Сергей Ни эсингиздами? У бугун 44 ёшга тўлди, Кападзе эса унга табрик йўллади
03 авг 2019 20:06
Новости
Сергей Ни эсингиздами? У бугун 44 ёшга тўлди, Кападзе эса унга табрик йўллади
Бугун ўтган асрнинг 90- ҳамда 2000-йилларида ўзининг ҳужумдаги ёрқин ўйинлари билан ўзбек футболи мухлислари қалбидан жой олган Сергей Ни 44 ёшга тўлди. Балки, бугунги ёш авлод Ни ҳақида маълумотга эга эмасдир, лекин ўрта ва кекса авлод вакиллари Сергейнинг “Нефтчи” таркибидаги юлдузли онларига хўпам гувоҳ бўлишган.
1975 йилнинг 3 август куни дунёга келган бугунги қаҳрамонимиз тўп тепишни барча болалар сингари кўча футболидан бошлаган. Унинг биринчи жамоаси Халқободнинг “Соҳибкор” (Тошкент вилояти) клуби бўлган. Сергей 1991 йили 16 ёшида ушбу жамоа сафида майдонга тушган. Профессионал футболчи сифатидаги илк шартномасини 1992 йили Қўқоннинг “Темирйўлчи” (ҳозирги “Қўқон-1912”) клуби билан имзолаган. Икки мавсум давомида қўқонликлар шарафини ҳимоя қилган Ни тезда ўша пайтнинг етакчи клублари эътиборига тушади. Бу курашда эса “Нефтчи” ютиб чиқади.
Шундан сўнг, у кетма-кет 5 мавсум давомида Юрий Саркисян бошчилигидаги “Нефтчи” сафида ўйнайди ва икки маротаба Ўзбекистон чемпионига айланади. Орада ярим мавсум “Темирйўлчи” таркибида майдонга тушади ва яна жонажон клубига қайтади. 1999-2003 йиллар оралиғида фарғоналиклар учун тўп тепган Сергей Ни 2001 йили яна Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шунингдек, у бир неча карра мамлакат вице-чемпионлигига ҳам эришган. Фаолиятининг сўнгги йилларида Муборакнинг “Машъал”, Самарқанднинг “Динамо”, Тошкентнинг “Локомотив” клублари шарафини ҳимоя қилган ва 2008 йил якунида бутсаларин михга илади.
“Нефтчи”га садоқати билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган Сергей Ни Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосида битта учрашувда иштирок этган. 2001 йилнинг 17 январь куни Исроил терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашувининг 66-дақиқасида ўйинга қўшилган Ни майдонда 25 дақиқа ҳаракат қилганди.
Темур Кападзенинг тилаклари
- Сергей Ни ўзининг ёрқин ўйинларини ўтказган пайтларда биз ёш бола бўлиб “Нефтчи” сафига келиб қўшилгандик. Унинг ҳаракатларидан кўпчилик мухлислар сингари завқ олганмиз. Ўрганган жиҳатларимиз кўп бўлган. У том маънода Фарғона футболининг садоқатли ўғлонларидан. Фурсатдан фойдаланиб, Сергей акани бугунги туғилган куни билан чин қалбдан табриклайман. Оиласига тинчлик-хотиржамлик тилайман.
Биз ҳам ўз ўрнида Темур Кападзенинг тилакларига қўшилган ҳолда Сергей Ни каби жамоасига садоқатли футболчилар кўп бўлишини истаймиз.
Суриштиришларимиз натижасида шу нарса аён бўлди-ки, Сергей Ни ҳозирда Жанубий Кореяда истиқомат қиляпти.
Комментарии