Футбол мухлислар учун!
15 мар 2014 09:00
Новости
Футбол мухлислар учун!
Ҳар мавсум бошида барчамиз ушбу йили бошқача чемпионат кўрамиз деб умид қиламиз. Бу табиий.
Умумий олиб айтганда, бошқача дедим. Ҳар доим чемпионатимиз камчиликларию, ундаги минус ҳолатлар ҳақида кўп ва хўп гапирамиз. Танқид қилишга устамиз. ОАВ ходимлари ҳам, мухлислар ҳам танқидни жойига қўйиб қўямиз.
Шахсан мени қизиқтираётган энг муҳим жиҳат, бу стадионларимизга келадиган мухлислар ташрифи. Бу энг керакли ва оғриқли нуқтамиз.
Мухлислар жамоаларингизни қўллаб-қувватланг!
Футбол бу мухлислар учун. Футболни энг асосий жозибаси бу стадионга йиғилган минг-минглаб мухлислардир. Агар стадионда мухлислардан кўра, бўм-бўш ўриндиқлар кўп бўлса, унда ҳар қандай беллашув ҳам ўз жозибасини йўқотади. Сўнгги йилларда юртимиз стадионларини мухлислар билан тўлиб-тошганини эслолмайман. Ўша биз билган водий ва воҳалик ишқибозлар ҳам ўз жамоалари ўйинида стадионларни тўлдира олишмаяпти. Тўғрироғи, уларда бунга хоҳиш йўқ. Қани ўша биз билган 2000-2006 йиллардаги ажиотажлар ва футбол куни стадиондаги "пробка"лар? Наҳотки ўша ширин дамларни ортга қайтаришни иложиси бўлмаса? Менимча, бор. Ишонтириб айтаманки, ҳар бир футболга бефарқ бўлмаган мухлислар ҳам буни исташади. Лекин уларни истаги ҳақида ҳеч ким қайғурмаётгани уларни янада ғазаблантираётгандек, назаримда. Тўғрида, футбол мухлиси ҳам барча каби ишлайди. Уларни ҳам иш режими бор. Ҳамма ўз ишига маъсулият билан ёндошиши керак. Нега стадионларимизга мухлислар кирмай қўйди деган саволга бир нечта мисолларни келтириш мумкин. Ва уларни деярли барчаси ўринли.
Масалан:
1.Учрашувлар бошланиш вақтлари.
2.Стадиондаги шароитлар.
3.Ўйинлар ҳақида рекламалар йўқлиги.
4.Клублар томонидан мухлислар билан ишлаш услуби йўқлиги.
5.Мураббийлар ва футболчиларни мухлисларга бўлган муносабати.
Айнан мана шу жиҳатлардаги хато ва камчиликлар ҳам стадионларимизни кўримсиз бўлиб қолишига сабабдир.
1.Учрашувлар бошланиш вақти ҳар доим ҳар хил вақтда. Энг ёмони, ўйинлар 18:00дан эрта бошланиши. ПФЛ бу ҳақида яхшигина бош қотириб кўриши керак. Давлат ташкилотларида иш вақти асосан 18:00 да тугайди. Баъзи жойларда 19:00 да. Бизда эса учрашувларни асосан 16:00, 16:30, 17:00 ва 17:30 бошлаш урф бўлиб қолган. Ҳар қандай мухлис ўз иш вақти тугамасидан туриб, Олий лига ўйинларига бормаслиги аниқ. Ёз фаслида ўйинлар асосан 18:00да бошланади. Ёздаги об-ҳавони инобатга олиб, камида 19:00да белгилаш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу мухлислар учун энг қулай вақт, назаримда. Бизда яна шундай ҳолатлар ҳам борки, баъзида жамоаларнинг кетиш рейслари ва кимнингдир шахсий иши юзасидан хоҳлаган пайти ўйин вақтини ўзгартириб қўяверишади. Бундай ҳолатлар жуда кўп учраган. Ўйинларни бошланиш вақтлари асосан ўйиндан бир кун олдин аниқ бўлади. Бошқа ерларда, хусусан Европада учрашувларни бошланиш вақти бир, икки ой илгари маълум бўлади ва шунга қараб барча ўз ишлари тугатишга ёки режалаштиришга ҳаракат қилади. Бу ҳақида яхшигина ўйлаб кўриш зарар қилмайди.
2.Стадиондаги шароитлар ҳақида гапирадиган бўлсак, пойтахт стадионларидан ташқари, қолган жойларда деярли шарт-шароитлар йўқ. Футбол ишқибозлар учун дам олиш маскани ҳам ҳисобланади. У ерда кўпчилик ишдан чиқиб боради. Стадионга борган мухлисни тамадди қилгиси келди, лекин стадионда бунга шароит йўқ. Бу қанақаси? Наҳотки чиройликкина қилиб стадион бурчакларида мухлислар учун егулик ва ичимлик сотадиган дасталарни ташкил қилиш қийин бўлса? Клубларимиз ўз ёзувларига "Professional club" ёзишдан аввал мана шундай катта ва кичкина деталларни инобатга олиб, шу ёзувга монандмизми, йўқми деб ўзларига савол беришсин? Мамлакатамизда чинакамига "Professional" клублар деярли йўқ. Пули бору, лекин истагми, хоҳишми, ёки ақлми билмадим. Нимадир етишмайдида. Бу ишлар аслида кичиккина муаммолар. Буларни баратараф этиш мумкин ва зарур. Лекин бизнинг клублардаги раҳбарлар бунга эътибор қаратишмайди. Ёзнинг жазирама иссиғида келадиган мухлис, танаффус пайтида чанқоғини қондириш учун нима қилиши керак? Тўғри айтасиз, ўйинни тугашини кутиши керак. Лекин у хоҳласа, тугамасидан аввал ҳам кетивориши мумкин. Бизда шундай одатлар бор, кичкина деталларни эътибордан четда қолдирамиз. Аслида эса айнан ўша кичкина деталлар катта бир муаммони келтириб чиқаради. Ўша кичкина деталлардаги эътиборсизликни деб, кичкина чемпионатга айланиб бормоқда Олий лигамиз.
3.Яна бир оғриқли нуқтамиз бу реклама. Мана бугун Олий лигамиз старт олади. Мамлакатимизнинг еттита бурчагида катта футбол байрами бошланади. Лекин бу ҳақида газета ва сайтлардан бошқа қаерда кўриш ёки ўқиш мумкин? Бу савол ҳам жавобсиз қолиши аниқ. Жавоби бор, биз учун урфга айланган "йўқ" деган жавоб. 21 асрда яшаяпмиз. Наҳотки клубларимизни стадионга мухлислар келадими ёки йўқ деган ташвиш қизиқтирмаса. Шуниси аниқки, улар бунинг учун ҳаракат қилишаётгани йўқ. Фан-клуб дегани бу бутун жамоа мухлислари дегани эмас. Нари борса, 50-100тача чиқади ўша фан-клуб аъзолари. Мини-футбол турини бўлагина бошқа гап эди. Мини-стадионни 100 тага яқин мухлислар билан “аншлаг” қилворса. Ўзи шундоқ ҳам, мухлислар орасида ҳазил-аралаш Олий лига ўйинларини футзал майдонларида ўтказилса, зўр “аншлаг” бўларди деган гаплар учраб туради. Футбол сайтлари ва газеталар орқали нари борса 5000 тача одам учрашувлар ҳақида маълумот олади. ТВ ва радиони эса миллионлаб одамлар кўради ва тинглайди. Шаҳар кўчаларидаги баннерлар орқали рекламалар илиш керак. Бир ҳафта илгари рекламаларни бошлаш керак. Бир кун қолганида эмас. Асосийси, рекламалар орқали мухлисларни жалб эта олиш керак. Ҳаракат қилиш керак.
4.Футбол клублари ва мухлислар ўртасида дўстона алоқалар йўлга қўйилиши лозим. Иш услубини яратиш керак. Футбол раҳбари мухлисларни тушуна олиши лозим. Бунинг учун ўша инсон ҳам футболни севиши ва мухлислар қатори куйиб-пишиши зарур. Клубдаги ҳолатни мухлислар билан бўлишиши ва керакли ёрдамни ола билиши керак. Жамоа ишқибозлари ва клуб ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаши лозим. Ана ўшанда тушунмовчиликлар келиб чиқиши камаяди. Жаҳон футболида бундай мисоллар жуда кўплаб топилади. Жамоанинг ҳар бир натижасидан сўнг, клуб раҳбариятига мухлислар бевосита мурожаат қила олади ва керакли ёрдамни сўраб ҳам олади. Ишқибозларни асосий вазифаси бу ўз севимлиларини оғир пайтда ҳам қўллаб туриши керак. Бунинг учун клуб ва мухлислар ўртасида яхши бир услуб яратилиши даркор. Умид қиламизки, яқин орада бизда ҳам айнан шундай иш услубини ярата олдиган клублар сони кўпайиб қолади.
Мураббийлар ва футболчилар орасида мухлислар талаб ва истагидан келиб чиққан холда ҳаракат қиладиганлари бармоқ билан санагулик. Бизда қайси мураббий ҳар бир ўйиндан кейин ўзи ва футболчиларини олиб, мухлислар олдига бора олади? Ғалаба қозонса, баъзи жамоалар ўз мухлислари олдига боришади. Кайфиятга қараб. Лекин мураббийлар орасида шунақалари борми? Бордир, лекин саноқли ва улар бу ишни мунтазам равишда қилишмайди. Ҳавога қараб кўчага кийиб чиқиладиган кийимдек. Жаҳон, хусусан европада ҳар бир жамоа футболчилари ўйин тугагач, натижадан қаътий назар, ўз мухлислари олдига бориб миннатдорчиликларини билдиришади. Бу ҳам аслида ҳақиқий профессионаллик. Мен ҳали ғалаба қозонганидан кейин мухлислари билан жамоа қўшиғини бирга куйладиганлар ҳақида айтмадим. Бизда бунақаси бўлиши жуда ҳам қийин масала. Ўйиндан сўнг, бизнинг футболчилар кийиниш хонасига ошиқишади. Агарда жамоаси ютқазиб қўйса, тезда майдонни тарк этишади. Қани мухлисларга миннатдорчилик, қани уларни келганига раҳмат. Футбол бу мухлислар билан футбол! Уларсиз ҳар қандай мега-юлдуз ҳам ҳеч ким. Баъзида ўйинчи алмаштирилганидан сўнг, мухлислар уни олқишлашади. Жавобан футболчидан қандайдир жавоб кутишади. Баъзи бирлари бу ҳолатга эътиборсизлик билан қарайди. Бундай футболчиларни профессионал демаган бўлардим. Бизнинг футболчилар ҳам мағлубиятни тўғри қабул қилишни, мағлубиятдан сўнг, бу ҳақида бош қотиришни ўрганишсин. Нега бундай бўлди, қаерда хато қилдим деган саволларни ўзларига беришсин. Ўйин тугагач, ўйинни эсдан чиқариб юбормасдан, керакли хулосаларни олишсин. Мухлислар олдига бориб, миннатдорчилик билдиришсин, тўғри уларни ичида айримлари бўлади, сўкадигани, тергайдигани. Бу футболнинг ёзилмаган қонунларидан бири. Футболчи чидаши керак. Ортиқча ҳиссиётларга берилмай, тўғри қабул қилиши керак. Мухлислар ҳам куюнганидан, ичи ачиганидан гапиради. Футболчиларимизда содиқлик деган тушунчаси камайиб кетди. Кўпчилик футболчилар деярли Олий лигамизнинг барча жамоалари сафида тўп тепиб чиқишди, чиқишмоқда. Бу борада яқинда рекорд қўйсак ажаб эмас. Футболчилар содиқ эмас, собиқ бўлиб танилишмоқда. Ўз жамоасига содиқ футболчилар кўпаяверсин!
Клубларимиз, мураббийлар ва футболчиларимиздан ушбу янги мавсумда яхши, чиройли ва қизиқарли беллашувларни кутиб қоламиз! Футболимизда ҳозир янги авлод вакиллари шаклланиб боришмоқда. Ушбу мавсумда Олий лигамизда яна бир нечта янги номлар, янги кашфиётлар пайдо бўлиши кутилмоқда. Барча-барчага омад ва зафарлар тилаб қоламиз! Яхши ва ёрқин ўйинлар билан ўз мухлисларингизни хурсанд этишдан чарчаманг! Футболимиз эса ривожланишда янги босқичга ўтиб, янги-янги марралар сари дадил қадамлар ташласин!
Шу ўринда мухлислардан илтимос, келинг янги мавсумни яхши ниятлар билан бошлайлик! Юртимиз стадионлари Сизлар билан гўзал ва жозибалик кўриниш олади! Футболчиларимизни, клубларимизни ҳар қандай вазиятда ёлғизлатиб қўймайлик! Уларга айнан Сизнинг кўмагингиз зарур! Олий лиганинг 1-турида барча стадионлар мухлислар билан тўлиб-тошибди деган гап бутун Ўзбекистон бўйлаб дув-дув гап бўлсин! Янги футбол байрамини байрамдек бўлиши аввало Сизларга боғлиқ!
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии