Нанни Сан-Марино терма жамоаси тарихида дубль қайд этган илк футболчига айланди

Sherzod Nurmatov
19 ноя 2026, 12:55
Сан-Марино терма жамоаси ҳужумчиси Никола Нанни жамоа тарихида битта халқаро ўйинда иккита гол урган илк футболчи бўлди.

15 ноябрь куни Хельсинкида УЕФА Миллатлар Лигаси доирасида Финляндияга қарши кечган баҳсда у дубль қайд этди. Сан-мариноликлар 2:7 ҳисобида мағлуб бўлишди, бироқ жамоанинг ҳар иккала голига айнан 26 ёшли форвард муаллифлик қилди.

Нанни илк голини 26-дақиқада пенальтини аниқ амалга оширган ҳолда урди. Ҳакам видеотакрорни (VAR) кўриб чиққанидан сўнг 11 метрлик жарима зарбаси белгиланганини тасдиқлади. 76-дақиқада эса ҳужумчи Николас Жакопеттининг узатмасидан сўнг ўйиндан гол уриб, ўша пайтдаги ҳисобни 2:6 кўринишига келтирди.

Сан-Марино футбол федерацияси хабарига кўра, Нанни миллий терма жамоа сафидаги 60 та ўйинда урган голлари сонини 7 тага етказди. У терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар Энди Сельванинг рекордига яқинлашди (Сельва ҳисобида 8 та гол бор). 2026 йил давомида форвард уч бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Бундан ташқари, федерация маълумотларига кўра, Хельсинкидаги учрашув Сан-Марино тарихида жамоа камида иккита гол урган атиги учинчи ўйин бўлди.

Биринчи бўлимдан сўнг Финляндия 5:1 ҳисобида олдинда бораётганди. Мезбонлар сафида Адриан Сванбек учта, Юэль Похьянпало иккита гол урган бўлса, Лео Вальта ва Даниэл Хоканс биттадан тўп киритишди. Нанни ҳисобдаги фарқни 2:6 гача қисқартирди, аммо орадан икки дақиқа ўтиб Сванбек хет-трикни расмийлаштирди.

Наннининг ушбу ютуғи нафақат Миллатлар Лигаси, балки Сан-Марино миллий терма жамоасининг барча расмий ва ўртоқлик ўйинлари тарихи учун ҳам рекорд ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›