Александр Хомяков: "Бу ўйинда Суперлига ва Про лига ўртасидаги фарқ кўриниб қолди"
03 дек 2018 17:39
Новости
Александр Хомяков: "Бу ўйинда Суперлига ва Про лига ўртасидаги фарқ кўриниб қолди"
Муборакликлар Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида ўтказилган ўтиш ўйинида "Сўғдиёна"га қарши баҳс олиб бориб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Ўйиндан кейин жамоа устози Александр Хомяковнинг фикрлари қуйидагича бўлди.
- Ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Натижадан жуда хафаман. Футболчилар ҳам хафа бўлиб ўтиришибди. Албатта, биз ҳам ғалаба қозонишни хоҳлагандик, лекин бунинг уддасидан чиқмадик. Кўп ҳолларда ўртача футбол намойиш этдик. Таркибда ўзгаришлар бўлди, баъзи сабабларга кўра кучли футболчиларни майдонга тушира олмадик. Қолаверса рақиб ҳам ўзимиз йўл қўйган хатолардан муносиб жазолади. Тўғрисини айтиш керак, биз рақиб олдида бирмунча кучсиз кўриндик.
- Ўтказиб юборилган голлар хусусида?
- Жарима зарбасидан гол ўтганимиз жамоа кайфиятига таъсир қилди. Иккинчи тайм бошида ўтказиб юборилган гол эса бизга янада қаттиқ зарба берди. Бунинг оқибатида учинчи тўпни ҳам ўтказдик. Шу ўринда "Сўғдиёна"ни ғалаба билан табриклайман.
- Сизнингча, "Сўғдиёна" нимаси билан кучлилик қилди?
- Аввало бу жамоанинг Суперлигада ўйнагани билиниб турди. Биз бу йил Про лигада ўйнаб бундай кучли рақибга тўқнаш келмагандик. Бутун мавсум давомида ҳеч қайси жамоа бизга бу қадар қаршилик кўрсата олмаганди. Шу боис бирданига футболчилардан кучли ўйинни талаб қилиш осон эмас. Қолаверса, тўрт кун ичида жамоани жиддий ўйинларга тайёрлаб бўлмайди.
- Кейинги режалар нималардан иборат?
- Ҳозир бу ҳақда бир нарса дея олмайман. Чунки кейинги йил қаерда ўйнашимизни билмайман. Ўзимга келадиган бўлсак, шартномам муддати тугаяпти ва клуб раҳбарияти билан гаплашиб олгач ҳаммаси ойдинлашади. Шунга қараб режа тузамиз.
- Шундай қилиб бу йилги мавсум ҳам тугади, матбуот орқали мухлисларга нималар дейишни хоҳлайсиз?
- Аввало Про лигадан Суперлигага чиқа олмаганимиздан хафаман. Қолаверса, палей-оффдан ҳам ўта олмадик. Бунинг учун "Машъал" мухлисларидан узр сўрайман. Муборакда аҳоли кўп эмас, шунга қарамай футболни севувчилар етарлича топилади. Албатта, биз ҳам ўз мухлисларимизга қувонч улашишни мақсад қилгандик, аммо буни уддалай олмадик.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
Комментарии