11 йил олдин — Швециянинг тўртинчи лигаси, бугун — "Челси". Мураббий Грэм Поттернинг йўли
09 сен 2022 12:15
Янгиликлар
11 йил олдин — Швециянинг тўртинчи лигаси, бугун — "Челси". Мураббий Грэм Поттернинг йўли
"Челси" бир суткада Томас Тухель учун ўринбосар топди. Янги мураббий "Брайтон"дан Грэм Поттер бўлди.
Поттер учун 21 млн фунт товон пули тўланади, Лондонга унинг штаби ҳам келади. 47 ёшли мураббий 5 йиллик шартнома имзолади. Почеттино варианти кўрилган бўлса ҳам, Грэм бўш жой учун асосий даъвогар эди.
"Мен ушбу ақлбовар қилмас футбол клуби бўлган "Челси"ни бошқаришдан фахрланаман ва ҳаяжондаман. "Челси"нинг янги хўжайинлари билан ишлаш имкониятидан жуда ҳам мамнунман. Ушбу жамоанинг ажойиб ўйинчилари билан учрашувни сабрсизлик билан кутяпман. "Челси"да бизнинг ажойиб мухлисларимиз фахрланадиган жамоа ва маданиятни ривожлантирмоқчиман", — деб айтди Поттер янги клубидаги илк гапларида.
Грэм Поттер ва унинг АПЛ топ-клубигача бўлган йўли ҳақида гаплашамиз.
Поттер 11 йилда Швециянинг тўртинчи лигасидан "Челси"гача келди. Бу мўжиза эмасми?
• "Челси" бош мураббийи ҳатто инглиз стандартлари бўйича ҳам таниқли футболчи бўлмаган. Поттер ҳимоячи бўлган ва "Саутгемптон" сафида Премьер-лигада атиги 8та ўйин ўтказган, қолган фаолиятини эса пастки дивизионларда ўтказган.
"Ҳеч қачон яхши даража ёки шунга яқин ҳам бўлмаганим аён. Бу ҳақиқат", — деб тан олган Грэм Inews.co.uk. билан мулоқотда ўзини айблаган ҳолда. — Агар сизда 13 йил профессионал тарзда футболда ўйнаш имконияти бўлса, унда омадлисиз. Аммо, бутун мамлакат бўйлаб, юмшоқ қилиб айтганда, яхши футболчи бўлмаганман деб айтадиган мухлислар кўп бўлиши мумкин. Бу аниқ".
• Поттер фаолиятини якунлаганидан сўнг ўқишга борди: аввалига Очиқ университетда социология бакалаврига айланди, кейин эса Лидс универститетида етакчилик ва ҳиссий интеллект бўйича магистр бўлди. Грэм шу билан биргаликда ЖЧ-2007да Гана аёллар терма жамоасининг техник директори бўлишга улгурди ва Британиянинг турли университетларини шуғуллантирди.
• Мураббийлик фаолиятининг бошланиши англиялик учун максимал тарзда бошқача бошланди. Поттер 2011 йилда Швециянинг тўртинчи дивизионида иштирок этадиган "Эстерсунд" жамоасига йўл олди. Бунинг учун Грэм оиласи (жуфтликда эндигина бола туғилган эди) барчасини Англияда қолдирди:
"Инсонийлик, профессионализм ва оилавий даражада қийин бўлганди. Сиз номаълум, яқиндагина тўртинчи лигага тушириб юборилган ва сўнгги йилларда тез-тез мураббийларини алмаштирадиган футбол клубига тушиб қолдингиз".
• "Эстерсунд" Поттер қўл остида 7 йил давомида тўртинчи дивизиондан Европа лигасининг плей-оффигача бўлган йўлни босиб ўтди. 2017/18 йилги мавсум Грэм жамоаси Швеция Кубоги ғолиби сифатида еврокубок йўлланмасига эга чиқди ва "Галатасарой", "Фола" (Люксембург) ва ПАОКни мағлуб этган ҳолда, саралашнинг уч босқичидан ўтди.
Бу аллақачон сенсация бўлган эди, аммо "Эстерсунд" шундан сўнг "Атлетик" (Бильбао), "Герта" ва "Заря" бор гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Ҳатто, шведлар испан жамоаси билан бир хил очко жамғаришди — 11тадан. Плей-оффда "Арсенал" рўбаро келди, аммо Арсен Венгер жамоаси ҳам "Эмирейтс"да 2:1да мағлуб этилди. Аммо, бу 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг жавоб ўйини эди.
Бу муваффақиятлар Поттерни Чемпионшипда иштирок этаётган "Суонси"да ишлаш учун чақиришларига етарли бўлди. Айтганча, ўша "Эстерсунд"нинг икки ўйинчиси АПЛгача кўтарилди: Карл Сема "Уотфорд"га ўтди, Саман Годдос эса "Брентфорд"да ўйнайди.
• Поттер "Суонси"да бир йил ишлади, Чемпионшипда 10-ўринни эгаллади, АПЛ учун Дэниэль Жеймсни очди ва "Манчестер Сити"ни Англия Кубогидан чиқариб юборишига оз қолди: 2:0 ҳисобида олдинда бораётган жамоа, пенальти ва Агуэронинг яққол офсайддан урган голи туфайли 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Грэмга ўшанда "Брайтон" алоқага чиқди — мураббий Премьер-лигада ишлаши имкониятини қўйиб юбормади. У ерда ҳам барчаси "ўхшади".
Гвардиола Поттерни энг яхши англиялик мураббий деб атади. Грэм танишувда "Челси"нинг янги хўжайинини ҳам "мафтун" қилди
• Поттернинг "Брайтон"и — бу аста-секин юқорига қараб ҳаракатланиш демак. Грэм илк мавсумда "Брайтон" учун рекорд 41 очко (39та киритилган гол) жамғарди. Бу 15-ўринни олиб келди, Поттер яна "Арсенал"ни 2:1 ҳисобида ютди ҳам.
Келаси йили ҳам натижа тахминан ҳудди шундай бўлди — 41 очко, 40та гол ва 16-ўрин. Аммо, Поттернинг жамоасини лигадаги энг омадсизи деб аташди. Улар ёрқин ўйин кўрсатишди, барча "штанга"ларни "пойлашди", аммо кўплаб вазиятлардан фойдалана олишмади.
Ўтган мавсумни 9-ўринда якунлашди — "Брайтон" учун рекорд. Тарихдаги энг яхши натижани кучли старт (дастлабки бешта турдаги 4та ғалаба) ва "уйғоқ" финиш таъминлаб берди — апрелдан буён тўққизта ўйинда 5та ғалабага эришишди ва фақатгина "Манчестер Сити"га имконият бой берилди.
"Брайтон" ҳозирда "Челси" ва "Ливерпуль"дан олдинлаган ҳолда, тўртинчи ўринда бормоқда. Улар биринчи турдаёқ МЮни "Олд Траффорд"да таслим этишган.
• Поттер мунтазам равишда ҳамкасблари томонидан ҳурмат ва ҳайратга сазовор бўлди.
"Брайтон" — тўп билан ва тўпсиз ўйинларни ташкил қилиш услубини танлашда жуда кўп қиррали жамоа. Шу билан бирга, улар тўпни яхши назорат қилишади ва тезда уни ўзларига қайтаришади", — Марсело Бьелсанинг фикри.
"Грэм Поттернинг ишини жуда ҳам ҳурмат қиламан. У ҳақиқатдан ҳам кучли футбол намойиш этадиган жамоа қурди. Улар буни ажойиб тарзда қилишади. Жуда ҳам яхши мураббийлик иши", — Юрген Клоппдан мақтов.
"Улар менга жуда ҳам ёқади. Уларда ажойиб мураббий, ажойиб жамоа ва ўйинга ажойиб ёндашув бор. Телевизорни ёққанингда, "Брайтон" ўйнашни хоҳлаётганини тушунасан. Уларга қарши доим қийин. Уларда яхши футболчилар етарли, Грэм Поттер тимсолида ажойиб мураббий ва уларни ютиш ўта қийин", — Тухелнинг 2021 йилнинг декабрида айтган гаплари.
"Баҳсдан олдин ўйинчиларга энг яхши инглиз мураббий олдида эканлигимизни айтдим. Уларнинг барча ўйинларини кўрганимда, улар рақибдан яхши ўйнаши ва яхшироқ статистикага эга эканлигини билдим", — деб айтди Гвардиола "Брайтон"га қарши ўйинлардан биридан сўнг.
Пеп умуман Поттернинг энг асосий мухлисларидан бири. У тез-тез уни энг яхши англиялик мураббий деб атайди ва "Брайтон"даги илк мавсумида ҳам мақтовларни "ёғдириб ташлаган":
"Кузатувчи сифатида, шундай жамоаларни кўришни севаман. Менга "Брайтон" қандай ўйнаётганини кўриш ёқади. Собиқ футболчи сифатида шундай жамоада жон деб ўйнаган бўлардим. Грэм Поттер бошқа барча мураббийларга футболда мард бўлиш ва яхши футбол ўйнаш учун фаворит бўлиш шарт эмаслигини кўрсатди. Уни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Умид қиламанки, у Премьер-лигада қолишга ёрдам берадиган натижаларга эришади, сабаб уларнинг ўйини жаҳон футболига катта ёрдам беради".
• Ёзда "Челси" хўжайини Тодд Боэли шахсан Кукурельянинг "Брайтон"дан трансфери бўйича музокаралар олиб борди. The Athletic'нинг маълум қилишича, америкалик бизнесмен Грэм Поттер билан боғланиб, футболчининг шахсий фазилатлари ва Маркнинг жамоага қандай мос келиши ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун мурожаат қилган.
Боэли Поттердан ўйинчилар билан ишлаш (жумладан, ақлий), у кийим алмаштириш хонасини қандай бошқариши, топ-6даги клубни бошқаришга тайёрлиги ҳақида билиб олган.
The Athletic'нинг ёзишича, Поттерни аллақачон топ-6га чақиришган. Бир йил олдин "Брайтон" мураббийини "Тоттенхэм" чорлаган. Грэм ўшанда оила сабаб кўчишга қарор қилмаган — рафиқаси ва болалари Брайтонга мослашишганди. "Челси" ҳам Лондондан, аммо "кўклар"нинг базаси жануброқда жойлашган, Брайтондан атиги бир ярим соатлик йўлда.
Поттер яна Леви унга "Тоттенхэм"да жамоа қуришга вақт беришига шубҳаланган. Кўринишидан, Тухелни олти турдан сўнг ишдан бўшатган Боэли билан ҳақиқатдан ҳам тил топишишган.
"Брайтон"ни кейинги ўйинга Лаллана тайёрлайди. Аммо, Поттернинг ўрнини босиш учун даъвогарлар бор
"Брайтон" 7-тур олдидан бош мураббий ва штабсиз қолиб кетди, шу сабаб тезлик билан ечим топиш керак — кимдир жамоани "Борнмут" (уни Елизавета II'нинг ўлими сабаб кўчиришлари мумкин)га қарши ўйинга тайёрлаши керак. Ҳозирча вақтинчалик ёшлар мураббийи Эндрю Крофтсни тайинлашди. Унга жароҳатдан тикланаётган Адам Лаллана ёрдам беради.
Аммо, "Ливерпуль" собиқ ярим ҳимоячиси ҳали фаолиятини якунламоқчи эмас. "Брайтон" хўжайини Тони Блум эса аллақачон уни янги бош мураббийга "айлантирмоқда". Блум таҳлилни севади, шу сабаб ўринбосарни топиш қизиқарли вазифага айланди.
The Independent рўйхатда "Селтик" билан жиддий муваффақиятларга эришган Энж Постекоглу, "Буде-Глимт билан Конференциялар лигасида шов-шув кўтарган Кьетиль Кнутсен, "Брентфорд"дан Томас Франк ва "Брайтон"да олдин ишлаган "Лутон"дан Натан Жонс борлигини ёзмоқда.
Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар