Элдор Шомуродовнинг "Машъал"даги биринчи мураббийи Отажон Авезовнинг дилидаги гаплари
01 дек 2020 13:04
Новости
Элдор Шомуродовнинг "Машъал"даги биринчи мураббийи Отажон Авезовнинг дилидаги гаплари
Шундай қилиб, Элдор Шомуродов Европа Топ-5 чемпионатида ва Италия А Сериясида гол урган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланди. Шу муносабат билан биз Шомуродовнинг "Машъал" академиясидаги биринчи мураббийи Отажон Авезов билан суҳбатлашдик.
- "Машъал" академиясидаги фаолиятингизни қандай ёдга оласиз? У ерга қандай қилиб бориб қолгансиз?
- "Машъал" академиясида ўтказган 18 йиллик фаолиятимни соғинч ва фахр билан эсга оламан, сабаб, мураббий сифатида шаклланишимда "Машъал" академиясининг ўрни беқиёс. Муборакка қандай бориб қолганман? Мен Бухоро вилоятида туғилганман, лекин ёшлигим Муборак шахрида ўтганлиги сабабли, биринчи футбол сабоқларини ҳам айнан "Машъал" футбол клуб қошидаги футбол мактабида марҳум мураббий, собиқ СССР спорт устаси унвони эгаси Борис Степанович Серостанов қўл остида олганман. Кейинчалик Муборак футболи учун жуда кўп ишларни амалга оширган, "Машъал" академияси асосчиларидан бири, Баҳром Бойжонович Давлатов таклифи билан "Машъал" академиясида мураббийлик қила бошладим.
"Машъал" ПФК дан миннатдорлигим шундаки, клубдаги фаолиятим давомида, олий маълумот ва ОФК нинг барча юқори мураббийлик лицензиялари учун ўқишимда ҳам клуб ёрдамини аямаган. Бунинг учун клуб раҳбари сифатида фаолият юритган Баҳром Бойжонович Давлатовга ва ҳозирги бош директори Илҳом Абдуғаниевич Қурбоновга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
- Қачон академиядан кетдингиз, бунга нима сабаб бўлди?
- "Машъал" академиясидан 2017 йилда, ПФК "Бухоро"га қарашли футбол мактабига, ўз вақтида "Машъал" академиясида бирга фаолият олиб борган мутахассис, ушбу футбол мактаб директори Жамшид Меҳмонович Ботиров таклифига кўра, футбол мактабига раҳбар ўринбосари вазифасига ўтганман. Ушбу мутахассис, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпиони, хозирда "Машъал" жамоаси дарвозабони Раҳимжон Давроновнинг биринчи устози саналади.
- У ердан кетгач нима иш билан шуғулланяпсиз?
- Аввало инсоннинг ризқ-насибаси қаерга сочилган фақатгина яратганга аён. Айтиб ўтганимдек, "Машъал"дан кетишими осон бўлмади. Деярли 20 йилга яқин бир жойда ишлаб, бошқа муҳитга кўчиш осон эмас. Лекин менга, юқорида айтганимдек, "Машъал"да бирга ишлаган Жамшид Ботировнинг, келажакда ПФК "Бухоро"га қарашли футбол мактабини ҳам академия даражасига кўтариш мақсадида берган таклифи маъкул бўлди, қолаверса ўзим ҳам бухоролик бўлганлигим сабабли, ушбу таклифга йўқ дея олмасдим. Ҳозиргача "Машъал" футбол клуби раҳбарияти билан самимий алоқамиз узилмаган. Клуб бош директори Илҳом Қурбонов теран фикрли, футболни тушунадиган инсон ва у билан иш юзасидан тез-тез фикр алмашиб турамиз.
- Элдор Шомуродовни "Машъал"даги илк мураббийи сифатида уни қандай ёдга оласиз?
- Элдор Шомуродов 2007 йил февраль ойида, акаси Санжар Шомуродов билан, (ҳозирда СВФА бошлиғи лавозимида ишлайди) "Машъал" академия кўригига келишган. Ўша вақтда 1994-1995 йилда туғилган футболчиларга мураббий эдим. Элдорни бир ҳафталик синов-муддати билан олиб олиб қолдим. Кейинчалик синов муддати давомида ўзини яхши томондан кўрсатган Элдорни "Машъал" академиясида олиб қолдик.
Элдорнинг бегона муҳитга мослашишида, нафақат менинг, балки Муборак шаҳрида таълим берган ўқитувчиси, синф раҳбари Авезова Маралнинг (менинг турмуш ўртоғим) ҳам ҳиссаси бор деб ўйлайман.
Ўша вақтдаги кичик, 12 ёшли Элдорнинг, ўқитувчисиинг таъбири билан айтганда, "кулгичлари кулиб турувчи" боланинг, уйининг соғинч ҳиссини камайтириш мақсадида тез-тез уйимизга олиб келардик. Ҳозирда кўриниб турибдики, бундай қарордан адашмаганимизни, нафақат клуб, балки Ўзбекистон ва Жаҳон футболида ҳам ўз ўрнига эга бўлишга интилаётган инсон шаклланганлигини кўришимиз мумкин.
"Машъал" академия Сурхондарё вилоят хокими кубоги мусобақасида - 2007 йил: Элдор Шомуродов (пастки қатор, чапдан учинчи), Марадона Сафаров (тепа қатор ўнгдан иккинчи), Сардор Абдураимов (пастки қатор, ўнгдан биринчи), Фирдавс Норсафаров (Суперлига ҳаками, пастки қатор, ўнгдан учинчи), Юнус Очилдиев (2010 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё Чемпионати кумуш медаль совриндори, тепа қатор ўнгдан тўртинчи).
- Шомуродов билан гаплашиб турасизми? Сўнгги марта қачон кўришдингиз?
- Албатта, Элдор билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб тураман. Асосан телеграмм орқали. Деярли ҳар бир ўйиндан олдин гаплашиб тураман. Жароҳатдан кейинги биринчи ўйини бўлгани учун “Унидезе” билан баҳсдан олдин омад тиладим. Элдор ҳозир ҳар қачонгидан ҳам, бизнинг қўллашимизга ва дуомизга муҳтож. Сўнгги маротаба 2019 йил июнь ойида (Элдорнинг кам ва тиғиз вақтини ҳисобга олган ҳолда) Термиз шаҳрида ўтказилган футбол мусобақасида ва 2019 йил декабрь ойида бахт тўйида оилам билан иштирок этганман.
2019 йил Термиз шаҳрида (чапдан ўнгга) Отажон Авезов, Элдор Шомуродов ва Азамат Шомуродов (Элдорнинг отаси).
- Шомуродовдан ташқари Ҳусниддин Алиқулов ва бошқа футболчиларни тарбиялаган экансиз. Яна қайси шогирдларингиз айни пайтда ҳам фаолиятини давом эттирмоқда?
- "Машъал" академиясидаги фаолиятим давомида Элдор Шомуродовдан ташқари етиштирган бир неча ёш футболчилар мамлакатимизнинг Супер ва Про лигаларида ҳаракат қилишмоқда. Жумладан Ҳусниддин Алиқулов ("Насаф"), Зафар Акрамов, Ҳакимбек Бобоқулов, Муҳриддин Шамсиддинов (барчаси "Машъал"), Марадона Сафаров ("Зомин" ), Дониёр Умаров ("Оқ-тепа").
- Шомуродовнинг Италияга кетишига қандай баҳо берасиз? "Ростов"дагидек ўйнаб кета олармикин?
- Тўғриси, Элдор Ғарбий Европага, жумладан: Германия, Бельгия ёки Голландия чемпиоантига ўтишини тахмин қилгандим. Лекин у Европа жанубига равона бўлди. Қарорни қабул қилиб бўлди. Ўйлайманки Европанинг ўртамиёна жамоаси, Элдор учун "трампилин" вазифасини бажариб беради ва янаям кучлироқ жамоа сафида кўриниш беради деган умиддаман. Энди қайсидир маънода "Ростов"дагидек ўйнаб кетиши учун, авваламбор вақт керак ва муҳитга тезроқ мослашиши керак.
- Ўзбекистонда ёшлар мураббийларига эътибор қай даражада деб ҳисоблайсиз?
- Жуда оғриқли савол. Менимча, ёшлар мураббийлари иккинчи планда қолиб кетишмоқда. Сабаб: болалар футболидан, усталар жамоасигача бир эмас, бир неча мураббийларнинг ҳизмати бўлади. Лекин биринчи мураббий камдан-кам эсланади. Барчани кўз олдига профессиоанал жамоадаги мураббийи келади. Ўтган йил ЎФА тақдирлаш маросимидан кейин журналист дўстимиз Шаҳбоз Беғамов иккита ажойиб мақола билан чиқиш қилганди. "Ёшлар мураббийи" номинациясига амалдаги Суперлига жамоалари мураббийларидан эмас, чемпионатда ёки легионер мақомидаги ёш футболчиларнинг мураббийларини эътироф этиш кераклигини айтиб ўтганди.
2019 йилнинг энг яхшилари - Шаҳбоз Беғамов версияси
Унинг фикрларига юз фоиз қўшиламан. Нотўғри тушунманг, ўзимни ўйламаяпман. Бирор-бир болалар мураббийи, юқоридаги каби элит тадбирда иштирокини ўзи унга қанча "мотивация" беради, мукофотланса эса ишга бўлган қарашлари яхши томонга ўзгаради. Болалар мураббийларига осон эмас, тўлақонли гуруҳ тузиш ва асосий жамоага етказиш учун, селекция ишлари, саралаш ва йиллар давомида гуруҳни шакллантириш, каби босқичли ишларни амалга ошириши керак.
Яна бир мисол, яқинда Остон Ўруновнинг биринчи мураббийлари ҳам етарлича эътироф этилмаётганлиги хақидаги мақолани ўқидим. Таклифим болалар мураббийларини ҳам йилнинг тақдирлаш маросимларига таклиф қилинишини сўрайман. Овоз бериш орқали "Йилнинг энг яхши мураббийи", "Йилнинг фаол мураббийи" каби бир неча номинацияларда иштироки таъминланса болалар мураббийлари учун қўшимча "мотивация" бўлади.
ВИДЕО. Остон Ўруновнинг биринчи мураббийи нимадан хафа?
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, келажакдаги фаолиятингизда омад!
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Комментарии