Хитойча қарор ёки миланликлар ҳақида
12 сен 2016 13:30
Новости
Хитойча қарор ёки миланликлар ҳақида
Погбанинг «Турин»дан туманли ўлкага ўтиши тўғрисидаги миш-мишлар ҳар куни ўзгариб турди ва бунга «Манчестер Юнайтед», Мино Райоло ва «Ювентус» ўртасида тузилган шартномаларнинг энг нозик, янги жиҳатлари қўшилди. Яна ўша «Кекса синьора» Гонсало Игуаин ва Миралема Пьяничларни харид қилиш орқали «Наполи» ва «Рома» тимсолидаги азалий рақибларини кучсизлантирди. Римда эса Марсело Бьелса ва Клаудио Лотито бутун бир шоу ўтказдилар ва у «Лацио» мухлислари норозиликлари билан уйғун бўлиб кетди. Булардан ташқари, «Интер»да сўнгги 3 ойда мураббийлар билан боғлиқ кўплаб «рокировка»лар ҳам амалга оширилдики, бундайин жараён сўнгги бор 2011 йилда кузатилганди.
«Модалар пойтахти»да ҳам тинчлик ҳукмрон бўлмади. Сильвио Берлусконининг «Милан» рулида қолишга интилишларига қарамай, россонерлар етакчиси минг бир азоб билан клуб бошқарувини хитойлик инвесторларга топширди. Чин ўлкасидан келган миллиардерлар шунингдек, шаҳарнинг қора ва кўк қисмига мустаҳкам ўрнашиб олишди: Suning Commerce Group «Интер»нинг 68% акциясини сотиб оларкан, трансфер бозорига маблағ ажратишга ҳам ваъда берди. Миланеллодаги клубдан фарқли равишда (мазкур жамоа сотуви неча йилдирки ҳамон давом этмоқда) Эрик Тохир хитойлик ҳамкасблари билан бу вазифани қисқа фурсатда уддалади ва улар ОАВларга бу мавзуда спекуляция қилишга йўл қўйишмади. Аммо ке-йинги воқеалар ҳеч ким кутмаган йўналишда ривожлана бошлади ва буларнинг барчаси чемпионат стартига 2 ҳафта қолганида Роберто Манчинининг кетиши билан тугади.
Бунинг сабаби ҳайрон қоладиган даражада оддий бўлиб чиқди - янги мулкдорлар Манчинига шартномани янгилашни таклиф қилишган, аммо бир шарт билан - алленаторе бундан кейин клубнинг трансфер сиёсатига аралашмаслиги керак. Бироқ ҳеч бир ўзини ҳурмат қиладиган мураббий бундай талабга рози бўлмайди, жумладан, Роберто ҳам. Ахир «Интер»да бир эмас, икки эмас, нақд олти мавсум ишлаган бу мураббий клуб коллек-циясини кўплаб «ўлжа»лар билан бойитгани ҳам бежиз эмас-да. Suning Group ҳозирча биринчи, аммо энг катта хатосини англаб етмаяпти, зеро мураббийни трансфер бозоридан мосуво этиш алал-оқибат яхшиликка олиб келмаслиги аниқ. Бундай сиёсат бир вақтлар «Милан»да ҳам кузатилган ва бу клубни 5 йил ҳеч қандай мукофотсиз қолдирганди.
Шу ўринда яна бир эътиборга молик жиҳат: «Интер» ҳам айнан шунча йил ғалаба нашидасини сурмади. Нерадзурраларнинг сўнгги ғалабаси - копа Италиядаги ютуқ бўлиб, у ҳам Леонардо даврига тўғри келади. Жозе Моуриньо, треблда муваффақият қозонгач, қора-кўкларни клублар доирасида жаҳон миқёсида чўққига олиб чиқди, ке-йин эса кутилмаган тезликда қулаш бошланди. Мураббийлар (Рафаэль Бенитес, Леонардо, Жан Пьеро Гасперини, Клаудио Раньери, Андреа Страмаччони ва Вальтер Маццари - улар сўнгги тўрт йилда клуб бошқарувида ўтиришга улгуришди) қўлқоп сингари алмаштирилган бўлса-да, «Интер»нинг ўйинида ўзгариш бўлмади, салбий натижалар ортиб борди. Дарвоқе, Маццари давридаги «Милан»га бундай баҳо бериш нотўғри бўлса керак: «Наполи» экс-мураббийи бошчилигида «илонлар» 2014 йили кучли бешликка қайтишди, аммо келгуси мавсумдаги омадсиз старт мураббийлар штабидаги навбатдаги ўзгаришга сабаб бўлди: Эрик Тохир Роберто Манчини хизматларига эҳтиёж сезди. Оқибатда, Манчо олдинги мураббийлар хатосини тўғрилашига тўғри келди ва шу даврда ундан қисқа фурсатда арзирли натижани кутиш нотўғри бўларди. Шундай бўлди ҳам, ўртача таркибга эга бўлган Роберто жамоаси мавсумни 8-ўринда якунлади.
«Интер» мухлислари жорий мавсумдан катта нарса кутишаётганди. Ўтган мавсумда босимдан қутулишга муваффақ бўлинди, бироқ индонезиялик бизнесмен катта маблағ совуришни хоҳламади ва асосан, таваккалчиликка интилди.
Клуб президентининг иши билан сўзлари бир-бирига тўғри келмаслиги жудаям камдан-кам учрайдиган ҳолатлардан. Тохир ҳам 2 йил давомида «А» серияси ва Чемпионлар Лигасидаги дастлабки икки ўрин ҳақида гапираркан, бот-бот Манчинини ўз одами эканлигини таъкидлади, унга ишонишини айтди. Амалда эса Роберто учун жуда кам нарса қилди. Сўнгги 2 йилда Яя Турени харид қилиш орзуси билан яшади - алленаторнинг режасида ивуариялик марказдаги мобилликни мустаҳкамлар, айнан шу нарса жамоага етишмаётганди. Оқибат эса - Жоффри Кондогбия билан кифояланишга мажбур бўлинди.
Ўтган мавсумдаги 4-ўрин - нерадзурроларнинг Моуриньо кетганидан кейинги энг яхши натижалари. Манчинини бўшатиш, боз устига чемпионат бошланишига 2 ҳафта қолганида бу ишга қўл уришни ҳайрон қоладиган ишгина эмас, узоқни кўра билмай босилган қадам деб аташ мумкин. Ҳа, мухлислар ва раҳбарият янада кўпроғини талаб қилишлари мумкин эди: «Интер»нинг ўйини идеал даражадан анча йироқ, услуб лигадаги жамоаларнинг ярмидан ҳам паст, ғалабалар қийинчилик билан қўлга киритилмоқда. Ҳатто қишдаги ва баҳор бошланишидаги инқирозда (ўшанда «илонлар» етакчилик позициясидан - кучли учликдан кутилмаганда пастга «шўнғишганди») ҳамманинг бош мураббийдан ҳафсаласи пир бўлиб турганида, Тохир клубнинг асосий юлдузи сўзсиз Роберто эканлигини такрорлашдан чарчамади, айнан у жамоани бош орзу сари етаклашига ишонишини айтди. Аммо ёзги трансфер бозорида «Интер»да яна фаоллик сезилмади, Эркин ва Банеги ҳамда етакчилик позициясини анчайин бой берган Антонио Кандревлар тимсолида эркин агентлар билан шартномани имзоланди, холос...
Хитойлик инвесторларда эса лойиҳани ривожлантиришда янги режалар борлиги аниқ. Улар ёз охиригача 50 млн.ни икки харидга сарф этишмоқчи, фақат биргина шарт билан - келажакда мураббий клубнинг трансфер сиёсатидан йироқда бўлиши керак. Бу гап қанчалик жиддий эканлиги эса маълум: Манчини - out, де Бур - in.
Франк де Бур ҳали-ҳамон ўз новаторлик ғоялари билан замонавий футболга таъсир ўтказадиган ёш мураббийлардан саналади ва «Интер» ҳам бундан ҳоли эмас. Ҳақиқий голланд сингари де Бур ҳам ҳужумкор футбол тарафдори. Тўпни назоратда ушлаб турадиган, комбинацион ўйинга эга бўлган унинг жамоалари шу жиҳати билан бошқалардан ажралиб туришади. Масалан, «Аякс» қаторасига тўрт бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. «Интер»да ҳам айнан фаоллик етишмаслиги кузатилмоқда: барчани зериктирадиган қуруқ ўйин, масвумда киритилган 50та гол эса жамоа тарихидаги энг салбий натижадир.
Очиқ тан олиш керак, «Интер»нинг кўплаб мухлислари Манчинининг истеъфосидан хафа эмас, аммо де Бур тайинланиши уларни хурсанд қилиб юборди, деб ҳам бўлмайди. Агар Робертога эшикни кўрсатиш керак бўлгани-да, бу ишни май ойи охирларида қилиш керак эди, аммо асло мавсумолди тараддуди финалида эмас. Шу билан бирга, янги тайинлов яна бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради: хорижлик ёш мутахассис бир жамоа билан ишлаш тажрибасига эга холос. «Ювентус»нинг 5 йиллик гегемонлиги давом этаётган паллада хорижлик мутахассисга Италияда осон бўлмаслиги ҳам аниқ. Бунга қўшимча равишда, «Ювентус» фақатгина мамлакат кубоги билан чекланиб қолишига одамнинг ишонгиси келмайди. «А» сериясидаги голландиялик биринчи мураббий Кларенс Зеедорф Сильвио Берлускони билан муносабатларни йўлга қўёлмади, Синиша Михайловичнинг клуб билан боғлиқ тақдири ҳам шундай ниҳоясига етди. Руди Гарсия шарманда бўлганча Римга қайтди, Паулу Соуза бўлса «Фиорентина»даги дебют мавсумида фақатгина 5-ўрин билан кифояланди, Раф Бенитес тўғрисида эса оғиз очмаган маъқул.
21 август санасида «Интер» «А» сериясидаги илк баҳсини Веронада ўтказди. Бунга қадар Франк де Бурда жамоани ўрганиш, мавсумолди тайёргарлигини ўтказиш учун оз бўлса-да фурсат бўлди. Якуний хулоса чиқаришга эса ҳозирча эрта. Мавсум давомида Suning Group мутахассисларининг Роберто Манчини билан боғлиқ муаммони ҳал этишга оид шошилинч чиқарган қарорлари нечоғли тўғри бўлганини кўришимиз шубҳасиз.
И.ОБИДОВ тайёрлади.
Комментарии