Сергей Лушчан: "Пул бўлмаса куз-баҳорга ўтамизми, баҳор-баҳоргами, фарқи йўқ"

22 окт 2026, 22:23
Суперлиганинг 25-тури доирасида "Бунёдкор" - "Машъал" (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "Машъал" устози Сергей Лушчан ўз фикрларини билдирди.

- Одатдагидек. Тўғри, сиз энг муҳим сўзни айтдингиз — одатдагидек. Яна 2:1 ҳисобида мағлуб бўлдик. "Бунёдкор"ни ғалаба билан табриклайман. Бўлиши керак бўлган натижа қайд этилди. Қўшимча қиладиган гапим йўқ. Матбуот анжуманига келяпман-у, нима ҳақида гапиришни ҳам билмаяпман. Ҳаммаси аввалгидек.

- Бугун "Машъал"нинг имкониятларини кўриб турибмиз. Жамоада ёш футболчилар майдонга тушяпти. Улар сиз истаган даражага аста-секин яқинлашяптими? Албатта, улардан дарҳол юқори натижа кутиш қийин. Шунга қарамай, ёш футболчиларнинг ҳаракатларида ўзгариш сезяпсизми?

- Ҳа, ўзгариш жуда катта, айниқса, ёш футболчиларда. Уларнинг кўпчилиги учун бу биринчи жиддий тажриба. Улар асосан ёшлар жамоасида ўйнашади. Масалан, бугун Абдулазизовни майдонга туширдик. У аслида U-19 жамоасида ўйнайди. Унга ўзини кўрсатиш ва синаб кўриш учун имконият бердик.

Биз уларни кузатяпмиз: ўзларини қандай намоён қилишяпти, руҳий жиҳатдан қанчалик барқарор? Машғулотларда уларнинг интизоми яхши, салоҳиятлари ҳам юқори. Аммо олий лигадаги расмий ўйинда майдонга тушиш бутунлай бошқа масъулиятни юклайди.

Шунинг учун уларни кузатишда давом этяпмиз. Биз аллақачон келаси мавсумга тайёргарликни бошлаганмиз. Мавсум охиригача жамоанинг асосини шакллантириб олишимиз керак. Шунда мавсумлар оралиғида қайси позицияларни кучайтириш ва қайси футболчиларни таклиф қилиш кераклигини аниқ белгилай оламиз.

Албатта, жамоани кучайтиришимиз керак бўлади. Умуман олганда, ёш футболчиларнинг ҳаракатларидан мамнунман. Улар ҳаракат қилишяпти: кимдир яхшироқ, кимдир ҳали камчиликларга эга. Масалан, бугун Жовлиев ўзини кутилган даражада кўрсата олмади. Лекин у ҳаракат қиляпти, яхши бола. Менимча, унинг келажаги порлоқ. У ҳали атиги 18 ёшда. Бошқа йигитлар ҳам ёмон эмас. Биз келаси мавсумга тайёргарлик кўряпмиз ва ҳозирги жараёндан, умуман олганда, мамнунман.

- Бугун, маълум маънода, ўзаро ўхшаш жамоалар майдонга тушди. "Бунёдкор"да ҳам, "Машъал"да ҳам ёш футболчилар кўп. Ҳар икки клубнинг ҳам академияси бор.

Бироқ "Бунёдкор" академиясининг имкониятлари ҳақида гапирганда, клуб ҳозир катта қийинчиликларни бошдан кечираётганини ҳам ҳисобга олиш керак. Табиийки, бу академия фаолиятига ҳам таъсир қилади. Кеча йигитлар билан гаплашдик. Мен клубдаги вазиятни доим кузатиб бораман. Шунга қарамай, "Бунёдкор" академияси мен учун ҳамон Ўзбекистондаги энг яхши академиялардан бири бўлиб қолади. Чунки бу ерда бир вақтлар иш жараёни жуда яхши йўлга қўйилган эди. Ҳозир эса вазиятнинг барча тафсилотларини билмайман. "Машъал" ва "Бунёдкор"ни таққослайдиган бўлсак, селекция имкониятлари, албатта, "Бунёдкор"да кучлироқ. Иккинчидан, "Бунёдкор" академияси кўпроқ футболчиларни танлаб олиш ва улар билан ишлаш имкониятига эга. "Машъал"нинг имкониятлари эса анча чекланган. Футболчиларнинг сифат жиҳатидан тайёргарлигида ҳам муайян фарқ бор. Агар молиялаштириш бўйича тенг шароит яратилганида, вазият бошқача бўлиши мумкин эди. Аммо ҳозир бундай эмас. Очиғини айтсам, бугунги вазият мени жиддий хавотирга соляпти. Ўйиндан олдин ҳам мутахассислар билан шу ҳақда гаплашдик. Ҳамма келажакда нима бўлишини ўйлаяпти. Агар клубларни молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар шу тарзда давом этса, академиялар тақдири нима бўлади? Улар қандай ривожланади? Ахир академиялар — бутун футбол тизимининг асоси. Агар келаси йили Про лигани молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаса, нима бўлади? Миллий терма жамоа учун футболчилар қаердан етишиб чиқади? Жаҳон чемпионатига чиққан терма жамоа ортида 15 йиллик меҳнат турибди. Биз бу натижага бир кунда эришмадик. Агар ҳозир шу йиллар давомида қилинган ишларни йўққа чиқарсак, яна 30 йил терма жамоамизнинг шундай натижага эришишини кутишимизга тўғри келмайдими? Кейинги авлод футболчилари қаердан етишиб чиқади? Менинг назаримда, "Бунёдкор" академияси мамлакат футболининг асосий таянчларидан бири ҳисобланади. Бу академия кетма-кет уч йил Осиёнинг энг яхши академияси деб топилган эди. Агар ҳозир шундай академиянинг фаолияти жиддий қийинчиликларга дуч келиб, фақат мавжуд имкониятлар ҳисобига кун кўраётган бўлса, футболимиз келажаги ҳақида ўйламасдан илож йўқ. Балки биз билмаган жиҳатлар бордир, балки қандайдир режалар амалга оширилаётгандир. Аммо футболда 40–50 йилдан бери ишлаб келаётган мутахассислар ҳам ҳозирги вазиятни тўлиқ тушуниб ета олмаяпти. Эндигина иш бошлаган ёш мураббийлар бу жараёнларни қандай тушуниши мумкин? Шунинг учун менда ҳам катта саволлар бор: бундан кейин нима бўлади, футбол тизими қандай кўриниш олади?

- Келаси мавсумдан бошлаб Ўзбекистон футболи куз-бахор тизимига ўтиши мумкинлиги ҳақида гаплар бор. Ҳозирча бу тасдиқланмаган, фақат лойиҳа сифатида муҳокама қилинмоқда. Мутахассис сифатида бу ташаббусга қандай қарайсиз?

- Менимча, бу ёмон ғоя эмас. Назаримда, бундай ўзгаришлар миллий терма жамоа манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда таклиф қилинмоқда. Олдимизда Осиё ўйинлари ва бошқа муҳим мусобақалар бор. Масалан, клубларимиз Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этаётганда, икки ой давомида расмий ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкин. Бундай ҳолатда куз-бахор тизимига ўтишнинг муайян мантиғи бор. Қолаверса, биз Новосибирск каби иқлими кескин совуқ бўлган ҳудудда яшамаймиз. Мамлакатимиз иқлими бундай тизимда футбол ўйнаш имконини беради. Агар янги тизим Осиё ўйинлари, Чемпионлар лигаси ва бошқа халқаро мусобақалар тақвимига мос келса, бунинг ижобий жиҳатлари бўлиши мумкин. Лекин барча омилларни чуқур таҳлил қилиш керак. Чунки биз ҳозиргача бундай тизимда ишламаганмиз. Масалан, июль ойидаги жазирама иссиқ даврида одатда дам оламиз. Агар шу даврда жамоалар хорижда, жумладан, Беларусь каби мамлакатларда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконига эга бўлса, бу ҳам яхши ечим бўлиши мумкин. У ерларда ёзги йиғинлар учун шароитлар мос келади. Шунинг учун бу ўзгаришлар ижобий натижа бериши мумкин, деб ўйлайман. Аммо буни амалиётда кўриш керак.

Албатта, бу масалада мендан ҳам тажрибалироқ мутахассислар бор. Молиялаштиришдан тортиб, мусобақалар тақвимигача бўлган кўплаб жиҳатларни ҳисобга олиш зарур. Лекин менимча, ўзгаришлардан қўрқмаслик керак. Терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқиши ортида 20 йиллик меҳнат бор. Ҳозир эса клубларимиз молиявий муаммолар сабабли ҳатто сифатли легионерларни таклиф қилишда ҳам қийналмоқда. Мен Россиянинг "Спартак" клубидаги йигитлар билан ҳам доимий алоқадаман. Уларда ҳам трансфер бозорига чиқиш ва сифатли легионерларни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар бор. Демак, бу фақат бизга хос ҳолат эмас. Агар энг иқтидорли футболчиларимиз хорижга кетиб, миллий чемпионатимизда ўрта даражадаги футболчилар қолса, чемпионатнинг умумий савияси пасаяди. Бундай шароитда миллий терма жамоа фақат хорижда ўйнаётган футболчилар ҳисобига юқори натижаларга эриша олмайди.

Миллий терма жамоанинг асосини барибир ички чемпионатда ўйнайдиган футболчилар ташкил этади. Агар чемпионатимиз ўрта даражада бўлса, ҳатто ундан ҳам пастга тушиб кетса, терма жамоамизнинг юқори савияда бўлиши жуда қийин. Бу фақат менинг фикрим эмас. Кўплаб мутахассислар ҳам чемпионат савияси миллий терма жамоа натижаларига бевосита таъсир қилишини таъкидлайди. Ҳаммаси ички чемпионатдан бошланади. Бирор футболчимиз "Манчестер Сити"да ўйнаётгани учунгина миллий терма жамоамиз автоматик равишда кучли бўлиб қолмайди. Албатта, бундай футболчилар ўз маҳорати билан жамоага ёрдам бериши мумкин. Аммо терма жамоанинг барқарорлиги ва кучлилиги бутун футбол тизимининг савиясига боғлиқ.

- Кўчаровнинг ҳозирги ҳолати қандай? Унинг жароҳати бўйича нима дея оласиз?

- Кўчаровга қўйилган ташхисда олдинги хочсимон бойламнинг қисман узилиши, мениск ва ён бойламнинг чўзилиши қайд этилган эди. Очиғини айтсам, мен шифокор эмасман ва тиббий масалалар бўйича мутахассис ҳисобланмайман. Лекин менга маълум қилинган ташхисга қараганда, футболчи футболчиликни тугатиши керакдек туюлади. Аммо у бир ҳафтадан кейин югуришни бошлаши мумкинлиги айтиляпти. Шунинг учун менда саволлар туғиляпти. Балки ташхис қўйишда қандайдир хатолик бўлгандир, балки футболчи тегишли мутахассисга мурожаат қилмагандир. Аниқ айта олмайман. Ҳозир у ҳақиқатан ҳам жароҳатланган. Умид қиламизки, келаси мавсумга қадар тикланиб, сафга қайтади. Замонавий тиббиёт анча ривожланган. Масалан, мениск жароҳатларининг айрим турларида тикланиш жараёни нисбатан тез кечиши мумкин. Лекин бу жароҳатнинг тури ва оғирлигига боғлиқ. Баъзан футболчилар шифокорга мурожаат қилишади, уларга операция шарт эмаслиги, жароҳат ўз-ўзидан тузалиши мумкинлиги айтилади. Аммо футболчи машғулотларга қайтгач, муаммо яна такрорланади.

Менинг шахсий фикрим шуки, бундай ҳолатларда жароҳатни аниқ ташхислаш ва тикланиш режасини тўғри белгилаш жуда муҳим. Зарур бўлса, операция масаласи ҳам кўриб чиқилиши керак. Албатта, бу қарорни мутахассис шифокор қабул қилиши лозим. Менинг ўзим ҳам оёқларимда тўққиз марта операция ўтказганман. Мениск операциясидан кейин бир ҳафта ўтиб, таркибда ўйнаган пайтларим бўлган. Аммо бу ҳар бир футболчида тикланиш жараёни бир хил кечади, дегани эмас. Олдинги хочсимон бойлам ёки Ахилл пайи жароҳатлари эса анча жиддий бўлиб, тикланиш учун кўпинча бир неча ой талаб этилади.

- Академиялар ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Сиз "Бунёдкор" академияси ҳақида гапирдингиз. "Насаф" академияси ҳам яхши футболчиларни етиштириб чиқаряпти. Улар кетса, ўрнига бошқалари топиляпти. "Пахтакор"нинг ҳам кучли академияси бор. "Машъал" тарихида ҳам кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиққан. Ўтган йили жамоа таркибини шакллантирганингизни айтдингиз. Ҳозир эса "Машъал"да аввалгидек иқтидорли футболчилар кўринмаяпти. Бунинг сабаби нимада?

- Яна ўша масалага келамиз — молиялаштириш. Тўғри тушунинг, ўтган йилни оладиган бўлсак, ўша пайтдаги раҳбарлар ҳам буни тасдиқлаши мумкин: бош ҳомий НБУ бўлган даврда маблағлар ўз вақтида тўланарди. Академия, овқатланиш ва сафарлар билан боғлиқ харажатларни қоплаш имконияти бор эди. Муайян тизим асосида иш олиб бориларди. Ҳозир эса вазият бутунлай бошқача. Биз на тўлиқ селекция ўтказа оламиз, на янги футболчиларни таклиф қила оламиз. Чунки уларни қандай шароит билан таъминлашимизни ҳам билмаймиз. Ҳозир ёшлар жамоаси, U-19 ва асосий таркиб биргаликда машғулот ўтказяпти. Футболчиларни клуб базасига чақириб, шу ерда овқатланишларини ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Вазиятнинг қанчалик мураккаб эканини ўзингиз тасаввур қилинг. Одамлар ишлашни хоҳламай қўйяпти, майдонларимиз билан боғлиқ муаммолар бор. Бош директор майдонларни суғоришни ташкил этиш учун ҳам қийналяпти, чунки кўп ходимлар ишдан кетган. Сабаби оддий — маош тўланмаяпти.

Клуб фақат футболчилар, мураббийлар ва бош директордан иборат эмас. Бу ерда ошпазлар, ҳайдовчилар ва бошқа кўплаб ходимлар ҳам ишлайди. Агар уларнинг маоши берилмаса, бошқа иш қидиришга мажбур бўлади. Мен бош мураббий сифатида автобус ҳайдаб ёки барча техник ишларни бажариб юра олмайман. Айтмоқчи бўлганим, клубнинг барқарор фаолияти молиялаштиришга боғлиқ. Маблағ бўлмаса, клубнинг ишлаши қийинлашади ва натижага эришиш ҳам мушкуллашади.

Албатта, баъзан иқтидорли футболчини тасодифан топиб олиш мумкин. Лекин академия иши фақат шунга боғлиқ эмас. Академиянинг асосий вазифаларидан бири — тизимли селекция олиб бориш. Селекция бўлими ходимлари эрталабдан кечгача вилоятларни айланиб, иқтидорли футболчиларни излаши керак. Ҳатто Тошкентнинг ўзида иқтидорли болани топган тақдирингизда ҳам, уни жамоага таклиф қилишингиз лозим. Бунинг учун эса унга муносиб шароит яратиш керак.

Ҳозир бизда футболчиларга таклиф қиладиган имкониятлар жуда чекланган. Агар бу муаммо ҳал этилмаса, эртами-кечми, бутун тизим издан чиқиши мумкин. Халқаро тажрибага қарайдиган бўлсак, масалан, академия тарбияланувчиси "Пахтакор"дан "Реал" каби клубга трансфер қилинса, академия ҳам бундан молиявий манфаат кўриши мумкин. Айтайлик, трансфердан бир фоиз улуш академияга тегса ҳам, бу сезиларли маблағ бўлади. Бундай даромад академиянинг кейинги йилларда ҳам барқарор ишлашига ёрдам беради.

Аммо бизда ҳозир бундай имкониятлар ҳам чекланган. Бу муаммолар фақат "Машъал"да эмас. Ўйиндан олдин "Бунёдкор" вакиллари билан ҳам тахминан бир соат гаплашдик. Уларда ҳам жиддий қийинчиликлар бор. Умуман, кўплаб клубларда вазият мураккаб. Бу масалани ҳал қилиш керак. Албатта, ҳаммаси фақат бизнинг қўлимизда эмас. Раҳбарларимиз тегишли ташкилотлар билан мулоқот олиб боришяпти, федерация билан ҳам ишлаяпмиз. Лекин ҳозирги вазият ҳақиқатан ҳам жиддий.

Агар бу муаммолар келаси йилгача ҳал этилмаса, футбол тақвимини куз-бахорга ёки баҳор-баҳорга ўзгартиришнинг ўзи катта натижа бермайди. Молиялаштириш бўлмаса, тақвим қандай бўлишининг аҳамияти қолмайди. Футбол — молиявий қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган спорт тури. Шу билан бирга, у дунёдаги энг оммабоп спорт турларидан бири. Шунинг учун футболни ривожлантириш учун муайян ёрдам ва тизимли қўллаб-қувватлаш зарур. Менимча, ҳозирча давлат кўмаги жуда муҳим. Албатта, келажакда клубларни хусусий секторга ўтказиш яхши ғоя. Аммо бу жараён босқичма-босқич амалга ошиши керак. Бунинг учун мамлакатдаги иқтисодий шароит ва хусусий бизнеснинг имкониятлари ҳам етарли даражада бўлиши лозим.

Қолаверса, ҳатто "Манчестер Сити" каби йирик клублар ҳам фақат ўз даромадлари билан чекланиб қолмайди. Улар сармоядорлар ва бизнес тузилмалари маблағларидан ҳам фойдаланади. Бу футболда одатий ҳолат. Лекин бизда активлар ва молиявий имкониятлар чекланган шароитда бундай тизимни йўлга қўйиш осон эмас. Яқинда бир нечта мутахассис ва мураббий билан ўтириб, вазиятни муҳокама қилдик. Ҳисоб-китобларимизга кўра, агар мавжуд муаммолар ҳал этилмаса, бештагача клуб ўз фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин. Умид қиламанки, бундай ҳолатга етиб бормаймиз. Ҳозир Федерацияда ҳам, ПФЛда ҳам кучли мутахассислар жамоаси ишлаяпти. Улар вазиятни кўриб туришибди ва муаммолардан хабардор. Умид қиламанки, тегишли чоралар кўрилади ва мавжуд вазиятни яхшилашга эришамиз. Барчамиз шуни кутяпмиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›