"Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси машғулотларга киришди. Осиё чемпионати юртимизда ўтказилиши мумкин" - бош мураббий билан интервью
01 фев 2021 11:55
Новости
"Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси машғулотларга киришди. Осиё чемпионати юртимизда ўтказилиши мумкин" - бош мураббий билан интервью
Агарда тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1988 йили мамлакатимизда ногирон-ампутантлар футболига асос солинган. Ногирон-ампутантлар терма жамоамиз аъзолари беш карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. Жумладан, 1990 (АҚШ), 1991 ( Ўзбекистон), 2007 (Туркия). 2010 (Аргентина) ҳамда 2012 (Россия) йилги жаҳон чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган бўлишса, 1988 (кумуш) ва 2002 йилги (бронза) мундиалнинг совринли ўринларни банд этишган.
Шунингдек, “Раҳм-шавқат“ (1989, 1990, 1991 ), “Труд“ газетаси соврини (1991 ), “Ғалаба куни“ (1992 ), “Спартак Кубоги“ (1993 ), “Байналминал жангчилар“ соврини (1993 ), “Ногиронлар футболи ассоциацияси“ (1993 ), “Рождество“ (1995, 1996, 1997 ), Россия очиқ чемпионати – (1996 й), Грузия ногиронлар федерацияси соврини (1998 й), Халқаро ногиронлар фестивали (1999 ), Россия ногиронлар Иттифоқи соврини (2006 ), МДҲ Кубоги (2007 ), сингари халқаро турнирларда бош совринни, қолаверса, Европа очиқ чемпионати (1999 ),Россия очиқ чемпионати (2006) бронза медалларга эгалик қилишган.
“Матонат футбол“ ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази – 2020 йил 17 январь куни ташкил топган. Марказ ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Хусусан, “Матонат“ ногирон-ампутантлар футбол жамоасининг аввалги шон-шуҳратини қайта тиклаш, республикамиз вилоятларида имконияти чекланган аммо спортга ва футболга қизиқиши бўлган инсонларни излаб топиш, мамлакат терма жамоасига муносиб ўринбосарларни тайёрлашдан иборат. Бугунги кунда ушбу марказ селекция ишларида ҳам фаол бўлишга ҳаракат қилган ҳолда ўз сафини кенгайтирмоқда. "Матонат футбол" Республикамизнинг барча вилоятларида ногиронлар тўп суриши учун етарли шарт-шароит яратиш, энг иқтидорли ёш йигит-қизлар билан эса биргаликда марказда шуғулланишни ният қилган. Ҳозирги кунда Жиззах, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкентда жамоалар шакллантирилган. “Матонат футбол“ ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази футбол билан шуғулланишни истаётган йигит ва қизларни таклиф қилади. ( Маълумот учун телефон рақам: +998903595335)
Шу кунларда ампутантлар терма жамоамиз мазкур марказ ҳамда ЎФА кўмагида пойтахтимизда машғулотларни бошлашди. Бир неча кун олдин сайтимиз орқали ЎФА вакиллари терма жамоа аъзолари билан учрашишгани, уларга тўп ва фишкалар беришгани ҳақида хабар берган эдик. Куни кеча ампутантлар терма жамоамизнинг машғулотидан сўнг бош мураббий Абдужамил Шукуровнинг фикрларини тингладик.
"Ўзбекистон футбол ассоциациясида сўнгги йилларда ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Мираброр Усмонов Зуфарович давридан сўнг бизга бироз эътибор пасайганди. Лекин ҳозирда муносабат яхши томонга ўзгаряпти, дея оламан. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Халқаро мусобақаларда иштирок этишимиз учун кўмак беришади деган умиддаман.
2016 йил маълум сабабларга кўра ампутантлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига бора олмагандик. Ўшанда рақибларимиз хурсанд бўлганлиги аниқ эди. Чунки, биз иштирок этадиган мундиалларда рақиблар терма жамоамиздан ҳайиқиб туради. Йил давомида барча йигитлар мусобақага тайёрланганди. Кўп нарса маблағга бориб тақалди. Эндиликда кейинги йилларда ўтказиладиган Осиё чемпионатлари, Жаҳон чемпионатларида қатнашишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ассоциация ҳам қараб тургани йўқ, улар ҳам шундай савобли ишларга қўл уришмоқда. Биз ҳам кўмакларини, билдираётган ишончларини оқлаб халқаро ареналарда юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламиз. Биз мусобақаларга ўзимиздан-ўзимиз саёҳат қилгани бормаймиз, Ўзбекистонни шарафини ўйлаб майдонга чиқамиз.
Ўтган мавсум пандемия сабаб танаффус юзага келганди. Мана бу йилдан бошлаб секин-аста машғулотларга киришдик. Дастлаб март ойида ампутантлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати биринчи тури ўтказилади. Бунда терма жамоага футболчиларни саралаб оламиз. Сўнг Россияда иккита халқаро турнирга бориш режадан ўрин олган. Шу йиғинлар орқали Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрамиз. Шунингдек ампутантлар ўртасидаги Осиё чемпионатини ҳам Ўзбекистонда ташкил қилиш ҳаракатидамиз. Бу борада раҳбарлар иш олиб боришмоқда. Агар мезбонлик бизга берилса тарихий воқеа бўларди. Мухлислар кўз ўнгида тўп тепиб яна мухлислар эътиборини жалб қила олардик. Чунки, бир неча йилдан бери эътиборсиз қолиб кетишимиз натижасида мухлисларимизни йўқотиб қўйдик. Ишқибозларни қайтаришни истаймиз",- дейди Абдужамил Шукуров
Комментарии