UZ

Сўнгги янгиликлар

01:39А Серия. "Рома" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйинда ғолиб номи аниқланмади  0 00:56"Реал" афсонаси билан шартномасини бир йилга узайтиради  1 00:322016 йилги Golden Boy соҳиби ва Европа чемпиони ПСЖга қайтади  0 00:13Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" меҳмонда "Галатасарой"га йирик ҳисобда мағлуб бўлди, Турғунбоев эса...  0 23:30Серия А. "Милан" - "Женоа" 3:3   0 23:25Бундеслига. "Айнтрахт" - "Байер" 1:5   0 23:20АПЛ. "Ливерпуль" - "Тоттенхэм" 4:2   0 23:15АПЛ. "Челси" - "Вест Хэм" 5:0   0 23:10Серия А. "Кальяри" - "Лечче" 1:1   0 22:47Александр Стоймирович: "Таркибимизда йўқотишлар бор"  0 22:45Самвел Бабаян: "Исталган жамоа Наманганга келганида ҳимоявий услубда ўйнайди"  16 22:25АПЛ. "Ливерпуль" ва "Тоттенхэм" ўртасидаги ўйинда 6та гол урилди!  14 22:07Гнабри "Реал" билан ўйин олдидан: "Ўйинни ўлдириш керак"  4 21:42Илёс Зейтуллаев: "Ҳозир камроқ гапириб, кўпроқ ишлашимиз керак"  13 21:23Роналду "Интер Майами"га ўтиши мумкин — журналист Абдулазиз Ал Осаими  22

Жанлуижи Буффондан ўзининг ёшлигига мактуб (мутолаа учун) Янгиликлар

Жанлуижи Буффондан ўзининг ёшлигига мактуб (мутолаа учун)

Италиялик машҳур посбон футболчилик фаолиятини якунлади. Унинг бир неча йил аввал ёшлигига атаб ёзган мактубини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мактубда дарвозабоннинг ёшлик таассуротлари, хатолари ва ҳаётдан олган сабоқлари ўрин олган.

Қадрли 17 ёшли Жанлуижи, 

Бу оқшом сенга ҳаётда кўп нарсани бошдан кечирган ва баъзи хатоларга йўл қўйган катта ёшли эркак сифатида ёзяпман. Сен учун яхши ва ёмон хабарларим бор. Сен билан руҳиятинг тўғрисида суҳбатлашмоқчиман.

Ҳа, сенинг руҳиятинг тўғрисида. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, сенда қалб бор эди.

Кел, ёмон хабардан бошлаймиз. Сен 17 яшар йигитчасан. Тез орада орзу қилганинг каби ҳақиқий футболчига айланасан. Сен ҳамма нарсани биламан деб ўйлайсан. Лекин ростини айтсам, дўстим, ҳеч вақони билмайсан.

Бир неча кундан сўнг сенда "Парма" билан А Серияда дебют қилиш имконияти пайдо бўлади ва сен ҳали қўрқув ҳақида етарлича билимга эга эмассан. Сен илиқ сут ичиб олишинг ва тўшагингга ётишингиз даркор. Аммо сен нима қилмоқчисан? Энг яқин дўстинг билан Примаверадаги тунги клубга бормоқчисан.

Сен пиво ичишни истайсан, шундай эмасми?

Аммо сен барчасини чигаллаштириб юборасан. Ўзингни фильм қаҳрамони каби кўрсатасан. Суперқаҳрамон сифатида. Тунда эса тунги клуб ёнида полиция билан жанжаллашасан.

Уйга жўна, ором ол!

Шунингдек, илтимос, полиция машинаси атрофида аҳмоқлик қилма. Бу уларга ёқмайди, клуб раҳбариятига ҳам. Меҳнат қилиб эришган бор-будингдан айрилиш хавфи пайдо бўлади.

Бир неча кундан кейин тақдир сенга сархуш қиладиган, аммо жуда хафли учта нарсани инъом этади — пул, шон-шуҳрат ва орзудаги иш.

Шунда ўйлайсанки, энди ортиқча муаммо бўлмади. Аммо бу ўй мантиқан нотўғри. 

Бир тарафдан, дарвозабон ўзига ишонган бўлиши лозим. Ў қўрқмас бўлиши керак. Агар мураббийда дунёдаги энг техник қобилиятга эга ва энг қўрқмас дарвозабон ўртасида танлов юзага келса, кафолат бераманки, у қўрқмасини танлайди.

Бошқа томондан, ҳеч нарсадан чўчимайдиган одам эс-ҳушини йўқотиб қўйиши мумкин. Агар нигилистик ҳаёт тарзига риоя қилиб, фақат футбол ҳақида ўйласангиз, умидларинг пучга чиқади. Натижада шу қадар тушкунликка тушасанки, ҳатто кроватингдан тургинг келмайди. 

Эҳтимол, бу сен учун кулгили туйилиши мумкин, аммо бу сен билан содир бўлади. Бу ҳодиса орзу қилишинг мумкин бўлган барча нарсага эришган пайтинг, карьеранг чўққисида содир бўлади. Ўшанда 26 ёшни қарши оласан ва "Ювентус" клуби ҳамда Италия терма жамоаси посбонига айланасан. Сенда пул ва обрў пайдо бўлади. Одамлар сени Супермен деб аташади.

Лекин сен суперқаҳрамон эмассан. Бошқалардан фарқ қилмайсан. Ҳақиқат шундаки, касбинг билан боғлиқ босим сени роботга айлантириши мумкин. Кундалик режим қамоқхонадаги сингари кўриниш олиши мумкин. Машғулотларга борасан, уйга қайтасан, телевизор томоша қиласан ва оёқ узатиб ётасан. Ҳар куни бир хил ишни такрорлайсан. Ютасан, ютқазасан. Жараён қайтарилаверади.

Бир куни тонгда уйқудан уйғонасан ва машғулотларга йўл оласан, лекин бирдан оёқларинг қалтирай бошлайди. Буни шунчаки чарчоқ аломати ёки касаллик деб ўйлайсан. Аммо тез орада вазият ёмонлашади. Сен мудом уйқуга кетишни хоҳлайсан. Машғулотлардаги ҳар бир сейв ҳаддан ташқари кўп куч талаб қилади. Етти ой давомида ҳаётдан завқ олиш мушкул ишга айланади.

Энди бироз пауза қиламиз. Буни ўқиб, 17 ёшингда нима ҳақида ўйлаётганингни англаб турибман. 

Сен айтасан: "Қандай қилиб бу содир бўлиши мумкин? Мен бахтлиман, чинакам етакчиман. Агар "Ювентус"да ўйнаб, миллионлар ишласам, тушкунликка тушолмайман".

Энди сенга бир савол бермоқчиман: "Нега ҳаётингни футболга бағишлашга қарор қилдинг? Ёдингдами?

Илтимос, шунчаки Томас Н'Коно туфайли деб айтма. Яхшироқ мулоҳаза қил. Ҳар бир детални эслашинг керак.

Ҳа, сен 12 ёшда эдинг. Тўғри, 1990 йил Италияда жаҳон чемпионати бўлиб ўтганди. Шундай, очилиш ўйини "Сан-Сиро"да Аргентина ва Камерун ўртасида ўтказилганди.

Лекин биринчи ўйинда қаерда эдинг? Кўзларингни юм. Хонангда ёлғиз ўзинг эдинг. Нима учун атрофингда дўстларинг йўқ эди. Эслай олмайсан. Бувинг ошхонада кечки овқат тайёрлаётган эди. Ҳаво шу қадар иссиқ эдики, у салқинликни сақлаш учун деразаларни ёпди. Телевизордан таралаётган сариқ нурни ҳисобга олмаганда, хона буткул қоронғи эди. Нимани кўрдинг?

Ғалати номга кўзинг тушади. КАМЕРУН. Бу мамлакатнинг қайси қитъада жойлашганини ҳам билмайсан. Бундай давлат борлигини тасаввур қилолмайсан. Албатта, Аргентина ва Марадонини яхши биласан, аммо камерунлик футболчилар қандайдир мафтункор ўйин намойиш этишарди. Ҳаво мияни қиздириб юборадиган даражада иссиқ эди, шунга қарамай, уларнинг посбони бошдан-оёқ кийиниб олганди. Узун қора иштон ҳамда пушти ёқали узун яшил футболка. Унинг ҳаракатлари, ўзини тутиши ҳамда ўзгача ўстирилган мўйлови тушунарсиз тарзда сени ўзига тортади.

У сен кўрган энг зўр одам. Шарҳловчи уни Томас Н'Коно деб таништирди. Кейинчалик мўъжиза содир бўлади. Аргентина бурчак зарбаси амалга оширади, Томас курашга киришади ва мушти билан тўпни 30 метр масофага уриб юборади. Шу лаҳзада ҳаётда нимани хоҳлаётганингни англайсан. Сен шунчаки дарвозабон бўлишни истайсан. Худди шу дарвозабондек довюрак ва эркин бўлишни орзу қиласан.

Дақиқа сайин жараённи кузатиб, ўзингни топа бошлайсан. Унда сенинг тақдиринг битилган. Камерун гол уради ва сен уларга шунчалик қайғурасанки, буни таърифлаб бўлмайди. Дивандан сапчиб турасан. Бутун иккинчи бўлим давомида телевизор атрофида юра бошлайсан. Камеруннинг иккинчи ўйинчиси майдондан четлатилганда, шунчаки буни эшитгинг келмайди. Охирги беш дақиқани зангори экран орқасида уни овозсиз ҳолатга қўйганча ўтирасан. Баъзан нима содир бўлаётганини кўриш учун олд томонга мўралайсан ва яна жойингга қайтасан. Ниҳоят, камерун футболчиларининг байрам қилишаётганига гувоҳ бўласан. Кўчага югурасан. Икки қўшни болакай ҳам шундай қилади. Ҳамма бақиради: "Камерунни кўрдингми?", "Камерунни кўрдингми?"

Ўша куни қалбингда чўғ ҳосил бўлди. Камерун деган мамлакат ҳақиқатда мавжуд. Томас Н'Коно ҳам. Бутун дунёга Буффон деган ном борлигини кўрсатиб қўйгин келади. Шу боис, футболчи бўласан. Пул ва шон-шуҳрат учун эмас, Томас Н'Конодан илҳомланганинг учун шундай қарорга келасан.

Ёдингда бўлсин: Пул ва шон-шуҳрат — мақсад эмас. Руҳиятингни авайламай, илҳомланишни футболга алоқадор бўлмаган нарсалардан изламасанг, вайрон бўласан. Сенга бир маслаҳат бераман — ёшлигингда атрофингдаги дунёга кўпроқ эътибор бер. Бу сени ва айниқса, оилангни кўп ташвишлардан қутқаради. Тўғри, дарвозабон бўлиш довюракликни талаб этади, аммо жасурлик нодонлик ва уқувсизлик дегани эмас.

Депрессиянгнинг энг салбий даврида ғалати ва ажойиб ҳолат юз беради. Бир куни сен одатий режимни бузиш учун нонуштани Туриндаги бошқа ресторанда тановвул қилмоқчи бўласан. Иккинчи йўлак бўйлаб бораркансан, санъат музейи қаршисидан ўтасан. У ерда Шагал номи ёзилган плакатга кўзинг тушади. Бу номни қаердадир эшитгансан, лекин санъатда ҳеч вақони тушунмайсан. Нимадир қилишинг керак. Сен ўз йўлингдан юришинг керак. Ахир сен — Буффонсан. Лекин ким у Буффон? Сен аслида кимлигингни биласанми?

Мактубнинг асосий қисмига етиб келдик. Айнан шу куни музейга боришинг керак. Бу ҳаётингдаги энг муҳим қарор бўлади. Агар шу музейга ташриф буюрмай, футбол ўйнашда давом этаверсанг, ўз ҳис-туйғуларингни ичингга ютишда давом этасан, охир-оқибат руҳиятинг чилпарчин бўлади. Аммо ичкарига қадам босишинг билан юзлаб Шагал асарларини кўрасан. Уларнинг кўпидан ўзинг қидираётган нарсага жавоб топа олмайсан. Яхшилари, қизиқарли ёки пинҳона суратлар мавжуд бўлади, аммо сенга ҳеч нарса сўзламайди.

Бироқ бир пайт яшин уриши сингари юракдан урадиган бир суратга тикилиб қоласан. У сурат "Сайр" деб номланади. Бу деярли болалар чизган расмга ўхшайди. Боғда эркак ва аёл, ҳаммаси сеҳрли. Аёл фаришта сингари кўкка кўтарилади, эркак эса ерда туриб, унинг қўлидан тутганча, жилмайиб туради. Бу худди боланинг орзусига ўхшайди. Бу сурат ўзгача дунёдан ниманидир сўйлайди. Ўзингни яна бола сингари тасаввур қиласан. Бахтни оддийликдан изланг. Томас Н'Кононинг тўпни 30 метрга уриб юборганини эслайсан. Ошхонадан бувингни чақирганини ёдга оласан. Ёш ўтган сайин бундай лаҳзаларни унутамиз.

Эртаси куни яна музейга боришинг керак. Бу муҳим. Кассир сизга табассум билан қарайди ва сўрайди: "Кеча келмаганмидингиз?" Бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. У ерга яна бор. Санъат сен учун энг яхши дори-дармон бўлади. 

Ушбу эпизодда ақл бовар қилмайдиган истеҳзо мавжуд. Баъзан менга ҳаёт биз учун ёзилгандек туюлади. Сен билан содир бўлаётган жуда кўп тушунарсиз чиройли нарсалар бир-бирига боғлангандек туюлади. 

"Парма"нинг ёш ўйинчиси бўлганингда, баъзан нодон фикрлар ўз изини қолдиради. Муҳим учрашув олдидан жамоадош ва мухлисларингга етакчи, довюрак ва катта одам эканлигингни кўрсатиш учун ён беришни хоҳлайсан. Шу тариқа, футболкаларга мактаб партасида кўрган иборани ёзасан: "Қўрқоқларга ўлим!" Сенга бу шунчаки мотивациядек туюлади. Аслида, бу фашистларнинг шиори эканлиги эса хаёлингга келмайди.

Бу оиланг билан боғлиқ кўплаб муаммоларни келтириб чиқарадиган хатолардан биридир. Аммо бундай хатолар қилиш ҳам фойда беради, чунки хатолар инсон эканлигингни эслатиб туради. Шуни ёдда тутки, сен бутун умр дўст бўлиб қоладиган буфетчи ёки электрчидан фарқ қилмайсан.

Сени бошқалардан ажралиб туришинг эмас, бошқалар билан бир эканлигингни англашинг деприссиядан чиқишга кўмак беради. Буни 17 ёшда тушунмайсан, лекин ишонтириб айтаманки, ҳақиқий жасорат — заиф томонларингни кўрсата билиш ва бундан уялмаслик.

Кўп нарсалар бир-бирига боғлиқ, буни фарқига боришинг учун ҳали ёшлик қиласан. Кўзларинг эртароқ очилмаганидан афсусдаман. Балки табиатинг шунақадир. Ёшинг бир жойга етиб қолса-да, ичингдаги аланга сўнмайди. 

Тоғда истиқомат қилувчи Удинада амакингникига қишга борганинг ёдингдами? Ёки бундай хотираларни фақат кексалар эслашадими? Сен 4 ёшда эдинг. Тун бўйи қор ёғди. Илгари қор кўрмагансан. Уйғондинг, деразадан ташқарига мўраладинг ва фақат орзу қилиш мумкин бўлган нарсани кўрдинг. Бутун қишлоқ оққа беланганди.

Пижамангни кийиб, ташқарига югурдинг, аммо қор нима эканлигини англаб етмасдинг. Далада қор кўчкиси бўлаётганди, сен эса иккиланмадинг. Кўчкини кўриб, нима қилганингни биласанми? Курткангни кийиб олиш учун уйга кирдингми? Йўқ, аксинча, қўрқмасдан у томонга сакрадинг.  Ичкаридан бувинг қичқирди: "Жанлуижи! Йўқ! Йўқ! Йўқ!" Сен эса қор ичига сингиб кетдинг. Кейинги бир ҳафтани иситма билан ётоқда ўтказдинг. Лекин бунга парво қилмадинг. Иккиланмадинг. Олға қадам ташладинг. 

Бу сенсан. Сен Буффонсан. Сен мавжуд эканлигингни дунёга намоён этасан.

Жанлуижи Буффон


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика