АГМК Қатардан ғалаба билан қайтса, ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнайдиган Ўзбекистоннинг еттинчи жамоаси бўлади
06 апр 2021 15:47
Новости
АГМК Қатардан ғалаба билан қайтса, ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнайдиган Ўзбекистоннинг еттинчи жамоаси бўлади
Агар бу учрашувда Миржалол Қосимов шогирдларининг қўли баланд келса, унда АГМК Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ баҳсларига йўлланма олади. Шундай бўлган тақдирда АГМК "A" гуруҳидан жой олиб, "Ал Ҳилол" (Саудия Арабистони), "Шабаб Ал Аҳли" (БАА) ва "Истиқлол" (Тожикистон) клублари билан беллашади.
Мабодо АГМК мағлубиятга учраса, унда ўз иштирокини ОФК Кубогида давом эттиради ва марказлашган тартибдаги мусобақанинг гуруҳ баҳсларини Тожикистонда "Олтин Аср" (Туркманистон), "Хўжанд" (Тожикистон) ва "Олой" (Қирғизистон) клубларига қарши ўтказади.
Яна бир маълумот шуки, агар АГМК ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритса, унда "Насаф" ОФК Кубогида ўйнайди. Шу пайтгача турли йилларда Ўзбекистоннинг олтита клуби - "Пахтакор", "Бунёдкор", "Локомотив", "Насаф", "Машъал" ва "Нефтчи" ОЧЛ гуруҳ баҳсларида иштирок этган. АГМК ғалаба қозонган тақдирда гуруҳда ўйнайдиган еттинчи клуб бўлади.
"Ал Гарафа" охирги марта 2018 йил Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ ўйинларида қатнашган. Бу жамоа ўтган йил Қатар Юлдузлар лигасида тўртинчи ўринни эгаллаб, ОЧЛ плей-офф йўлланмасига эга бўлди. Ҳозирда бу клубни Слависа Йоканович бошқармоқда ва унинг қўл остида "Ал Гарафа"нинг ишлари яхши кетмаяпти. Хусусан жамоа сўнгги 6та учрашувнинг фақат биттасида ғалаба қозонди.
Комментарии