

– Ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Ўйиннинг бошланишини барча кўрди, шундайми? Тезкор пенальти, тезкор гол... Сўнгра ўйин назоратини ўз қўлимизга олгандек бўлдик, аммо яна гол ўтказиб юбордик – 2:0. Биринчи бўлимни тўлиқ барбод қилдик, дея олмайман, лекин умуман олганда... ўзимизда бўлган вазиятлардан фойдалана олмадик, "Насаф" эса бундан унумли фойдаланди. Иккинчи бўлимда ҳам худди шу ҳолат кузатилди. Ўйинни назорат қилдик, "Насаф" эса тезкор қарши ҳужумларга ўтиб турди. Бизда ҳам вазиятлар бўлди, ўйин сўнгида гол урдик, яна гол уришимиз ҳам мумкин эди, бироқ 1:2 ҳисобида имкониятни бой бердик. Нима ҳам дердим? Дуранг ўйнашимиз ҳам мумкин эди, шу боис йигитларга ўйин учун миннатдорчилик билдираман. Умуман олганда, тайёргарликни давом эттирамиз. "Насаф" жамоасига эса Чемпионлар лигасида омад тилайман.
– Пенальти белгиланиши ҳақида фикрингиз қандай?
– Буни қандай изоҳлашни ҳам билмайман. Пенальти бор ёки йўқлигини баҳолайдиган махсус комиссия бор. Ҳар биримизнинг ўз фикримиз мавжуд. Шахсий фикримча, у ерда пенальти йўқ эди. Агар шундай ҳолатлар учун ҳам ўн бир метрлик жарима зарбаси белгиланаверса, унда ҳар бир ўйинда пенальти бериш мумкин.
– "Сўғдиёна" – Суперлигада энг кўп гол урган жамоалар учталигига киради. Жамоа 41 та гол уриб, 49 та гол ўтказиб юборган. Сўрамоқчи бўлганим, энг кўп тўп киритган жамоа нима сабабдан бугунги кунда турнир жадвалининг 11-ўрнида бормоқда?
– Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, биз жамоага келган вақтимизда ҳисобимизда бор-йўғи битта очко бор эди. Бугунги кунда эса 29 очкога эгамиз, тўғрими? Шунинг учун ҳам чемпионат давомида қандайдир ўзгаришлар қилиш, хатоларни тўғрилаш бироз мураккаб. Бу, биринчи навбатда, футболчилар селекцияси билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, бошқа омиллар ҳам бор. Умуман олганда, аҳил жамоавий муҳитни яратиб бераётгани учун йигитларга ҳам, раҳбариятга ҳам ташаккур. Тўғри, кўп гол уряпмиз ва кўп ўтказиб юборяпмиз. Бунга руҳий омиллар, диққатни йўқотиш ёки яна бошқа сабаблар таъсир қилаётган бўлиши мумкин... Бундай жиҳатлар жуда кўп. Бу – футбол. Кўп гол ураётганимиз яхши, албатта. Аммо камроқ гол ўтказиб юборганимизда, янада яхшироқ бўларди.
– Бугун "Насаф" билан ўйин очиқ футболга қурилганмиди ёки ҳимоявий ўйин кўрсатиб, натижага эришишга кўпроқ эътибор қаратилдими? Умуман олганда, "Насаф"ни қандай йўл билан мағлуб этиш ёки улардан очко тортиб олиш мумкин? Кўпчилик бунга ҳимоявий ўйин орқали эришиш мумкинлигини айтади, сиз бу фикрга қанчалик қўшиласиз?
– "Насаф"ни агрессив ва обрўли жамоа сифатида жуда яхши биламиз. Улар кўп йиллардан буён ҳам ички чемпионатда, ҳам Чемпионлар лигасида барқарор ўйин намойиш этиб келмоқда. Бундан ташқари, Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги кучли мураббийлар штаби ва юқори малакали футболчилар мавжуд. Умуман олганда, "Насаф" – Ўзбекистон чемпионати пешқадамларидан бири. Шу сабабли, уларга қарши ўйинда доимо катта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилинади. Яъни, рақиб футболчиларининг даражасини англаган ҳолда, ўйин боришини назорат қилишга ва шу орқали ўз футболингни кўрсатишга интиласан, маълум бир тактик чизмаларни ишлаб чиқасан. Бугунги баҳсга келадиган бўлсак, агар чуқурроқ таҳлил қилсак, ўйинни кўпроқ биз назорат қилдик. "Насаф" эса тезкор қарши ҳужумларга таянди. Ўйлашимча, улар бугунги ўйин орқали Чемпионлар лигасига тайёргарлик кўришди. Бу менинг шахсий фикрим. Майдонга тушган ва асосий ўйинчиларни алмаштирган футболчилар ҳам, умуман олганда, ажойиб ўйин намойиш этишди. Шундай экан, "Насаф"да бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.



