Виталий Левченко: "Пенальтидан гол урмаслик исталган футболчида бўлиб турадиган ҳолат"
03 ноя 2023 21:59
Новости
Виталий Левченко: "Пенальтидан гол урмаслик исталган футболчида бўлиб турадиган ҳолат"
- "Олимпик"ни ғалаба билан табриклайман. Яхши ўйин бўлди. Айрим тажрибали футболчиларимиз асабларини жиловлай олишмади. Агарда пенальтидан фойдаланганимизда, ўйин бошқачароқ кечарди. Пенальтидан гол ура олмадик ва жавоб тариқасида гол қабул қилдик. Ўйин тубдан ўзгариб кетди. Ўйинлар давомида катта куч ва ҳиссиётлар ишлатяпмиз. Баъзи ҳолатларда куч, омад етишмаяпти. Бор натижани қабул қилиш керак.
- "Нефтчи" бугун умуман олганда ёмон ўйнагани йўқ. Никабадзе ва Арабулида яхши вазиятлар бўлди, бироқ улар гол ура олишмади. Ушбу футболчиларнинг ўйинларидан қанчалик кўнглингиз тўлди?
- Улардан умидимиз катта бўлганди ва кўпроқ фойдали иш коеффициентини кутгандик. Бугунги ишлардан кейин фақатгина уларни мағлубиятда айблаш ярамайди. Йигитлар ҳаракат қилишмоқда, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўйнашмоқда. Агарда ўша вазият гол бўлганида бошқача гаплар бўларди. Жамоа мағлуб бўлганида негатив фикрлар кўп бўлади. Буни биз жамоанинг ичида муҳокама қиламиз.
- Лутфулла Тўраев жамоадаги энг тажрибали футболчи. Бугун у пенальтидан гол ура олмади. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Пенальтидан кейин бундай ҳолат бўлади. Барчада бўлиб турадиган ҳолат. Бундай пайтда футболчини қўллаб-қувватлаш керак. Ҳаёт бу орқали тўхтаб қолмайди. Олдинга интилиш керак.
- Нега бугун Лутфулла Тўраев пенальти тепгиси келди? Бунга қадар бошқа футболчи тепарди. Мухлислар эса бундан шубха қилишмоқда.
- Қийин ҳолатда кимдир масъулиятни бўйнига олиши керак-ку. Қийин паллада футболчини қўллаб-қувватлаш керак. Барчанинг фаолиятида бўлиб туради. Пенальтидан гол ура олмади, лекин уни айбдор деб бўлмайди. Бу футбол. Уни қўллаб-қувватлайман. Биз Лутфулла Тўраев сабабли мағлуб бўлмадик. Баджо ҳам ЖЧда пенальтидан гол ура олмаган. Футболчининг ўзи ҳам нима қилганини тушуниб турибди.
- Узоқ вақт давомида турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган "Нефтчи"ни бутун Ўзбекистон олқишлаётганди. Сўнгги пайтдаги ўйинлардан кейин мухлисларда ҳам жамоага бўлган ишончи пасайди.
- Мавсум якунлангани сайин жамоадаги барчада босим бўлади. Мавсум якуни - барча жамоага очко керак. Шу босимдан барча ҳам чиқиб кета олмайди. Бу босим келиб, қўшимчасига омад ҳам бизни тарк этгандек. Чунки жамоадаги футболчилар мавсум давомида катта эмоциялар билан ўйнашди. Ҳаракат борми, демак, агрессия бўлади. Биз майдонда пиёда юриб, футбол ўйнашни истамаймиз. Шунчаки яна омад биз томонга қайтишини хоҳлаймиз. Йўқотилаётган очколар эса руҳий ҳолатга таъсир қилади. Агарда мухлислар, матбуот томонидан бўлаётган босимлар камайса, футболчилар ўз футболини намойиш қилиб бера олади.
- Индивидуал статистикаларга ҳам қарасак, Фозил Мусаев ушбу мавсум асосий таркибда 5 ўйинда майдонга тушди. Бугун унинг майдонга тушишига сабаб нимада?
- Таркибда дисквалификация қилинган, жароҳатга йўлиққан футболчилар бор. Бу позициядаги Диёржон Туропов жароҳатланган. Олимов жароҳатда. Ротация бўлиши керак. Ушбу позицияда бошқа футболчи бўлса, нега ишонмаслигимиз керак. У ҳам ўз максимумини кўрсатишга ҳаракат қилади. Унинг жамоага катта ёрдам беришини истаймиз.
Комментарии