RU

Последние новости

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Лига 1нинг «қонуний меъросхўри» Новости

Лига 1нинг «қонуний меъросхўри»

Маълумки, ёзнинг сўнгги кунида трансферлар дарчаси қишгача ёпилди.

Европа футболида порлаётган энг истеъдодли ва энг сермаҳсул ёш ҳужумчилардан бири - Александр Лаказетт яна «Лион» таркибида қолиб кетди. Ваҳоланки, бутун ёз бўйи Лондоннинг «Арсенал»и ва шахсан Арсен Венгер форвардни АПЛга ўтказиш ҳақида ўйлаётгани ОАВларда тинмай эълон қилиб борилганди.  Миш-мишлар Алекс учун лондонликлар жуда катта пул таклиф қилишганидан хабар берди, бироқ «Лион» раҳбари Жан-Мишель Оля «Уни бу ерда жуда яхши кўришади ва бу омил Лаказетт учун энг муҳими» дея, гап-сўзларга нуқта қўйди... Шу тариқа, Лаказетт янги мавсумни қадрдон жамоасида бошлаб, илк турдаёқ «Нанси» дарвозасини уч марта нишонга олди. Бу орқали ҳужумчи голлари сони (75та) бўйича «Лион» афсонаси Жуниньо Пернамбуканони қувиб етди. Эътиборлиси, Алексга бунинг учун 173та ўйин кифоя қилди. Бразилиялик футболчи эса 75 та гол уриш учун лионликлар таркибида 248 марта майдонга тушишга мажбур бўлганди. Адолат юзасидан яна шуни таъкидлаш ўринлики, Лаказетт ҳар доим ҳам асосий ҳужумчи саналмаган. Келинг, яхшиси, унинг «Лион»даги муваффақиятларини биргаликда кўриб чиқайлик...

Сифатга чулғанган самарадорлик

Александр - «Олимпик» ёшлар академиясининг энг истеъдодли, энг қобилиятли тарбияланувчиларидан бири. У Лионда туғилиб, шу ерда ўсган ва болаликдаги бош орзуси - севимли жамоасида тўп суриш истаги билан яшаган. Бизнингча, айнан шу - болаликнинг мусаффо орзуси уни ҳамон бир жойда ушлаб турибди. Лаказетт кетма-кет учинчи йилдирки, турли мусобақаларда йилига 20тадан ортиқ гол уриб келмоқда ва шунинг учун ҳам унга нисбатан «Арсенал» ва бошқа клубларнинг қизиқиши ўлмаган. Франция чемпионатида биргина Златан Ибрагимовичгина ундан кўра яхшироқ кўрсаткичларга эришган. Бир сўз билан айтганда, Лаказетт - барқарорлик тимсоли. Тўғри, у қандайдир англашилмовчилик туфайли Евро-2016дан бенасиб қолиб кетди. Ваҳоланки, Бензема термага чақирилмаслиги аниқ бўлгач, Александрда миллий жамоада ўйнаш умиди пайдо бўлганди, аммо...

Келинг, бугун бундай нохуш ҳодисаларни эсламайлик. Чунки Лаказетт айни пайтда 25 ёшга тўлди ва истеъдодининг энг гуллаган даврини бошидан ўтказмоқда. Қизиқарли томони, Алекс худди Тьерри Анри каби фаолиятини ҳужумчи эмас, ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида бошлаган. Вақт ўтгани сари, у ҳам Анрига ўхшаб, ҳужумнинг «ўткир учи»да пайдо бўла бошлади. Илк бор бундай воқеа 2013|2014 йиллар мавсумида кузатилди. У пайтлари Лаказетт асосий ҳужумчи - Бафетимби Гомиснинг ортида ҳаракат қиларди. Кўпгина вазиятларда Алекс гоҳ ўнг, гоҳида чап қанотда пайдо бўлар, янги ҳужумларни бошлаш учун нималардир қилишга уринарди. Бафетимби эса бундай пайтларда «пиёда» юрган бўларди. Мазкур ҳолат табиийки, «Лион» ҳужумлари самарасини камайтирарди. Шу боис, ўша мавсумда жамоа аъзолари рақиблар дарвозасини атиги 56 марта аниқ нишонга олишган, холос. Эътибор беринг, ҳатто камтарингина «Сент-Этьен»нинг натижаси ҳам худди шунақа эди.

Ўша вақтларда «Лион»нинг ўйини асосан Гомис ва Гренье жуфтлиги атрофида ташкил қилинар, Лаказетт эса «соя»да қолиб кетарди. Адолат юзасидан айтиш керак, ҳатто шу пайтларда ҳам йигитчанинг тезлиги ва техникаси уни олдинроқда ўйнатиш кераклигини айтиб турарди.

Очиғи, оғиркарвон Гомис ҳужум марказида ўйнаб, бемалол «сайр қилиб» юраркан, Александр чап қанотда тўпни олиб, вазиятлар яратиш учун тинмай тер тўкарди. Тўп билан моҳирона муомала қилиш салоҳияти Лаказеттни бошқалардан яққол ажратиб турар, гавдасидан оқилона фойдаланиши эса у ҳатто рақиб дарвозасига орқа ўгириб турганида ҳам ҳимоячиларга хавф туғдирарди.

Умуман олганда, Лаказеттнинг асосий форвард сифатида ҳужум марказига жойлаштирилиши «Лион» учун ўта муҳим қарор бўлди. Бу орада Реми Гард жамоани тарк этди, бошқарувга эса ёшларга имкон бериши билан танилган Юбер Фурнье тайинланди. Гренье узоқ муддатга сафдан чиққани учун Фекир ва Клинтон Нжи каби футболчилар қаршисида янги имкониятлар эшиги очилди. Тўғри, Йоанн Гуркюфф ҳалиям таркибда эди, аммо у ўзи учун «анъанавий равишда» майдонда жуда кам ҳаракат қиларди. Энг муҳими, Гомис «Суонси»га ўтиб кетди. Буларнинг бари бирлашиб, Фекир, Жалле ва Лаказеттлар ўзларини кўрсатиш имконига эга бўлишди. Айниқса, Александр ҳужумнинг энг олдинги чизиғига ўтиб, ўзини «сувдаги балиқдек» ҳис қила бошлади. Албатта, бу ўзгаришлардан кейин «Лион» натижалари бирданига яхшиланиб қолмади. Бироқ жамоа ўйини ўтган мавсумдагидан кескин фарқ қила бошлаганди.

Шундай учрашувлар ҳам бўлдики, рақиблар Лаказеттни «қуролсизлантириб, оёқ-қўлини боғлаб қў­йишди». Хусусан, «Марсел»га қарши кечган учрашувда бу яққол кўзга ташланди. Марсело Бьельса томонидан амалга оширилган кучли прессинг «Лион»нинг тактикасини синдириб, Лаказеттни «ўйиндан ташқари ҳолат»га тушириб қўйди. Шунингдек, Алексни зарарсизлантиришни «ПСЖ» ва «Сент-Этьен»дагилар ҳам уддалашди.

Ана шундай ўйинлардан сўнг маълум бўлдики, Лаказеттнинг истеъдоди кўпроқ тезликка асосланган вертикал футболда наф келтиради. Ҳужумчиларнинг тўп билан узоқ юришларини талаб қилмайдиган бу усул туфайли Алекс «Лилль» дарвозасига учта, «Канн»га эса иккита гол урди. Шундан кейин Лаказетт ҳақида ижобий фикрлар янграй бошлади. Алекс эса мақтовларга жавоб тариқасида мавсум охиригача 27та гол уриб, «Лион»нинг қайсидир лаҳзаларда «ПСЖ» ва «Марсель» билан чемпионлик учун курашишига ҳам замин яратди. Фекир-Лаказетт жуфтлиги эса Франция чемпионатида энг хавфли футболчилар сифатида тилга олинди.

 

Мақсад - ушлаб қолиш

Тўғрисини айтганда, Франция футболининг келажаги порлоқ. Зеро, «галл хўрозлари» яқин 10-12 йиллик муддат ичида ёш иқтидорлар борасида муҳтожлик сезишмаса керак. Бироқ гап Франция клублари ҳақида кетса, бундай дея олмаймиз. Биргина «ПСЖ»ни инобатга олмаса, қолган клубларнинг бари молиявий имкониятлари билан мақтана олишмайди ва айнан шунинг учун ҳам ноёб иқтидорга эга футболчиларни Франция чемпионатида узоқ муддат ушлаб қолишнинг имкони йўқ. Бунга амин бўлиш учун «Марсель» ёхуд «Монако»нинг ишларини кузатишнинг ўзи кифоя.

Шундай экан, «Лион» 2015|2016 йиллар мавсумидаги асосий таркиб вакилларининг катта қисмини сақлаб тура олганини катта воқеликка қиёслаш мумкин. Аслида, «Лион» раҳбарлари йиллик бюджетни Фекир ва Лаказеттни сотиш орқали бемалол қоплашлари мумкин эди. Бироқ улар Клинтон Нжини трансфери билангина чекланишди. Аксинча, Фурнье шогирдлари орасида Матьё Вальбуэна, Серхи Дардер, Клаудио Бовю каби бир қатор тажрибали футболчилар пайдо бўлишдики, бундай ижрочилар билан ҳар ким ҳам мақтана олмайди. Шу боис,  «Лион» мухлислари энди жамоа аввалги обрўсини тиклаб, ниҳоят, ЕЧЛ учун курашни бошлайди деб умид қила бошлашди. Минг афсуски, юқорида номлари келтирилган янги футболчилар клубга унчалик мослаша олишмади. Масалан, Вальбуэна «Марсел»да тенги йўқ футболчи эди, «Лион»да эса ортиқча кўзга ташланмайдиган оддий ярим ҳимоячига айланиб қолди. Вальбуэнанинг энг катта устунлиги бўлган «стандарт»лар ижроси ва қанотдан ошириб бериладиган тўплар Лаказеттга етиб келавермасди. Умид билан қаралган янги футболчилардан яна бири - Бовю ўз муаммолари гирдобига ўралашиб қолиб, «Лион»нинг 4-4-2 кўринишидаги тактикасидан жой ололмади ва охир-оқибат, январь ойида «Сельта»га жўнаб кетди. Бу ҳам камлик қилгандек, ўтган йил сентябрида Фекир тиззасидан жароҳат олиб, ярим йилга сафдан чиқди. Табиийки, бундай ҳолатда Лаказетт ҳам ўзини кўнгилдагидек ҳис қила олмасди ва у қишки танаффусгача атиги 6 марта ўз номини таблога ёздирди, холос.

Муваффақиятсизликлар эса «Лион»да баъзи жузъий ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди. Хусусан, вазиятни бошқара олмай қолган Фурнье истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига келган Бруно Женезио эса тактик чизмани дарҳол 4-3-3 кўринишига келтириб, Рашид Геззалю ва Максвел Корнеларни асосий таркибга жойлаштирди. Айни сабаб туфайли Вальбуэна захира ўриндиғига «михланди», аммо мазкур қарор Лаказеттнинг фойдасига ишлади. Яъни, у иккинчи даврада 21та голга муаллифлик қилди. Қизиғи шундаки, бу голларнинг бирортаси жарима майдони ташқарисидан урилмаган. Нима қилибди?! Ахир ҳужумчи учун энг муҳими - керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлиш эмасми?!

Хуллас, жарима майдончаси ичидан бериладиган зарбалар Лаказетт учун ўзига хос «ташриф қоғози» бўлиб қолди ва у кун сайин янги қирраларини намойиш қила бошлади. Айниқса, «Монако»нинг 6:1 ҳисобида яксон этилиши «тикувчилар»­га ЧЛ гуруҳ босқичини ваъда этибгина қолмай, Алекснинг ўзида Европа чемпионатида иштирок этиш умидини уйғотди. Ҳа, унинг орзуси рўёбга чиқмади. Бироқ футболчининг нархи ошса-ошдики, асло пасаймади. Чунки Лаказетт йилдан-йилга ўз маҳоратини тоблаб, жарима майдонининг ҳар қандай бурчагидан мўлжални аниқ оладиган форвардга айланди. Табиийки, Алекснинг сермаҳсул ўйинлари орқали «Лион» ҳужумлари ҳам кескинлашди. Хўш, Лаказеттнинг нархи қанча ўзи? Футболчиларнинг тахминий нархларини ҳисоблаб борадиган transfermarkt.de портали Алексни 35 миллион еврога баҳолади. ОАВларда эса бу кўрсаткич 40-45 «лимон»га ошди. Клуб президенти Жан-Мишель Оля эса Алексни 60 миллиондан камига сотмоқчи эмаслигини таъкидлади. Аслини олганда ҳам, юқоридаги уч хил нархнинг барчаси қайсидир маънода, ўзини оқлайди. Фақат, гумонлар реалликка айланиши учун Европанинг бақувват клубларидан бирортаси Лаказеттга ўта кучли эҳтиёж сезиши лозим. Ёзги трансферлар вақтида Алексга қизиқувчилар бор эди. Бироқ ҳеч бир клуб «Лион» манзилига жиддий таклиф юборишга журъат этмади. Ким билади дейсиз, бунга биз қишки танаффусда гувоҳ бўлармиз? Зеро, Лаказетт - ҳар қандай жамоа ҳужумини кучайтира олувчи истеъдодли йигит...

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Рейтинг: +5   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика