Ёрқин Назаров: "Охирги ютқазган икки ўйинимиздан келиб чиқиб айтганда, биринчи бўлимда қўйган таркибимизда адашмоқдамиз"
25 авг 2023 21:35
Новости
Ёрқин Назаров: "Охирги ютқазган икки ўйинимиздан келиб чиқиб айтганда, биринчи бўлимда қўйган таркибимизда адашмоқдамиз"
- Ўйин ҳақида...
- Авваламбор "Олимпик"ни ғалаба билан табриклайман. Уларнинг ғалабаси чўзилиб кетган эди. Сўнгги бор май ойида ғалаба қозонганди. Фикримча, иккита бир хил жамоа ўйнагандек бўлди. Бизга эса шунчаки омад етишмади. Биринчи голда ҳам, иккинчи голда диққатни йўқотдик. Рақибда ғалабага бўлган хоҳиш юқори бўлди.
- "Турон" футболчилари иккинчи давра бошидаги кўрсатган ўйинини йўқотиб қўйгандек. Футболчилар ўзи билганича, нима қилишини билмасдан, иштиёқ ва хоҳишдан келиб чиқиб ўйнамоқда. Бу нима билан боғлиқ?
- "Бухоро" билан ҳам, "Насаф" билан ҳам шу схемада ўйнагандик. Ўйинимиз ўша-ўша. Айрим футболчилар вазифасини биз истагандек бажара олмаяпти. Ёш футболчиларнинг аксарияти Суперлигада ўйнамаган. Машғулотлардан келиб чиқиб майдонга туширяпмиз. Охирги ютқазган икки ўйинимиздан келиб чиқиб айтганда, биринчи бўлимда қўйган таркибда адашмоқдамиз. Иккинчи бўлимда туширган футболчиларимиз ўйинни кучайтиряпти. Вазиятлар кўп бўляпти. Ишлашда давом этамиз. Ютқазганимиз учун шундай кўрингандир.
- Шоҳмалик Комилов атрофида ўйин қуриляптими ёки унинг имкониятидан келиб чиқиб кўрсатмалар бериляптими?
- Шоҳмалик Комиловдан келиб чиқиб ўйинни қилсак яхши бўларди. У "Бухоро", "Насаф" билан кўрсатган ўйинини кўрсата олмаяпти. Ўзи билан ҳам ҳар сафар ўйиндан олдин гаплашаман. Анча вақтдан бери ўйин амалиётига эга бўлмагани учун формасига кириб бормоқда. Ундан кўп нарса кутишимиз керак. Буни ўзи ҳам сезиб турибди.
Комментарии