Рашид Ғофуров: "Ҳакамлик ҳақида гапириш бефойда. Кейинги турда ишламаса ҳам бизга қизиғи йўқ"
22 сен 2023 20:54
Новости
Рашид Ғофуров: "Ҳакамлик ҳақида гапириш бефойда. Кейинги турда ишламаса ҳам бизга қизиғи йўқ"
Ўйин ҳақида
- Бугунги ўйинда икки хил бўлимларга гувоҳ бўлдик. Кўрдинглар, биринчи бўлимда мезбонларга ҳужум учун деярли имконият бермадик. Иккинчи бўлимда йигитларнинг ўйинида пасайиш кузатилди, биринчи бўлимдаги каби ўйнамадик. Балки шамол таъсир қилгандир. Агар биринчи бўлимдаги ўйинимизни давом эттирганимизда натижа бошқача бўлиши мумкин эди.
- Ҳакамлик ҳақида қандай фикрларингиз бор?
- Ҳакамлик ҳақида мен гапирганим билан фойдаси йўқ. Бу фақат ўзимнинг зараримга ишлайди. Уларнинг ишини кўриб чиқувчи қўмита бор. Ҳакамлик устидан шикоят қилсак, ўша ҳакам кейинги турда ишламаса, бизга қизиқ ҳам эмас ёки бирон фойдаси йўқ.
- Футболчилик вақтингизда "Машъал"да ўйнагансиз. Бугун мураббий сифатида собиқ жамоангиз билан баҳс олиб бордингиз. Таасуротлар қандай?
- Ҳа, футболчилик вақтимда "Машъал"да ўйнаганман. Кучли жамоа эди, чемпионатда юқори ўринлар учун курашарди. Бу жамоа сафида Чемпионлар лигасида ўйнаганман, жуда яхши таасуротлар қолган.
Ҳозирги "Машъал" ҳам ёмон эмас, фақат ўз даражасида ўйнамаяпти. Кучли таркиб бор, шароитлари яхши. Суперлигани мақсад қилган клуб биз каби жамоалар билан ўйинда бир бош устун ўйнамаса, камситмоқчи эмасман, уларни яхши жамоа дейиш қийин.
- Бугун Асрор Алиқулов ва Рашид Ғофуровлар жамоаси ўзаро ўйнади. Сизнингча, кимнинг жамоаси устунроқдек бўлди?
- Натижага қарасангиз, мезбонлар ютди. Демак, натижа бўйича улар устунроқдек бўлишди.
- Биринчи даврада Наманганда кечган ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Бугун "Машъал" дарвозасига гол ура олмаганликларинга сабаб нима?
- Намангандаги ўйин жанговор руҳда ўтганди. Биласизми, ўша "Машъал" менинг назаримда ҳозиргисидан анчайин кучлироқдек эди. Бугун гол ура олмаганимизга сабаб сифатида ҳар икки бўлимда ҳам бир хил ўйин намойиш этмаганимизни кўрсатишим мумкин. Шунингдек, бугун асосий таркибимиздан 5 нафар футболчи йўқ эди. Ўйин давомида захира бўйича бир оз муаммоларга учрадик. Бизнинг таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан шакллантирилган.
Комментарии