UZ

Сўнгги янгиликлар

Зерикарли "Навбаҳор", Сидиқовнинг "Пахтакор"га ўтиши хато эканлиги ва бошқалар — Нўъмон Ҳасанов иштирокидаги матбуот анжумани Янгиликлар

Зерикарли "Навбаҳор", Сидиқовнинг "Пахтакор"га ўтиши хато эканлиги ва бошқалар — Нўъмон Ҳасанов иштирокидаги матбуот анжумани

Суперлиганинг 1-туридан ўрин олган водий дербиси номидаги "Навбаҳор" - "Қўқон-1912" (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида қўқонликлар устози Нўъмон Ҳасанов ҳамда футболчи Шаҳбоз Эркинов иштирок этди.

"Ўйин ҳақиқий дербига хос равишда ўтди, майдонда "жанг" кечди. Учрашув Наманганда эмас, нейтрал майдонда бўлгани бизга бироз қўл келди. Жамоам кўрсатган ўйиндан хурсандман. Ўйинга тўғри тактика танлаганимизни баҳс кўрсатиб берди. Мазкур баҳсда ютишимиз керак эди. Энди бу футбол. Муҳими, биз тўғри йўлдан кетяпмиз. Келгуси беллашувларда янада руҳланиб, жиддийроқ тайёргарлик кўрамиз", - дея ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди Нўъмон Ҳасанов.

- Нўъмон ака, бугунги ўйинда жамоад яхши ўйнади. Тактик тарафлама ҳам жамоа яхши кўринди, ўйиндаги ташаббус ҳам асосан "Қўқон-1912" қўлида бўлди. Лекин жамоа таркиб жиҳатдан ўтган йилгига нисбатан кучсизлангандек таассурот қолдирмоқда. Дастлабки 5 турда жамоадаги иштиёқ эвазига яхши ўйнаш мумкин. Аммо мазкур жиҳатни, яъни рақобатбардошликни бутун мавсум давомида сақлаб қолишни уддалай оладими? 

- Менимча, "Қўқон-1912" рақобатбардош жамоа эканлигини бутун мавсум давомида сақлаб қолади. Биз франциялик ажойиб футболчини олиб келдик. Бу футболчи ҳақида ҳали кўпчилик билмайди. Мазкур футболчи жамоамизнинг 60-70% ўйинини қуриб беришга кучи етади. Менимча, бу футболчи ёмон эмас. Биласиз, мен янги легионерлар олиб келсам аввалдан унга тавсиф бераман. Ҳозирча унинг ҳужжатли ишларини тўлиқ бажаришга улгурмадик. Лекин рўйхатдан ўтказишганмиз. Баъзи масалалар энди ҳал бўлади. Майдонга тушганида унинг нималарга қодир эканлигини кўрасизлар. Ишончим комил, эртага бу футболчига харидорлар жуда кўпайиб кетади. 


- Неча йиллик шартнома имзоланди? 

- Икки йиллик шартнома имзолашни режалаштириб турибмиз. Ҳаммаси яқин орада ҳал этилади. "Нант" футбол мактаби тарбияланувчиси саналади, асли нигерлик футболчи. Жамоамиз ўрта чизиғида етишмовчилик мавжуд. Пас билан таъминлаб турадиган футболчи етишмаётгани бугун ҳам сезилди. Кўпчилик Қўқонда пул масаласи зўр деб ўйлайди. Аслида кучли футболчини олиб қолиш қийин масала. Бизнинг клуб ўзини-ўзи боқади. Агарда яна битта ҳомий топсак яхши бўларди. Лекин бу нарса жамоа ўйинига таъсир қилгани йўқ. Мураббий, яъни мен шу ерда, штабимдаги мутахассислар мен билан биргаликда қолишди. Талабларим ҳам ўзгаргани йўқ. Менга футболчиларнинг машғулотлардаги ҳаракати жуда ёқмоқда. Таркибимиз янада рақобатдош бўлганида мен ҳам хурсанд бўлардим. Қўл остимда 20 нафар тенг кучли футболчи бўлишини истардим. Шунда Шаҳбоз Эркиновга ўхшаган футболчилар қўрқарди, машғулотларда янада сергакроқ иштирок этишарди. Таркибда тушаманми ёки тушмайманми, деб ўтирарди. Ҳозир эса анча бемалол. Лекин биринчи навбатда яхши коллектив қуриш муҳим. Бизда бу энг юқори ўринда туради. Чунки футбол жамоавий спорт тури. Жамоадаги футболчилар қачонки бир-бирига меҳрли, оқибатли бўлса, ўйин ҳам яна чиройли бўлаверади. Раҳмат илиқ, холис фикрлар учун. Ташаббус асосан бизда бўлганини таъкидладингиз. Футболни тушунар экансиз. Очиғи, мен ҳам бугун ютишимиз керак эди деган фикрдаман.

Биринчи бўлимда ҳам етарлича вазиятлар яратдик. Гол урганимизда иш янада осонлашарди. Рақиб биргина узоқдан тепилган гол ва иккинчи бўлимда қанотдан уюштирилган ҳужумга эга бўлди. Ўйин бизнинг назоратимиз остида ўтди. Жамшид Ҳасанов яхши чиқди, агарда гол урганда, кейинги баҳсда асосий таркибда тушарди. Сербиялик легионеримиз ўйинга яхши киришди. "Навбаҳор"нинг легионер ҳужумчиси Касьянни яхши қўриқлади, иккинчи қаватда унга умуман имконият бермади. "Навбаҳор"нинг мазкур трансфери яхши экан. Тўпни ўзида сақлаш, иккинчи қаватда яхши ўйнаш каби хислатларга эга экан Касьян. 



- Тимур Ҳакимов "Қўқон-1912"га ўтди. Унинг ҳозирги ҳолати ҳақида фикрингиз?

- Ҳакимовни анчадан бери биламан. Менга телефон қилиб, Нўъмон ака, агар иложи бўлса мени жамоангизда синовдан ўтказинг деб сўради. Кейин чақирдим, кўрдим, машғулотларда жуда катта тер тўкмоқда. Анча ўзгарипти. Футболчилар ҳам кўришмоқда, Тимур Ҳакимов жуда меҳнаткаш футболчига айланган. Тўғри, унинг ҳозирги жисмоний ҳолати 45 дақиқа ўйнашга йўл қўймайди. Лекин шу рўсинда тер тўкаверса, ишласа, тез орада спорт формасини тиклайди. Бунинг учун вақт керак. Унинг техникаси ҳали ҳам ўзгармаган, жуда кучли ажойиб.  Менга унинг машғулотлардаги ҳаракати ёқмоқда. Шу боисдан ҳам уни қолдирдим. Балки мени ўрнимда бошқа мураббий бўлганида қолдирмасди, лекин мен унга имконият бердим. Ҳакимов ҳали ўз сўзини айтиши мумкин.


- "Навбаҳор" трансфер бозорида, селекция ишларида фаол бўлди. Жамоа ўз олдига юқори мақсадлар қўймоқда. Шунингдек, улар бугун номинал мезбон эди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, рақибнинг иккинчи рақам билан ўйнагани сиз учун кутилмаган ҳолатни юзага келтирмадими?

- Йўқ, бу мен учун янгилик бўлмади. Нега? Чунки мен уларни обдон ўрганиб чиқдим. Рақибни ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнида назорат баҳсларини томоша қилдим. Ўша-ўша ўйин. "Навбаҳор" вакиллари хафа бўлишмасин-у, лекин уларнинг ўйини қизиқ эмас. Чемпионлик учун курашмоқчи бўлган жамоа кескин ўйнаб, рақибни жарима майдончаси ичида босиб ташлаш керакда. Чиройли узатмалар орқали комбинацион ўйин қуриши лозим, деб ўйлайман. Фақат ўртадаги ҳужумчига қараб қолмаслик лозим. Айтдим-у, ўша трансфер яхши бўпти. Касьян яхши ҳужумчи экан. Лекин жамоа ўйини тезкорлик, бемалол ўйнаш йўқ. Балки жамоа илк баҳс бўлгани учун чўчиб ўйнадими, билмадим. Агарда беллашув Наманганда бўлганида бошқача ўйнаган бўлишлари мумкин эди. Ҳозирдан бирорта жамоа яхши ёки ёмон дейиш ярамайди. Яъни, хулоса чиқаришга эрта. Дастлабки ўйинларда ҳаммада ҳаяжон бўлади. Чемпионатнинг 5-6 турлари поёнига етганидан сўнг жамоаларнинг асл кучи кўринади. Балки "Навбаҳор" ҳам яхши тарафга ўзгарар. Кўрамиз. Бу футбол. Масалан биринчи турда ҳамма дуранг ўйнашини ким ҳам ўйлапти? 


- Қайси йўқотиш "Қўқон-1912" учун жиддийроқ таъсир қилади: Юсупов ёки Сидиқов?

- Иккаласи ҳам жиддий йўқотиш. Сидиқовни "Пахтакор"га ўтиб кетганини билмай қолдим. Менимча, бу ўзбек футболи учун йўқотиш. Нимага? Чунки ўйин амалиётига эга бўлишига унчалик ишонмайман. Ўйнаса яхши. Лекин ўйнамаса яна бир иқтидор захирада қолади. Йўқотиб қўйишимиз мумкин. Унинг ёшида футболчи ўйнаши керак. "Пахтакор"да эса рақобат кучли. Бизда у етакчи рулида ўйнарди. Одамгарчилиги яхши бола. Кетганидан сўнг телефон қилиб, раҳмат айтди. Жамоадаги барча билан илиқ хайрлашди. Хориждан ҳам таклиф бўлганди. Жанубий Кореядан қизиқиш бўлганди. Унинг ёшида футболчи ўйнаши керак. Менимча, унинг "Пахтакор"га ўтгани нотўғри бўлди. 

Юсуповга келадиган бўлсам, у ҳам Сидиқов сингари Қўқонда ўсди, шу ерда кўринди. Ўткир биз учун яна бир йил ўйнаб бериши керак эди. Тўғриси, ундан сал хафа бўлдим.

Учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган ва "Қўқон-1912"ни мағлубиятдан сақлаб қолган голни урган ҳужумчи Шаҳбоз Эркинов ҳам матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Шаҳбоз Эркинов: "Ўйин яхши, шиддатли кечди. Майдоннинг ҳар бир қаричи учун кураш бўлди. Водий дербиси доим шунақа юқори темпда бўлади. Ҳеч қачон осон бўлмаган. Ҳеч бир жамоа ютқазгиси келмайди. Ўйинда улар ҳам, биз ҳам ютиб кетсак бўларди. Ғалаба голини уриш учун ҳар иккала жамоаларда вазиятлар юзага келди. Ўйлашимча, дуранг адолатли натижа бўлди".

Рейтинг: +19   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг