Аламзада "Насаф"га қарши хотиржам "Бунёдкор" ёхуд турнинг марказий учрашуви олдидан сўз Championat.asia сайти жамоасига
24 авг 2020 16:59
Новости
Аламзада "Насаф"га қарши хотиржам "Бунёдкор" ёхуд турнинг марказий учрашуви олдидан сўз Championat.asia сайти жамоасига
Ушбу икки жамоа ҳам ўтган турда қимматли очколарни йўқотган эди. "Бунёдкор" "Суғдиёна" билан баҳсда тайёр ғалабани қўлдан бой берган бўлса, "Насаф" "Пахтакор"дан 1:4 ҳисобидаги тарсакини қабул қилиб олди. "Бунёдкор"нинг ҳолатидан ҳам "Насаф"ники мураккаброқ, ҳар қандай йирик ҳисобдаги мағлубият футболчиларнинг кайфиятига таъсир кўрсатади. Уларни руҳий тушкунликдан олиб чиқиш эса мураббийнинг маҳоратига боғлиқ. Рўзиқул Бердиев бундай ҳолатда қандай йўл тутишни жуда яхши билади, унинг мураббийлик фаолиятида бундан ҳам қийин кунлар бўлган. Шу сабабли "аждарлар" аввалги турдаги мағлубиятни эсдан чиқарган ҳолда "Бунёдкор" билан баҳсга шай ҳолатда бўлишлигини тахмин қилиш мумкин. Мазкур тўқнашувда тўғри тактика ва ёндашув танлаган жамоа ўз ҳисобига навбатдаги уч очкони ёздириб қўйиши мумкин.
"Насаф" бронза йўлида "Бунёдкор"ни таъқиб қилишда давом этади, турнир жадвалидаги очколар ўртасида фарқ ҳам катта эмас. Вадим Абрамов жамоасида эса катта йўқотиш мавжуд, Лутфулла Тўраев сариқ карточкалари тўрттага етгани боис майдонга туша олмайди. Тўраевнинг йўқлиги "Бунёдкор"нинг ўйинида яққол кўзга ташланади. Жамоа бир кишига боғланиб қолиши нотўғри, лекин шундай футболчилар бўладики, майдонда бутун маъсулиятни бўйнига олади, жамоани олдинга чорлайди, етакчиликни қўлига олади. "Бунёдкор"нинг ўйини эса Лутфулла Тўраев атрофида қурилишини ҳамма билади. Агарда Абрамов чизиқлар орасида балансни ушлай олса, ва асосий камчиликлардан бири голдан сўнг футболчилар ўзгариб қолмаса, "Насаф"дан уч очко тортиб олишлари мумкин. Рўзиқул Бердиев шогирдлари хатоларни кечиришмайди, ҳимоядаги биргина хатодан ҳам унумли фойдаланиб кетадиган футболчилар етарлича. Ойбек Бозоров, Бобир Абдихолиқов ёки Ислом Кенжабоев. Худди шундай ўйинчилар "Бунёдкор"да ҳам топилади. Хуршид Ғиёсовнинг сафга қайтиши ҳам кўп нарсани ҳал қилиб беради, у ўз позициясида бугунги кунда энг яхшиларидан бири дея оламан, "Суғдиёна" билан ўйинда унинг фойдали ҳаракатлари қўл келгани сўзимнинг исботидир. Гапирса гап кўп, фикримни шу ерда якунлаб сўз навбатини "boxing day"да тиним билмаётган Championat.asia жамоасига бераман. Қани улар қандай фикрда экан?
Нарзулла Сайдуллаев (ортиқча таърифга хожат йўқ, сайтимизнинг юраги ва бош муҳаррири) - Бу ўйин менимча "Пахтакор" - "Локомотив" учрашувидан кўра қизиқарлироқ бўлса керак. Сабаби иккала жамоа ҳам учинчи ўрин учун кураш олиб бормоқда. Айтиш мумкин бўлса бу баҳс 6 очколик ўйин бўлади. Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов ўртасидаги тўқнашувда қайсидир жамоа ютишини тахмин қила олмайман. Бироқ учрашувда ғолиб бўлган томон бир тўп фарқи билан ютса керак.
Шаҳбоз Беғамов (танқид келажак меваси шиорига амал қиладиган ходимимиз, келажакда "Бавария" матбуот хизматида ишлашни мақсад қилган ҳозирги АГМК матбуот котиби) - Вадим Абрамов таркиб жиҳатдан қайсидир жамоадан устун бўлмаса, одатда тактик жиҳатдан ютқазиб қўяди. "Насаф"да ҳар тарафлама яхши таркиб шаклланган. Рўзиқул Бердиев эса Абрамовга нисбатан тактик жиҳатдан анча пишиқроқ. Руҳият бўйича «Насаф» барқарор бўлиб, хотиржам ўйнаса бемалол ютади.
Азиз Тўхтамуродов (қўшни маҳалла Olamsport.com сайтининг чарчамайдиган ходими) - Мазкур жамоалар ўртасидаги учрашув доимо кескин қарама-қаршиликка бой бўлган. Ўйлашимча, бугун ҳам ҳужумкор футбол томоша қиламиз. Якуний натижа эса дуранг бўлса керак - 1:1.
Жаҳонгир Файзуллаев (тош ёғса ҳам ўзининг ишидан қайтмайдиган, ЕЧЛ финалида Шаҳбоз Беғамовга ҳамроҳлик қилган ходимимиз) - Менимча қизиқарли ўйин гувоҳи бўламиз. Биринчи давра тугамоқда, учинчи ўрин учун кураш қизғин кечмоқда. Тажриба ва маҳорат бобида "Бунёдкор"да устунлик бор. Масалан, Лутфулла Тўраевни оладиган бўлсак, майдонда жамоани ортидан эргаштириб юрадиган ҳақиқий етакчи ҳисобланади. "Насаф"да эса жамоавий ўйин яхши шаклланган, иқтидорли ёшлари бор. Рўзиқул Бердиев "Пахтакор" билан ўйиндан кейин матбуот анжуманида иккинчи бўлимда "Бунёдкор" билан ўйинга тайёргарликни бошлаб юборишганини айтиб ўтди. Кўрамиз, "Пахтакор" билан ўйинда бор кучи билан ўйнамаган "Насаф" "Бунёдкор"ни кичик ҳисобда ютса керак.
Фахриддин Рўзиев ("Милан" учун ҳамон қайғурадиган, уйқусизлик бўйича рекордни янгилашга интилаётган ёш ходимимиз) - Жамоавий ўйинга урғу берадиган клублар тўқнашуви мен учун ҳар доим қизиқ. "Насаф" бугун ғалаба қозонса турнир жадвалида "Бунёдкор"дан ўзиб кетади. Абрамов бошчилигидаги "Бунёдкор" бежиз учинчи ўринда кетаётгани йўқ. Вадим Карленович жамоадаги асосий йигитларни терма жамоа йиғинига ҳам жалб қилди. Бундан уларни кашф қилиш кўзланмаган. Балки, шу баҳона чемпионат ўйинларига тайёргарлик кўришни мақсад қилгандир. Хуллас голларга бой ўтадиган баҳсда "Бунёдкор" 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишини тахмин қиляпман.
Қолганлар кечаги финалдан сўнг айни пайтда ижод билан банд. Уларни эса безовта қилгимиз келмади.
Қадрли мухлис сиз қандай фикрдасиз?
Абдулазиз Искандаров тайёрлади.
Комментарии