"Мен Месси ёки супермэн эмасман" — ёши кичрайтирилгани гумон қилинган, 16 ёшида термада дебют қилган, Катанец қўл остида Ўзбекистонни мағлуб этган ва Аргентинага қарши ўйинда онасидан айрилган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз
22 дек 12:00
Новости
"Мен Месси ёки супермэн эмасман" — ёши кичрайтирилгани гумон қилинган, 16 ёшида термада дебют қилган, Катанец қўл остида Ўзбекистонни мағлуб этган ва Аргентинага қарши ўйинда онасидан айрилган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз
Башар 1996 йилнинг 22 декабрида Бағдодда спортчилар оиласида дунёга келган. Унинг отаси Ресан Бонян 70-йилларда "Ал Сикка" ва "Ал Завра" жамоаларида тўп тепган. Ироқ терма жамоаси билан ва 1973 йил Фаластин кубогида 4-ўринни эгаллаган. Бироқ отаси футболда ўзи кўзлаган мақсадларга эриша олмади ва фаолиятини эрта якунлади. Шундан сўнг ўғлига ўзининг яқин дўсти ва Ироқ терма жамоасидаги собиқ жамоадоши Башар Рашид шарафига Башар дея исм қўйди.
Баъзи хориж манбаларининг ёзишича, унинг онаси турк миллатига мансуб бўлиб, гимнастика билан шуғулланган.
Гарчи Википедия маълумотларида у дастлаб Амо Баба номидаги маҳаллий футбол мактабида таҳсил олгани қайд этилган бўлса-да, мендаги маълумотларга кўра, Ресан ундан аввалроқ, 7 ёшида Туркиянинг "Фенербаҳче" футбол академиясида таҳсил олишни бошлаган ва жамоа билан ёшлар лигасида чемпионликни қўлга киритган. Кейинчалик Ироққа қайтиб келган. Амо Баба номидаги мактабда икки йил таҳсил олгач, машғулотларни "Ал Қува" ("Эйр Форс")да давом эттиради. 2011 йил эса клуб билан профессионал шартнома имзолайди. Унинг шартнома имзолаш тарихи ҳайратланарли, ҳатто бироз ишониш қийин. 2010-2011 йилги мавсумда 14 ёшли Башар ўзидан анча катта болалар билан ўйнаётган ўсмирлар жамоасидан танлаб олинди. Жамоанинг бош мураббийи Тоир Аҳмад ва унинг ёрдамчиси Волид Доҳид ёш йигитчанинг ўйинларини кузатиб, уни асосий жамоа билан машғулот ўтказиш учун таклиф қилишди. Шу тариқа, Ресан қарийб 100 йиллик тарихга эга клуб билан шартнома имзолаган энг ёш футболчига айланди.
Менинг футболга киришим бошқа ироқлик футболчилардан фарқ қилмайди. Футболчи сифатида шаклланишимда отамнинг ўрни беқиёс. Барчага маълум, отам терма жамоанинг собиқ ўйинчиси бўлган ва иқтидорларни кашф этишда зийрак ва зеҳнли инсон бўлган. Албатта, кейинчалик футболчи сифатида шаклланишимда Амо Баба мактаби ва "Эйр Форс" ёшлар жамоаси катта роль ўйнади.
Бундан ташқари, у Ироқнинг турли ёшдаги терма жамоаларида тўп тепа бошлади. 16 ёшида Бирлашган Араб Амирликлари яшил майдонларида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган Ресан 17 ёшга тўлишига бир неча ой қолганида миллий терма жамоа сафида Перуга қарши ўйинда дебют қилди.
Ресаннинг кутилганидан ўта тез тарзда юксакликка чиқиши кўпчиликнинг ҳаваси билан бирга шубҳаланишига сабаб бўлди, яъни ака-укалардан иборат оила вакилининг ёши кичрайтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар янграй бошлади. Мамлакат футболида бундай ҳолат жуда кўп учраб турарди. Iraqsport нашри журналисти Раван ал Наҳи Башар Ресан аслида 1993 йил таваллуд топганини, гарчи пасспортига 1996 йил қайд этилган бўлса-да, унинг оила реестрида 1993 йилда туғилган эканлиги ёзилганини, футболчини терма жамоадан четлатиш лозимлигини ёзди. Ҳатто у Рио Олимпиадасидан четда қолиши мумкин эди. Бироқ футболчи ва расмийлар айбловларни инкор этишди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи "Эйр Форс" таркибида 2017 йилга қадар тўп тепди ва бу вақт ичида Ироқ чемпионатида, кубоги ва ОФК кубогида бош совринларни қўлга киритди.
2016 йил футболчининг Шотландия клубларидан бирига ўтиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди, бироқ трансфер амалга ошмади.
2017 йил Ресан Эроннинг "Персеполис" клуби билан икки йиллик шартнома имзолади. Янги клубидаги дебютини 17 сентябрь куни "Пайкан"га қарши ўтказган ҳужумкор ярим ҳимоячи илк мавсумда етарлича ўйин амалиётига эга бўлмади. Иккинчи мавсумида эса ўз иқтидорини намоён этиш имконияти пайдо бўлди. У дастлабки голини "Сайпа" дарвозасига урди. Шартномасини эса яна бир мавсумга узайтирди. 2020 йилнинг декабрида футболчи клуб билан келишувини бекор қилди ва "Қатар СК" таркибига бориб қўшилди.
Ресан "Персеполис" билан уч мартадан Эрон Про лигасида ва суперкубогида ҳамда бир марта Ҳазфи кубогида ғолиб бўлди. Шунингдек, 2018 ва 2020 йилги Осиё Чемпионлар лигаси финалларига қадар етиб бориб, ҳал қилувчи ўйинларга имкониятни бой берди. Ресан "Персеполис" сафида 2020 йилги Осиё Чемпионлар лигаси чорак финалида "Пахтакор"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган. Жалолидддин Машариповнинг 15-дақиқадаёқ четлатилиши оқибатида тошкентликлар бир киши кам бўлиб қолганди. Бунинг натижасида қўшимча устунликка эга бўлган форслар якунда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритган. Ўша йили у овоз бериш натижаларига кўра, Осиё Чемпионлар лигасининг энг яхши ярим ҳимоячиси деб топилди.
Қизиғи, Ресан "Персеполис"ни Осиё Чемпионлар лигаси финалидан кейин тарк этган ва жамоа билан бирга Эронга қайтмаган. Кейинчалик "Қатар СК" таркибида тўп тепиб юрган кезларида ҳордиқ чиқариш учун Эронга борган ва солиқ муаммоси туфайли бир муддат мамлакатдан чиқиб кета олмаган. Гап шундаки, Эрондаги уй йиллик фаолияти давомида "Персеполис" клуби унинг солиқларини тўламаган, бу эса муаммо келтириб чиқарди. Шундан сўнг, Башар собиқ клубидан унинг муаммосини ҳал қилишини сўраб, мурожаат йўллади. Агар у Чемпионлар лигаси финалидан сўнг Эронга қайтганида, шунчаки Теҳрондан бошқа мамлакатга чиқа олмаган бўларди.
"Қатар СК" клубида ҳам уч мавсум тўп тепган Башар бир муддат Қатарнинг бошқа жамоаси — "Ал Марҳия" шарафини ҳимоя қилди ва "Эйр Форс"га қайтди.
"Эйр Форс" футболчилари жамоа ОЧЛ-2 доирасида ўз майдонида "Ал Таавун"га мағлуб бўлгач, мухлислар эътироз ва ҳақоратларига сабаб бўлди.
Бундай томошабинлар мухлислик учун стадионга ташриф буюришади деб ўйламайман. Бу жиҳат футболчиларга қўшимча босим юклайди. Менга нисбатан ҳам шундай ҳақоратлар янгради. Тўғри, биз мағлубиятга учрадик ва бунинг учун мухлислардан кечирим сўрашимиз керак. Бироқ футболчилар имкониятлари даражасида ҳаракат қилишди, бундан ортиғини намойиш эта олишмайди. Мен Месси ёки супермэн эмасман, салбий натижа юзага келишида баъзи ишқибозларнинг ҳам айби бор.
2024 йилнинг 13 декабрь куни Башар Ресан "Пахтакор" клуби билан бир йиллик шартнома имзолади.
Ресаннинг Ироқнинг турли ёш тоифаларида тўп тепгани ҳамда милли терма жамоадаги дебюти тўғрисида юқорида айтиб ўтдик. У мамлакатнинг олимпия терма жамоаси билан 2014 йил U-22 Осиё чемпионатида шоҳсупага кўтарилди. Шундан cўнг, футболчи олтин медалини 2014 йилда Спейчер қирғинида ҳалок бўлган 1700 ироқлик аскардан бирининг онасига топширди. Миллий терма жамоаси сафида у ҳозирга қадар 50 дан ортиқ ўйинда майдонга тушди. Шу жумладан, у терма жамоани салкам уч йил бошқарган словениялик Сречко Катанецнинг муҳим фигураларидан бирига айланди.
Катанец ҳақида гапирадиган бўлсам, миллий терма жамоа билан эришган натижалари бу инсонга берган ҳақиқий баҳом бўла олади. У техник жиҳатдан малакали мураббий бўлиб, бошқаларнинг гапига қулоқ солмайди, балки ишонч билан у ёки бу футболчига таянади. У кучли шахсиятга эга ва ўзининг ноёб тактик режалари билан ажралиб туради. Унинг муваффақияти биз ва миллий терма жамоамиз учун муваффақиятдир. Биз уни ва миллий терма жамоамиз бошқарувида турган ҳамда барча ироқликларни мамнун этадиган натижаларга эришадиган ҳар қандай мураббийни қўллаб-қувватлаймиз.
Катанец қўл остида Башар Ироқ терма жамоаси билан Тошкентда ўртоқлик учрашуви доирасида мураббийнинг айни дамда бошқараётган жамоаси Ўзбекистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур учрашувда Ресан ўта фаол ҳаракатлари билан ажралиб турди, бироқ кўплаб қулай имкониятларни кўкка совурди.
Ўзбекистон кучли жамоа, бу жамоанинг таркибида кучли лигаларда иштирок этадиган профессионал футболчилар тўп тепади. Бундай тажрибали жамоага қарши қийин ўйин ўтказдик. Жамоамиз сўнгги дақиқаларгача ҳушёрликни йўқотмади. Мен жуда қулай имкониятлардан фойдалана олмадим. Бу вазиятларда бироз шошқалоқликка йўл қўйдим. Чунки Катанец қўл остида ҳужумчи ампуласига мослашишга ҳаракат қиляпман. Кейинги ўйинларда хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Биз мураббий истаган кўрсатмаларни бажардик. Мазкур ўйин барча учун фойдали бўлди, деб ўйлайман.
2018 йил Башар Ироқ терма жамоаси таркибида Аргентинага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Бироқ бу кун футболчи ёрқин эмас, қайғули хотира билан эсланадиган бўлди. Гап шундаки, Саудия Арабистонида ўтказилган беллашув бошланишидан бир неча соат илгари Башарнинг касал онаси ҳаётдан кўз юмди. Отаси муҳим ўйин олдидан ўғлининг қайғуга ботишини истамади ва бу ҳақда унга айтмаслиги кераклигини мураббийлардан сўради. Футболчиларнинг мобил телефонлари ўйиндан олдин йиғиб олинди, шу сабабли, Ресан воқеадан хабар топмади. Бироқ бу воқеадан мухлислар интернет орқали хабардор бўлиб улгуришганди. Ўйин давомида томошабинлар унга кўпроқ урғу бериб, тасалли бериб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимда ажойиб ўйин кўрсатган Башар иккинчи бўлимда мухлисларнинг ишораларидан гап нимада эканлигини тушунди. Буни пайқаган Катанец уни захирага олди. Ярим ҳимоячи олқишлар остида майдонни тарк этди...
Ўша кунни ҳеч қачон унутмайман. Ёшлигимдаёқ онамни йўқотиш мен учун жуда оғир эди. У мен учун ҳам она, ҳам дўст эди. Бошқа футболчилар онамнинг вафот этганини билишарди, лекин улар менга руҳий таъсир ўтказмаслиги учун буни сир тутишди ва Аргентинага қарши ўйинда иштирок этдим.
Оилам билан 7 кунлик аччиқ мотамдан сўнг Эронга қайтдим ва "Ал-Сад" билан ўйин олдидан бор-йўғи бир-иккита машғулотда қатнашдим. Мен бир вақтнинг ўзида ҳам қайғуда, ҳам хурсанд эдим, чунки онам ҳар ўйиндан кейин менга биринчи бўлиб қўнғироқ қиларди, аммо "Ал Садд"га қарши Чемпиолнлар лигасида ғалабали беллашув унинг вафотидан кейинги биринчи ўйиним бўлган. Финал ҳуштаги янграганидан кейин мен у билан бошқа гаплаша олмаслигимни ва вазият мен учун даҳшатли эканини англадим...
"Персеполис" футболчилари эса чемпионат доирасидаги навбатдаги ўйин олдидан Ресанни қўллаб-қувватлашди.
Футболчи майдондаги хатти-ҳаракатларидан ташқари майдон ташқарисидаги фикрлари билан ҳам фаол. У ҳазил қилишни яхши кўради. Пандемия даврида у Instagram орқали тез-тез жонли эфирда чиқиш қилган. Шундай чиқишларнинг бирида Шаян Мослеҳнинг карантинда ҳаддан ташқари вазн тўплаганини ҳазилга олган.
Шаян жуда яхши йигит. Мен у билан икки йил хонадош бўлиб, китобдан боши чиқмаслигига гувоҳ бўлардим. Унинг кунига тўрт соат китоб ўқишига ишона оласизми? У ўз китобларидан биттасини менга совға қилган, лекин уни очиб кўрганим йўқ, қаерда эканлигини ҳам билмайман. Мен унга айтдим, бу китоб форсча бўлса, унга қандай тушунаман? Карантин пайти унинг машғулот олиб бораётганини кўрдим. Ўшанда унинг қорни шунчалик олдинга чиқиб кетгандики, бошқоронғи аёлга ўхшаб қолганди (кулади). У жуда ақлли ва қувноқ йигит.
Шунингдек, у жамоадоши, хорватиялик дарвозабон Божидар Радошовичнинг карантин даврида сочини буткул олдирган услубига шундай изоҳ берди:
Тўғри, у келишган йигит ва бу услуб унга ярашаверади, аммо менга ярашмайди. Биласизми, бир марта сочимни шундай кўринишда олдирганман ва бу менга омадсизлик келтирган. Калдерон эса менга қараб шунчаки: "Бор, захира ўриндиққа ўтир!" деган. Ўйлашимча, шу туфайли тўрт ҳафта давомида захира ўриндиқда қолиб кетганман. Бош мураббий Габриэль Кальдерон (у тепакал эди) менга ўқрайиб қараб, шунчаки: "Бор, захира ўриндиққа ўтир!" деган. Ўйлашимча, шу туфайли тўрт ҳафта давомида захира ўриндиқда қолиб кетганман.
Сержило ва моҳирона ўйинлари туфайли Башар Ресан Ироқнинг 2019 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди.
Ироқлик футболчи жаҳон юлдузларидан Зинедин Зидан, Криштиану Роналду ва Анхель Ди Мариянинг, клублардан эса "Реал Мадрид" мухлиси ҳисобланади. Унинг янги клубидаги фаолиятида омад тилаймиз.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Комментарии
Ўзими бу қўзими бу?