UZ

Сўнгги янгиликлар

02:04Лига 1. "Ланс" сўнгги дақиқаларда Европа лигасидан қуруқ қолди, ПСЖ эса қийинчиликсиз ғалабага эришди  6 01:26"Барселона" янги ўйинчилар билан шартнома имзолай олмайди  5 01:25ЛаЛига. "Вильярреал" - "Реал Мадрид" 4:4  0 01:15ЛаЛига. "Атлетико Мадрид" - "Осасуна" 1:4  0 01:05ЛаЛига. "Барселона" - "Райо Вальекано" 3:0  0 00:50"Барселона" Испания суперкубоги ярим финалида "Атлетик" билан, "Реал" эса "Мальорка" билан ўйнайди  2 00:20Серия А. "Интер" - "Лацио" 1:1  0 00:00Ла Лига. Серлот "Реал"га 4та гол урди, "Барселона"дан йирик ғалаба ва "Атлетико"дан кутилмаган мағлубият  26 23:40Виталий Левченко: "Бугун мағлубиятга лойиқ эмас эдик"  9 23:15АПЛ. "Ливерпуль" - "Вулверхэмптон" 2:0  0 23:14Самвел Бабаян: "Бугунги футбол байрамида биз ғолиб бўлдик. Бундай дербиларда катта бўлганман"  32 23:10АПЛ. "Манчестер Сити" - "Вест Хэм" 3:1  0 23:05АПЛ. "Арсенал" - "Эвертон" 2:1  0 22:47Миржалол Қосимов: "Бугун очиқ футбол гувоҳига айландик"  8 22:40АПЛ. "Челси" - "Борнмут" 2:1  0

15 км масофага пиёда қатнаган, стадионни тўп солинадиган қопда тарк этган ҳамда "Бунёдкор"дан пулини ундиролмай, Гулнора Каримовадан кўмак сўраган Ривалдо Қирғиз Республикасида футбол ўйнади Янгиликлар

15 км масофага пиёда қатнаган, стадионни тўп солинадиган қопда тарк этган ҳамда "Бунёдкор"дан пулини ундиролмай, Гулнора Каримовадан кўмак сўраган Ривалдо Қирғиз Республикасида футбол ўйнади

Бразилиялик ярим ҳимоячининг "Бунёдкор" билан боғлиқ хотиралари ҳам акс этган.

Ўзбек футбол ишқибозлари учун бегона  бўлмаган бразилиялик афсонавий ўйинчи — Ривалдо айни дамда қўшни мамлакат — Қирғиз Республикасида бўлиб турибди. Кеча у ҳаракат қилган "Барселона" афсоналари жамоаси Марказий Осиё афсоналарига қарши майдонга тушди. Шу муносабат билан, "Бунёдкор" собиқ футболчисининг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Ривалдо Витор Борба Ферреира 1972 йилнинг 19 апрелида Бразилиянинг Пернамбуку штатидаги Ресифе шаҳрида камбағал оилада таваллуд топган. 

Бўлажак юлдуз учун очлик бегона эмасди. Тўйиб овқат емагани сабабли унинг тишлари эрта тўкила бошлайди. Оёқлари эса камон сингари ингичка эди. Умуман олганда, футболчи ўша даврлар ҳақида гапиришни ёқтирмайди, бу тишлари ёки келиб чиқишидан эмас, балки оғир дамларни эслашни истамаганлигидан далолат беради.

Ривалдо болаликдан ишлашга мажбур эди, у уйи яқинидаги пляжда кун давомида сайёҳларга эсдалик совғалари сотарди, кечқурун эса дўстлари билан футбол ўйнарди. Икки ака ва икки сингилга эга Ривалдолар оиласи қашшоқликдан азият чекарди.

Унинг дастлабки қаҳрамони Зико эди. 

Мен ҳеч қачон у каби зўр футболчи бўламан деб ўйламагандим. Илк бор 10 ёшимда Зикони телевизорда кўрганман.

Тақдирнинг аянчли зарбаларига қарамай, отаси Ромилдо унга ишонч билдирган. Бразилияда профессионал футболчи бўлиш — қашшоқликдан қутулишнинг ягона йўли.

Отам ҳамиша уч ака-укадан биримиз футболчи бўлишимизни орзу қиларди. У буни кўра олмади, бироқ бу мен учун футболга ўзимни бағишлашга ҳамда отам орзусини ҳаётда амалга оширишга туртки бўлди. Отам менинг энг яқин мухлисим эди. Ўйин вақти кимдир мен билан жанжаллашса, яланғоч ҳолатда мени ҳимоя қилгани майдонга тушмоқчи бўларди. 

Ривалдо 16 ёшида "Паулистано" клуби билан илк профессионал шартномасини имзолайди, аммо тақдирнинг яна бир шафқатсиз зарбасига дуч келади: унинг отаси автобус уриб кетиши натижасида ҳалок бўлди. Шундан сўнг, йигитча футболни бутунлай тарк этмоқчи бўлади ва бир ой давомида майдонга яқин йўламайди. Аммо уни онаси фикридан қайтарди.

"Энди таслим бўлишга ҳаққинг йўқ. Отангнинг орзусини рўёбга чиқаришинг керак", дея ёлворган онаси.

Отам билан 16 йил бирга бўлдим. Бу қисқа вақт бўлишига қарамай, унинг менга ўрнак бўлиши учун етарли муддат эди. Отамдан менга катта мерос қолди, чунки унинг насиҳатларига қулоқ солганман. Унинг ўгитларини тинглаш менга ёқарди. Аҳволимиз шу қадар оғир эдики, отам билан бирга суратга тушолмаганман... Отам вафотидан сўнг онамни, ака-ука, опа-сингилларимни ташлаб, "жангга отландим". Мен ўзимни тўлақонли равишда машғулотларга бахшида қилдим, ҳар куни ниманидир кўпроқ ва янада кўпроқ ўрганишни хоҳлардим.

Ривалдонинг машғулотларга қатнашга пули ҳамиша етавермасди, шу боис у 15 км масофани пиёда босиб ўтишга мажбур бўлган.

Фаолиятини “Санта-Круз”да бошлаган Ривалдо бошида асосий таркибга киришиб кета олмади. Кейин эса қуйи дивизионнинг “Можи-Мирим” жамоасига кўчиб ўтади. Ўша ерда ўзини хар томонлама кўрсата олган ёш футболчи “Коринтианс” скаутлари назарига тушади ва ўша жамоа сафига бориб қўшилади.

“Санта-Круз” ва “Можи-Мирим” жамоаларида тўп тепиб юрган кезларимда, мендан яхши футболчи чиқмаслигини айтишарди. Ҳеч ким менга ишонмасди. Лекин бундан тушкунликка тушмасдим.

"Можи-Мирим" либосида "Нороест"га қарши ўйинда гол урганимдан кейин машҳурликка эриша бошладим. Адашмасам, ўша кун 1993 йилнинг 18 апрели эди. Шундан сўнг барча газеталарда менинг исмим чиқа бошлади.

1994 йил ҳужумкор ярим ҳимоячи "Коринтианс"га кўчиб ўтди. Трансфер аввалроқ азалий рақиб жамоаларидан бирида Ривалдо "Коринтианс" дарвозасига уч бор тўп киритган. Жамоага келгач, у эски воқеаларни унутмаган баъзи мухлислар таъқибига дуч келади. Ҳатто шериклари футболчини мухлислар ушлаб олмаслиги учун уни бир неча бор тўплар солинадиган қопга яшириб, машина орқали стадионни тарк этишида ёрдам берган.

Футболчининг кейинги жамоаси эса “Палмейрас” бўлади. У жамоа сафида 50 дан ортиқ гол киритиб, Бразилия чемпиони бўлишига ёрдам берган. 1993–1994 йилларда у нуфузли Placar Magazine нашри томонидан ўз позицияисда энг яхши футболчи бўлгани учун Bola de Ouro соврини билан тақдирланган.

1996 йил Италиянинг "Парма" клуби 2,5 миллион евро эвазига Ривалдони сотиб олмоқчи бўлади. Бироқ Олимпия ўйинларида бронза медали соҳибига айланган Бразилия футболчилари танқид остида қолади. Айниқса, ярим финалда Нигерияга мағлубиятга учралган баҳсда Ривалдо майдон марказида тўпни олдириб қўяди, натижада рақиб жамоа тўп киритади. Кўпчилик ишқибозлар мағлубиятда асосий айбни Ривалдонинг бўйнига илишади. Низолардан сўнг футболчи Италияни эмас, Испанияни танлашни афзал кўради ва "Депортиво" сафига қўшилади. У клубда бир мавсум ўйнаганига қарамай, 41 ўйинда 21 та гол уриб, Ла Лига тўпурарлари жадвалида тўртинчи ўриндан жой олади, клуб эса турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллайди.

Ўзимни яхши ҳис қилишим учун одамларнинг мен ҳақимда айтган сўзларига таянишни хоҳламайман. Менга шунчаки футбол ўйнаш ёқади.

"Барселона" 1997 йил жамоани тарк этган Роналдо ўрнига бошқа бразилиялик Ривалдони ўз сафига қўшиб олди ва "Депортиво"га ўша давр учун катта сумма ҳисобланган 26 млн доллар тўлади. Аммо у бу пулга арзирли эканлигини исботлади. 

Испанияга келганимда, одамлар мени кайф-сафога бериладиган қиёфада тасаввур қилишди. Бу бошқа ўйинчиларга тегишли бўлиши мумкин, аммо мен учун ёт нарса. Мен боримни оиламга бағишлайман. Интизомни яхши кўраман. Энди улар Ривалдонинг кимлигини ва ўз мажбуриятларимни бажараётганлигимни билишади. "Барселона" дунёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Бундай жамоада ўз ўйинингизни кўрсатиш имконияти кўпроқ бўлади.

"Барселона"даги биринчи мавсумида Ривалдо 34 ўйинда 19 та гол уриб, тўпурарликда иккинчи бўлди. "Барселона" Ла Лига ва Испания кубогини қўлга киритди. 1999 йилда у "Барселона" билан яна бир Ла Лига чемпионлигини қўлга киритди ва 24 та гол билан яна лиганинг иккинчи тўпурари бўлди. 1999 йилда Ривалдо ФИФА талқини бўйича дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилди ва "Олтин тўп" билан мукофотланди.

Мен ҳамиша дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни орзу қилардим. Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. 

"Барселона"даги учинчи мавсумида Ривалдо чап қанотда эмас, балки плеймейкер сифатида ўйнашни талаб қилади, шу боис мураббий Луи ван Гал билан келишмовчилик юзага келди. Муносабатлар кескин бўлса ҳам, Ривалдо Чемпионлар лигасида 10 та гол уришга муваффақ бўлди, клуб эса ярим финалга қадар етиб борди. Ван Гал 2000 йилнинг июнь ойида истеъфога чиқарилди.

Менга Ван Гаал ёқмайди, ишончим комилки, у ҳам мени ёқтирмайди.

Кейинги мавсумда Ривалдо 23 та гол билан лиганинг энг яхши тўпурарига айланди. Мавсум сўнгида эса "Валенсия"га қарши баҳсда хет-трик қайд этиб, жамоасининг 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлайди. Шу билан бирга, каталонияликларга Чемпионлар лигасининг мамлакат учун ажратилган тўртинчи йўлланмасини тақдим этди. Айниқса, унинг чалқанча усулда урган учинчи голни футбол ишқибозларининг ёдидан чиқмаган.


Ким буюк футболчи эканлигини ҳал қилувчи тўқнашувларда билиб оласиз.

Ушбу тунда нималар содир бўлганига ақлбовар қилмайди. Ғалаба голимни бутун мавсум давомида тиришқоқлик ила курашган футболчиларга ҳамда мухлисларга бағишладим. "Барселона"даги беш йиллик фаолияти давомида Ривалдо 130 та гол уриб, клубнинг барча даврлардаги энг кўп гол урган футболчилари қаторига кирди.

Клуб раҳбарияти томонидан Ван Галнинг яна мураббийликка тайинлаш қарори Ривалдога унинг бу ердаги сафари якунланганлигига ишора бўлди. 2002 йил бразилиялик ўйинчи “Милан”га кўчиб ўтади. Апеннин ярим оролларида ҳам Ривалдо ёрқин ўйинларини давом эттирди. Жамоа билан Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритди.

Испанияни тарк этаётганимда “Тоттенхэм” ва “Милан”дан трансфер таклифи бўлганди. Ўшанда ўзининг шонли тарихи ва футбол оламидаги анъаналари туфайли “Милан”ни танлагандман.

Сўнгра футболчи 4 йил давомида Грецияда фаолият олиб борди.  Бу вақтлар оралиғида у “Олимпиакос” ҳамда “АЕК” жамоаларида ўйнаган.

2008 йилнинг 28 августида эса футболчининг фаолиятида биз учун ҳам аҳамиятли бўлган воқеа содир бўлди. Ривалдо ўша куни Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолади. Бир неча ойдан сўнг шартнома муддати узайтирилди. Келишувга кўра, бразилиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи йилига 6 млн евро атрофида ҳақ олиши керак эди. Шу билан бирга, у Бразилиянинг "Можи-Мирим" клуби президенти этиб тайинланганди. Унинг вакили клубни вақтинча бошқариб турди.

Афина шаҳрида АЕК клуби шаънини ҳимоя қилиб юрган кезларим кутилмаганда, Марказий Осиёдан бир таклиф келиб тушди. Унгача менда Туркиядан, Россия ва БАА чемпионатларидан бир қатор катта ва кичик таклифлар ҳам бор эди. Мен уларни ўрганаётгандим. Негадир, Ўзбекистондан келган таклиф юрагимни жизиллатди. Тўғри, менга яхши пул ваъда беришди. Аммо, бу ерда гап пулда ҳам эмасди. Менга авваллари умуман бўлмаган юртда тўп суриш ёқиб қолди ва уни чақирув деб қабул қилдим. Қуёшли Ўзбекистонга, меҳмондўст Тошкентга боргач, қарорим тўғри бўлганига иқрор бўлдим.

Ривалдо жамоадан кетмоқчи бўлганига қарамай, АЕК уни сотишни истамаган. Клуб шартнома муддати мавсум сўнгигача амал қиладиган футболчига унга ўринбосар топа олган тақдирдагина рухсат беришини маълум қилди. Бироқ "Бунёдкор" 1 миллион евро атрофида қўшимча тўлов қилганидан сўнг келишув амалга ошган.

Тошкент ва умуман Ўзбекистон — бу алоҳида мавзу ҳисобланади. Уни икки оғиз гаплар билан тўлиқлигича ифодалаб бериш қийин. Мен бу юртда кўплаб дўстлар орттирдим, футболчилик фаолиятимни ҳам кўнгилдагидек ўтказа олдим. Ўзбек таомларини гапирмасангиз ҳам бўлади. Ўзбеклар ҳам худди турклар каби гўштни кўп истеъмол қилишади. Лекин, уларнинг паловини бошқа жойда учратмайсиз. Унинг таъми ҳалиям оғзимда қолган. Ҳар бир вилояти хос яраша палов қилади ва мазаси ҳам бир-биридан қолишмайди. Мен тўп сурган "Бунёдкор" клуби ёш бўлишига қарамасдан мақсадлари олий эди. Осиёда ҳам ўз ўрнига эга бўлаётганди. Афсуски, ҳозир клубдаги вазият билан таниш эмасман. Йиллар ўтиб, фаолиятимга назар ташлайдиган бўлсам, шубҳасиз Ўзбекистонда ўтган йилларимни табассум билан эслаб юраман. Қўлини кўксига қўйиб сўрашадиган халқини эса, унутмайман.

2009 йилги мавсумда у тўртта кетма-кет ўйинларда рақиблар дарвозасини нишонга олган: Аввалига “Андижон” дарвозасига гол, кейинги ўйинда “Навбаҳор”га иккита гол, “Металлург”га қарши учинчи ўйинда учта гол, “Сўғдиёна”га  билан бўлган тўртинчи ўйинда эса “Бунёдкор” футболчиси 17 дақиқа ичида покер муаллифи бўлган.

2009 йилги мавсум Ривалдо 29 ўйинда 20 та гол уриб, лига тўпурарига айланди ва "Бунёдкор"га чемпионликни тақдим этди. Аммо клуб Чемпионлар лигасининг чорак финалида мусобақа билан хайрлашди.

Ўзбекистонни яхши кўраман ва у ерда яқин дўстларим кўп эди. Менда ажойиб режалар бор эди. "Бунёдкор" клубини футбол харитасига киритиш учун уни ривожлантиришга кўмаклашмоқчи эдим. Мен ўйин стандартларини яхшилашни, янги стадион қуришни, машғулотларни яхшилашни ва клубга янги даражадаги профессионалликни қўшишни хоҳлардим. Ўз одамларимни "Челси", "Интер" ва "Милан"га жўнатиб, Европа клубларини муваффақиятли бошқариш жараёни англаб олишига ёрдам бердим. Аммо афсуски, ваъдалар бажарилмади ва бундан қаттиқ ранжидим.

Унинг бир йиллик шартномаси солиқдан ташқари 6 миллион евро ҳамда имидж ҳуқуқи бўйича келишув борасида маълум суммага эга бўлди, яъни у биринчи йилда тахминан 7,1 миллион фунт стерлинг ишлаб олди.

2008 йилнинг ёзида шартнома имзолаганидан кейин бир неча ой ўтгач, унга 2011 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган икки йиллик янги битим таклиф қилинди, шунингдек, "Бунёдкор"ни минтақада қудратли клубга айлантириш борасида маслаҳатчи бўлиш вазифаси ҳам юкланди.

Биринчи йил ҳаммаси яхши бўлиб туюлганди. "Бунёдкор" молиявий жиҳатдан барқарор эди. Клуб даставвал Зикони (2008-09), сўнгра Луис Фелипе Сколарини (2009-10) мураббий сифатида таклиф қилди. Қолаверса, Самуэль Этога бир мавсум учун 25 миллион (баъзи манбаларда 40 миллион) доллар таклиф қилинган, бироқ Тошкентга келиб-кетган камерунлик ҳужумчи рад жавобини берган. Ҳомийлар испаниялик машҳур футболчиларга, жумладан, Андрес Иньеста, Карлес Пуйол ва Сеск Фабрегасларнинг Тошкентга ташрифи учун ҳар бирига 1 миллион евродан тўлашган.

Аммо Ривалдога иккинчи йил, 2009 йилнинг ёзидан бошлаб ҳақ тўлашда муаммо юзага келди.

2010 йилнинг май ойида клубнинг энг йирик ҳамкори "Zeromaks"нинг ўрталарида банкрот дея эълон қилиниши "Бунёдкор"га молиявий тарафдан жуда катта таъсир ўтказди. Май ойи сўнгида Луис Филипе Сколари жамоани тарк этди. 11 август санасида Икки карра Ўзбекистон чемпиони, Ўзбекистон кубоги соҳиби, Ўзбекистон чемпионати тўпурари ҳамда Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси бўлган Ривалдо Твиттер саҳифасида "Бунёдкор" билан шартномасини бекор қилганини маълум қилди.

Унинг мазмуни қуйидагича эди:

Хайрли кун азизлар! Сизларга янгилигим бор. Қарийб икки йиллик фаолиятимдан сўнг "Бунёдкор" билан шартномани бекор қилдим.

Твитидан бир кун ўтиб, футболчи Бразилияга учиб кетди. Воқеа тафсилотлари кейинроқ ошкор бўлди. Маълум бўлишича, Ривалдо маошини ололмагани учун "Бунёдкор" устидан ФИФАга арз қилган. ФИФА эса Ривалдо фойдасига қарор қабул қилган. Футболчининг агенти Луиш Перейранинг таъкидлашича, "қалдирғочлар" собиқ ярим ҳимоячиси фақат бир мавсум учун маошини олган. Шартнома шартлари эса бажарилмаган. Қайд этилишича, Ривалдо ҳатто Ўзбекистон Республикаси биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовадан ёрдам сўраган. Чунки у “GooGoosha” номи остида эстрада юлдузи сифатида фаолият олиб борган Каримованинг амалда клуб бошқарувчиси эканлигига ишонч ҳосил қилган.


Халқаро спорт арбитраж суди "Бунёдкор"нинг Ривалдо ва Денилсонга қарши ишини ҳамон кўриб чиқмоқда. Ўртадаги муаммо ҳамон бартараф этилмаган.

“Бунёдкор”дан сўнг эса 2010 йилда ўзи президент бўлган “Можи-Мирин” га қайтади ва футболчи сифатида ҳам ҳаракат қилади.

2011 йилда “Сан-Пауло”да бир муддат ижара асосида ўйнаган.

2012 йилнинг 13 январида эса Ривалдо Анголанинг “Кабушкорп” клуби билан шартнома имзолаган. Африка қитъасида ҳам қария футболчи йўқолиб қолмаган ва кетма-кет голлар киритиб мухлисларни хушнуд қилган.

Сўнгра 2013 йил эркин агент сифатида Бразилиянинг “Сан-Каэтано”си сафига бориб қўшилган. Жамоа сафида 7 та ўйин ўтказган футболчи тиззасидаги жароҳати сабабли жамоани тарк этган.

2014 йилнинг 15 мартида афсонавий футболчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фаолиятини якунлашини эълон қилди.

2015 йил эса яна майдонга қайтишини эълон қилди.

Бир муддат “Можи-Мирин”да футбол билан шуғулланган Ривалдо 2015 йилнинг 14 август куни иккинчи марта фаолияти якунлаганини маълум қилди.

Ривалдо ўғли билан бирга ўйнаган ҳамда иккаласи ҳам бир ўйинда гол урган камдан-кам ота-болалардан саналади. 2015 йил Бразилия Б Серияси доирасида "Можи-Мирим" "Макаэ"ни 3:1 ҳисобида мағлуб этган. Учрашувда Ривалдино биринчи ва учинчи, Ривалдо эса пеналтидан иккинчи голни урди.


Ўйлайманки, биз тарих ярата олдик. Ота ва ўғил бирга ўйнашганини эшитганман-у, уларнинг иккиси ҳам бир ўйинда гол уришгани қулоғимга чалинмаган.

Шунингдек, у юз қиёфасини ўзгартирган ҳолда ўзини Роберто да Силва дея таништирган ҳолда "Барселона" мухлислари билан ўйинда иштирок этган ва учрашув сўнгида уларни лол қолдирган.


Терма жамоа

Ривалдо – Бразилия терма жамоаси билан икки марта жаҳон чемпионатида иштирок этган. У илк маротаба 1993 йилнинг 16 декабрида Мексикага қарши ўйинда майдонга тушган. Терма жамоа сафида жаҳон чемпионлигига ҳам эришган. Умуман олганда, Ривалдо Бразилия терма жамоаси сафида 74 та ўйинда майдонга тушиб, 35 та гол киритишга муваффақ бўлган.

Терма жамоадаги дебютини 1993 йилда нишонлаганига қарамасдан Бразилия миллий жамоаси мураббийи Алберто Перрейра уни 1994 йилги Жаҳон чемпионатига йўл олувчи футболчилар рўйҳатига киритмади. Ривалдо ўзидан тўрт ёш кичик бўлган Роналдодан фарқли ўлароқ олтин медалан маҳрум бўлди. Бироқ, орадан тўрт йил ўтгач Франциядаги мундиалда Ривалдо, Роналдо, Бебето триоси терма жамоанинг асосий қуроли бўлиб хизмат қилди.

2002 йилги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан ўрин олган Бразилия — Туркия учрашуви турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Кореянинг Улсан шаҳрида бўлиб ўтган белашувда осон ғалаба қозониши кутилган Жанубий Америка вакиллари кутилмаган қаршиликка дуч келишади. Ҳасан Шаш дастлабки тайм сўнгида туркиялилкрании ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимни сергакликда бошлаган бразилияликлар 50-дақиқада Роналдонинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни тенглаштирди. Учрашув якунланиши арафасида турклар посбонининг тўпни ўйинга киритишдаги хатоси сабаб рақиблар тезкор қарши ҳужумга шайланди. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бораётган Луизаони Алпай Ўзалан тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳакам унга қизил карточка кўрсатди ва 11 метрли нуқтага ишора қилди. Ваҳоланки, қоида бузилиши жарима майдонидан ташқарида содир бўлганди. Пенальтини эса қаҳрамонимиз аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Дарвоқе, ундан аввалроқ Ривалдонинг бош билан урган голи офсайд дея баҳоланиб, инобатга олинмайди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Ҳакан Унсал бурчак зарбасини амалга оширишга шошмаётган Ривалдога қарата тўпни тепиб юборади. Тўп ярим ҳимоячининг оёғига текканига қарамай, у юзини ушлаб, майдонга ётиб олади. Ҳакам эса туркиялик ярим ҳимоячига дастлаб иккинчи сариқ, кетидан қизил карточка кўрсатади. Учрашув бразилияликлар фойдасига ҳал бўлган.


Мундиал ярим финалида ҳам Туркияни мағлуб этган бразилияликлар якунда кубокни бошлари узра юқори кўтаришади.

Жаҳон чемпионати мен қўлга киритган энг муҳим унвондир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Ривалдо ҳаётда босиқ, диққат марказида бўлишни ёқтирмайдиган инсон, буни ўзи ҳам тан олган. Бўш вақтини оиласига бағишлашни яхши кўради.

Оиласиз одам ҳаётда ҳеч нарсага эга ҳисобланмайди. Ишлар яхши кетаётган пайтда ҳаётдан завқ олишим учун оилам ёнимда бўлиши керак. Ишларим ортга кетса, улар менга далда беришади.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +9   

Фикрлар

   
08 апр 19:29:30
Ilhom !!!!
Tg
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика