Шиорни вазифага айлантирган - Рўзиқул Бердиев
23 окт 2015 22:00
Новости
Шиорни вазифага айлантирган - Рўзиқул Бердиев
Ушбу мутахассиснинг фаолиятига назар ташлашга қарор қилдик.
44 ёшни қаршилаган Рўзиқул Бердиев Қашқадарё футболидаги энг катта шахс десак муболаға бўлмайди. Ўз вақтида футболчилик фаолиятини ҳам "Насаф"га бағишлаган Бердиев энди мураббий сифатида "Насаф"ни янги чўққиларга олиб чиқишга бел боғлаган.
Футболчилик фаолиятида "Насаф" сафида энг кўп ўйин ўтказган жамоа сардори Рўзиқул Бердиев мана учинчи мавсумдирки жамоани тўлиқ бошқариб келмоқда.
Жамоа молиявий томондан жуда бақувват бўлган пайт украиналик Анатолий Демяненко "Насаф"га таклиф этилганини кўпчилик ёдида сақласа керак. Ўшанда "Насаф" ўз тарихида илк бор катта мусобақа, яъни ОФК кубогида зафар қучган ва ички чемпионатда биринчи марта ўзининг анъанавий учинчи ўрнидан бир бош баланд сакраб, ўз тарихида илк маротаба кумуш медалларини қўлга киритганди.
Лекин Демяненко ўз олдига қўйилган асосий вазифа - жамоани чемпион қилишни уддасидан чиқолмаганди. ОФК кубоги қўлга киритилганидан сўнг клубда молиявий имкониятлар бироз пастлади ва натижада Демяненко ўз юртига қайтиб кетишни маъқул топди. Унинг ўрнига эса "Насаф" жамоаси учун ҳар доим ҳозир-у нозир бўлиб келган, Демяненкога ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган Рўзиқул Бердиев бош мураббий этиб тайинланди.
Анатолий Демяненко ишлаган маҳал "Насаф"да деярли тенг кучли иккита таркиб мавжуд бўларди. Захирада Асрор Алиқулов, Шуҳрат Мирҳолдиршоев, Мирзакамол Камолов, Носир Отақўзиев каби футболчилар қолиб кетарди. Андрей Переплёткинс, Боян Малишич ва Иван Бошкович сингари "Насаф" билан ОФКни ютган легионерлар ўйнарди. Рўзиқул Бердиев 2012 йил бошида жамоани ўз қўл остига олганидан сўнг, "Насаф" ички чемпионатда пешқадамлар қаторида бораётганди ва олий лигада бирорта мағлубиятга учрамаганди. Лекин "аждарлар" ўзлари учун ОЧЛдаги дебют мавсумни ўтказишгани сабаб, ОЧЛда кўнгилдагидек иштирок эта олишмади. Гуруҳдаги кимсан "Ал Жазира", "Ар Райян" ва "Истиқлол" сингари осиёнинг кучли грандлари билан куч синашган қаршиликлар олтита ўйинда бир очко тўплашди. Айнан шу натижани рўкач қилган раҳбарият Рўзиқул Бердиевни истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига ўша пайтда "Насаф" менежери сифатида ишлаб келган Усмон Тошевни жамоа бошқарувига тайинлади. Усмон Тошев эса Рўзиқул Бердиев асосий жамоадан бутунлай кетқазди. Натижада Бердиев "Насаф" ёшлар жамоасидан қўним топди. Ўша пайтда "Насаф" ёшлари жамоасида ўйин борасида бир қатор муаммолар мавжуд эди. Бердиев келгач тезда ўринбосарлар жамоаси ўйинида маъно ва мазмун, кескинлик ва футболчиларга футбол ўйнашга чанқоқ ортди. Рўзиқул Бердиев бу вазиятда ҳам қўл силтамади ва "Насаф" ёшлари жамоасига жиддий эътибор қаратган ҳолда клуб келажаги ҳақида қайғурди. Бу орада эса Усмон Тошев бошқарувида "Насаф" нафақат тажавузкор футболдан айрилди ва балки ўз тарихида ҳозирга қадар чемпионлик учун энг яхши имкониятга эга бўлган мавсумни тўлиқлигича бузиб қўйди. Рўзиқул Бердиев истеъфога чиқарилишига қадар жамоа турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган бўлса, мавсум якунланишига икки тур қолганида "аждарлар" ўз майдонларида "Локомотив"га имкониятни бой беришди ва якунда совринли ўринлар учун имкониятни буткул йўқотишди. Шундан сўнг тезда Усмон Тошевга чиқиш эшиклари кўрсатилди ва жамоага яна Рўзиқул Бердиев бош мураббий этиб тайинланди.
"Насаф" Рўзиқул Бердиев қўл остида бошлаган мавсумни Бердиев бошқарувида якунлади ва янги мавсумга тараддуд кўришни бошлади. Бу орада эса клубда молиявий имкониятлар яна камайди ва бир қатор етакчи футболчилар "Бунёдкор" жамоасига ўтиб кетишди.
Бердиев олдига клуб раҳбарияти томонидан ёшлар билан ишлаш ва жамоани келажаги яратиш вазифаси қўйилди. 2013 йилги мавсумда жамоа олдига айнан маълум бир ўринни қўлга киритиш вазифаси қўйилмади. Бу эса албатта тўғри эди. Рўзиқул Бердиевга керакли шароит яратиб бера олишмагач,
совриндор бўласан деб вазифа қўйишни иложиси йўқ эди. Рўзиқул Бердиев эса мавсум ўртасида ёшлар жамоасида бирга ишлаган иқтидорли футболчиларни асосий жамоага жалб эта бошлади. Жамоада сақланиб қолган футболчилар ва ёшлик жўшқинида ёниб футбол ўйнамоқчи бўлган истеъдодларни бирлаштира олган Бердиев ўзининг тўлиқ ўтказган дастлабки мавсумида жамоага бронза медалларини олиб беришга эришди. Тўғриси, бу натижани мавсум аввалида ҳеч ким кутмаган эди.
Шундан сўнг Рўзиқул Бердиев ҳақли тарзда 2013 йили Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.
Деярли йўқдан бор қилган Бердиевга кейинги мавсум учун ҳам мураббий истаган шароитлар қилиб берилмади. Камтар Бердиев эса ўз қўли остидаги шогирдлари билан нимадир қилишга уринди ва изланишдан тўхтамади. Натижада жамоа 2014 йилги мавсумни ҳам ўша нотада, яъни "Насаф" учун қулай ўрин бўлан 3-поғонада якунлади.
Рўзиқул Бердиев учун учинчиси ҳисоблаганган бу йилги мавсумда "Насаф" учта фронтда кураш олиб борди. Осиё чемпионлар лигасида иштирок этган "аждарлар"га гуруҳдан чиқиш учун бироз омад, янаям тўғрироғи тажриба етишмади. Сабаби, "Насаф"нинг бу таркиби жаҳон даражасидаги кучли легионерларга эга, ҳақиқий профессионал клубларга қаршилик қилиши жуда муаммо эди. Шунга қарамай "Насаф" клубларимиз ичида энг кўп очко тўплаб, гуруҳдан чиқишга энг яқин келган жамоа бўлди. натижада "Насаф"нинг гуруҳдоши Дубайнинг "Ал Аҳли" тўплар нисбатига кўра кейинги босқичга чиққанди ва улар якунда мана ОЧЛнинг финалига ҳам йўл олишди. Жамоа олдига раҳбарият томонидан ҳали бирорта марта маълум бир вазифа қўйилмаганига қарамай, Рўзиқул Бердиев "Насаф"ни ҳар мавсум ҳеч бўлмаганида совриндор қилиб, "планка"ни туширмай бир мувозанатда ушлаб тургани ҳам қойил қоларли натижа. Ҳар доим юқори ўринлар учун курашамиз деган шиорни ўзига вазифа қилиб олган Бердиев - "Насаф"нинг ҳалоскори десак муболаға бўлмайди.
Ҳозирги "Насаф"ни барча ҳурмат қилиши ва жамоага бошқача кўз билан қарашларида сўзсиз Рўзиқул Бердиевнинг хизматлари беқиёс.
Рўзиқул Бердиев ниҳоят ўз фаолиятидаги дастлабки катта ютуғини айнан бу йили қўлга киритди. Футболчи, ёрдамчи мураббий ва бош мураббийлик фаолиятида жами тўрт мароатаба финалчи бўлган Рўзиқул Бердиев ниҳоят бешинчи уринишда бош совринни боши узра баланд кўтаришга муваффақ бўлди.
Чемпионат тугашига эса тўртта тур қолган. "Насаф" ҳозирча 60 очко тўплаган ҳолда учинчи ўринда бормоқда. Пешқадам "Пахтакор"дан 3 очкога, "Локомотив"дан 2 очко ортда қолмоқда. "Насаф"ни чемпионликни қўлга киритиш имконияти мавжуд. Лекин бу нарса жамоанинг ўзига боғлиқ эмас. Аммо Рўзиқул Бердиев ушбу имкониятдан максимум фойдаланишга ҳаракат қилиши аниқ. Рўзиқул Бердиев жамоаси Қаршида аввалига "Бунёдкор" билан, кейин "Пахтакор" билан ўзаро куч синашади. Шунингдек, "аждарлар" Самарқандда "Динамо" ва сўнгги турда "Машъал"га сафар уюштиришади.
Демак Рўзиқул Бердиев учун бу мавсум қўшалоқ байрамга уланиб кетиши ҳам мумкин. Кураш ҳали давом этади.
Рўзиқул Бердиев нафақат "насаф"ни юқори нотада ушлаб турди, балки Ўзбекистон терма жамоаси учун бир қатор ёш футболчиларни тарбиялашга ҳам улгурди. Рўзиқул Бердиев қўл остида ҳаракат қилиб, янги даражага чиққан - Шоҳруҳ Гадоев, Элдорбек Суюнов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Фарруҳ Сайфиев, Шерзод Аъзамов, Одил Ҳамробеков каби иқтидорлар терма жамоа даражасидаги футболчига айланишди.
Шунингдек, "Насаф" етакчиси Артур Геворкян айнан Бердиев бошчилигида "Насаф"да ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатишга эришди ва чемпионатнинг энг яхши легионери, энг яхши тўпурар бўлишга муваффақ бўлди. Артур Геворкян ўзининг энг яхши даврини айнан Бердиев қўл остида ўтказмоқда десак янглишмаймиз.
"Насаф"нинг "мия"си дея таърифланадиган Эркин Бойдуллаев жамоанинг алмаштириб бўлмас футболчиси сифатида шаклланди. Эркин Бойдуллаевнинг бу жҳдаражага чиқишида ҳам Бердиевнинг хизматлари катта бўлди десак муболаға бўлмайди.
Рўзиқул Бердиев йилдан-йилга мураббий сифатида ўсмоқда, шаклланмоқда, ўз тажрибасини ошириб бормоқда. Лекин ҳали қилинадиган ишлар, ўрганадиган жиҳатлар кўп. Меҳнаткаш Бердиев буни яхши билиб, тушуниб турибди. Бу билан чекланиб қолмасдан, фақат юқорига, олдинга интилиш ва изланиш зарур.
Рўзиқул Бердиевга Эроннинг "Тракторсози" жамоасидан қизиқиш борлиги ҳақидаги хабарлар сўнгги вақтларда жуда кўп учрамоқда ва бу қизиқиш жиддий эканлигини маълум бўлди.
"Насаф"да ҳали қиладиган ишлари кўп Бердиев сўнгги қарорни ҳозирча қабул қилмаган. Рўзиқул Бердиевнинг якуний қарорни қабул қилишида клуб раҳбариятининг ниҳоят бу мавсумда балки мураббий талаб қиладиган шароитларни яратиб бериши ёки аксинча бўлиши жуда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Айнан шу жиҳат ҳал қилувчи ролни ўйнаши ҳақиқатга яқинроқ. Нима бўлган тақдирда ҳам Рўзиқул Бердиевга омад тилаган ҳолда, бунданда катта ютуқларни қўлга киритишига тилакдошмиз.
Муҳими - жаноб Бердиев юртимиз футболига нафи тегадиган ёш истеъдодларни етиштиришда тўхтамаслигини, жамоаларимизни халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиши ва совриндорлар қаторида бўлиши учун меҳнат қилишини чин дилдан сўраб қоламиз.
Рўзиқул Бердиевнинг Олий лигадаги натижалари:
2012 - 9та ўйин, 6та ғалаба ва 3та дуранг
2013 - 26та ўйин, 18та ғалаба, 4та дуранг ва 4та мағлубият
2014 - 26та ўйин, 16та ғалаба, 7та дуранг ва 3та мағлубият
2015 - 26та ўйин, 19та ғалаба, 3та дуранг ва 4та мағлубият
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии