Камолиддин Тожиев: "Бори билан ишлаяпмиз. Ҳужумчимиз йўқ. Ҳужумчи гол урмаса, ким уради?"

20 ноя 2026, 21:43
Суперлига 28-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Пахтакор" (2:1) баҳсидан сўнг меҳмонлар устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ўйинни яхши бошладик, тезкор гол урдик. Лекин голдан кейин ўйинни бироз қўлдан чиқардик. "Локомотив" биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида устунлик қилди. Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошладик, вазиятлар яратдик, аммо дарвозамиздан иккита гол ўтказиб юбордик. Охиригача курашдик. Ҳозир таркибимизда 11 нафар футболчи бор, терма жамоадан 3 нафар ўйинчи келиб қўшилди. Ҳар уч кунда ўйнаш, айниқса терма жамоа сафида иккита учрашув ўтказиб келгандан сўнг жуда қийин. Эртага яна сафарга йўл олишимиз керак, икки кундан кейин яна ўйинимиз бор. Футболчиларимиз орасида жароҳатлар ҳам кўпайиб кетди. Бугун охиригача курашдик, лекин иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқардик", - дея гап бошлади Камолиддин Тожиев.

— Бу йил "Пахтакор"нинг бунчалик кўп ҳимоявий ўйин кўрсатганини кўрмагандим. Бу учрашувни жамоанинг энг кўп ҳимояланган ўйини деса бўладими?

— Йўқ, фақат биринчи бўлимда шундай бўлди. Юқорида айтганимдек, чарчоқ йиғилиб қолмоқда: ҳар уч кунда ўйнаш, сафарлар — буларнинг барчаси таъсир қиляпти, йигитларда тетиклик етишмаяпти. Шунинг учун бироз шундай ўйин бўлди. Лекин иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик, шунчаки иккита гол ўтказиб юбордик.

— Биринчи бўлимни кўрдик, "Пахтакор" ҳисобга қараб ўйнади, "Локомотив" ҳужумкор футбол намойиш этган бўлса-да, голли вазият ярата олмади. Лекин тезкор голнинг эрта урилгани жамоага зарарга ишламадими? Шундан сўнг ташаббусни тўлиқ рақибга бериб қўйдинглар. Рақибда ташаббус бўлса, барибир 25 та вазиятдан биттаси гол билан якунланади-ку...

— Ҳа, худди шундай. Биринчи бўлимдан кейин йигитларга ҳам айтдим: тезкор гол ҳисобга қараб ўйнашга сабаб бўлиб қолди. Танаффусда уларга ўйнаш кераклигини, доимий ҳимояланиш билан барибир гол ўтказиб юборишимизни тушунтирдим. Иккинчи бўлимга чиқиб, иккита вазият яратдик. Ўша имкониятлардан фойдаланганимизда ғалаба қозонардик, аммо иккита гол ўтказиб юбордик.

— Яна бир қизиқ масала: Фламарион урган голни олайлик — у вазият 1 фоизли имконият эди, ақл бовар қилмас зарба ва гол бўлди. Лекин Ойбекда 70 фоизли, Фламарионнинг ўзида иккинчи бўлимда 60 фоизли вазиятлар бўлди. Голли вазиятлар кўкка совурилиб, неголли вазиятдан шундай гол урилишини қандай изоҳлаш мумкин?

— Бутун мавсум давомида анча кўп вазиятлар яратяпмиз, лекин улардан фойдалана олмаяпмиз. Ўша вазиятда озгина омадимиз келди, қолаверса, Фламарион яхши очилиб, кучли зарба берди. Мавсум бошидан бери кўплаб вазиятлар яратяпмиз, аммо гол уролмаяпмиз. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради.

— Игорь Сергеев масаласи: уни қайтариш мумкинми? Барча марказий ҳужумчиларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтаман, ўтган мавсумда Сергеев ярим вазиятдан ҳам гол урарди. Осиё Чемпионлар Лигаси элит босқичида "Ал-Насср" ва "Ал-Қодисия"га қарши ўйинларда олтита вазиятдан битта гол урилгани хавотирга солади...

— Ҳозирча унинг клуби билан шартномаси бор. Агар қайтаман деса, Сергеевнинг ўз маҳорати ва обрўси бор — биз уни ҳар доим бажонидил жамоага таклиф қиламиз. Лекин ҳозир амалдаги шартномаси мавжуд.

IMG_0318.JPG

— Башар Ресаннинг жароҳати қандай, кейинги ўйинда майдонга туша оладими?

— Ҳозир кўрамиз, лекин менимча, бу ўйинни 99 фоиз ўтказиб юборади.

— "Пахтакор"нинг мағлубиятидан кейин "Нефтчи" деярли чемпионлик масаласи ҳам ҳал бўлди. Жамоа кетма-кет уч мавсумдан бери чемпион бўла олмаяпти. Эътибор берсак, баҳордан бери муаммолар бир хил: вазиятлардан фойдалана олмаслик ва иккинчи бўлимда очко йўқотиш. 8-9 ойдан бери бу сурункали муаммолар тўғриланмади. Бунда асосий айб кимда деб ўйлайсиз — мураббийда ёки жамоа ичида?

— Бир йилдан бери бизда ҳужумчи масаласи муаммо бўлиб турибди. Биринчи даврада ҳам шундай эди, иккинчи даврада ҳам шундай. Ҳужумчи гол урмаса, қийин бўлади — барибир ортда гол ўтказиб юборасиз. Бори билан ишлаяпмиз. Ҳужумчимиз йўқ. Ҳужумчи гол урмаса, ким уради? Ҳозирча фақат ярим ҳимоячиларимиз гол уряпти.

— Охирги савол, Чинеду трансферини омадли бўлди деб ҳисоблайсизми?

— Биз ундан кўпроғини кутгандик.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia