Шиддатли ўтаётган Ла Лиганинг 9-тури учун превью
06 ноя 2020 12:40
Новости
Шиддатли ўтаётган Ла Лиганинг 9-тури учун превью
Аммо 10-турга қараб кетиляптики ҳали қизиб олмаган жамоа қолмаганига шубха йўқ. Жилла қурса халқаро майдонда ҳаракат қилаётган жамоаларнинг натижасига ўйин амалиёти йўқлигини эмас, балки уларнинг учрашувлари сони кўплигини келтириш ҳам бироз ноўрин. Бизнинг олдимизда Испания чемпионатининг 9-тури, хўш қандай баҳслар бизни кутмоқда. Шошманг, ўзи 8-турда нима бўлганди?
“Кучли тўртлик” учун курашаётган “Гранада” пастки поғонада жойлашган “Леванте”ни ўз уйида мағлуб эта олмади (1:1). Бартомеунинг кетиши “Барселона”га фойда ёки зарар бўлганини муҳокама қилишга ҳали эрта. Каталонияликларнинг натижаси ҳамон яхшиланмаяпти. ЕЧЛнинг ҳар турида ғалаба қозонаётган жамоа чемпионатдаги иштироки суст. Аввалроқ “Эль классико”да мағлуб бўлган бўлса, ўтган турда “Алавес”ни енга олмади (1:1). Турнирда энг кам гол ўтказиб юбораётган “Атлетико Мадрид” ўтган турда ғалабага эришди ва чемпионатдаги иккинчи голини ўтказиб юборди. Халқаро майдонда ҳам ишлари жойига тушаётган Мадриднинг бошқа жамоаси “Реал Мадрид” “Уэска” устидан ишончли ғалабага эришди бироқ бир ўйин камлиги ҳисобига турнир жадвалида иккинчи поғонада. “Кадис” келаси йили Еврокубокларда иштирок этадими? Нега йўқ?! Ўтган турда улар меҳмонда “Эйбар”ни мағлуб этишди ва 5-ўринни эгаллаб турибди.
Келаётган 9-турнинг ҳам бизга тайёрлаётган совғалари, чиройли учрашувлари олдимизда кутиб турибди. Келинг ушбу тур ўйинларига тўхталамиз:
06.11 01:00 (Тошкент вақти) “Эльче” – “Сельта”
Мазкур баҳсда иштирок этувчи жамоаларга эътибор қаратсак турни ҳолатни кўришимиз мумкин. “Сельта” 8 ўйин ўтказган бироқ натижалари яхши эмас (6 очко). “Эльче” эса рақибига қараганда яхши иштирок этяпти турнида (6 ўйин, 10 очко). Тўплар нисбатида икки жамоада ҳам минус ҳолат (“Эльче” – 6-7; “Сельта” – 5-14). 8-тур иккиси учун ҳам омадсиз кечди, иккиси ҳам йирик ҳисобларда мағлуб бўлди. Натижаларини яхшилаб олиш ва юқорига силжиш омилидан келиб чиқиладиган бўлса 9-турни бошлаб берувчи ўйин қизиқарли кечиши аниқ.
Ўзаро ўйинлар: Ўтказилган 37 ўйинда икки жамоа ҳам бир хил 13 мартадан ғолиб бўлишган. 11 ўйинда эса муроса кўчаси танланган. Тўплар нисбати ҳам деярли яқин: 40-48.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Тете, Гвидо Каррило (“Эльче”). Давид Хунка, Уго Мало, Серхио Алварес, Кевин Васкес (“Сельта”).
07.11 20:15 (Тошкент вақти) “Барселона” – “Бетис”
Бу мавсум ўзига ўхшамаётган “Барселона” чемпионатдаги натижаларини қачон яхшилайди? Сўнгги ўйинларда ғалаба нималигини билмай келаётган Роналд Куман шогирдлари ҳали бирор марта дурангга имзо чекмаган “Бетис” билан ўйнайди. Гранд жамоаларга қарши ўйинларда қандай ўйнашни яхши бўладиган жамоа бу баҳсда ҳам “Барселона” учун бош оғриқ бўлиши турган гап. Бундан аввалги ўйинда ўз майдонида ғолиб бўлганликлари уларга янада куч бериши табиий, тағин муаммолар гирдобидаги “кўк-анорранглилар”га қарши. Қизиқарли кечиши кутилаётган ўйиндаги натижа икки жамоанинг ҳам эгаллаб турган ўрнига таъсир ўтказади албатта.
Ўзаро ўйинлар: Ла Лига доирасида бўлган 108 ўйиннинг 66 тасида “Барселона” ғалаба қозонган бўлса, 21 тасида “Бетис”нинг қўли баланд келган. Яна 21 учрашувда эса дуранг қайд этилган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Самуел Умтити, Филиппе Коутино (“Барселона”). Сидней, Андрес Гуардадо, Дани Мартин, Хуанми, Виктор Камасара (“Бетис”).
07.11 01:00 (Тошкент вақти) “Атлетико Мадрид” – “Кадис”
Турнинг марказий ўйини ушбу турни якунлаб берувчи “Реал Мадрид” – “Валенсия” ўйини бўлади деяётган мухлис ҳукм чиқаришга шошилмагани маъқул. Ҳа, марказий учрашув Мадридда бўлади, бироқ пойтахтнинг бошқа жамоаси – “Атлетико Мадрид” иштирокида бўлиб ўтади. Турнир жадвалида ёнма-ён, очколари ўзаро тенг икки жамоанинг ҳам. Ушбу ўйиндаги ғалаба 3 очко олдинга илдамлаб кетишига сабаб бўлиши аниқ. “Кадис” рақибига нисбатан 2 ўйин кўп ўтказганини инобатга олсак кейинчалик ҳам мадридликлар олдинга ўтиб кетишлари мумкин, аммо ўзаро ўйиндаги ғалаба ҳам зарур. Ўтган турда иккиси ҳам меҳмонда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади ва бу ўйинга “оч бўридек” келишган. Турнинг марказий учрашувига марҳабо!
Ўзаро ўйинлар: Ла Лигада ўзаро 24 учрашув ўтказилган. Шундан 14 баҳсда “Атлетико М” ғалаба қозонган бўлса, 5 баҳсда “Кадис”. Яна шунча учрашувда томонлар муроса кўчасини танлашган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Диего Коста, Шиме Врсалько (“Атлетико Мадрид”). Алберто Переа, Нано, Исаак Карселен, Маркос Лопес (“Кадис”).
08.11 20:15 (Тошкент вақти) “Реал Сосьедад” – “Гранада”
Чемпионат бошланишидан аввал турнир пешқадамлигига давогарлар рўйхатини сиздан сўрашганида “Реал Сосьедад”ни қўшармидингиз? Бугун эса шу жамоа турнир жадвалида энг юқорида ўринда. Балки учрашувлар сони бўйича бошқалар ундан кам ўйнагандир аммо ҳозирги статистика шундай. Масалан бу турдаги рақиби – “Гранада”. Бу жамоа 7 ўйин ўтказиб 14 очкога эга. Ўзаро ўйинда ғалаба қозониб ва яна бир ўтказилиши аниқ бўлган учрашувда ҳам 3 очкони қўлга киритса “Реак Сосьедад”дан ўзиб кетиши аниқ. Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда мезбонлар ҳам ғалабага интилиши табиий ҳолат. Қўшимчасига ўтган турда ғалабага эришган жамоа, 8-турда ўз майдонида дуранг ўйнаган “Гранада” билан ўйнайди. Йўқотилган очколарни ўрнини қоплаш кераклигини тушунган меҳмонлар эса ғалаба қозонмаса бўлмайди. Олдинда қандай баҳс кутаётганини сездингиз-а?!
Ўзаро ўйинлар: Умумий ўтказилган 50 ўйиннинг 21 таси “Реал Сосьедад” учун аталган бўлса, 19 тасида “Гранада”нинг устунлиги билан якунланган. 10 учрашувда дуранг қайд этилган. Натижалар ҳам, ўзаро ўйинлар ҳам шу даражада яқин бўладими-э?!
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Игор Субелдия, Асер Илярраменди, Хосеба Салдуа, Атирс Аранбарри, Лука Сангали, Аритс Элустондо (“Реал Сосьедад”). Рамон Азиз, Нейдер Лосано, Виктор Диас, Карлос Нева, Кини (“Гранада”).
08.11 01:00 (Тошкент вақти) “Валенсия” – “Реал Мадрид”
Афиша жиҳатдан ТОП учрашув дейиш мумкин, бироқ бугунги кундаги натижаларга назар солсак бундай дейишимиз қийин. Аммо принспиал кечиши аниқ, шунинг ўзиёқ ўйинга бўлган қизиқишни орттиради, тағин учрашув “Месталья”да бўлиб ўтади. 8 ўйинда борйўғи 8 очко тўплай олган валенсияликлар Халқаро майдонда ҳам аста-секин натижаларини яхшилаётган, миллий чемпионатда чемпионлик учун курашаётган “Реал Мадрид”га қарши. Ўтган турда “Хетафе” билан жанговар ўйинда дуранг қайд этганди “Валенсия”. Ўз майдонида ўтган эди ўша учрашув ҳам, мана бу ўйин ҳам Валенсияда бўлиб ўтади. “Реал М”га эса ғалаба ҳар доимгидек сув ва ҳаводек зарур. Турнирда пешқадам бўлиб олиш имконияти мавжуд, мағлубият эса тескари реакция бериб юбориши мумкин. Ғалаба ва натижа зарур бўлган ўйин зерикарли бўлмайди-ку, шундай эмасми?!
Ўзаро ўйинлар: Катта тарихга эга жамоалар ўзаро 187 маротаба дуч келишган. Шундан 170 таси Ла Лига доирасидаги баҳслар. 48 ғалаба “Валенсия”га 3 очко тақдим этган бўлса, “Реал Мадрид” роппа-роса 100 марта ғалабага эришган. 37 марта дуранг. Тўплар нисбати: 209-316. Супер!
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Алваро Одриосола, Начо, Даниэль Карвахаль, Мартин Эдегор (“Реал Мадрид”).
Мазкур турда яна қуйидаги учрашувлар ҳам ўтказилади:
07.11 18:00 (Тошкент вақти) “Уэска” – “Эйбар”
07.11 22:30 (Тошкент вақти) “Севилья” – “Осасуна”
08.11 18:00 (Тошкент вақти) “Хетафе” – “Вильярреал”
08.11 22:30 (Тошкент вақти) “Леванте” – “Алавес”
08.11 22:30 (Тошкент вақти) “Вальядолид” – “Атлетик Бильбао”
Оғабек Самисов тайёрлади
Комментарии