдорман. 

- Қирғиз футболидаги муаммолар беш қўлдек аён десам муболаға қилмаган бўламан. Икки йилда футбол ичидаги вазиятни чуқурроқ ўрганиб олдим. Шунингдек, футболчилар билан яқиндан танишдим. Қайси жиҳатлар устида ишлаш кераклигини билардим. Вазиятни яхшилаш учун барча вилоятларда ишни 180 даражага ўзгартириб янги тизимни йўлга қўйдик. 

- Асосий муаммолар тайёргарлик режаси, сафар ўйинларига бориш ҳолати, материал-техник база етишмовчилигида бўлиб, шуларни тўғрилашни йўлга қўйдик. Биз ҳар бир деталга жиддий эътибор қарата бошладик. Албатта, биринчи кунларда футболчиларни янги тизимга ўргатиш осон бўлмади. 

- Лекин учта йиғиндан сўнг қилган ишимиз натижа бера бошлади. Яъни учинчи йиғиндан сўнг биз ЖЧ-2018 саралаш босқичининг мураккаб ўйинларини ўтказдик ва Бангладеш, Австралия билан кечган баҳслар тўғри йўлда эканимизни кўрсатди.

 


Руҳий тайёгарлик ва 2019 йилдаги сенсация 

- Биз биринчи навбатда футболчиларнинг руҳий ҳолатини ўзгартиришимиз керак эди. Мен футболчиларда салоҳиятни кўрдим, аммо улар ўз кучларига унчалик ишонишмасди. Шу боис ишни аввало руҳий ҳолатни ўзгартиришдан йўлга қўйдик. 

- Биз тактика ва жисмоний тайёргарлик устида қанча ишласак, руҳий томонлама ҳам шунча меҳнат қилдик. Кейин кўрдикки, йигитлар ўз кучларига ишониб боришяпти. Шундан сўнг умуман бошқача футбол кўрсата бошладик. Бу аввало биринчи навбатда футболчиларнинг ютуғи. Ҳамма ўз ишига жиддий қарай бошлади, рақобатбардош жамоа пайдо бўлди. 

- Умуман биз ҳар қандай жамоага қарши тенгма-тенг ўйнай оламиз. Баъзи жиҳатларда ҳатто устун бўлишимиз ҳам мумкин, балки якунда ютқазармиз, лекин ҳеч бир футболчи майдонга тушиб ўзини кўрсатишдан чекинмайди. Биз мана шунга эриша олдик. 

- Осиё Кубоги қитъа миқёсидаги энг катта мусобақа. Бундай нуфузли турнирда қатнашишнинг ўзиёқ тарих. Бу сизга фантастик онларни тақдим этади. Шу ўринда мусобақага яхши тайёргарлик кўришимизда қулай шароитларни яратиб берган федерация раҳбариятига яна бир бор миннатдорчилик билдираман. 

- Ўйлайманки, ўз тарихида биринчи бор Осиё Кубогида иштирок этган Қирғизистон терма жамоаси кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Гуруҳдан чиқишни уддаладик. Лекин барибир тўртта ўйиндан учтасида мағлуб бўлганимиз дилни хира қилади. Аммо катта тажриба тўплаганимизни инкор қила олмайман. Менга машҳур мураббийларга қарши жамоани бошқариш ёқди. Уларни ўзимга рақиб деб ҳисоблай бошладим. Бу эса унутилмас туйғуларни беради.

 


Терма жамоа ва "Дордой" 

- Қирғизистонда "Дордой" клуби ҳамиша миллий терма жамоа базаси бўлиб келган. Асосий жамоага энг кўп футболчилар мана шу клубдан чақирилади. Бу ҳолат менга қадар ҳам бўлган ва мен "Дордой"да ишлаганимда ҳам шундай эди. Умуман бу клуб футболчилари мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоаларида ўйнайди. 

- Албатта, биз бошқа жамоалардаги футболчиларга ҳам эътибор берганмиз. Лекин чақирилаётганлар сони унчалик кўп эмас. Фақат энг зўрлар таклиф қилинади. Иш шундай йўлга қўйилганки, "Дордой"да амалга ошириладиган ишлар айни пайтда терма жамоада ҳам қилинади. Яъни ишни параллел равишда олиб борамиз десам бўлади. Бу эса ўқув-машғулот йиғинлари пайтида кўп фойда беради.


Иккинчи уй 

- Осиёликлар барибир бошқача, улар меҳмондўст. Одамлар байрамларни жуда зўр нишонлайди, сайр қилишни ҳам ёқтиришади. Бу эса мени бошида жуда ҳайрон қолдирганди. Менимча, меҳмондўстлик ва хушмуомала бўлиш ҳар қандай инсонга ёқади. 

- Бу ердаги ҳаёт тарзи Россияда бўлгани каби эмас. Бу ерда сокинлик кўпроқ, лекин ҳамма ҳамма нарсага улгуради. Бу ердаги ҳаёт менга шошмасликни ва бирорта иш ортидан қувмасликни ўргатди. Қирғизистонда ўзимни жуда қулай ҳис қиламан. 

- Ҳеч иккиланмай Қирғизистон - менинг иккинчи уйим дея оламан. Бу ерга келиб мураббийликни бошладим, аввалига клубда, кейинчалик терма жамоада ишладим. Шу боис ушбу мамлакатдан бир умр қарздорман. 

Х.Холиқов тайёрлади.

Рейтинг: +5   

Фикрлар

+1   
01 апр 02:36:07
Isroiljon Qosimov
Jalol Jum фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Шундай мураббийлар В.Абрамовга м.т.ж ёрдамчи булиб ишласа зор буларди
Менимча, Абрамовни бунга ёрдамчиликка қўйиб, шу мураббийни термамизга бош мураббийликка таклиф қилиш керак. Чунки, шундай ўртамиёнадан ҳам паст жамоани ОКда 1/4 финалга олиб чиқди. Бизда бунақа куйинчаклик ва тиришқоқлик билан ишлайдиган тренер йўқ, тўғриси. Абрамов ҳам эскирган услубида "қотиб" қолди. Қосимовгина Крестинин билан беллаша олса керак.
   
01 апр 12:31:42
Jalol Jum
Isroiljon Qosimov фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Менимча, Абрамовни бунга ёрдамчиликка қўйиб, шу мураббийни термамизга бош мураббийликка таклиф қилиш керак. Чунки, шундай ўртамиёнадан ҳам паст жамоани ОКда 1/4 финалга олиб чиқди. Бизда бунақа куйинчаклик ва тиришқоқлик билан ишлайдиган тренер йўқ, тўғриси. Абрамов ҳам эскирган услубида "қотиб" қолди. Қосимовгина Крестинин билан беллаша олса керак.
Бу гап билан Абрамов кучсиз мураббийи? 2011 йилни эсланг узб тарихда биринчи марта 4 урини олган мусабокада. Мураббий дегани изланувчан булади Абрамов хали бери тухтамайди. Набарот бу мураббий урнак олиши керак. Бир нарсани эсдан чикарманг 2019 йил 24 жамо уйнади 16 жамоа ўйаганда хали бери курмасди 1/4 чиқмасди
   
01 апр 09:25:48
Anjanliman
ХАКИКИЙ КУЧЛИ ТРЕНЕР ШУ ОДАМ БИЗДА ЙУ
   
31 мар 22:12:12
Jalol Jum
Шундай мураббийлар В.Абрамовга м.т.ж ёрдамчи булиб ишласа зор буларди
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг