UZ

Сўнгги янгиликлар

11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  0 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  4 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  8 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  16 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0

"Афсуски, энг катта орзумиздан қуруқ қолдик" - Любинко Друлович сўнгги матбуот анжуманида нималар деди? (тўлиқ) Янгиликлар

"Афсуски, энг катта орзумиздан қуруқ қолдик" - Любинко Друлович сўнгги матбуот анжуманида нималар деди? (тўлиқ)

Бугун, 30 январь куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

ЎФА анжуманлар залида ўтказилган анжуманнинг тўлиқ матнли вариантини қуйида ўқишингиз мумкин.

Любинко Друлович Ўзбекистон ОТЖдан кетди


"Осиё чемпионатига якуний тайёргарлик жараёнини Тошкентда бошладик. Тошкентдаги йиғиндан сўнг Дубайга йўл олдик. Дубайда ўтказган 2 ҳафталик йиғин ва ўртоқлик ўйинларидан кейин мусобақага йўл олдик.

Тайёргарлик жараёнимиз кўнгилдагидек ўтди ва мусобақа олдидан турнирга тайёр эдик деб айта оламан. Таиландга борганимиздан кейин ҳам Қатар ОТЖ билан назорат ўйини ўтказдик ва ўша баҳсдан кўнглимиз тўлганди. Шу сабаб ҳам биз тайёр эдик деяпман.

Турнирни ёмон ўтказмадик деб ўйлайман. Гуруҳ босқичида яхши иштирок этдик. Гуруҳимиз энг кучлиси эди (Хитой, Эрон, Жанубий Корея бор эди). Шунга қарамай, гуруҳда фақат Ж.Кореяга мағлуб бўлдик (1:2). Корейслар Осиёда энг кучли жамоа эканликларини якунда ҳам исботлашди. Уларга қарши ноябрь ойида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказгандик ва ўша беллашувларда ҳам уларнинг кучли эканлигига амин бўлгандим. Биргина мағлубият билан гуруҳдан чиқдик. Чорак финалда рақибни 5:1 ҳисобида таслим этдик, бундан мухлислар ҳам қувонишди. Ярим финалда Саудия Арабистонига қарши баҳсда қандай мағлуб бўлганимизни тушунмадим. Ўйинда устунлик қилдик, бироқ рақиб учрашув охирида гол уриб, ғалабани илиб кетди. Бундан жуда ҳам хафа бўлдик. Лекин, бизда яна бир имкон пайдо бўлганди. Яшил қитъа вакилларига қарши ҳам яхши тайёргарлик кўрдик. Австралия билан ўйин ҳам Саудияга қарши баҳс каби кўриниш олди. Қолаверса, бир киши кам бўлиб қолганимиз бизга таъсир қилди. Шунга қарамай бор имкониятимизни ишга солдик. Шунча ҳаракатларга қарамай гол уриш насиб этмади ва асосий орзумизга етиша олмадик. Жамоамиздаги футболчилар ҳам, ходимлар ҳам Олимпиадага чиқишни жуда ва жуда хоҳлашган эди. Афсуски, энг катта орзумиздан қуруқ қолдик", - дея гапини бошлади Друлович.


- Мураббий бир йил давомида жамоа билан йиғинлар ва ўртоқлик ўйинлари ўтказди. Лекин, нима учун турнирда фақат 12 нафар футболчи асосий таркибда ўйнайверди? Ваҳоланки, қисқа муддатли мусобақаларда бир хил таркиб билан ўйнаш деярли имконсиз. Ўйинчилар ҳар 2-3 кунда ўйнайвериб чарчаб қолади. Нима учун ротацияларни амалга оширмадингиз? (Толибжон Қосимов, "Championat.asia")
- Бундай вазиятларда кўпинча мураббий танлови ҳисобга олинади. Эътибор берган бўлсангиз, турнирда асосан Жанубий Корея деярли барча футболчиларидан фойдаланди. Қолган жамоалар эса бошланғич таркибда у қадар катта ўзгаришларни амалга оширмади. Одатда, бундай мусобақаларда мураббийлар ўзи учун 11талик асосий таркибни белгилаб олади ва айнан уларга таяниб ҳаракат қилади. Асосий таркибдаги 11 ўйинчи – бу менинг танловим, мен айнан шу футболчилар асосий таркибда тушишини хоҳладим. Бу билан захирадагилар ёмон футболчилар демоқчи эмасман.

- Мураббий фақат Жанубий Корея деярли барча футболчисидан фойдаланди деб айтдилар. Ваҳоланки, бизга қарши учинчи ўрин учун тўп тепган Австралия ҳам захира дарвозабонларидан бошқа ҳамма ўйинчисидан фойдаланди. Фақат бир хил таркибни туширавериш қолган йигитларнинг рухиятига салбий таъсир қилмайдими? Уларда қанча машқ қилсам ҳам барибир асосийда тушмайман деган фикр пайдо бўлмайдими уларда? (Толибжон Қосимов, "Championat.asia")
- Бу нормал ҳолат. Уларнинг барчаси профессионал. Йигитлар мураббий қарорини тўғри қабул қилишди. Ички муҳит жуда яхши эди ва бу борада ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.

- Сиз қайси ўхшамаган вазият ёки хатони айнан ўзингизни бўйнингизга оласиз? (Абдулазиз Искандаров, "Championat.asia")
- Статистикага эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси турнирдаги энг яхшиларидан бири бўлди. Деярли барча учрашувларда ҳужумкор ўйин намойиш этдик ва голлар урдик. Фақатгина охирги иккита тўқнашувда гол ура олмадик.



Турнирга тайёргарликгача ва мусобақада жамоамиз жами 30та учрашув ўтказди ва уларнинг 27тасида гол урдик. Афсуски, гол ура олмаган сўнгги 2та ўйинимиз ОЧнинг ҳал қилувчи баҳсларига тўғри келди. Балки, мана шу иккита учрашувда рақиб дарвозасига йўл топа олмаганимиз энг катта хато бўлгандир. Шуни қўшимча қилишим керак-ки, Саудияга қарши ҳам, Австралияга қарши ҳам ёмон ўйин ўтказмадик. Ҳужумкор ўйнадик ва кўплаб хавфли вазиятлар яратдик. Балки, охирги икки учрашувимизнинг аҳамияти, муҳимлиги ва босим таъсир қилдими... рақиб дарвозасини ишғол қилолмадик.

- Биринчи саволим нима учун бир хил таркиб ўйнади? Нима учун жамоанинг асосий ўзаги иккита жамоадан иборат? Булар таъсир кўрсатмадими? Иккинчи саволим эса сизни шартномангизда қандай мажбуриятлар ёзилган ва маошингиз ҳақида? (Тимур Низаев, "Правда Востока" газетаси)
- Биринчи саволга келадиган бўлсак, биз ўзимиз энг муносиб деб билган 23 нафар футболчини мусобақага олиб кетдик. Тўғри, энг яхши ва кўп ўйинчилар "Насаф" ва "Бунёдкор"дан. Лекин, масалан "Насаф"дан олинган 9 нафар йигитнинг ҳар бири клубида асосий жамоа учун доимо майдонга тушган ва ўйин амалиётига эга бўлган футболчилар эди. "Бунёдкор"да ҳам шундай. "Қизилқум" ёки "Пахтакор"да ҳам иқтидорли ёшлар бор. Аммо, бу менинг танловим.

Ўзбекистонда ёш футболчиларни тарбиялаш жуда яхши йўлга қўйилган. Ўтган мавсум Суперлигада ҳар бир клуб биттадан ёш ўйинчини майдонга тушириши мажбур қилиб қўйилди ва бу уларнинг ўйин амалиётига эга бўлишига ва ўсишига ёрдам беради деб ўйлайман.

Иккинчи саволга тўхталадиган бўлсам, Ўзбекистон ФА билан тузган шартномам эртага – 31 январь куни якунига етади. Биз ҳамкорликни давом эттирмайдиган бўлдик.

Видео Любинко Друлович иштирокидаги матбуот анжумани



- Европа ва ззбек футболчилари орасидаги фарқ? ("Sputnik" нашри)
- Ўзбекистонда иқтидорли ёш футболчилар кўп. Буни ушбу мамлакатда ишлаган давримда билиб олдим. Асосийси бу ёшлар ишлашдан тўхтамаслиги ва бор кучини ишга солиши керак. Турнирда жисмоний ҳолатимиз бўйича муаммо бўлмади. Ҳаммамизнинг орзуимиз Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиадага чиқиш эди. Афсуски омадимиз келмади.
Ўзбекистон сўнгги икки учрашувда мағлуб бўлди. Аммо шу иккала баҳсда ҳам мухлислар борини бериб бизни қўллаб турди. Уларга миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги футболчилар катта салоҳиятга эга ва улар келажакда яхши ўйинчига айланишлари мумкин.


- Таиландга чартер рейс билан мухлислар борди, бундан ташқари миллионлаб мухлислар сизга кўз тикиб умид билан қараб турди. Ҳеч бўлмаса, улардан узр сўрасангиз бўлармиди? (Норбек Ниёзов, "Ўзбекистон 24" телеканали)

- Биринчи галда Ўзбекистон халқига ва мухлисларига раҳмат айтмоқчиман. Гарчи, охирги иккита учрашувда мағлуб бўлган эрсак-да, мухлислар ҳам, журналистлар ҳам, умуман шу ерда турган барча терма жамоага мухлислик қилди. Футболчилар ҳам Олимпиадага чиқишни жуда хоҳлашганди, мен буни кўрдим. Энг кат а орзумизга ета олмаганимиздан жуда ҳам афсусдамиз. Ишқибозларга эса раҳмат айтиб қоламан. Бундан ташқари, бизга ишонган ва бу жараёнларни кенг ёритиб борган ОАВ вакилларига ҳам, бизга барча шароитларни яратиб берган раҳбариятга ҳам миннатдорчилик билдираман.

Афсуски, мусобақада Олимпиада учун 3та йўлланма ажратилган эди. Биз эса 4-ўринни эгалладик. Бу жуда аламли.



- Ўзбекистондаги фантастик фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими? 2-саволим: Ислом Қобиловни қайси критерияларга қараб сардор этиб тайинладингиз? ("Спорт" газетаси мухбири)
- Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги фаолиятимдан кўнглим тўлди ва тўлмади дейишим мумкин. Нега бундай деяпман? Ўзим учун янги футболчиларни кашф қилдим, асосий терма жамоага футболчилар етиштириб бердик. Яна бир қувонарли жиҳат - Ойбек Бозоровдек футболчи ўзини кўрсата бошлади. Кўнглим тўлмаган жиҳати – Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмадик.
Нега Ислом Қобиловни сардор қилиб танладик? Чунки у жамоа етакчиси. Майдонда ва унинг ташқарисида. У жуда ҳам яхши ўйинчи ва чиндан ҳам жамоа лидери. Шунчаки, ҳаммада ҳам кичик хатолар бўлиб туради. Муҳими, хатолардан тўғри хулоса чиқариб ўз устида ишлашда давом этиш.

- Нега чет эллик мураббийлар (Купер ва Друлович) ҳам Ўзбекистон терма жамоаси муаммосини ҳал қила олмаяпти ва иккинчи саволим – нега ҳал қилувчи баҳсларда яна муваффақиятсизликка учраяпмиз? Балки бизга кўринмаётган қандайдир муаммолар бордир? (Хайрулла Холиқов, "Локомотив" матбуот котиби ва "Championat.asia" ходими)
- Биринчи саволга тўхталсам, спортда рақобат бўлса, ўсиш кузатилади. Шундай экан, Ўзбекистон ҳаракатни тўхтатмаслиги керак. Шу билан бирга мураббийлар, футболчилар ва бошқалар ҳам бор кучини бериб ишлаши лозим. Бу футбол оламидаги ҳаммага таалуқли.

Нега ҳал қилувчи баҳсларда Ўзбекистон муваффақиятсизликларга учрайверади? Тўғри, Ўзбекистоннинг ҳар қандай жамоаси мусобақа давомида яхши иштирок этади, аммо асосий учрашувларда...Билмадим. Бизнинг йигитларга ҳам ҳар бир вазиятда қандай ҳаракатланиш зарурлигини яхшилаб тушунтирдик ва улар буни тушунишди ҳам. Аммо, якуний паллада босим сабабми улар диққатларини жамлай олишмади. Балки шу ҳам бир сабабдир. Аммо, аниқ сабаб айта олмайман.

- Мусобақада 6та ўйин ўтказдик. 3та мағлубият, битта дуранг ва иккита ғалаба, ютуқлар олдин ҳам енгиб юрган жамоаларимиз устидан қўлга киритилди. Ярим финалга чиққан жамоалар ичида энг кучсизи бўлдик, бу мураббийнинг тайёргарлик жараёнида йўл қўйган хатолари билан боғлиқ деб ўйлайман. Бунга қандай қарайсиз? (Шаҳбоз Беғамов, "Championat.asia")
- Вазифа бажарилмадими, демак мураббий сифатида бу менинг айбим. Умумий мусобақа ҳақида эса Эрон анча яхши жамоа эканлигини сизга айтишни хоҳлардим. Мусобақа давомида жуда кўп учрашувларда кичик ҳисоблар қайд этилди ва ким биринчи бўлиб гол урса, ўша жамоа ғалаба қозонган вазиятлар кўп кузатилди. Эрон, Ж.Корея ва Саудияга қарши учрашувларни ҳам ёмон ўтказмадик. Баъзан кичик деталлар ҳам ҳалал беради. Омад ҳам рол ўйнаб қўяди. Масалан, Саудия омади келиб рикошет билан гол уриб кетди. Бизга эса ўша омад келмади.

- Ўзбекистон олимпия терма жамоасида ўйнаган барча 23 футболчи Суперлигада ўзини кўрсатиб улгурган эди. Кимларни кашф этдим дея оласиз? (Шаҳбоз Беғамов, "Championat.asia")
- Осиё чемпионатида иштирок этган баъзи футболчилар янада очилиб кетиши мумкин. Улар Хусниддин Алиқулов, Жасур Яхшибоев, Азиз Ғаниев, Абдувоҳид Неъматов. Ушбу йигитларнинг келажаги порлоқ.



- Дастлабки саволим Даврон Файзиевга. Турнирнинг гуруҳ босқичи якунланганидан сўнг Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиевлар Таиландга йўл олишди ва БААга қарши учрашувдан олдин футболчилар билан учрашишди. Шундан сўнг терма жаоамиз йирик ғалабага эришди. Абрамов ва Бердиевлар кейинги баҳслардан олдин ҳам футболчилар билан учрашишмадими? Иккинчи саволим мураббийга. Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиевларнинг чақирилиши сизга нисбатан ҳурматсизлик бўлмадими? (Жасур Асланов, "Championat.asia")
Даврон Файзиев: Таиландга ташриф буюрган икки мураббий Друловичнинг ишига аралашмади. Шунчаки БААга қарши ўйиндан олдин йигитлар билан учрашиб, уларнинг рухиятини кўтаришга ёрдам беришди.
Любинко Друлович: Абрамов ва Бердиевнинг Таиландга келиши нормал ҳолат деб ўйлайман. Баъзида асосий терма жамоа устозининг сўзлари йигитларга катта мотивация беради. Шу сабабли буни нотўғри иш деб ҳисобламайман.


Любинко Друлович иштирокидаги матбуот анжуманидан ФОТОГАЛЕРЕЯ

Рейтинг: -92   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика