"Берсанг ейман, бермасанг ўламан" энди ўтмайди
04 июн 2018 13:50
Новости
"Берсанг ейман, бермасанг ўламан" энди ўтмайди
Аввало жамоалар сони қисқарди. Дастлаб Суперлига, ундан кейин Про-лига янгича форматда ишлаб чиқилди. Шу пайтгача ўтказиб келинган икки даврали классик тизимдан воз кечилиб, “олтин очколар” ва “плей-офф” қоидаси жорий этилди. Бу эса мухлисларнинг янада қизиқиши ортишига ҳамда стадионга қайтиши учун етарли сабаб бўлди дея оламиз.
Ҳаммаси яхши кетаётгандек, тўғри ҳозир ҳам жойида, ўйинлар яхши бўляпти, одамлар киряпти, аммо негадир олдингидек эмас. Мавсум энди бошланган кезлари ажиотаж анча юқори эди. ПФЛ клублар яхши ўйнасин, пулдан камчилик кўрмаслиги учун клуб ҳомийларига расмий хат орқали чиқиб йиллик бюджет 25 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги ҳақида қатъий талаб қўйди. Бундан клубларнинг кўзи ниҳоятда қувонгани бор гап. Ахир 25 млрд. сўм ҳазилакам пул эмас. Бу пулга бемалол иккита чемпион таркибни тузса бўлади.
Аммо вазиятга реал қарасак, деярли ҳеч бир клуб ҳисобида бу сумма йўқлигини кўрамиз. Аксар жамоаларнинг ҳамон молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётгани бор гап. Ва бу клублар орасида “Бунёдкор”, “Насаф” каби чемпионликка ўйнайдиган жамоаларнинг борлиги дилга оғир ботади. Чунки улар бу билан гўёки ҳозирданоқ таслим бўлгандай хавотир уйғотмоқда. Ҳатто натижалар ҳам шуни кўрсатаётгандек. “Бунёдкор”-ку бир амаллаб қийинчиликларни ичида сақлаб туришга уриняпти, аммо “Насаф” томонидан клуб расмийларининг “ҳа, шундай бўляпти” қабилида очиқчасига баёнот берилиши тақдирга тан берилганига ўхшаб қолди.
“Насаф”да пулсизлик муаммоси йил бошида айтила бошланганди. Бир нечта асосий таркиб футболчиларнинг “Пахтакор”га ўтиб кетишига ҳам пул сабаб бўлди. Йўқса улар “Насаф” учун яна ўйнаб беришга тайёр эдилар. Ва бир томондан “Пахтакор”га келиб тўғри қилишди: биринчидан, бу ерда чемпионлик учун курашадилар, иккинчидан, агар яна “Насаф”да қолишганида нима бўларди, клуб уларга ойлик маош тўлай олармиди, бу ҳам алоҳида масала.
“Бунёдкор” молиявий аҳвол сабаб таркибни ёшартириб юборди. Миржалол Қосимов мураббий бўлгач ҳатто “Обод”да ўйнашга мажбур бўлган Анвар Ғофуровни таркибга қайтарди, йил бошида атиги учта футболчи (шундан иккитаси “Металлург”дан) қўшиб олинди. Клубда пул йўқлигини жамоага биргина легионер Филипп Райевац келганидан билса бўлади. Олдинги “Бунёдкор”ни бир эсланг-а, легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланибгина қолмай, доим энг яхшиларни таклиф қиларди.
Аммо кўряпмизки, ҳар бир даврнинг ўз якуни бўлар экан. Футболда ҳеч ким абадий эмас. Вазият тез-тез ўзгариб боради. Бирор клуб билан эртага нима юз беришини айтиш қийин. Бугун мақталаётган жамоа эртага пастга қараб шўнғиши, ёки бугун қийинчилик кўраётган клуб эртага йирик сармоядор қўлига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, буёғига клубларнинг ҳар қандай ҳолатга тайёр туришларига тўғри келади.
ЎФА ва ПФЛ худди шуни сезгандек йил бошида дадил ҳаракат қилди. Ўтган йилнинг октябрь ойидан клубларни лицензиялаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. ПФЛ энг аввало клублар ўйнайдиган уй стадиони клуб балансида бўлиши учун кўп тер тўкди. Нима учун? Чунки клуб ўз стадионидан ҳар доим, ҳатто ўйин йўқ кунлари ҳам фойдалансин деган мақсадда. ПФЛ клубларни хусусий бўлишга чақиряпти дея олмаймиз, бунга ҳали эрта, бироқ клублар эркин фаолият олиб бориши учун бир қатор янгиликларга қўл ураётгани бор гап.
Мана шунинг учун ҳам стадион атрофидаги темир тўсиқлар олиб ташланяпти, мана нима учун ўйин кунлари аттракционлар қўйиляпти, велосипед ҳайдашга мўлжалланган йўлакчалар барпо этиляпти, стадионга кираверишда егулик ва клуб атрибутикалари сотиладиган дўконлар фаолияти талаб қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси клуб секин-аста ўз-ўзини таъминлашга ўтиши учун эмасми? Албатта, ҳозирча бу каби савдо-сотиқдан тушадиган пуллар ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин, лекин тома тома кўл бўлур деган гап бежиз айтилмаганини унутмайлик.
Ана энди маркетинг ва матбуот даври келди, ана энди клубларнинг йирик компания қўлига қарам бўлиб қолмасдан ўз-ўзини таъминлаш босқичига ўтаётгани кузатиляпти. Албатта, “Ўзбекнетегаз” жуда катта ташкилот ҳисобланади. “Насаф” бош ҳомийси “Шўртангазкимё” мажмуаси ҳам шу компанияга қарашли эканини биламиз. Лекин бугунги кунда Суперлигининг бешта клубини “боқаётган” “Ўзбекнетегаз” яна нима қилсин. Замондош сифатида сиз ҳам яхши биласиз, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан обод Ватан қуриш лойиҳаси жойларда кенг тадбиқ қилиняпти.
Шуни ҳисобга олиб “Ўзбекнетегаз” ҳам бошқа йирик компаниялар қатори давлатимиз ривожи учун турли ишларга бош-қош бўлмоқда. Буёқда чекка қишлоқларни кўтариш керак, ўқувчиларнинг билим олишини таъминлаш, ишсизликни йўқотиш, сифатли йўллар, кўркам бинолар барпо этиш - буларни бир киши бажара олмайди. Қолаверса халқнинг дарди фақат футбол эмас! Президентимиз клублар қийналмаслиги учун янги қарор чиқариб клубларни бир қатор солиқлардан озод этди. Энди буёғига клубларнинг ўзи ҳам ҳаракат қиладиган пайт келмадими? Ахир “берсанг ейман, бермасанг ўламан” деган билан нимаям бўларди.
Мана яқинда бир хабар тарқалди: “Насаф” Азиз Ғаниевнинг трансфер суммасини 10 миллиард сўм қилиб белгилабди. Маошини вақтида ололмай юрган Жасур Ҳасановнинг “Сўғдиёна”га ўтиб кетганини эшитдик. Балки ёзги трансфер пайтида Драган Черан ҳам “Насаф”дан кетар. Албатта, буларнинг ҳаммаси молиявий ҳолатга бориб тақаляпти. Ғаниевнинг шартномаси борлиги учун клуб 10 млрд. сўм сўрашдан ҳайиқмаяпти. Марҳамат, пул керакми сотсин, “Сўғдиёна”га футболчи керакми, сотиб олсин. Бундан кейин текин қуйруқ фақат далада бўлади, шекилли.
Гапнинг индаллосини айтганда, кўпчилик ишқибозлар қатори биз ҳам “Насаф”, “Бунёдкор” каби клубларнинг келажагидан хавотирдамиз. Аммо ҳозир уларга ачинишнинг пайти эмас. Қаловини топсанг қор ҳам ёғади деганларидек, ҳозир нимадир иш қилиб олса бўлади, клубларнинг қўлини ҳеч ким боғлаб қўйгани йўқ, ҳамма ўз аравасини тортишга ҳаракат қиляпти. Ҳатто ҳомийлар ҳам очиқчасига биз сизларга 10 миллиард бера оламиз, бошқа пулимиз йўқ деб айтаётганига нима дейсиз.
Комментарии