“Локомотив” янги футболчиларни таништирди (ФОТО)
02 авг 2016 15:17
Новости
“Локомотив” янги футболчиларни таништирди (ФОТО)
Тадбирда “Локомотив” футбол клуби Бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов, клуб спорт директори Равшан Муқимов ҳамда бош мураббий Андрей Микляев иштирок этишди. Дастлаб Тўлабек Акрамов сўз олиб жамоанинг иккинчи даврага тайёргарлиги хусусида сўз юритди:
– Хабарингиз бор, иккинчи даврага тайёргарликнинг асосий қисмини Беларусь пойтахти Минск шаҳрида олиб бордик. 12-21 июль кунлари ташкил этилган хориж йиғини мобайнида жамоамиз иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди ва ҳар иккаласини 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунлади. “Локомотив” аввалига “Неман” клубидан устун келган бўлса, кейинги баҳсда “Крумкачи” мағлуб этилди.
– Туркманистонлик ярим ҳимоячи Артур Геворкян таркибимизга жамоа Минскка кетишидан олдин келиб қўшилганди. Хориж йиғини давомида мураббийлар бошқа легионерларни ҳам кўрикдан ўтказиб, якунда босниялик Славен Степановични қўшиб олиш қарорига келишди. Давралар оралиғида маҳаллий футболчиларни ҳам жамоага таклиф этиш масаласи кўриб чиқилди. Икки-уч нафар футболчига таклиф билан чиққандик, аммо улар клубимизда щйнаб кетишига ишонч ҳосил қилмагани ва рақобатдан чўчигани боис сафимизга келиб қўшилмади. Уларнинг исм-фамилияларини айта олмайман. Жамоа сафини тарк этганлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, Хуршид Мухторов ва Дониёр Усмоновни ижара асосида “Олмалиқ”қа бердик. Шунингдек, Жасур Ҳасанов ҳам “Қизилқум”да ижара асосида ўйнайдиган бўлдик.
Андрей Микляев:
– Минскда 10 кунлик йиғин ўтказиб, 4 нафар легионерни кўрикдан ўтказдик. Йиғин самарали ўтди. Сафардан қайтгач иккита расмий ўйинда иштирок этдик. “Машъал”га қарши Ўзбекистон кубоги баҳсида мағлубиятга учрадик. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Минскда анча салқин ва ёмғирли об-ҳаво шароитида шуғулланганимиз боис, Тошкентдаги иқлимга 3 кун ичида мослашиб олиш қийин кечди. “Қизилқум”га қарши олий лиганинг қолдирилган ўйинида эса анча ўзимизга келиб олгандик. Бу ўйинда ғалаба қозониб, турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олдик. Бу ёқимли албатта.
– Жамоа эртага бўладиган иккинчи давранинг илк ўйинига тайёр. Ислом Тўхтахўжаев ва Икром Алибоевда жароҳат бор. Қолганлар эса жамоага ёрдам бериши мумкин. Иккинчи даврани ғалаба билан бошлашга ҳаракат қиламиз. Биз ҳамиша ҳужумкор футбол тарафдори бўлганмиз, доим биринчи рақамда ўйнаймиз.
– Айтиб ўтганимдек, йиғин давомида тўрт нафар легионерни кўрикдан ўтказдик. Ҳар бир футболчининг ўзига яраша устунликлари бор эди. Биз ўз ўйин услубимиздан келиб чиқиб Степанович вариантида тўхталдик. Унинг дриблинг ва техникаси яхши. У ҳужум ортида, ярим ҳимоянинг ўнг ва чап қанотларида ўйнай олади.
Шундан сўнг “Локомотив” клубига давралар оралиғида келиб қўшилган янги футболчиларга клуб футболкалари топширилди. Ҳар икки футболчига Тўлабек Акрамов футболкаларни тақдим этди. Демак, Артур Геворкян 71-рақамда, Славен Степанович эса 9-рақамда ҳаракат қиладиган бўлди.
Артур Геворкян:
– Менга “Локомотив”дан таклиф тушди ва бу таклифни қабул қилдим. Бу жамоага ўтишим ёқимли бўлди. Машғулотларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпман. Жамоадаги барча билан яхши танишман. Шу боис “Локомотив”га мослашишим қийин кечмади.
– Ҳа, мен “Насаф”да етакчи эдим, бу ерда ҳам ўз ўйиним билан ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
– Нима учун 71-рақамни танладим? Умуман олганда, менда танлаш имконияти камроқ эди. Биласиз, фаолиятим давомида асосан 17-рақамда ўйнаганман. 71 эса 17нинг тескариси бўлгани учун шу рақамни танладим.
– Осиё чемпионлар лигасида “Ал-Айн” билан кечадиган ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Биз бу жамоани яхши биламиз. Ўйлайманки, ҳозирги “Локомотив” “Ал-Айн”га нисбатан кучлироқ. Ҳам футболчилар савияси, ҳам ўйин борасида. “Насаф” сафида бу жамоага қарши иккита ўйинда иштирок этдим. Қаршида дуранг ўйнаган бўлсак, сафарда ютқаздик. Биз бу жамоани Қаршида ютишимиз ҳам мумкин эди. Бу – футбол. Бўлажак ўйинларга яхши тайёргарлик кўрсак, “Ал Айн”дан ўта оламиз деб ўйлайман. Умуман олганда, “Локомотив” бирданига учта мусобақада иштирок этмоқда. Уларнинг барчасида муваффақиятли қатнашишни мақсад қилган.
Славен Степанович:
– “Локомотив” сафига қўшилганимдан хурсандман. Маҳаллий иқлим ва вақтга мослашиш учун менга озгина муддат керак бўлади. Клубда аҳил жамоа ва малакали мураббийлар йиғилган. Ўйлайманки, барчамиз биргаликда жамоа олдига қўйилган вазифани бажара оламиз.
– Ўзбек футболи ҳақида озгина эшитгандим. Ўзбекистон чемпионатида бир нечта сербиялик футболчилар фаолият олиб борганидан хабарим бор. Бу ерда кўпроқ техникага аҳамият берилиши менга ёқди. Бу услуб менга маъқул келади. Бошқа чемпионатларда ҳам техник жиҳатдан кучли футболчилар кўп. Аммо у ерда бироз бошқача футбол ўйналади.
– “Локомотив”да тажрибали футболчилар кўп, аммо мен рақобатдан чўчимайман. Жисмоний ҳолатимни юқори даражага кўтариб олсам, энг яхши ўйинимни намойиш қила бошлайман.
Комментарии