UZ

Сўнгги янгиликлар

02:54Миллатлар лигаси. Германиядан 7:0, Нидерландиядан 4:0 ва бошқа натижалар  0 01:58"Интер"нинг икки ҳужумчиси келаси ёзда клубдан кетади  0 01:21Дьёкереш учун курашда етакчи клуб номи маълум  3 00:20Сане ўзига янги клуб танлади  0 00:04Миллатлар лигаси. Украина ва Грузия ўзаро дуранг ўйнади, Туркия ўз уйида Уэльсни енга олмади ва бошқа натижалар  0 23:13Погба "Манчестер Юнайтед"га қайтади  1 22:40Дэвис келганидан сўнг ким "Реал"дан кетади?  2 21:59"Тоттенхэм" Сон билан шартномани 2026 йилга қадар узайтиради. Вингер клубда 10-мавсумини ўтказмоқда  1 20:46Раньери: "Нега бу йигит ўйнамаяпти?"  7 20:12Европа гранди Хвича Кварацхелияга қизиқишни тиклади  5 19:52Россия қачон ФИФА ва УЕФА мусобақаларига қайтади?  21 19:38"Бавария" маошлар харажатини камайтириш учун ўз юлдузларидан бирини сотади  0 19:26Ўзбекистон терма жамоасининг Лаосдаги машғулотлари  15 17:18Мухлислар Мексика терма жамоаси устозини бошини ёришди  9 16:56Россия Бруней билан ўртоқлик ўйини учун қанча тўлаган?  17

9 та майдон, 12 та автобус, улкан тренажёр зали, гўзал "Панчо Арена". Дунёга машҳур "Пушкаш" академияси ҳақида ФОТОМАҚОЛА Янгиликлар

9 та майдон, 12 та автобус, улкан тренажёр зали, гўзал "Панчо Арена". Дунёга машҳур "Пушкаш" академияси ҳақида ФОТОМАҚОЛА

Венгрия футболи тарихида барча даврларнинг энг буюк ўйинчиси Ференц Пушкаш ҳисобланади.

Ҳатто, ФИФА йилнинг энг чиройли голига берадиган соврин ҳам айнан Пушкаш номи билан аталади. У "Реал" афсоналари қаторида туради. Венгрияда эса бутун Европага машҳур футбол академиясига унинг номи берилган. Сезиб улгурганингиздек гап "Пушкаш" академияси ҳақида кетмоқда.

Венгрия пойтахти Будапештдан 45 км масофада жойлашган Фельчут қишлоғи бир жиҳати билан машҳур. Фейер округига қарашли, аҳолиси 1700 киши ҳам чиқмайдиган қишлоқда Европа ва дунёга машҳур "Пушкаш" академияси жойлашган. Кўзни қувнатадиган архитектурага эга ва шароитлари ҳавас қилса арзигулик бўлган бундай академия нега айнан кичик қишлоқда жойлашган деган савол пайдо бўлгандир. Чунки, академияни молиялаштиришда бош-қош бўлиб келаётган ва унинг асосчиси - Виктор Орбан. Жаноб Орбан эса айни пайтда Венгрия бош вазири ҳисобланади. Мана шундай "танка" қўллаб-қувватлаб тургани учун ҳам академия йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Академияга шунчаки ҳавас қилиш ва улардан кўп нарсаларни олиб ўрганиш мумкин. Виктор Орбан сиёсат ичида бўлгани билан асосий хоббиси футбол ҳисобланади. Вақтида ўзи ҳам учинчи дивизионда тўп тепадиган "Фельчут" жамоасида ўйнаган. Орбан айнан Фельчут қишлоғида улғайган, яъни болалиги ўша ерда ўтган. Шу сабаб ўзи катта бўлган қишлоқда мана шундай академия ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.


Биз тасодифан "Пушкаш" академияси директори Дезё Лишкай билан танишиб қолдик. У эса бизни академияга таклиф қилди. "Championat.asia" ходимлари "Пушкаш" академиясига бориб ҳаммасини ўз кўзлари билан кўришди. Ва албатта кўрганларимизни сайтимиз ўқувчилари билан ҳам бўлишмоқчимиз.

Академияга 2006 йилда асос солинган. 2007 йилнинг 1 апрель санасида эса унга "Пушкаш академияси" номи берилган. Агар Пушкаш ҳаёт бўлганда ўша 1 апрелда 80 ёшга тўлган бўларди. Ференц 2006 йилнинг 17 ноябрида оламдан ўтган.

Академия жами 58318 квадрат метр ерни эгаллайди. Академия ҳудудида "Pancho Arena" стадиони, "Pancho hotel", ётоқхона, йирик тренажер зали, тиббиёт маркази, Ференц Пушкашнинг бронзадан ясалган ҳайкали, офис ва ресторан бор. Бундан ташқари, 9та табиий чимли майдон, улардан 3тасига иситиш тизими ўрнатилган. Йилнинг исталган пайтида фойдаланиш учун иккита сунъий поқламали майдон, турли ҳажмдаги кичик майдончалар ҳам бор. Қизиғи, академия очилганда машғулот майдонлари бор йўғи иккита бўлган. Бугунги кунга келиб эса юқорида келтириб ўтдик қанча майдон борлигини. Академиянинг орқа томони тўлиғича ўрмон.

"Венгрия футболини жонлантиришнинг ягона йўли - ёш авлод учун ривожланишнинг юқори даражасини тиклаш мақсадида қўлимиздан келганини қилишдир. Шу сабаб биз футбол академиясини фақатгина шахсий қувончимиз учун эмас, балки ёш ўйинчиларни кўпроқ тарбиялаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этдик. Биз Ференц Пушкаш каби буюк футболчи ва шахсни кўришни истайдиганларни мамнун қилишни хоҳлаймиз", - Виктор Орбан, "Пушкаш" академияси асосчиси.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан Будапештдаги "Кармелита" саройида.


Бизга академияда фаолият олиб борувчи Нежи Мартон ҳамроҳлик қилди ва бутун академия билан таништириб чиқди. Хуллас, қолганини ўзингиз ўқиб ва кўриб олишингиз мумкин.

Архитектурага ортиқча таърифнинг ўзи ортиқча.


Ўртача олганда ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоада олти нафардан тарбияланувчимиз бўлади. Бу яхши натижа. Чунки ҳисоблаб кўрсангиз, 11 ўйинчининг ярми биздан чиққан бўлади. Бу нарса терма жамоа натижаларида ҳам ўз таъсирини кўрсатишига умид қилмоқдамиз. Ҳозир эса биз академияни кучайтиришни давом эттирмоқдамиз. Қўлингизда харита турибди. Бу ерда асосан иккинчи жамоа ўйнайди. Улар Венгриянинг учинчи дивизионида қатнашишмоқда. Қизиғи шундаки, бу жамоанинг ўртача ёши 17 ни ташкил қилади. Венгрия биринчи дивизионида қатнашадиган "Пушкаш" жамоасининг  жуда ҳам иқтидорли футболчилари 16-17 ёшларидан бошлаб катталар футболини ҳис қилишлари учун мана шу учинчи дивизиондаги иккинчи жамоамизда имкониятга эга бўладилар. Бундан ташқари, бизда яна бир ҳамкор жамоа бор. Венгрия иккинчи лигасида ўйнайдиган "Чаквар" жамоаси биз билан ҳамкорлик қилади ва ўйинчиларимиз ўша жамоада ҳам тажриба тўплаши мумкин. Бу ердан у клубгача 20 дақиқалик йўл. Ёш футболчиларнинг иқтидори фавқулотда кучли бўлса, асосий дивизиондаги "Пушкаш" жамоасида ўйнайдилар. 

Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам ёшларни асосий жамоага бўлган йўлини интеграция қилиш. Умуман олганда эса Европада, Венгрия термасида ўйнай оладиган футболчилар етиштириб чиқариш. Бундеслигада аллақачон ўйинчиларимиз фаолият олиб боришмоқда ва келажакда бундан ҳам юқори натижаларни кўзлаяпмиз.

Бизнинг услуб бу ёшлар билан индивидуал ишлаш ва жамоада бирдамликни шакллантириш.


Гайрат Хасбиуллин: - Менда савол бор, учинчи дивизиондаги жамоадагиларнинг ҳаммаси ҳам 17 ёш бўлмаса керак?

- Академиядаги энг ёши катта тоифа бу U-19. Ҳа биринчи дивизионнинг алоҳида U-19 чемпионати бор. Бу йигитлар баъзида учинчи дивизионда ҳам ўйнаб туришади ёки аксинча.  Умуман олганда агар футболчилар иқтидорли бўлсалар, улар бир ёш юқори тоифада ўйнашлари мумкин. Узоқ муддатли ривожланишда бу нарса катта фойда беради.

- Бу ўйин воллейбол ва тенниснинг аралашмаси (Padbol). Тўртта ўйиннинг аралашмаси. Бу реакцияни оширади ва жамоавий ишлашга фойдали. Бу нарсани яқиндагина тайёрладик. Йигитларда осонроқ машғулот бўлган пайтларда айнан шу ўйинни ўйнашади. Катта футболчилар ҳам баъзида бу ўйинни ўйнаб туришади. Умуман олганда, академияда рақобат жуда ҳам кучли.

Padbol.



- Бу ерда тўққизта табиий майдон борми?

-  Ҳа, футбол учун тўққизта табиий майдон бор. Тактик ва бошқа машқлар учун алоҳида тактик майдончалар бор. Венгриялик машҳур мураббий мана шу тактик майдончаларни ўйлаб топган. Бу футболчилар техникасининг хар ҳил бўлишига ёрдам беради.  Бундан ташқари бизда камера тизими ҳам бор. Бу камераларни биз майдондан 9-10 метр баландга қўйганмиз. Камералар орқали ўйин картинасини кўриш ва анализ қилиш мумкин бўлади. Бизда 8 киши махсус лицензияга эга бўлган видео аналитик ҳисобланади. Ҳаттоки, машғулот пайтидаги видеоларни ҳам улар таҳлил қилишади. Ҳозир бу камералар йўқ. Уларни жойидан кўчириб қўйиш мумкин. Бу камералар тизими Pixellot деб номланади.

Академия ҳудудида 9та табиий майдон (стандарт) бор. Бундан ташқари, турли ҳажмдаги кўплаб майдончалар (улар турли машқларда фойдаланилади) бор.


- Бу ерда фақат Венгрия фуқаролари машқ қиладими ёки хорижликлар ҳам борми?

- Ҳозирда Украинадаги уруш сабаб бу ерда жуда кўп украиналик болалар бор. Бу ерда умумий ҳисобда 15-20 нафар ёшлар айнан украиналик. Умуман олганда академиямизда халқаро тарбияланувчилар учун алоҳида тизим бор. Бу тизим қўшни мамлакатларни ўз ичига олади. Украина, Словакия, Сербия ва Руминия  каби давлатлар айнан шу мамлакатлар қаторига киради. Умуман олганда эса асосий тарбияланувчиларимизнинг она тили венгер тили. Улар миллатидан қатъий назар венгрияликлардир. Бизда хорижий мамлакатлар билан алоқалар яхши шаклланган.


- Сизларнинг академия билан Ўзбекистондан туриб ҳамкорлик қилиш учун нималар қилиш керак. Сабаби, бизда ҳам иқтидорли ўйинчилар кўп.

- Бу академия директорига боғлиқ масала. Академиямизда географик тўсиқлар сабаб узоқ мамлакатлардан тарбияланувчилар кам. Бир пайтлар Мўғулистон билан алоқаларимиз бўларди. Энг қизиғи, Мўғулистонлик биринчи профессионал футболчи айнан бизнинг академиямизда катта бўлганди. 2001 йилда туғилган ушбу ўйинчи укам билан бир гуруҳда машқ қиларди. Ўша ўйинчи Словакия иккинчи лигасидаги клуб билан шартнома тузганди. Бу Мўғулистонлик профессионал шартномага эга бўлган илк футболчи эди. Саволга қайтсак, академиямиз билан қандай алоқа ўрнатиш мумкинлигини билмайман. Лекин бизнинг эшиклар доимо очиқ.

Академияда кўриб турганингиздек автобуслардан 12таси бор, ЛОЛ!


- Академияда таҳсил олиш бепулми?

- Вазиятга қараб. Ёшроқ гуруҳдаги болалар бошида тўлов қилишади. Улар академия ёшига етганларидан сўнг ҳар хил имтиёзлар ва шартномаларга эга бўладилар. Бизда Канада клуби билан ҳамкорлик бор. Хуллас, академиямиз халқаро даражада. Бу ерда конференциялар залини кўришингиз мумкин.

Конференциялар зали.


- Академиядаги ўйинчилар шу ерда яшашадими ёки уйларидан қатнашадими?

- Академияга эътибор қаратсак, 13-14 ёшли болалар  агар уйлари яқин бўлмаса, академияда яшашади. Умумий ҳисобда 70% ўйинчилар тўлиқ равишда шу ерда яшашади. U-14 дан бошлаб улар академияда туришади. Ундан ёшлар эса асосан яқин масофада яшашади.

Академия тарбияланувчилари яшайдиган ётоқхона.


- Менинг фарзандим жуда иқтидорли, дейлик уни ёш пайтидаёқ академияга жойлаштирсак бўладими?

- Академия ёшроқ болаларни турар-жой билан таъминламайди. Бунинг имкони йўқ. 14 ёшдан бошлаб биз уларни академияга жойлаштиришимиз мумкин. Ёшроқ болалар эса уйдан қатнашади. Йўлкира ҳаражатларни эса ота-оналар тўлашади.


Расмда кўриб турганингиздек академиянинг нариги томони ўрмон. Об-ҳаво ажойиб, болаларнинг бунақанги шароитда ва бундай тоза ҳавода камига "гилам" майдонларда шуғулланишини кўриб ҳавас қилиш мумкин.


- Бир мураббий битта жамоа билан қанча муддат ишлайди?

- Ҳар хил. Асосан, Венгрияда мураббийлар жамоани фақат бир йил бошқаришади. Сабаби, мураббийларнинг ҳаммаси тажрибали, лекин улар айнан бир ёш тоифасига мослашган бўлади. Агарда бирорта мураббий 11 ёшли жамоани бошқарса, у 8 ёшли жамоани бошқара олмайди. Чунки болаларга бериладиган юклама ва умуман машғулот жараёни бутунлай бошқа бўлади. Шу сабаб ҳам 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган жамоаларни мураббий 1-2 йил бошқаради. 2 йил жуда кам учрайдиган ҳолат. Асосан бир йил.


- Дарвозабонлар учун мураббий неча ёшдан бошлаб болалар билан ишлайдилар?

- Ҳозирда бутун академияда 4 та дарвозабонлар мураббийи бор. 13-14 ёшли гуруҳлардан бошлаб бу мураббийлар иш бошлашади.


- Тактик дарслар неча ёшдан бошлаб ўтказилади?

- 7-13 ёшгача болаларга техник ва тактик ривожланиш бўйича бошланғич дарслар бера бошланади. Шундан сўнг, 13-14 ёшдан бошлаб болалар кўпроқ тактик машқларга урғу беришади. Тўп билан қандай ҳужум қилиш, ҳимояланиш ва ҳоказо. Венгрияда 14 ёшдан бошлаб болалар тўлиқ майдонда ўйин ўтказишади. Ёшроқ болалар 60 метрлик ёки ярим майдонда ўйин ўтказишади. Бизнинг асосий мақсадимиз энг ёш ўйинчиларга футболни севиш ва қилаётган ишидан завқланиш туйғуларини сингдириш. Шундан сўнг эса техника ва тактика масалалари ўргата бошланади. Биздаги барча мураббийлар венгриялик мураббийлар.


- Бу академияда мураббийлар учун ҳам қандайдир дарслар борми?

- Албатта, Пушкаш академияси бир вақтнинг ўзида футбол таълими ва методологияси маркази ҳамдир. Бизда танлаб олинган ўнта академия бор. Давлат бу академияларга ёрдам ажратади. Пушкаш академияси ҳам шулардан бири ва футбол таълими бўйича етакчи ўринларда туради.


- Тарбияланувчилар яшайдиган жой қаерда жойлашган?

- Саёҳатимиз охирида у ерга етиб борамиз. У ерда иккита бино мавжуд. Ёшларга ва ёши каттароқларга.


- Асосий жамоадагилар ҳам шу жойда туришадими?

- Агар улар академия тарбияланувчилари бўлса, ҳа. Лекин асосий жамоа футболчилари ўзларига турар жой топишади. Будапешт шаҳридан ижарага жой топишади.


Бу эса бироз ғалати бўлган стол. Аввал бунақасини кўрганмисизлар? Бу Венгрия ихтироси. Бу 2012 йилда ихтиро қилинган. Бу спорт текбол деб аталади. Текбол учун бошқача тўпдан фойдаланилади. Тўпнинг юза қисми бошқача тайёрланади. Нормал футбол тўпи билан фақат ўлчами бир хил. Бир қатор машҳур футболчилар ушбу ўйинни ўйнаётганини кўрган бўлсангиз керак. Яқиндагина ушбу спорт тури бўйича катта мусобақа ўтказдик. Роналдиньо, Пуйол ва бошқа машҳур ўйинчилар ўша мусобақага ташриф буюришди. Менга бу ўйин жуда ёқади.


Текбол собиқ футболчи Габор Боршан ҳамда дастурчи Виктор Хусар томонидан яратилган.


- Сен ҳам футболчимисан?

- Ҳа, фақат ҳаваскор даражадаги. Мен ўзим туғилиб ўсган жойдаги академияни тамомлаганман.


- Академиянинг барча ҳаражатлари давлат томонидан қопланадими?

- Асосий қисмини давлат тўлайди.

Бу ер эса мураббийлар машқ қиладиган зона. Ҳамма ўтказиладиган жараёнлар айнан шу ерда бўлади. Бу ерда дарс берадиган мураббийлар ўзларининг ўтган мавсумдаги тажрибаларини фақат Пушкаш академияси мураббийларига ўргатишади. Мавсумнинг оралиқ қисмида биз фақатгина халқаро ўртоқлик ўйинлари ўтказамиз. Бу ерда эса мураббийлар ўз тажрибаларини бўлишадилар.


Бу жойда эса худди шунга ўхшаш кўриниш, фақат тренажер зали бор. Атлетика учун атрибутларни бу ерда кўраётганингизнинг алоҳида сабаби бор. Бизда нафақат футболга, балки бутун ҳаёт давомида керак бўладиган бошқа касбларга ҳам ўргатилади. Яъни қўш мутахассислик йўлга қўйилган.


Академиядаги катта тренажер зали.


- Бўлажак футболчилар неча ёшдан бошлаб тренажер залларида шуғулланишни бошлайдилар?

- Ёш футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига фитнес мураббийлар жавобгар. Асосан U-15 дан бошлаб бу машқлар бошланади.


- Академиянгиз шунчаки фантастик!

- Ҳа, Венгриядаги бошқа академияларга ҳам борганмисиз?


- Йўқ, фақат Пушкаш академияси.

- Ўзбекистонда академиялар қай аҳволда? Қозоғистондаги "Қайрат" академияси ҳақида эшитганман, аммо Ўзбекистон ҳақида йўқ...


- Ҳа, "Қайрат" академияси жуда зўр. Ўзбекистонда эса академиялар мавжуд, аммо биздаги академияларни Пушкаш академиясининг ҳолати билан солиштирсак, 20% ҳам яқин келмайди. Шу сабаб ҳам, мен ЎФА вице-президентини директорингиз билан таништириб, унинг Пушкаш академиясига ташрифини ташкиллаштирмоқчиман. Биз қилишимиз керак бўлган ишларни шу ерни кузатиб ҳам билиш мумкин. Кўп ишлашимиз керак.

- Бу эса Пушкашнинг ҳайкали. Ресторан эса бу томонда. Ўйинчилар ва мураббийлар шу ерда таомланишади. Чиқишга яқинлашганимиз сари кўзингиз катталар учун мўлжалланган ётоқхонага тушади. Каттаси эса мактаб. Бу мактаб нафақат академия тарбияланувчилари, балки оддий болалар учун ҳам. Бу ердан беш дақиқалик масофада бошқа мактаб ҳам бор. Шу билан бизнинг саёҳатимиз якунланди.

Ференц Пушкашнинг академия ҳудудида бронзадан яратилган ҳайкали.


"Пушкаш" академия ресторани.


Футзал, қўл тўпи, баскетбол ва волейбол ўйнаш учун мўлжалланган зал.



Ҳайратланарли "Панчо Арена"

Академиянинг асосий жамоаси "Пушкаш академия" Венгрия чемпионатида ўйнаб келади, айни пайтда 4-ўринда бормоқда. Жамоанинг уй стадиони эса "Панчо Арена". Нега айнан Панчо? Панчо - Ференц Пушкашнинг испанча никнейми, яъни лақаби. "Реал"да ўйнаган пайтлари уни айнан шундай чақиришган. Шу сабаб академия ҳудудидаги бош арена ва меҳмонхонага айнан Панчо номи берилган.

"Панчо Арена" 3816 мухлисга мўлжалланган. Майдон ҳажми стандарт 105x68 метр. Стадион 2014 йилнинг 21 апрелида очилган.

"Панчо Арена" "stadiumdb.com" талқинига кўра дунёнинг энг чиройли 3та стадионидан бири деб топилган. Трибунанинг интерьери ёғоч билан қопланган, томошабинларда футбол учрашувига эмас черковга келгандек таассурот уйғотади. Ушбу стадион маҳаллий меъмор Имре Маковечнинг "фарзанди" ҳисобланади. Венгриялик архитектор Маковеч 2011 йилнинг 27 сентябрида оламдан ўтган. Шунга қарамай, стадион бошқа бир меъмор Тамаш Доброш томонидан айнан Имренинг ғоялари асосида қурилган.

Ёғочдан қурилган ва ажойиб дизайнга эга "Панчо Арена".


Турли машқлар учун мўлжалланган кичик майдонлардан бири.


Суратда "Пушкаш" академия директори Дезё Лишкай (ўнгдан биринчи), "championat.asia" асосчиларидан бири Гайрат Хасбиуллин ва Нежи Мартон (чапдан биринчи).



Академиядаги иншоотлар кўзни қувнатадиган даражада чиройли дизайнда яратилган.



Венгерлар яратган текбол.


"Пушкаш" академия тарбияланувчилари таълим оладиган мактаб, йўлнинг нариги бетида жойлашган.


Pancho hotel.


Академия ҳудудида мана шундай сунъий шаршара ва кўл ҳам яратилган.




Гайрат Хасбиуллин, Толибжон Қосимов ва Жалолхон Иноғомхўжаев.

Суратлар муаллифи: Толибжон Қосимов


"Пушкаш" академияси сизга ёқдими?

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика