Турдалиев, Ёрбеков, Камолов ва бир қатор футболчилар “Цементчи” йиғинида
04 авг 2015 20:00
Новости
Турдалиев, Ёрбеков, Камолов ва бир қатор футболчилар “Цементчи” йиғинида
Абдумалик Ҳакимов ва Илҳом Зайлобидинов бошқарувидаги жамоа иккинчи босқич баҳсларига ҳам катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрмоқда. Мураббийлар штаби давралар оралиғидаги танаффусдан унумли фойдаланган холда, таркибга янги футболчиларни қўшиб олишни мақсад қилган.
Хусусан сўнгги йилларда “Бухоро” дарвозасини қўриқлаб келаётган Фаррух Турдалиев айни дамда қувасойликларнинг йиғинида бўлиб турибди. Асли фарғоналик бўлган футболчи, давралар оралиғида бухороликлар билан хайрлашганди.
Ундан ташқари “Нефтчи”нинг ёшлар жамоасида ўйнаб келаётган ярим ҳимоячилар Жаҳонгир Дадабоев, Нодирхон Камолов ва Абдуллажон Мирзаев ҳам “Цементчи”га ижара асосида ўтди.
Биринчи лига қатнашчиси “Косонсой”дан эса иқтидорли футболчи Давлатбек Ёрбеков ҳам бугунги кунда қувасойликларнинг машғулотларида қатнашмоқда. Шунингдек биринчи лигада “Қўқон-1912” таркибида харакат қилган ва охирги пайтларда жамоасиз юрган Даврон Маматов ҳам ўз омадини “Цементчи”да синаб кўришга аҳд қилган.
Юқорида номлари келтириб ўтилган футболчилар ҳозирча кўрикдан ўтаётганини таъкидлаш лозим.
Жамоа сафини тарк этган футболчилар ҳам йўқ эмас. Шердор Туронов, Аслиддин Соипов, Аслиддин Исроилов, Рустам Абдуҳамидов, Хожимурод Насриддинов каби футболчилар билан хайрлашилди.
Бугун “Цементчи” Фарғонада синов-назорат учрашувида майдонга тушди. Фарғона давлат университети стадионида (собиқ “Спартак”-муаллиф) иккинчи лига қатнашчиси “Футбол-Инфо”га қарши кечган ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилди.
Голларга қувасойликлардан Акмали Раҳимзода билан Давлатбек Ёрбеков муаллифлик қилган.
Исломбек Рустамбеков.
Комментарии