ЕВРО-2016. Ўзгаришлар ва кучга кирадиган ўйин қоидалари
04 июн 2016 12:00
Новости
ЕВРО-2016. Ўзгаришлар ва кучга кирадиган ўйин қоидалари
Футбол ассоциациялари халқаро мажлиси бир қатор қоидаларни ўзгартириш ҳақида қарорга келди ва Европа чемпионатидан бошлаб бу қоидалар кучга киради. Шу ўринда биз энг эътиборни тортадиган 10 ўзгаришни эслатиб ўтамиз.
Футболдаги энг асосий қоидалар 153 йилдан бери ўзгармай келади. Фақат қўшимча турли жиҳатлар ва баъзи ҳолатларнинг татбиқ этилиши борасида ўзгаришлар юз бериб туради. Қоидаларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига футбол ассоциациялари халқаро мажлиси эга бўлиб, унинг таркибига Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия, шунингдек, ФИФАнинг 4 нафар вакили киритилган. 2016 йил баҳорда ташкилот янги қоидаларни расман эълон қилди.
ЎЙИННИ БОШЛАШ
Учрашувни бошлаш учун жамоалардан бири тўпни майдон марказидан ўйинга киритади. Ҳозиргача илк тегиниш фақат олдинга бўлиши керак эди. Энди эса ўйинни бошлаётган футболчи тўпни исталган тарафга йўналтириши мумкин.
ЎЙИННИ ФУТБОЛГА БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН ҲОЛАТДА ТЎХТАТИШ
Ҳар бир спорт турида бўлгани сингари футболда ҳам турлича кўзда тутилмаган тўхталишлар рўй беради. Кўп марта ҳакамлар учрашувни жойидан силжиган бурчакдаги байроқ ёки ўйинчиларнинг либосларини тартибга келтириши учун тўхтатишганига гувоҳ бўлганмиз. Янги қоидада бундай сабабга кўра ўйинни тўхтатиш мумкин эмас. Шундай ҳолат юзага келган тақдирда ҳакам бу тўғрида учрашув назоратчисига хабар беради.
ЎЙИНДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТНИ ҚАЙД ЭТИШ
Кўп йиллардан бери футболда ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган футболчи туфайли белгиланган эркин зарба қаердан ижро этилиши борасида турли қўлланмалар мавжуд эди. Энди эса бундай вазиятларда тўп футболчи ўйиндан ташқари ҳолатда тўпни қаердан қабул қилган ёки тўп учун фаол курашган жойдан ўйинга киритиб берилиши кўзда тутилган.
ФУТБОЛЧИНИНГ МАЙДОНГА ҚАЙТИШИ
Жароҳат олиб майдондан чиққан футболчи ўйинга қайтиши учун бош ҳакамнинг рухсатини кутиб туриши, баъзида тўп майдондан ташқарига чиққунча кутганини етарлича кузатганмиз. Томонлардан бири шундай вазиятда тўп ўтказиб юборган тақдирда ҳакамга эътирозлар ҳам билдирилган. Бу ёғига майдон ташқарисидаги футболчи тўп ўйинда бўлган ҳолатда тўртинчи ҳакамнинг рухсати билан ўйинга қайта олади.
ЎЙИНГАЧА ҚИЗИЛ КАРТОЧКА
Ҳозиргача ҳакамлар футболчиларни ўйин бошлангандан кейингина қизил карточка билан жазолаш имкониятига эга эдилар. Янги қоидада жамоалар стадионга етиб келгандан кейин ҳакамлар уларнинг ўзини тутишини баҳолашга шароит яратади. Ҳакам учрашув бошлангунга қадар ўйинчини четлатиш ҳуқуқига эга. Фақат бундай вазиятда ўша ўйинчи ўрнига бошқа футболчи қайдномага киритилади.
ТИББИЙ ЁРДАМ ОЛИШ
Айни пайтда майдонда тиббий ёрдам олган футболчи бу жараён тўхтагач, майдондан чиқиб, кейин қайтиб кириши лозим. Энди эса қоидабузарга сариқ ёки қизил карточка кўрсатилган ҳолатда жабрланган ўйинчи майдонда тиббий ёрдам олгач, бемалол ўйинни давом эттириши мумкин. Унинг майдондан чиқиши талаб этилмайди. Бу қоида жамоалардан бири қисқа вақт сон жиҳатдан устунликка эга бўлишининг олдини олиш мақсадида киритилди.
МАЙДОНДАН ТАШҚАРИДАГИЛАРНИНГ ЎЙИНГА ТАЪСИРИ
Аввал захирадаги футболчи ёки клуб ходими рақибнинг хавфли ҳужуми пайтида вазиятга таъсир қилиб, ҳужумни тўхтатса, ўша жойдан эркин жарима зарбаси ёки баҳсли тўп ўйинга киритиларди. Бу эса қоида бузган жамоага енгиллик берилиши билан тенг саналарди. Бундан буён ҳакам шундай вазиятларда жарима зарбаси ёки қоида бузиш жарима майдони ичи ва ундан кейин содир этилса, пенальти белгилайди.
ЎЙИНДАН КЕЙИНГИ ПЕНАЛЬТИЛАР
Пенальти тепувчилар сони тенглаштирилади. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида олдинги қоидага кўра, майдондан четлатилган футболчининг жамоаси зарбаларни ижро тепишда бир нафарга камайиб қоларди. Энди эса ҳар икки жамоа таркиби тенглаштириб қўйилади. Яъни, рақибдан бирор футболчи пенальтилар тепишда иштирок этмайди. Бу сериянинг кетма-кетликда давом этишини таъминлайди.
БУРЧАК БАЙРОҚЛАРИДА ЛОГОТИПЛАР
Аввал бурчакдаги байроқларда клуб разми ва логоси акс этиши таъқиқланганди. Бу ёғига мезбон жамоа бемалол ўз логотипини байроқларга жойлаштириши мумкин. Олдин ҳам кўплаб жамоалар ўз рамзларини жойлаштириб келардилар. Бу расман амалга оширса бўладиган ишга айлантирилди.
РАҚИБГА МАЙДОНДАН ТАШҚАРИДА МУАММО ЯРАТИШ
Айни пайтгача икки жамоадан футболчилар майдондан ташқарига чиққан пайтда улардан бири бошқасига ўйинга қайтишга халал берган тақдирда ҳакам қоидабузарга сариқ ёки қизил карточка кўрсатиб, баҳсли тўпни ўйинга киритишга қарор қиларди. Энди қоида қаерда бузилганига қараб жарима зарбаси ёки пенальти белгиланиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Беҳзод Назаров
Комментарии