UZ

Сўнгги янгиликлар

18:20"Пахтакор" стадиони ҳақида тарихий факт  0 18:00Ўзбекистон - Фаластин 2:0. МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ   316 17:48"Манчестер Юнайтед" қишда 57 миллион фунтлик трансферни амалга оширмоқчи  3 17:23Расман: Луис Энрике Испания терма жамоаси бош мураббий этиб тайинланди  3 16:54Клопп Европадаги энг ёқтирмаган стадионини айтди  3 16:28Морено 5:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг истеъфога чиқарилганидан хафа  2 16:17Ўзбекистон ва Фаластин "Пахтакор" стадионида  14 15:56Рамос биринчи маошини нимага ишлатган?  4 15:37Ўзбекистон - Фаластин. Асосий таркибимиз маълум, Аҳмедов ярим ҳимояга қайтди  179 15:30Гризманн келаси ёзда "Барселона"дан кетмоқчи  2 15:26Абрамов: "Фақат яхши ўйин билан мухлисларимизнинг ишончини қайтара оламиз"  26 15:05"Барселона" Суаресга ўринбосар топди  2 14:42"Интер" ва "Ювентус" "Манчестер Юнайтед" футболчиси учун курашмоқда  4 14:36Ўзбекистон - Фаластин учрашувини ЖОНЛИ томоша қилинг  23 14:10Никимбаев: "ОФК Ўзбекистон клубларига кутилмаган совға тақдим этишга қарор қилди"  29

ЎФА & ПФЛ ёхуд кўпчиликда савол уйғотаётган регламентдаги банд ҳақида Янгиликлар

ЎФА & ПФЛ ёхуд кўпчиликда савол уйғотаётган регламентдаги банд ҳақида

ПФЛнинг янги мавсум учун чиқарган регламентидаги баъзи бандлар кўпчиликда саволлар туғдирмоқда.

Келинг шу ҳақида фикр-мулоҳаза қилиб кўрамиз.

Ҳаммаси 25 январь куни ПФЛ расмий сайтида эълон қилинган мазкур хабардан сўнг бошланди.

ПФЛ расмий сайтида чиққан хабарда шундай ёзилади: "Ўзбекистон олимпия терма жамоасига Любинко Друлович мураббий этиб тайинлангач, ПФЛ вакиллари мазкур мутахассис билан учрашиш таклифини билдирганди. Учрашув бугун — 25 январь куни бўлиб ўтди".

Хабарда айтилишича, ПФЛ вакилларининг ўзлари Друлович билан учрашишни истаб қолишган ва якунда бир стол атрофида жамланишган.

"Учрашувдан мақсад Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш вазифа қилиб қўйилган мураббийнинг 2019 йилги мавсум учун тузиб чиқилаётган регламент юзасидан муносабатини билиш эди. Боиси, бунгача ЎФА раҳбарияти 1997 ва ундан кейин таваллуд топган футболчининг Суперлига клубларида 90 дақиқа тўп суриши масаласини илгари сураётган бўлса, ПФЛ бу таклифга қарши овоз билан чиқаётганди" - дейилади хабарда.

ЎФАнинг терма жамоалар бўлимига кўра, бу ҳолат олимпия терма жамоасига номзод футболчиларнинг ўйин амалиётига эга бўлишида муҳим роль ўйнайди. ПФЛ эса бу ҳолат футболчиларнинг ўз устида ишлашидан тўхташи мумкинлиги, эҳтимолий жароҳат олган футболчининг ўрнига ким тушиши масаласини мураккаблаштириши каби масалаларни кўтараётганди.

Яша, ПФЛ! Ҳа, мазкур ҳолат бўйича ПФЛ томонидан янграган бу жумла мутлақо тўғри! Қўшиламан!



Хабарда ОТЖга бош мураббий этиб тайинланган Любинко Друлович ҳам фикр билдирганини ПФЛ расмий сайти чоп этади:

“Сербия бу босқичдан аллақачон ўтиб кетди ва натижалар ёмон бўлмади. Айни вақтда Сербия клублари ҳеч қандай чекловларсиз ҳам 17, 18 ёшли футболчиларни майдонга туширишга ҳаракат қилади. Чунки 25 ёшга тўлган футболчини яхшироқ нархга сотиш керагидан кўп қийинлашади. Ёшроқ футболчиларга эса Европада ҳам, бошқа жойларда ҳам талаб нисбатан юқорироқ. Сабаби уларда яширин потенциал бўлиши катта эҳтимол. Серб клублари трансфер ойнасидаги маблағлар ҳисобидан ўз ҳолатини яхшилашидан келиб чиқилса, ҳозир уларга чекловлар қўйиш шарт эмас”.

Мураббийнинг гаплари бошқачароқ. Яъни, Друлович регламентда айнан 1997 йил ёки ундан кейинги йилларда туғилган футболчиларга асосий таркибда ўйнаш кафолатини бериш керак деган фикрни очиқчасига илгари сураётган жойига кўзим тушмади. Шунчаки ЎФАнинг хоҳишига кўра мазкур масалага ўз фикрини билдиргани кўриниб турибди. Сербияда бу чекловлар ҳозир йўқлиги ва буни табиий йўл билан қилишаётганини чиройли тушунтирган кўринади. Яъни, ПФЛнинг янги мавсум учун регламентида пайдо бўлган 1997 йил ва ундан кейин туғилган камида икки нафар ўйинчини киритиши ва улардан бирини минимум 45 дақиқа ўйнатиши шарт", деган бандни қандай оқлаш ёки қўллаш мумкинлигини фақат ЎФАда ишлаётган мутахассислар билишади. Қолган ҳақиқий футбол мутахассислари бундай сунъий равишда қилинаётган ишларни оқлаб турган жойини кўрмадим.

Токио-2020 йўлланмаси учун курашадиган ОТЖга кўплаб номзодлар пайдо бўлмаётгани ва бу борада танлов анча камлигини ЎФАни ташвишлантираётгани тушунарли. Лекин нега бу йўлда Суперлигада юқори мақсад ва вазифаларни бажариш учун ўйнайдиган Ўзбекистондаги профессионал клублар азият чекиши ёки шундан келиб чиққан ҳолда йўл тутиши керак?

МТЖ ва ОТЖнинг ўйинлари ҳамда натижаларига бевосита ЎФА жавобгар. ПФЛ эса чемпионатимиздаги лигаларни юқори савияда ўтишини таъминловчи ташкилот. Керак бўлса клублар манфаати ва уларни ҳимоя қиладиган асосий таянч - ПФЛ.

ПФЛ расмий сайтида дангал ва аниқ кўрсатилганидек, регламентдаги мазкур мантиқсиз ва сунъий бандга ПФЛ қарши. Аммо ташкилот якунда ЎФАнинг хоҳишига ютқазганини очиқчасига тан олган.

Бир нарсани тушуниш керак, қачонки ташкилот ЎФА ёки терма жамоалар бўлимдагиларнинг хоҳиш ёки истагидан келиб чиқиб иш тутадиган бўлса, унда футболимиз ривожланиши секинлашиб бораверади.

Бутун бир мусобақада регламенти Токио-2020га келиб чиқиб ўзгараверадиган бўлса ёки ҳар бир келадиган хорижлик мураббий футбол конститутцияси саналган регламентга бурун суқадиган бўлса, унда кейинчалик нима бўлади?

Қаерда мураббий ёки футболчи мусобақа регламентини ўзгартирадиган оладиган таъсирга эга? Регламентни ўз мутахассислари тузади. Мураббий қўл остидаги жамоани тайёрлайди, футболчи майдонда мураббий кўрсатмасига биноан ўйнайди.

Ёки Друлович ишига ПФЛ вакиллари аралашиб, асосий таркибни аниқлайдиган таъсирга эгами? Асло йўқ. Бизда қачонки ҳамма ўз ишини бажарса, шундагина олдинга силжиймиз. Ҳамма ўз ишини қилгани маъқул.

Келинг, регламентдаги мазкур бандга ЎФА тарафдан қараб кўрамиз. Балки биз улар кўраётган муваффақиятли ўзгаришни кўра олмаётгандирмиз?

ПФЛнинг янги Суперлига-2019 учун чиқарган регламентида шундай банд киритилган:

• Суперлига клублари ўйин қайдномасига 1997 йил ва ундан кейин туғилган камида икки нафар ўйинчини киритиши ва улардан бирини минимум 45 дақиқа ўйнатиши шарт. Мазкур футболчи жароҳат олган ҳолатда ҳали 45 дақиқа ўйнаб улгурмаган бўлса, унинг ўрнига иккинчи ёш футболчи чиқарилиши лозим. Барча ёш футболчилар алмаштирилган бўлса, ёш футболчини ёши катта футболчи билан алмаштиришга рухсат берилади;

Ўйин қайдномасига камида иккита 1997 йилда ёки ундан кейин туғилган футболчини киритишни мажбурий қилиш нормал ҳолат. Бунга қаршилик йўқ. Аммо кимни ўйнатиш ёки ўйнатмасликни регламент ёки ЎФАнинг хоҳиши эмас, балки мураббий ҳал этади! Ёш футболчига минимум 45 дақиқа асосий таркибда футбол ўйнашни кафолатлаш орқали ЎФА ОТЖга қандай муносиб футболчиларни кутмоқда? Шуни билиш жуда қизиқ.

Ёмон тарафи, исталган жамоадаги мазкур ёшдаги футболчиларда машғулотларда чинакамига тер тўкиш фоизи кескин пасаяди. Бу шунчаки истакка боғлиқ масала эмас. Ўз-ўзидан футболчи чемпионат учрашувида мураббий унга минимум 45 дақиқалик имкониятни тақдим этишини билади. Камида қолган ўша ёш тоифасидаги футболчини позициясидаги бошқа ўйинчида (потенциал МТЖга номзод бўлиши мумкин) ҳам мотивация йўқолади. Бу жуда калта ўйланган ўзгариш орқали битта нуқтадаги иккита футболчида мотивацияни "ўлдириб" қўйилмоқда.



Тасаввур қилинг, Абрамов Жасур Жалолиддиновни бошланғич таркибга киритди. Учрашувнинг 20-дақиқасида ҳужумчи жароҳат олди. Демак Абрамов регламентга кўра туширган ёш футболчиси ҳали 45 дақиқа ўйнашга улгурмади. Натижада захирадан яна бошқа ўша ёш тоифасига тўғри келадиган ўйинчини туширишга мажбур. Аммо "Бунёдкор" регламентга кўра камида иккита 1997 йил ва ундан кейин туғилган ёш футболчини қайдномага киритган. Фақат захирада қолган футболчи позицияси бўйича ҳимоячи. Абрамов шунда жароҳат олган ҳужумчисини ўрнига ҳимоячини туширадими? Нега мураббий регламентдаги тушунарсиз банд туфайли тактик ўзгаришга қўл уриши керак? Ёки ўйиндаги тактикани ўзгартириб юбормаслик учун иккиталаб захира лимитини қурбон қилиши керакми? Унда мураббийнинг чегирмаларига путур етмайдими? Нега мураббий ўйин пайти натижа ёки учрашувга танлаган стратегиясини эмас, балки регламентни ўйлаши лозим?

Нима бу? Янгича ўзбек футболими? Тасаввур қилинг, мазкур регламентдаги янги банд туфайли мураббий ўйинда ютқазди ва бу мағлубият унинг жамоадаги фаолиятига таъсир кўрсатди. Қани бу ерда мантиқ?

Ёки футболчи қизил карточка олса ва ўша четлатиш 45 дақиқадан анча аввал руй берса мураббий нима қилади? Ўйинни ўйлайдими ёки регламентдаги мазкур банд туфайли ўзгартиришни шунга қараб аниқлайдими?

Саволлар жуда кўп. Жавоб йўқ. Чунки бундай мантиқсиз ишлар туфайли юзага келадиган саволларнинг жавоби бўлмайди.

Агарда мазкур регламент ўз кучида қоладиган бўлса, унда жамоалар асосан бир нуқтада ўйнайдиган 1997 йил ва ундан кейин туғилган ёш футболчиларни жалб этишига тўғри келади. Чунки керак пайтда ўзгартиришга тўғри келса, муаммо сал бўлсада бартараф этилиши мумкин. Яъни ҳужумкор вингер ўрнига яна ўша нуқтада ўйнайдиган футболчи тушади. Акс ҳолда мураббийлар бутун мавсум чемпионатни эмас, ўйинларда регламент мажбуриятини бажаришни ўйлаб қолишади. Сунъий равишда эса бутун мавсум давомида 12 жамоадан камидан биттадан 1997 йил ва ундан кейин туғилган ёш футболчини кашф этамиз ёки уларга ўйин амалиётини кафолатлаймиз.

Масалан мазкур регламентни "Насаф"га ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки жамоа асосан ёшлардан ташкил топган. Демоқчи бўлганим, бу банд Бердиевни ўйин пайтида умуман безовта қилмайди. Чунки "Насаф" бу йўлга табиий равишда ўтган ва буни регламентсиз ҳам бемалол уддалаб келмоқда. Друлович айтган Сербиядаги ҳолатни бизда ҳам бемалол "Машъал", "Бунёдкор", "Пахтакор" ҳамда "Насаф"да кўрганмиз ва ҳозир ҳам кўриб келяпмиз.

ПФЛни мазкур ҳолатдаги позицияси менга ёқди. Лекин нега ўша позициясини ҳимоя этолмади, очиғи тушунарсиз. Профессионал ташкилот ўз позицияси ва бағридаги клублар манфаатини ҳам ҳимоя қилишни уддалай олиши керак. ЎФА эса ОТЖдаги мазкур муаммоли вазиятни ўтган йили Қишда ўтган ёшлар ўртасидаги чемпионат ва ёзда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари пайтида чуқурроқ ўйлаши керак эди. Айниқса Осиё ўйинларида йўл қўйган хатоларини Суперлиганинг янги мавсумидаги регламент орқали "ювиш"ни ўйласа хато қилади. Бундан наф чиқишига ЎФАдаги мутахассислар бошқа футбол мутахассиси ишонишига ишониш қийин. Унинг учун камида футболга яқинда кириб келган бўлиши керак, чамамда. Хатони хато орқали тузатиш эса энг катта хато.

Яхшиямки регламентда мазкур банд мавжуд. Ҳеч бўлмаса шунисига раҳмат!

• Ўзбекистон олимпия терма жамоасига Суперлига клубларидан уч ва ундан кўпроқ футболчи жалб этилса, у ҳолда клублар учун 1997 йил ва ундан кейин туғилган футболчиларни қайдномага киритиш мажбурий эмас;

Соғлом рақобат ва ҳақиқий кураш орқали бошланғич таркибга лойиқлигини исботлашдан ширини йўқ. Машғулотларда қанчалик оғир бўлса, ўйинда шунча енгил бўлади. Бу регламентда эса вазият аксинча тус олади. Яъни, машғулотларда қанчалик енгил бўлса, ўйинда шунчалик оғир бўлиб қолади. ЎФАнинг бу қарори нафақат ОТЖ, балки МТЖ зиёнига ҳам ишлаши мумкин.

ЎФА ОТЖ ҳақида қайғураётганини барча тушунади. Лекин бу йўл орқали масалага ечим топишни ўйлашдан кўра Про-лига, ёшлар лигасига кўпроқ эътибор қаратиш орқали масалага тўғри ечим топиш мумкин. Ҳеч бир нарса ўз-ўзидан тезда яхшиланиб қолмайди. Масалан, "Бунёдкор" ҳам эндигина барпо этилганида дастлаб пойдеворини мустаҳкамлагани учун кейин ўшани меваларини татиб кўрди. Ёки "Машъал" ҳам оддий мисол. "Пахтакор" азалдан бу йўлни тўғри белгилаб олган. "Насаф"да ҳам ўз ишининг усталари ишлаган даврда пойдеворини яхшигина мустаҳкамлаб олганди. Ҳозирда эса нафақат ОТЖ ёки МТЖ, балки турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг ўзаги айнан мазкур жамоалар тарбияланувчиларидан иборат.

ЎФАга текин маслаҳат, сунъий йўл орқали вақтинчалик хато муваффақиятни кўзлашдан кўра, терма жамоалар бўлимига йўналиш кўрсатиб турадиган ҲАҚИҚИЙ футбол мутахассислардан иборат мураббийлар кенгашини тузсин. Шундагина футбол ичидаги саволларни ҳал этишда мантиқсиз ечимларга ўрин қолмайди. Ташкилий ишлар бошқа, футбол умуман бошқа нарса.

Регламент - футболнинг конститутцияси. Одатда регламентни ўқиганда саволларга жавоб олиш лозим. Регламентдаги баъзи бандлар эса саволларга жавоб олиш ўрнига, қўшимча саволларни туғдирмоқда. Ўйлаймизки, ПФЛ мазкур ҳолат бўйича янада пишиқроқ ишлайди ва ортиқча саволларга ўрин қолдирмайди.

Оддий мисол, масалан ҳозиргина муҳокама қилганимиз - "Суперлига клублари ўйин қайдномасига 1997 йил ва ундан кейин туғилган камида икки нафар ўйинчини киритиши ва улардан бирини минимум 45 дақиқа ўйнатиши шарт. Мазкур футболчи жароҳат олган ҳолатда ҳали 45 дақиқа ўйнаб улгурмаган бўлса, унинг ўрнига иккинчи ёш футболчи чиқарилиши лозим. Барча ёш футболчилар алмаштирилган бўлса, ёш футболчини ёши катта футболчи билан алмаштиришга рухсат берилади"; деган бандни бажармаган жамоага қандай чора кўрилиши ҳақида регламентда тушунтириш берилмаган.

ПФЛ янги регламент бўйича клублардан таклиф ва тавсияларни сўраган! Умид қиламиз, якуний қарорга келишдан аввал чуқурроқ ўйлаб, мантиқий ечимга келишади.

Муаллиф : Shahboz Beg'amov
Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг