Эрон U23 термаси футболчиларига Олимпиада йўлланмаси эвазига ўзига хос мукофот ваъда қилинди

Оқил Абдубарноев
3 сен 2023
Бунинг учун улар дастлаб Ўзбекистон тўсиғидан ўтиши талаб этилади.

Эрон U23 терма жамоаси футболчилари Париж Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритса, ҳарбий хизматдан озод қилинади. Бу ҳақда терма жамоа раҳбарияти вакилларидан бири Меҳран Фаркани "Учинчи" канал билан суҳбатда маълум қилган.

Қайд этилишича, Олимпия ўйинларида иштирок этиш мамлакат футболининг узоқ йиллик орзусини рўёбга чиқишига сабаб бўлади. Бироқ бунинг учун жамоа босиб ўтиши керак бўлган анча йўл бор. Париждаги мусобақада Осиё учун 3 та тўғридан-тўғри йўлланма ажратилган. Тўртинчи йўлланма эса плей-оффда ўйналади.

Эслатиб ўтамиз, Эрон U23 терма жамоаси Осиё кубоги саралаш босқичида Ўзбекистон, Афғонистон ва Ҳонг Конг билан бир гуруҳдан жой олган. Гуруҳ босқичи ғолиблари ва энг яхши натижа қайд этган тўртта терма жамоа қитъа турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Sport Seh