"Одил Аҳмедов ФА NEWS": Суперлидаги биринчи дебют, ЎФА Кубогида старт ва шаҳар чемпионатида йирик ғалабалар
15 мар 2022 19:26
Новости
"Одил Аҳмедов ФА NEWS": Суперлидаги биринчи дебют, ЎФА Кубогида старт ва шаҳар чемпионатида йирик ғалабалар
Али Абдураҳмонов Суперлигада дебют қилган илк футболчи
11 март куни "Локомотив" ўз майдонида АГМК жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Академиямиз учун қувончли кун сифатида тарихдан ўрин олган мазкур санада, 2017-2020 йилларда Азиз Эшонхўжаев қўл остида "Odil Junior" шарафини ҳимоя қилган Али Абдураҳмонов 78-дақиқада "темирйўлчилар" сафида Жером Этаме ўрнига майдонга тушди. Шундай қилиб 2021 йилги мавсум ўринбосарлар лигасида 9та гол урган ҳужумчи - илк қалдирғочимиз сифатида Суперлигага қадам қўйди. Бу борада "Локомотив" футбол клуби раҳбарияти, уни ёшлар жамоасига жалб қилган Дилшод Нуралиевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва Алига "газни бос" деб қоламиз!
"Мана шу кун келганидан хурсандман, лекин бу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Бу бошланиши, Одил акам жуда кўп керакли гапларни шу кунгача гапириб келганлар. Яқинда "Локомотив" директори билан кўришган академия раҳбарияти менга керакли барча шароитни қилиб берди, энди буёғи ўзимнинг қўлимда. Бундан 3 йил аввал тўп тепсангиз манзилга тўғри етиб бормайдиган майдонларда шуғулланардим. Бугун эса Суперлигада майдонга тушдим. Бу менинг ёшимда орзу қилиш мумкин бўлган ҳолат. Бунинг учун ўринбосарлар сафига олган мураббийимиз Дилшод Нуралиевга, менга ёшликдан ёрдам берган Азиз Эшонхўжаевга ва албатта Суперлигада ўйнаш имкониятини берган Денис Коростиченкога катта раҳмат айтаман", - дейди Абдураҳмонов.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Кубогида старт
Ўтган мавсум U-14 жамоамиз ПФЛ томонидан ўтказилган тайёрлов гуруҳлари мусобақасида бош совринни қўлга киритган эдилар. Мазкур мусобақа жорий мавсум 4та ёш тоифасида бўлиб ўтади. Булар, 2009, 2008, 2007 ва 2006 йиллар ўртасида. 10 март куни ПФЛ, Ўзбекистон футбол ассоцицияси ва Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда минтақа босқичи старт олди. Унда Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти жамоаларидан иборат 10та клуб жам бўлди.
1-турдаги рақибимиз Тошкент футбол академияси бўлди. Бўлиб ўтган 4та ёш тоифасидаги ўйинларнинг 3тасида ғалаба қозонган бўлсак, биттасида имкониятни бой бердик.
U-13 (2009 йиллар). "Одил Аҳмедов ФА" ва ТФА 4:0
U-14 (2008 йиллар). "Одил Аҳмедов ФА" ва ТФА 1:0
U-15 (2007 йиллар). "Одил Аҳмедов ФА" ва ТФА 4:2
U-16 (2006 йиллар). "Одил Аҳмедов ФА" ва ТФА 1:3
Тошкент шаҳар чемпионати 1-тур
13 март куни пойтахт лигаси ҳам старт олди. Гарчанд кучли ёмғир ёққан бўлсада, аксар ўйинлар бўлиб ўтди. 2006, 2007 ва 2008 йилларда таваллуд топган футболчиларимиз "Phoenix" клубига қарши сафарда майдонга тушдилар. Қизиғи шундаки, муҳим ўйин бўлиши аниқ бўлиб турган бир пайтда, мезбонларнинг асосий таркиби "Пахтакор"га қарши майдонга чиқди ва ярим асосий таркиби билан 2006 йилларимизга қарши ўйнади. Бунинг натижаси, жуда йирик ҳисоб билан тугади. 2007-йилларимиз қийинчилик билан ғалаба қозонган бўлса, 2008-йилларимиз рақибга умуман имконият қолдирмадилар.
U-16 (2006). "Phoenix" ва "Одил Аҳмедов ФА" 0:7
U-15 (2007). "Phoenix" ва "Одил Аҳмедов ФА" 2:3
U-14 (2008). "Phoenix" ва "Одил Аҳмедов ФА" 0:8
U-21 лигада сейв
2017 йил Наманганда фаолият бошлаган "Одил Аҳмедов ФА" сафига келиб қўшилган Муҳаммадбобур Мўйдинов 2021 йилнинг биринчи даврасини Акмал Холматов бошқарувидаги "Олимпик" U-18 жамоаси сафида ПФЛ лигасида тўп тепди. Унинг ҳаракатлари 1-лигада фаолият олиб бораётган "Чиғатой" бош мураббийи Дмитрий Кимнинг назарига тушди ва иккинчи даврани ҳимоячи мазкур лигада ўтказди. Жорий йил "Навбаҳор" жамоасининг асосий таркибида ўқув йиғин машғулотларини ўтказган қанот ҳимоячиси ўзининг илк профессионал шартномасини имзолади. "Сурхон"га қарши кечга U-21 лигасида тарбияланувчимиз 90-дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Наманган футбол академияси ва клубимиз ўртасида тузилган ҳамкорлик натижасида, 2020 ва 2021 йилни Тошкент шаҳар чемпионати, тайёрлов гуруҳи ва клубимизнинг Украинадаги йиғинида иштирок этиб қайтган дарвозабон Озод Маъруфов келажак посбони деб айтсак муболаға бўлмайди. "Одил Аҳмедов ФА" шарафини Тошкент шаҳар чемпионатида ҳимоя қилиш орқали Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси назарига тушган посбон "Сурхон"га қарши баҳсни тўлиқ ўтказди "камига" 81-дақиқада Жаҳонгир Аҳмадов томонидан тепилган 11 метрлик жарима зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди.
Комментарии