RU

Последние новости

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Бундеслига. Қувноқ "Хоффенхайм", "Бавария"нинг муваффақиятли серияси, шов-шув кўтараётган "РБ Лейпциг", юқорилаётган "Герта" ва пастга шунғиётган "Шальке" Новости

Бундеслига. Қувноқ "Хоффенхайм", "Бавария"нинг муваффақиятли серияси, шов-шув кўтараётган "РБ Лейпциг", юқорилаётган "Герта" ва пастга шунғиётган "Шальке"

Теги :  Бундеслига
Германия чемпионатининг 3-тур ўйинларига бугун старт берилади.

Турни "Кёльн" ҳамда "Фрайбург" ўртасидаги баҳс очиб беради. Ҳозиргача ўтказилган иккита турдан буён мағлубият нималигини билмай келаётган "Кёльн" жамоаси ўз уйида ўтган турда мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоасини мағлуб этган "Фрайбург"ни қабул қилади. "Кёльн" учун бу тўқнашув осон ўтмаслиги аниқ. "Фрайбург" ўтган ўйиндаги муваффақиятни такрорлашга уриниб кўриши табиий. "Фрайбург" жамоаси олдида "Кёльн" ҳимоясини ёриб ўтиб, рақиб дарвозасини ишғол этиш вазифаси турибди. Ҳозирча Тимо Хорн ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб турибди.

"Фрайбург" сафида мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлаган ярим ҳимоячи Максимилиан Филипп ҳисобида 2та гол мавжуд. Бугунги учрашувда "Кёльн" ҳимоячиларининг катта эътибори айнан шу футболчига қаратилиши табиий.

Майдон эгалари таркибида эса Антони Модест энг хавфли футболчиларлан бири. Аммо шуни утунмаслик керакки, "Кёльн" кўпроқ жамоавий ўйинга таянадиган, ҳимояни анча зич ушлайдиган ва қарши ҳужумда тажовузкор ҳаракатланадиган жамоалар сирасига киради.



Бундеслиганинг 3-тур ўйинлари эртага давом эттирилади. Шанба куни олтита беллашув бўлиб ўтади.

Дортмунднинг "Боруссия" клуби ўз уйида "Дармштадт"ни қабул қилади. Томас Тухель шогирдлари ўтган турда дебютант "РБ Лейпциг"дан қабул қилиб олган қаттиқ "зарба"дан сўнг ЕЧЛ доирасидаги "Легия"га қарши баҳсда анча кайфиятни кўтариб олишди. Бу жиҳат эса уларга "Дармштадт" билан бўладиган ўйин олдидан қўл келиши мумкин. Жамоа ўтган турдаги кўнгилсиз натижадан кейин тезда оёққа туриб олганини яна бир маротаба амалда исботлаши зарур бўлади. Бу тўқнашувда Тухель жамоасининг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Чунки бу сафар ҳам дортмундликлар қоқиладиган бўлишса, унда пешқадам "Бавария" ва "Герта" анча узоққа "қочиб" кетиши муқаррар.

"Айнтрахт" учун ҳам осон бўлмаган баҳс кутилмоқда. Ўтган турда Йоэль Похьянпалонинг бенефеси туфайли мағлубиятни қандайдир дақиқалар ичида ғалабага айлантирган "Байер" фақат 3 очкони кўзлаб Франкфуртга сафарга отланмоқда. Турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган ушбу жамоаларнинг ўзаро беллашуви томошабоп, қизиқарли ва голларга бой тарзда кечишини тахмин қилиш мумкин. Бу тўқнашувда кўп нарса биринчи гол қанчалик чўзилишига боғлиқ. Агарда биринчи бўлимга қадар ҳисоб очилмаса, унда иккинчи таймда биргина хато қайсидир жамоа учун қимматга тушиши мумкин.

Бундеслиганинг энг қувноқ жамоаси саналмиш "Хоффенхайм" бу сафар "Вольфсбург"ни қабул қилади. Ўтган ҳафтада "Майнц" билан бўлган баҳсда мухлисларга ҳақиқий томоша кўрсатиш баробарида юксак иродасини ҳам намойиш этганди. Таблодаги 4:1 ҳисобини охирги 20 дақиқа ичида 4:4га айлантира олган "Хоффенхайм" яна бир маротаба Германия чемпионатининг энг қувноқ жамоаси эканлигини исботлаганди. Ушбу жамоа янги мавсумда ҳозирга қадар мағлубиятга ҳам учрамаган ва ғалаба ҳам қозонмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Улар қаршисида эса 4 очкога эга, пешқадамлик учун курашни давом эттиришни истаётган "бўрилар" турибди.
"Хоффенхайм"нинг олдинги чизиғи, яъни ҳужумда ҳаракат қилаётган вакиллари, хусусан Адам Салаи ва Марк Ут қанчалик самарадор ўйнашмасин, ҳимоядаги камчиликлар уларга кўп маротаба қимматга тушиб келади. "Вольфсбург" эса рақибнинг ҳар бир хатосидан унумли фойдалана оладиган ижрочиларга эга кучли жамоа. Бу тўқнашув ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлиши аниқ. Ҳали мағлубиятга учрамаган икки жамоанинг ўзаро беллашувидан сўнг қайсидир клуб ҳисобига дастлабки мағлубият ёзилиши мумкин.



Ҳар йили бундеслигада жон сақлаб қолиш учун курашиши одатга айланган "Гамбург" бу турда мавсумнинг кашфиёт жамоаларидан бири сифатида порлаб чиқиши кутилаётган "РБ Лейпциг" билан кураш олиб боради. Ҳар йили сўнгги лаҳзада элитада жон сақлаб қоладиган "Гамбург" ҳисобида 2-турдан сўнг 1 очко бор. Улар ўтган турда "Боруссия Дортмунд"ни мағлуб этишни уддасидан чиққан ва турнир жадвалининг юқори қисмида турган дебютант "РБ Лейпциг"нинг қаршлигини енгишга уриниб кўришади. Бу тўқнашувнинг қоғоздаги фаворити майдон эгалари, яъни "Гамбург" жамоаси. Аммо амалда ҳаммаси бошқача тус олиши ҳам мумкин. Айни пайтда ҳеч бир жамоа "РБ Лейпциг" имкониятларини тўғри чамалай олмаяпти ва Ральф Хазенхюттль шогирдлари рақибларига кутилмаган совғаларни тақдим этишда давом этишмоқда. Бу сафар воқеалар ривожи қай тарзда тус олишини кўрамиз.

Бундеслига қироли "Бавария" эса ўз уйида "Ингольштадт" билан куч синашади. Карло Анчелоттининг мюнхенликлар билан ишлари ҳозирча аъло даражада. Анчелотти қўл остида "Бавария" рақибларини навбатма-навбат мағлубиятга учратмоқда. Бу сафар мюнхенликлар учун ёқимли анъанага айланган ғалабалар серияси давом этиши кутилмоқда. "Бавария" "Ингольштадт"дан ҳар томонлама устун. Бу тўқнашувда фақатгина "Бавария" ижросидаги энг ёмон ўйин намойиш этилсагина меҳмонлар сафардан қуруқ қўл билан қайтмасликлари мумкин. Акс ҳолда "Бавария" нечта гол ураркин, деган савол кўпчиликни қийнаши мумкин холос. Кўп бурттирмоқчи эмасман, аммо факт шуки, "Бавария" айни пайтда яхши спорт формасига кириб бормоқда ва бу турда мавсумдаги дастлабки очкосини йўқотиши анча ҳақиқатдан йироқроқ, назаримда. Лекин бу футбол ва футболда ҳар қандай натижа руй бериши мумкин. Буни унутмаганимиз маъқул.
"Бавария" лазаретидаги Боатенг ва Роббен бу ўйинда яшил майдонга қайтиш эҳтимоли йўқ эмас. Карло Анчелотти Роббен ёки Боатенгнинг хизматидан фойдаланиши ҳам мумкин.



Мавсумни бир хил текисда бошлай олмаётган Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси иккита турдан буён рақибларига "ем" бўлаётган "Вердер" билан дуч келади. Майдон эгалари учун ғалабадан бошқа натижа катта инқироз сифатида қабул қилинса, бременликлар учун ҳам мағлубият сўнгги огоҳ қўнғироғи бўлиши мумкин. Анча асабий ва хато қилишдан қўрқиб ўйнайдиган беллашувда кимнинг қўли баланд келишини тахмин қилиш қийин. "Боруссия Мёнхенгладбах"нинг ягона устун жиҳати бу ўз майдонида ўйнаётгани.

"Аугсбург"нинг 3-турдаги рақиби ўтган ҳафтада оғзидаги ошни олдириб қўйган "Майнц" бўлади. Тайёр ғалабани қўлдан чиқарган "Майнц"нинг руҳий ҳолати ҳавас қиларли даражада бўлмаслиги аниқ. "Аугсбург" эса ўз уйидаги ўйинларда исталган жамоага етарлича муаммолар туғдира оладиган жамоалар сирасига киради.

Турнинг охирги тўқнашуви турнир жадвалида пешқадамликни "Бавария" билан бўлишиб турган "Герта" ва ўтган турда "Бавария"дан енгилган "Шальке" ўртасида кечади. Тўғрироғи, фаворит ва аутсайдерлар ўйини. Ғалати эшитилиши мумкин, аммо аутсайдер мақоми остида "Герта" эмас, балки "Шальке" тўп суради. Пойтахтликлар учун мавсум старти анча кўнгилдагидек кечмоқда. "Шальке" эса ҳозирча очкосиз ўз иштирокини давом эттирмоқда. Кимнингдир муваффақиятли серияси ёки муваффақиятсиз сериясига барҳам бериши мумкин бўлган тўқнашув бўлаб ўтади. Бу ўйинда дуранг натижаси қайд этилиши эҳтимоли ҳам юқори. Агарда бу беллашувда ғолиб аниқланмаса, унда бундан кўпроқ "Шальке" мухлислари ранжишлари табиий. Берлинлик ишқибозлар учун "Шальке"дан очко олиш ҳам кайфиятларига ёмон таъмир этмаслиги мумкин. Аммо иштаҳа овқат вақтида келадиган деганларидек...

Демак бу турда ҳам Бундеслигада бир қатор қизиқарли учрашувлар бизни кутмоқда.

Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +3   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика