Мухлисдан савол. Темурхўжа Абдухолиқов: “Футболимиз тепасига профессионаллар келгани қувонарли”
16 авг 2019 10:34
Новости
Мухлисдан савол. Темурхўжа Абдухолиқов: “Футболимиз тепасига профессионаллар келгани қувонарли”
“Пахтакор” ва "Локомотив" билан Ўзбекистон чемпиони бўлган Абдухолиқов чет элда ҳам тўп тепиб қайтди. 2014 йил Хорватиянинг "Хайдук" жамоаси сафида фаолият олиб борган ҳамюртимиз 2017-2018 йилларда Қатарнинг "Ал Сайлия" клубида ўйнади. Бу йилги мавсумнинг ортда қолган 16та турида Абдухолиқов рақиблар дарвозасига жами 10та гол уришнинг уддасидан чиқди. Биз ҳужумчига мухлислардан келган қизиқарли саволлар билан мурожаат қилдик.
- Темурхўжа Абдухолиқовнинг ҳаётдаги шиори қандай?
- Қўлимдан келганича фойда келтириш, яхшилик қилиш агар бу қўлимдан келмаса ҳеч бўлмаса зарар етказмаслик.
- Нимага ўзбекистонлик футболчилар тез чарчаб қолишади деб ўйлайсиз?
- Тез чарчаш? Тўғриси билмайман. Бизнинг камчиликларимиз жуда кўп, бироқ камчилик барчада бор.
- Идеалингиздаги энг кучли уч ҳужумчи кимлар?
- Бразилиялик Роналдони энг кучли марказий ҳужумчи деб биламан. Ёшликда унинг ўйинларини кўриб катта бўлганман. "Челси" собиқ вакили Дидье Дрогба ҳам менинг севимли ҳужумчиларимдан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда эса Польша терма жамоаси ҳамда "Бавария" клуби тўпурари Роберт Левандовскининг ўйинлари менга маъқул келмоқда.
- Сиз ўз вақтида Хорватия ва Қатар чемпионатларида ўйнагансиз. Тасаввур қилинг, "Локомотив" ушбу чемпионатларда иштирок этганида нечанчи ўринларни эгаллаган бўларди?
- Ҳозирги "Локо" Қатарда менимча кучли учликда бўларди. Хорватия чемпионатида эса ўртамиёналардан бири бўларди. Бу шунчаки менинг шахсий фикрим холос.
- Хўжалик ишларидан қайси бири қўлингиздан келади? Масалан, электр симларини улаш ёки сантехника ишлари?
- Кўп нарсадан хабарим бор, лекин тан оламан кўп нарса қўлимдан келмайди. Футболдан бошқа ҳеч бир ҳунарни биламан деб даъво қила олмайман.
- Сизни ўз ҳиссиётларини жиловлай оладиган оғир босиқ футболчи сифатида биламиз. Айтингчи, "Сурхон" билан Тошкентдаги ўйиндан сўнг термизлик мухлисларда қилган ҳаракатингизни қандай изоҳлайсиз? Умуман олганда тарбия футболчи учун қанчалик аҳамиятли деб биласиз?
- Тарбия оиладан бошланади. Тарбия касбидан қатъи назар ҳар бир инсонга керак. "Сурхон" мухлисларига ота-оналари ҳаёт бўлса соғлик ва узоқ умр тилайман, агар вафот этганлар бўлса охиратлари обод бўлсин дейман.
- Укангиз Орифхўжа Абдухолиқов ҳам футболчи ва айни пайтда "Оқ-тепа" клубида ўйнамоқда. У билан қайси жамоада тандем бўлиб ўйнашни хоҳлар эдингиз.
- Албатта у билан бирга майдонга тушишни истайман. У Ўзбекистон миллий терма жамоасида тандем бўлиб ўйнашни орзу қиламан.
- Агар сизга Малайзия ёки футболи у қадар ривожланмаган мамлакатдан мўмайгина даромадли таклиф тушса рози бўлармидингиз?
- Айни пайтда Тошкентнинг "Локомотив" клуби аъзосиман ва бундан хурсандман. Шу боис бундай таклиф бўлса йўқ дейман.
- Яқиндагина ЎФА раҳбариятида ўзгариш содир бўлди. Янги раҳбарият ҳақида фикрингиз қандай? Улар олдин бўлмаган нимани ўзгартиришди деб ўйлайсиз?
- Янги раҳбарият ҳақида фикрим албатта ижобий. Чунки футболимиз тепасига унинг атрофидаги эмас унинг ичидаги инсонлар, профессионаллар келишди. Шуниси қувонарли ҳол. Энг асосий олиб келинган нарса бу профессионаллик ва хотиржамлик. Бу жуда ҳам муҳим.
- Оддий инсон сифатида Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарларига борганмисиз? Масалан, Самарқанд, Бухоро ёки Хивадаги тарихий қадамжоларни зиёрат қилганмисиз? Улар сизда қандай таассурот қолдирган?
- Шукурки она диёримизнинг бормаган вилоятим, шаҳрим деярли қолмаган. Баъзи шаҳарларга бир неча маротаба борганман хатто. Тассуротлар эса хилма-хил ва бир олам. Доимо мана шундай улуғ зотлар юртида туғилиб ўсганимдан фахрланаман.
- Айтингчи футболдаги энг катта орзуингиз нима? Жаҳон чемпионатига чиқишдан ташқари.
- Шунга ўхшаган саволга юқорида ҳам жавоб бердим: укам Орифхўжа билан бирга миллий терма жамоада тандем бўлиб ўйнаш ва ғалабаларни қўлга киритиш.
- Суперлигада ўзингиз ўйнаган клублардан ташқари қайси клубларни ёқтирасиз?
- Қолган клубларга ҳурмат сақлаган ҳолда учтасини санайман: "Бунёдкор", "Насаф" ва "Навбаҳор".
- Кам маош бўлса ҳам Европада ўйнаш учун "Хайдук"ка ўтганман деган эдингиз. Хорватияда маошингиз қанчалик кам бўлган?
- Хорватия менга трамплин вазифасини ўтаб бериши керак эди, лекин айрим сабабларга бу амалга ошмади. Бироқ ушбу клубда ўйнаб кўп нарса ўргандим, машҳур мураббий Игорь Тудор билан бирга ишладим. Молиявий томонига келсак Ўзбекистондаги энг кам иш ҳаққидан кўпроқ эди ҳар ҳолда (кулади).
- Хорватия клубига ўтишдан аввал уч нафар агент билан ишлаяпман уларнинг ҳар бирига Европадан клуб топиш шартини қўйдим. Қай бири Европада яхши жамоа топса айнан у менинг агентим бўлади деган эдингиз. У агентлар кимлар эди ва қандай жамоаларни сизга таклиф қилишган?
- Тўғриси ўшанда агентлар уч нафар эмас жуда кўп эди. Хатто кўпини танимасдим ҳам.
- Бир вақтлар интервьюлардан бирида хайрия фонди очиш ниятидаман деган эдингиз. Шу фонд очилдими?
- Буни яхши эслайман, ҳозир ҳам ният ва ҳаракат бор. Бироқ катта эҳтимол билан бу фонд футболни тугатганимдан кейин очилса керак.
Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади
"Мухлисдан савол". Элдор Шомуродов: "Машъал"га келганимда бутсаларим бўлмаган"
"Мухлисдан савол". Гадоевни ким кашф қилган: Қосимов ёки Бердиев? Футболчи жавоб берди
"Мухлисдан савол". Жалолиддин Машарипов - Онасига совға қилган Нексия ва нимадан жуда қўрқиши ҳақида
"Мухлисдан савол". Икром Алибоев: “Футбол мен учун ҳамма нарса”
Мухлисдан савол. Рустам Ашурматов: “Ўзбек футболчиларининг рекламасини кўпайтириш керак”
Комментарии