Жером Этаме: "Четдан таклифлар бор, лекин Ўзбекистонда қолишни хоҳлайман"
13 янв 2023 21:21
Новости
Жером Этаме: "Четдан таклифлар бор, лекин Ўзбекистонда қолишни хоҳлайман"
"Темирйўлчилар" сафида Суперлига ва Кубок ўйинларини қўшиб ҳисоблаганда жами 31 учрашувда иштирок этиб, 8та гол урган Жером Этаме сайтимизга берган интервьюсида янги мавсумни ҳам шу ерда ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.
- Жером, ишлар қандай?
- Ҳозирча ҳаммаси яхши. Оилам даврасида қишки таътилни ўтказяпман.
- Ўтган йил сиз учун қандай ўтди?
- "Локомотив"да ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Янги жамоада 8та гол урдим, менимча, биринчи мавсум учун бу яхши натижа бўлса керак. Афсуски, "Локомотив"нинг Пролигага тушиб кетгани яхши бўлмади. Бундан ҳаммамиз қаттиқ хафа бўлдик, лекин бу - футбол. Чемпионат тугагач, эркин агентга айландим. Уйга кетиб бироз ҳордиқ чиқардим, сўнгра яна Тошкентга қайтдим. Келганимга тўрт кун бўлди.
- Қайтишингизга қараганда яна қолиш ниятингиз борми?
- Тўғриси, мен ҳам шу мақсадда қайтдим. Ўзбекистонда камида яна бир йил футбол ўйнамоқчиман. Бу ер менга жуда ёқади, футбол даражаси баланд, қолаверса аёлимга ҳам ёқади.
- Олдингизда вариантлар борми? Кейинги режалар қанақа?
- Таклифлар четдан бор, лекин айтиб ўтганимдек, ҳеч бўлмаса яна бир йил Ўзбекистонда қолиб футбол ўйнамоқчиман. Тўғриси, мен ҳали ўз сўзимни айтганим йўқ. Шу боис четдан бўлаётган таклифларга кўп эътибор бермаяпман. Ўзбекистонда қолиб Жером Этаме қандай футболчи эканлигини кўрсатишни хоҳлайман.
Комментарии