UZ

Сўнгги янгиликлар

21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  1 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  6 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  25 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  4 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  8 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14 16:49Эшитдик-да! "Андижон" икки нафар легионер билан шартнома имзолайди   18

Қўшиқнинг фонограммаси яхшими ёки жонлиси?! Янгиликлар

Қўшиқнинг фонограммаси яхшими ёки жонлиси?!

Суперлига клублари янги мавсумга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборишган.

Кимдир ўз вилоятида, кимдир Тошкентда. Яна кўплаб клубларимиз бугун старт олган "Фарғона вилояти ҳокими Кубоги-2021"да иштирок этиш учун Фарғона шаҳрига етиб боришган. Ўзбек клублари ичида биринчи бўлиб амалдаги чемпион "Пахтакор" хориж йиғинига йўл олди. "Шерлар" 21 январь куни Дубайга учиб кетишган. Жамоанинг хориж йиғинига учиб кетган делегация таркибини кўрганимдан сўнг бир жиҳат эътиборимни тортди. Бу жиҳат деярли барча клубларимизга тегишли бўлгани учун ҳам бугун унга тўхталиб ўтмоқчиман.

Футболда майда нарсалар бўлмайди. Бу жумлани ҳар доим ҳамма айтади, лекин кўп ўринларда амал қилинмайди. Исталган клубни мухлислар ва ОАВ билан матбуот хизмати боғлаб туради. Бир клубнинг фаолият жараёнида бошқа ходимлар каби матбуот хизматининг ҳам ўрни бор. Афсуски, кўплаб клубларимизда уларга жиддий эътибор қаратилмайди. "Пахтакор" сўнгги йилларда ўз матбуот хизмати ходимларига керакли техникаларни олиб берди, ҳар ҳолда аҳвол 5-6 йил аввалгидан яхшироқ. Лекин, нима учундир Дубайдаги йиғинга на матбуот котиби ва на клуб фотографи олиб кетилмади. Бу ўзбек клублари учун бегона бўлмаган ҳолат.

"Пахтакор" БААдаги йиғинни 5 февралга қадар давом эттиради. Тошкентнинг бошқа бир жамоаси "Локомотив" ва Навоийнинг "Қизилқум" клублари 28 январдан 12 февралгача Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказишади, ҳар икки клуб у ерга биргаликда чартер рейсда йўл олади. Олмалиқнинг АГМК жамоаси 7-8 февралдан 20-21 февралгача Дубайда йиғин ўтказади. Бундан ташқари, Наманганнинг "Навбаҳор"и ҳам Туркияда йиғин ўтказади. Балки, яна қатор клубларимиз ҳам тайёргарлик учун хорижга чиқишлари мумкин. Ўзи умуман хорижда йиғин ўтказиш нима учун зарурлиги алоҳида мавзу ва бу мавзуга кейинги сафар тўхталишга ҳаракат қиламиз. Бугунги мавзу эса клубларнинг ўз матбуот хизмати ходимларини камида икки ҳафта давом этадиган чет элдаги йиғинга нима учун олиб кетмасликлари ҳақида эди.


Хориж мамлакатига бориб машғулот ва ўртоқлик ўйинлари ўтказиб келиш учун кичкина сумма сарфланмайди. Аммо, шунча ҳаражат қилган клубларимиз негадир икки нафар ходим (матбуот котиби ва клуб фотографи)ни олиб кетишмайди. Ваҳоланки, айнан улар жамоанинг йиғинидан суратлар ва жонли репортажларни мухлислар ва оммага етказиб туришади, агар олиб кетилса. Эътибор берган бўлсангиз, операторни санамадим. Чунки, ҳар бир клубда оператор бош мураббийнинг муҳим ёрдамчиларидан ҳисобланади. Машғулотлар ва назорат ўйинларини тасвирга тушириб, уларни таҳлил қилиш жараёнида мураббий айнан операторнинг хизматига таянади. Шу сабаб оператор ҳар бир сафарга ҳеч қандай эътироз ва истисноларсиз олиб кетилади. Ваҳоланки, ўша клуб (мураббий)га ишлайдиган оператордан ташқари, матбуот хизматида ҳам алоҳида оператор бўлиши лозим. Клубга ишлайдиган тасвирчи ўз ишларидан ортмайди одатда. Қўшимча яна икки кишининг ҳаражатлари катта сумма бўлмайди. Айрим клубларимиз ҳатто хориждаги йиғинидан телефонда олинган расмларни жойлашади, олдин жойлашган ҳам. Ахир, бу уят-ку. Профессионал клуб мақомига ҳеч қанақасига тўғри келмайди. Клубларимиз кўникиб кетишган, маъмур ёки техник ходимлардан бири телефонига расмга олиб бу ердагиларга жўнатиб юборади ва мухлислар смартфонда олинган суратларни "маза" қилиб томоша қилиб ўтиришади. Қачон профессионал мақомга етишамиз, қачонки ҳамма ўз ишини қилса. Алини ишини Вали ҳам қилиб кетавермаса.

Шу ўринда Европанинг топ клубларидан мисол келтирмоқчи эмасман. Бу жуда баланд марра бўлиб қолади. Охирги йилларда ўз кўзим билан кўрган икки рус клуби "Зенит" ва "Спартак" мисолида бу жиҳатга янада аниқроқ тўхталиб кетишни маъқул билдим.

2016 йил Қатарда U-23 Осиё чемпионати бўлиб ўтган ва унда Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси "C" гуруҳида Жанубий Корея ва Ироқдан сўнг учинчи бўлганди. Ўша мусобақани бевосида Доҳадан ёритиш мақсадида "Championat.asia" асосчиларидан бири Нодирхўжа Юлдашев билан бирга боргандик. Ўйинлар йўқ куни эса "Эспайр" ("Aspire") академиясида Россиянинг "Зенит" ва Қатарнинг ўша пайтдаги "Лахвия" (ҳозир 3 клуб қўшилиб "Ал Дуҳайл"га айланган) клуби ўртасидаги ўртоқлик ўйинига ташриф буюрганмиз.

Юқоридаги суратда орқа фонда "Зенит" матбуот хизматининг камералари турибди. Ўшанда улар ўз жамоаларининг ўйинини ютуб ("youtube") каналларида жонли трансляция қилишган.


Бу ерда эса "Зенит" матбуот хизмати ходимлари ва фотографини расмга олиб қўйган эканман. Кўряпсизми, матбуот хизмати ходимлари ва фотограф тўла "қуролланган" ҳолда хориж йиғинига келган ва жамоанинг ҳар бир қадамини имкон қадар максимал даражада ёритишмоқда.


2019 йил БААда Осиё кубоги-2019 беллашувлари бўлиб ўтганди. Ўшанда Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси нимчорак финалда Австралияга пенальтилар сериясида имкониятни бой берганди. Ўшанда ҳали гуруҳ баҳслари давом этаётган пайтда Тошкентнинг "Локомотив" клуби Дубайда йиғин ўтказганди. 2019 йилнинг 16 январь санасида "Локомотив" ва Россиянинг "Спартак" клублари ўртасидаги ўртоқлик ўйинига "Championat.asia" жамоаси билан боргандик.

Айнан мана шу жойда "Спартак" - "Локомотив" баҳсини жонли трансляция қилишга тайёргарлик олиб борилмоқда, зарур техникалар созланяпти. Бу вақтда ҳали "Спартак" ўйин ўтадиган майдонга етиб келмаганди.


Мана "Спартак"  клуби стадионга етиб келган пайт ва жамоа билан бир эмас, икки нафар фотограф ҳам автобусдан тушиб келган.


Матбуот хизмати ходимлари ва операторлардан ташқари икки нафар фотограф ҳам клуб билан бирга хориж йиғинига келган. Уларга яратиб берилган шароитлар ҳам аъло даражада.



Юқоридаги суратлардан икки рус клубининг ўз матбуот хизматига қай даражада эътибор бериши ва уларга яратиб берадиган шароитлари ҳақида қисман бўлса-да тушунча пайдо бўлди. Хўш, ўзбек клублари бу нарсага қачон жиддий эътибор қаратишади. Қачон хориж йиғинларига матбуот котиби ва клуб фотографини олиб кетишни бошлашади. Бу барча клубларимизга тегишли эмас, фотографларини четга ҳам олиб кетадиган жамоаларимизга раҳмат айтиб қоламиз. Олиб кетмайдиганларга эса бу масалага жиддий қарашларини сўраб қоламиз. Зеро, шунча ҳаражат қилиб мамлакатдан ташқарида йиғин қилаётганингизни телефонда олинган суратлар билан мухлисларга улашманг, бу жуда уятли ҳолат. Олиб кетинг матбуот хизматидаги ходимларингизни. Жонли ёритиш барибир яхши. Қўшиқни ҳам фонограммасини яхшими ёки жонлиси?!

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +14   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика