RU

Последние новости

11:59Эшитдик-да! "Локомотив"ни тарк этган футболчига "Нефтчи" ва "Динамо" қизиқмоқда  0 11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  0 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  5 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  9 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6

Алё, милиция! Голеадорларимизни қидиряпмиз Новости

Алё, милиция! Голеадорларимизни қидиряпмиз

Суперлига тўпурарлари ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Coca Cola Суперлигаси иштирокчилари бир муддат ором олгач, кўзларини ишқалаганча, марра сари отланди. Уйғониш етакчилар учун бироз нохуш бошланди. Фақатгина ўзининг ҳам, рақибининг ҳам пешонасидаги ажинлари сонини оширмайдиган ҳисоб қайд этишни ёқтирадиган "Нефтчи" тизгинини йўқотмаган ҳолда олға қадам ташлади.

Пешқадамларнинг кепкаларни осмонга ирғитадиган натижа қайд этишида ҳужумчиларнинг, шу жумладан, легионерларнинг ўрни беқиёс десак муболаға бўлмайди.

Ўтган тур якунидан сўнг тўпурарлар жадвалига назар солар эканман, узундан-узун рўйхатга юртдошларимизнинг исмини мандат натижаларидаги тегишли шахсни қидиргандек кўз югуртирдим. Юқори бешлик сарбони вазифасини тўпурарликни кадастр қилиб олган Драган Черан бажараётган бўлса, қолган тўртовлон ҳам ўзга юртлардан омадини излаб келганлардан саналади. Ўзбекистонлик ҳужумчилардан эса ном-нишон йўқ.

Энг қизиғи, ҳамюртларимиз орасида таблога энг кўп исмини ёздиртирганлар орасида "Навбаҳор" вингери Остон Ўрунов билан  биргаликда "Насаф"нинг собиқ ҳужумчи вазифасини бажарувчи ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов ўрин олган. Соф форвардларга эса юқоридаги гап.

Хўш, ўзимизнинг қоракўз йигитлар рақиб дарвозасини топишда қийинчиликларга дуч келяптими ёки дарвозабон ва ҳимоячиларимизнинг кучи ошиб-тошиб кетяптими? 

Аслида, футболчиларимизнинг рақиб дарвозаси локациясини топиш муаммоси фақат жорий мавсумга тегишли эмас. Аввалги йилларда ҳам салкам 30 га яқин ўйинда бармоқ билан санарли даражадаги олдинги чизиқ вакиллари кўзларига Эверест бўлиб кўринган ўнлик довондан ошиб ўтишган. 

Жумладан, ўтган мавсум ҳамюртларимиздан фақат Темирхўжа Абдухолиқов 10 тадан кўп гол урган (13 та). Тажрибали ҳужумчимизнинг ўтган йилги натижаси сюрприз эмасди. У 2021 йил ҳам ушбу довондан қуйидагиларда салом йўллаган (14 та гол). Шунингдек, ўша йили ҳозирда қайинлар юртида тўп тепаётган Ҳусайн Норчаев пойгада унга шериклиик қилган (13 та).

2020 йил эса баракалироқ келган. Ўшанда беш нафар ўзбекистонлик футболчи 10 тадан кўп киритган. Улар орасидан фақатгина Шоҳруз Норхонов айни дамда Суперлигадаги юришини давом эттирмоқда.

Келинг, клубларимиздаги олдинги чизиқ вакилларини кўрсаткичларига эътибор қаратамиз.


"Навбаҳор"

Юқорида мақтаб ўтган Абдухолиқов жорий мавсум гол уришдан кўра шериклари учун ҳаммуаллифга айланишни афзал кўрмоқда. Ҳужумчи биринчи давранинг барча ўйинида майдонга тушди, лекин бор-йўғи икки маротаба рақиб дарвоза тўрларига тарсаки йўллади. Иккинчи даврада унга грузиялик Тома Табатадзе олдинги чизиқда ёрдам беради. Умид қиламизки, "Нефтчи"нинг собиқ футболчиси Абдухолиқовга захира ўриндиғида шарт-шароит ҳозирлаб бермайди. Клуб тўпурари эса чап қанот вингери Остон Ўрунов бўлиб турибди. 23 ёшли футболчи беш маротаба рақибларини ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур қилган. 

"Нефтчи" 

Фарғоналиклар таркибида асосий ҳужумчи вазифасини легионер футболчи — баъзи маҳаллий мухлислар наздига кўра, "бевафолик қилиб", пул кетидан қувган Тома Табатадзе бажараётганди. Маҳаллий йигитлардан эса Улуғбек Ҳошимов унга кўмак бераётганди. Бензема билан бир рақамдаги либос киядиган форвард биринчи давранинг барча ўйинида майдонга тушиб, уч маротаба ўз исмини стадион сухандонига айттириш бахтига мушарраф бўлди.

"Пахтакор"

Мамлакатнинг амалдаги чемпионлари сафида бутун бир ўйин тақдирини ҳал қилишга қодир "Қирол шер" мавжуд. Сочлари кумушранг тусга кираётганига қарамай, у ҳамон маҳоратини намойиш этишда давом этмоқда ва ўзини таъқиб этаётганларга қизил чироқни ёқиб қўйган. Қолганлар эса нисбатан унинг соясида қолмоқда. Бироқ қолган ҳужумчиларнинг кўрсаткичи уларни яраланган қиёфада гавдалантиришимизга асос бўлади. Биринчи даврада марказий ҳужумчи зонасида ҳам бир неча бор кўриниш берган Достон Ҳамдамов гол уриш борасида имтиҳонга адашиб кирган абитуриент сингари голларни қайд этадиган варақага исмини ёзолмай турибди. 6 та ўйинда захирадан майдонга туширилаётган Пўлатхўжа Холдорхонов эса бир маротаба жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланди. Бироқ уни катта эҳтимол билан иккинчи даврада ҳам шу қисмат кутиб турибди. Чунки олдинги чизиқда бир эмас, икки польшалик легионер ёшлар ўртасидаги Осиё чемпиони билан рақобатга киришади.

"Насаф"

Қаршиликлар таркибида "земляклар"дан Азизбек Амонов ҳаракат қилди. Сўнгги пайтларда кўпроқ иккинчи бўлимда ўйинга қўшилаётган футболчи икки маротаба ўз ишини қойилмақом бажарган. Аммо иккинчи даврада ҳужумга яна бир легионер жалб этилди, шу боис, Амонов жиддий енг шимаришига тўғри келади.

ОКМК

Олмалиқликлар сафида маҳаллий ҳужумчилардан Миржаҳон Мираҳмадов ва Хуршид Ғиёсовга кўпроқ имконият тақдим этилган. Ғиёсов тўрт маротаба рақиб посбонининг надоматга тушишига сабаб бўлган бўлса, Мираҳмадов атиги бир марта боши билан масалани ҳал қилган.

"Сурхон"

Тошкент пропискани олган термизликларнинг олдинги чизиғида легионер ҳужумчи тўп тепади. Унга эса қанотларда кўпроқ Асадбек Каримов ва Асилбек Жумаев ёрдам бермоқда. 20 ёшни қаршилаган Асадбек ёш бўлишига қарамасдан, уч марта майдон четида кузатиб турган клуб вакилларининг шодиёна қилишига замин яратган бўлса, Жумаев ташкил этган қийқириқлар биттага камайган.

"Андижон"

Мухлислари қўллаб-қувватлов бобида "Боруссия Дортмунд" билан тенглаштириладиган клубдан немисларга хос сифатдаги маҳаллий ҳужумчи кўзга ташланмаяпти. Бироқ бу вазифани Рубен Ҳебай ўз зиммасига олган. Унга шерик сифатида Бобур Фарҳодов ва Илҳом Абдуғаниевлар ёрдам беришди. Минг бир афсуски, иккала ҳужумчининг кўрсаткичлари ҳам тухумсимон рақам каби кўриниш олган.

"Сўғдиёна"

Жиззахликлар таркибида Жавоҳир Қаҳрамонов сўнгги ўйинларда қаҳрамонлик кўрсатмоқда. Ҳужумчи охирги икки ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, мавсумдаги умумий голлари сонини учтага етказди. Иккинчи даврада ҳам 27 ёшли ўйинчининг жамоа тўпурари Займович билан биргаликда тандем ҳосил қилиши кутилмоқда.

"Бунёдкор"

"Қалдирғочлар" сафида биринчи даврада Абдуманнопов ишончли ўйинлар намойиш этганди, аммо у давралар оралиғида жамоасини ўзгартирди. Унинг ўрнига келган Фарруҳ Икромов ҳозиргача рақиб дарвозасига йўл топа олмаяпти. Жасур Ҳакимов эса уч марта мухлисларига кўтаринки кайфият улашди.

"Олимпик"

Темур Капедзе қўл остидаги жамоада яққол лидер йўқ, имконияти келганда, барча футболчилар масъулиятни ўз зиммасига олишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, легионерлардан ҳоли ягона клубнинг олдинги чизиғида Жиянов кетгач, Алишер Одилов ва Отабек Жўрақўзиев етакчига айланишга ҳаракат қилади. Одилов уч марта ҳакамни майдон марказини кўрсатишга мажбур этган бўлса, ўтган мавсум 10 та гол урган Жўрақўзиев ҳозирча мактабда дарс қилишни жини суймайдиган ўқувчининг баҳосига тенг қийматда голварақаларга номини битган.

"Металлург"

Бекободликлар ҳужум чизиғи маҳаллий ўйинчилардан иборат. Жамоа етакчиси Забиҳилло Ўринбоев тўрт марта ўз мақсадига эришган. 

"Турон"

Яйпанликлар голлари сони кўкрак кера олмайди. Шундай бўлса-да, янгиланган таркибдаги водий клуби иккинчи даврани кўтаринки кайфиятда бошлади. Олдинги чизиқда Жуманқўзиев–Муртозаев–Комилов тандеми ажойиб ҳаракат қилмоқда. Асосий ҳужумчи Ҳумоюн Муртозаев ҳозирги қадар икки маротаба протоколнинг жамоасини хурсанд қиладиган катагига ўз номини қайд эттирган.

"Бухоро"

Иккинчи давра аввалида Улуғбек Бакаев ўзи учун қадрдон ҳамда чемпионатда мунтазам гол уриб келадиган шогирдларидан бири Шоҳрўз Норхоновга таркибга олиб келди ва ҳужумчи илк уринишдаёқ бу ишончни оқлади. Қайд этиш жоиз, 30 ёшли форвард Суперлига доирасида охирги уч мавсумда 10 та ундан кўп гол урган. Ушбу натижани такрорлаш мушкул бўлса-да, унда ҳали вақт ва имконият бор. Шунингдек, унга "Қизилқум"дан таклиф этилган Жасур Холтўраев ёрдам беради. 

"Қизилқум"

15 ўйинда атиги бир маротаба гол нишонлаш бахтига муяссар бўлган Холтўраев жамоани тарк этгач, унинг ўринга легионер ҳужумчи таклиф этилди. Унга эса Ислом Кенжабоев яқиндан ёрдам беради. 24 ёшли тажрибали футболчи уч маротаба дарвоза тўрининг мазасини қочирган.

Гувоҳи бўлганингиздек, кўпгина жамоаларнинг олдинги чизиқда етакчиси вазифасини хориждан таклиф этилган футболчилар бажармоқда. Том маънода, улар ўз ишини уддаламоқда. Катта эҳтимол билан доимгидек миллий терма жамоа яқин вақт ичидаги ўтказадиган ўйинларида хорижда тўп тепаётган ҳужумчиларимиз хизматидан фойдаланади. Маҳаллий ҳужумчиларга эса рақиблар дарвозаси локациясини унутишни эмас, биз сонини санашга улгуролмай қоладиган даражада голлар уришини тилаб қоламиз.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика