Жанлуижи Буффон: “Москвада учрашгунча!”
02 июл 2016 00:30
Новости
Жанлуижи Буффон: “Москвада учрашгунча!”
Буффон учун Франциядаги чемпионат фаолиятидаги 8-йирик мусобақа саналади. 38 ёшли посбон бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас.
– Терма жамоада 159 учрашув ўтказиб, 8 бор жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашган инсон ўзини қандай ҳис қилмоқда?
– Ажойиб. Ёшликда атрофдаги воқеаларни рўй бериши керак бўлган нарса деб ҳисоблайсан. Менинг ёшимда бундай мусобақада қатнашиш кўп йиллик кучайиш меваси эканини тушунасан.
– Италияда иштиёқ 2012 йил финалга етиб борган жамоаники сингарига ўхшаяпти?
– Евро-2012 ёки биз гуруҳдан чиқиб кетган 2014 йилги мундиални ҳам эслаш керак эмас. Бу сафарги турнирни уларнинг давоми деб ҳисоблаб бўлмайди, кўп нарсалар ўзгарди. Ҳозир ҳар бир ўйинчида охиригача етиб бориш учун ўзини кўрсатиш хоҳиши мавжуд.
– Италия плей-оффдаги ўрнини 2-турдан кейиноқ ҳал қилиб қўйди.
– Бўшашишга вақт йўқ эди, дарҳол бор кучимиз билан ўйнашга ўтдик. 4 йил олдин гуруҳимизда Испания, Хорватия ва Ирландия бўлганда қийинроқ кечганди.
– Италия фаворитми?
– Йўқ. Италия – аутсайдерларнинг кучлиси. Фаворитлар сифатида Германия, Франция, Испания ва яна Бельгияни киритган бўлардим. Лекин бизда куч бор ва етакчилар қаторига киришга етарли тарафларимиз ҳам.
– Италия анаъанага кўра фаворит бўлмаганда энг яхши натижаларини кўрсатган.
– Терма жамоада ўйнаганимдан бери фақат икки чемпионатни етакчилар қаторида бошлаганмиз – 2002 йилги мундиал ва Евро-2004. Бу бизга ҳеч қандай яхшилик келтирмаган. Шу сабабли фаворит мақомини хоҳловчиларга беришга тайёрман.
– Терма жамоада 20 йиллик фаолиятдан кейин майдонга “Скуадро Адзурра” либосида тушаётиб, ҳамон ўшандай ҳисларни бошдан кечирасизми?
– Ҳа. Яна Италиянинг ҳар бир ўйинидан эмас, балки йиғинидан ҳам роҳатланишга ҳаракат қиламан. Узоқ вақт буни синов сифатида қабул қилгандим. Ёшим ўтгач, терма жамоада ўйнашга лойиқ бўлганимни тушундим. Ҳалигача им-ичимдан қолганлардан яхшироқ бўлишга интилишим кераклигини ҳис этаман.
– Бу мадҳия ижро этилишида ўзингизни қандай тутишингиздан сезилиб туради.
– Буни ҳар ким турлича қабул қилади. Ўзимни Италияни бошқалардан кўпроқ севаман дейишга ҳақли эмасман. Ташқи кўриниши хотиржам бўлганлар ҳиссиётини ифодалашни билмас ва либоси кўз ёшдан ҳўл бўлган футболчилардан фарқли равишда буни кўрсата олмас. Ҳеч кимни суд қилмайман, лекин мамлакатингни қанчалик севишингни яшириш керак эмас деб ҳисоблайман.
– Аввал терма жамоани яхшироқ қўллаб-қувватлашгани ва Мальтага қарши беллашувларда ҳам буни амалга оширишганини айтгансиз. Бугун нима ўзгарди?
– Гап мухлисларнинг бизни ёқтирмай қолганида кетмаяпти. Ҳозир уларда телевидение орқали кўпроқ ўйинларни кузатиш имкони мавжуд. Ўйинчига кумир сифатида муносабат ўзгарган. Аввал мамлакатнинг энг яхши футболчилари терма жамоада учрашган ва ишқибозларни уларни стадионда кўришарди. Бугун интернет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа манбалар мулоқотни кундалик юмушга айлантирди. Ишқибозга ўта қизиқ нарсани таклиф қилишмаса, у “Буффон ва бошқаларни кейинги сафар кўраман” деб, қарор қилади.
– Футбол кўпроқ виртуаллашиб бормоқдами?
– Ҳа. Лекин бу олдин яхшироқ бўлганини билдирадими? Бундай ўйламайман. Футболни севаман ва ҳамон аввалги ҳисларга туяман. Мухлислар билан муносабат ўзгарди. Тўсиқ кўпайди. Ишқибоз ҳам ўзгарган. 20 йилдан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Фақат ўртадаги муносабат ўзгариб бориши тушунарли.
– Қайси пайт терма жамоадаги энг қийин давр бўлди? 2006 йил ҳакамлар сотиб олиниши бўйичами ёки 2012 йил келишилган ўйинлар бўйича можаро чиққандами?
– Муҳим турнирга тайёрланганда унда яхши иштирок этиш хоҳиши шунчалик юқорики, бошқа нарсаларга эътибор қаратмайсан. 2006 ва 2012 йилдаги воқеалар жамоани мувозанатдан чиқаргани бор гап. Агар ойнага қараб, ўзингга ҳеч нарсада айбдор эмаслигингни айта олсанг, ҳеч қандай гаплар сенга таъсир қилмайди.
– Фабио Каннаваро 2006 йил шериклари билан суҳбатда кимнидир тинчлантириш, бошқа бирини урушишга тўғри келганини айтиб берганди. Сардор сифатида ўзингизни қандай тутасиз?
– Муносабат тажриба орқали орттирилган характерга боғлиқ. Мен вақтимни оилам ва болаларим, дўстларим билан ўтказишни маъқул кўраман. Шерикларим билан кам суҳбатлашаман. Бу улар сўраган тақдирда маслаҳат беришга халал бермайди. Шу йилар ичида ҳеч кимга босим қилмаганим ва барча нарсада ўзини ҳақ деб ўйлайдиган инсонга айланмаганимдан хурсандман. Аксинча инсонлар ишончни йўқотади. Ёш ва тажрибали ўйинчилар билан мулоқотда тўғри йўлни танлашга уринаман. Сардор ўзини айнан шундай тутиши керак.
– Терма жамоадаги энг ёрқин таассуротингиз қайси?
– Улар кўп бўлган! Евро-2012даги иштирокимиз ва Руминия билан ўйинда қўшиб берилган дақиқаларда қайтарилган пенальтини эслайман. Руминлар тўп киритганда уйга қайтиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Яна 2006 йилги жаҳон чемпионати ярим финалида Германия ва финалда Францияга қарши ўйинларни унутиб бўлмайди.
– Терма жамоада фаолиятингизни якунлаш фикри бирор марта хаёлингизга келганми?
– Ҳеч қачон! Бу қўлқопларимни михга илганимда рўй беради. Ёки чақиришни тўхтатганларида. Биринчи вариантни маъқул кўрардим. Шунда фаолиятимни муносиб якунладим деб айтсам бўлади. Терма жамоадан қанақасига кўнгилли равишда воз кечиш мумкин, сени мамлакат шарафини ҳимоя қилгани ишонч билдиришганда!
– Дарвозабонлар ўйинида 20 йил ичида нималар ўзгарди?
– Кўп нарсалар. Бошқача тезлик, ўзгача қоидалар. Дарвозабон маълум ҳолатларда майдондаги ўйинчи сингари ҳаракатланиши даркор. Менда бу борада муаммо бўлмаган. Ёшлар жамоасидаёқ оёғим билан кўп ўйнаб, ҳимоячиларга ёрдам берардим. Ўзгаришлар мени довдиратмади, уларни олдиндан билгандим.
– Замонавий посбонлардан кимларни таъкидлаган бўлардингиз?
– Ҳозир Нойер, Куртуа, Де Хеа каби кучли дарвозабонлар бор. Лекин кимга нима етишмаслигини айтиш қийин. Посбонларни фаолияти охирида баҳолаш мумкин. 5 йилдан бери юқори савияда ўйнаб келаётган йигитни 10-15 йилдан буён энг яхшилар қаторида бўлиб келган дарвозабон билан таққослаб бўлмайди. Посбонларнинг қиймати уларнинг қайсидир тарафдан кучли эканида эмас, балки чўққида узоқ йиллар ушланиб қолиши билан ўлчанади.
– Сиз охирги айтган тарафингиздан кучлисиз. Ўтган мавсумни фаолиятингиздаги энг яхшиларидан бири деб айта оласизми?
– Ўйлашимча, ҳа. Айниқса, бир қатор осон кечмаган иккинчи давра ўйинларида жуда яхши ўйнадим. 2010 йилги жаҳон чемпионатида олинган жароҳатдан тўлиқ тикландим ва 5 мавсумни юқори савияда минимал хатолар билан ўтказдим. 38 ёшда энг яхши жиҳатларимни сақлаб қоламан деб ўйламагандим.
– “Ювентус” “А” серияда бошқалардан устунлигини сақлаб қолади деб ўйлаганмидингиз?
– Ғалабали йўлга тушиб олганимиздан кейин кам нарсалар ўзгарди. Бу қувонтирмай қўймайди. Ҳеч ким рекордлар ва сериялар ҳақида ўйламади, чунки бу футболдан завқ олишни тўсқинлик қилади. Бошқа томондан биз кетма-кет эришилган совринлар миқдорини такрорладик. Бу вазифамизни яхши бажарганимизни англатади. Чемпионатда олтинчи бор қаторасига ғалаба қозониш ажойиб бўларди.
– Имкони бўлган тақдирда фаолиятингизда нимани ўзгартирган бўлардингиз?
– Ҳеч нарсани! Ҳаёт ғалаба ва мағлубиятлардан иборат. Қилганларимдан афсусланмайман ва мен билан рўй берган барчасини қабул қиламан. Кўп совринлар ютдим ва бир қанчаларини бой бердим. Қўлга киритган нарсаларимга лойиқ эдим.
– Терма жамоада биринчи ўйинингизни 1997 йил Москвада ўтказгансиз. Бу жаҳон чемпионати саралаш баҳси эди. Фаолиятингизни 2018 йил Россиядаги мундиалдан кейин якунлаш чиройли бўларди.
– Тушунаман, 2 йил узоқ муддат. Лекин мен билан юз берган воқеалар кучимга ишончни кўпайтирди. Кўпчилик 38 ёшда шундай ўйнашда давом этаётганимдан ҳайратда. Фақат ўзим эмас. Олдимга олтинчи жаҳон чемпионатида қатнашиш мақсадини қўйганман ва шунга ҳаракат қиламан.
– Бундай воқеа футбол тарихида учрамаган.
– Бу чиройи рекорд бўлади. Ҳар бир инсонга орзу керак. Унга эришганда ҳаёт бошқача маъно касб этади. Шундай экан, Москвада кўришгунча.
Беҳзод Назаров тайёрлади.
Комментарии