UZ

Сўнгги янгиликлар

21:14Англия терма жамоасида охирги 138 йил ичида илк бор бу ҳолат рўй берди  8 20:54Омар Момани карикатураси: Уэйн Руни "Манчестер Сити" чемпион бўлишини хоҳлайди  9 20:46Мбаппе кетма-кет иккинчи ўйинда симуляция ишлатди  14 20:25Карикатура. Коутиньо бу эшикка бекор кирдими?   15 20:05Стерлинг бу мавсум қандай натижа кўрсатмоқда?   5 19:32Ўз терма жамоасидан умуман чақирув олмаган энг қиммат футболчилар   21 19:05Айни пайтдаги энг қиммат германиялик футболчилар  6 18:45"Бирмингем"дан 9 очко олиб ташланди  5 18:14Кьеллини: "Манчини Италия терма жамоасига хотиржамлик олиб келди"  4 17:45"Наполи" собиқ директори: "Ювентус" Аллегри ўрнига номзод топиб бўлди"  9 17:45Зинченко: "Украина терма жамоасида ғалаба қозониш учун яхши имконият бор эди"  6 17:17Olamsport: Маҳмуд Ғоипов проф рингдаги учинчи жангини ўтказди, Макгрегор шарт қўйди ва бошқа хабарлар  0 17:12А Про-лига-2019га қуръа ташланди. Мусобақанинг тўлиқ тақвими  20 17:01Бэйл: "Болалигимда Анрининг ўйинларини кўришни ёқтирардим"  3 16:57Сайлов олдидан. Ал Ромаити нега номзодини қайтариб олди?  1

Роналду билан "қуролланган" "Ювентус"ни ким тахтдан туширади? — А Серия янги мавсумига превью Янгиликлар

Роналду билан "қуролланган" "Ювентус"ни ким тахтдан туширади? — А Серия янги мавсумига превью

Ўзгача ўтиши кутилаётган Италия А Сериясининг янги мавсумига бугун старт берилади.

Дунёнинг энг кучли футболчисини қўлга киритган Италия гранди - "Ювентус", ажойиб трансфер компаниясини олиб борган "Интер", А Серия мутахассиси ҳисобланган Анчелоттини қўлга киритган "Наполи" ва мақсади ўзгармайдиган "Рома" иштирокидаги бу йилги Италия чемпионати ўзгача ўтиши кутилмоқда. Аввалгидан бошқача, бу галгиси ўзгача бўладиган А Серия.

Роналдунинг келиши чемпионатга бўлган қарашни, муносабатни ва қизиқишни оширгани ҳақиқат. Чемпионлик учун яққол фаворит ўша "Ювентус". Рақобатчилари ҳам ўша "Наполи" ва "Рома". Қаддини кўтариши қийин кечаётган, аммо ҳар йили бунга астойдил уринаётган Милан клублари - "Интер" ва "Милан". Римда "Рома"дан ҳам бошқа, ҳамшаҳарларидан ҳам кучлироқ жамоа борлигини исботлашга уринадиган "Лацио"нинг янги мавсумдан умидлари катта.

Скудеттонинг ҳақиқий эгасига айланиб қолган "Ювентус" чемпион бўлишдан зерикмайди. Таркиб ҳам ҳар йили ўзгаради, аммо ҳечам кучсизланмайди. Бу сафар ҳаммаси бошқачароқ, ҳали кўп таъкидланганидек, ўзгачароқ кечди. Аввалига Аллегри жамоада олиб қолинди. Кейинчалик Аллергига Пирло, Видаль ва Погба кетганидан кейин доим муаммо тақдим этган марказга Жан текинга таклиф қилинди. Иккинчи трансфер сифатида португалиялик универсал қанот футболчиси Жоау Канселу "Ювентус" аъзосига айлантирилди. Кейинчалик қанотга яна бир истеъдод соҳиби Спинаццола олиб келинди. Афсонавий Буффоннинг ўрнида "Юве"нинг кўп йиллик қалқони бўлиш учун "Женоа"дан Маттиа Перин сотиб олинди. ЖЧ тугаш арафасида  Роналдунинг трансфери ҳамма жойда шовқин кўтарди. Охирги трансфер эса дайди ўғилнинг қайтишига қиёсланган Бонуччига яна "Ювентус" либосини кийдириш билан тугади.

Ўтган мавсум якунланиши олдидан жамоа афсонаси Жижи Буффон барчани кўзларини ёшга тўлдириб, "Юве" билан ҳаяжонли хайрлашди. Кейинчалик Штефан Лихтштайнер эркин агент сифатида "Арсенал"га йўл олди. Бенедикт Хёведес эса кутилганидек ўйнай олмагани учун қайтариб юборилди. Кўп йиллар "Юве" учун универсал футболчи бўлиб келган қанот ўйинчиси Квадво Асамоа "Интер"га қўйиб юборилди. Трансфер дедлайн куни эса яна бир "Ювентус" афсонасига айланиб қолган, аммо захирада қолиб кетаётган Клаудио Маркизио билан ўзаро келишувга кўра, шартнома бекор қилинди. Марко Пьяца ҳамда Стефано Стураро ижарага бериб юборилди. Бу орада жамоадан охирги йилларда "Ювентус"нинг энг яхши тўпурари бўлган Гонсало Игуаин ҳамда келажак юлдузи бўлиши кутилган Кальдара "Милан"дан қўним топганди.

Игуаиннинг кетиши Роналдунинг келиши билан боғлиқ бўлса, ЕЧЛда натижани кўзлаётган "Юве" бугунни ўйлаб, келажакдаги "ниҳоли"дан воз кечди. Ругани ва Кальдара вариантидан "Ювентус" нисбатан халқаро аренада тажрибага эга Даниэлени танлади.

Аллегри қўл остида тенг кучли иккита таркибга эга қувватланган "Ювентус" мавжуд. Аллегрининг асосий миссияси нафақат ҳар йили Италияда бўлгани каби "олтин дубль" қайд этиш, балки ЕЧЛда ҳам ниҳоят бош совринни Туринга олиб келишдан иборат. Буни уддалаш Массимилианога осон бўлмайди. Аммо унинг оғирини енгил қилиш учун ҳам Роналду трансфери амалга оширилди. Айни пайтда даҳшатли ҳужум чизиғига эга "Ювентус"дан нафақат А Серия, балки бутун европа ҳайиқиб турибди. "Ювентус" Роналдусиз ҳам ҳар жиҳатдан А Серияда тенгсиз. Роналду эса Аллегридек ранг-баранг тактик мутахассис учун ҳақиқий десертга айланади. Бонуччининг қайтиши эса аввалгидек ҳимоя чизиғидаги турли хил тактик экспериментларни қўллаш учун имконият тақдим этади. Бу "Ювентус"ни тахтдан тушириш имконсиздек кўринмоқда. Жорий мавсумда "Ювентус" А Серияда фақатгина ўзига-ўзи мағлуб бўлиши мумкин. Бошқача сценайрийни тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Аммо футбол кутилмаган сюрпризларни ҳам тақдим этиб туриш эҳтимолигина чемпионлик интригасини буткул йўқолиб қолмаслигига умид бериб турибди.

Маурицио Сарри ва Жоржиньодан айрилган "Наполи"ни энди бой тажрибага эга "қария тулки" - Карло Анчелоттини А Серияга қайтарди. Анчелотти Италиядан сўнг "кучли-бешлик"ни тўлиқ айланиб чиқди. Аввалига "Челси"ни Англияда чемпион қилди, кейин ПСЖ билан Францияда тенгсиз бўлди. Сўнгра Испанияга "Реал"ни бошқариш учун йўл олди. Гарчи Ла Лигада ғолиб чиқолмаган бўлсада, аммо Карло тоға "Реал"га узоқ кутилган ЕЧЛни олиб беришга эришди. Анчелоттининг охирги бекати Мюнхен бўлди. "Бавария" билан Бундеслигада чемпион бўлган Анчелотти Германияда бир мавсумдан сал кўпроқ ишлади. Энди эса Неаполда Сарридан қолган меросни яхшилаб "жанг"га ҳозирлаш арафасида. А Серияда ғолиб бўлиш сирини биладиган мутахассисга бу гал осон бўлмаслиги аниқ. "Наполи"да Карло тоға катта инқилоб қилмаслиги аниқ. Анчелотти жамоани қайта қуришдан кўра, унга ишлов беришни хуш кўрадиган мураббий. Жамоа марказида Саррининг "эркатойи"га айланган Жоржиньонинг кетиши туфайли Анчелотти бу нуқтада Гамшикни ўйнатади. Кўпчилик Анчелотти Гамшикдан янги Пирло кашф қилишини кутмоқда. Аммо Марекка янги жойга ўрнашиши ва кўникиб олиши учун маълум вақт керак бўлади. Агарда ҳаммаси Анчелотти ўйлаганидек ва хоҳлаганидек кечса, унда "Наполи"нинг "Ювентус"га тақдим этиши мумкин бўлган рақобати янада жиддийлашади. Карло тоға эса ўзининг А Сериядаги бой тажрибасидан келиб чиқиб, "Юве"га қандай рақобат қилиш режасини пухта ҳозирламоқда. Неаполда айнан Анчелоттининг тажрибасидан умид қилишмоқда.

Иккита етакчи, чин маънода жамоа таянчларига айланган Алиссон ва Наинголаннинг кетиши "Рома"ни кескин кучсизлантириб юборишини тахмин қилаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо "Рома" ақлли йўл тутгани ва Алиссон ҳамда Наинголаннинг кетиши римликларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини айтаётганлар ҳам йўқ эмас. Биринчиси ким билмадим-у, аммо улардан бири каминалиги аниқ. "Рома" Алиссон ва Наинголан фонида иккита кучли ва етакчиларидан айрилди. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо уларни ўрнига жалб этилган футболчиларнинг потенциали "Рома"ни мақсадларини ўзгартирмаслик учун етарли, чамамда. Пасторе ва Ульсен айни керакли ва муносиб захира бўлди. Тўғри, ҳозирги пайтда статус борасида Пасторе ва Ульсен кетган ҳамкасблари билан рақобатлаша олмайди. Лекин улар айнан Римда янги мавқеи, янги даражага чиқиш учун имкониятга эгалар. Пасторе учун А Серия бегона эмас. Бу футболчи айнан А Серияда гуллаган ва ўзининг энг ёрқин дамларини ўтказишга муваффақ бўлган. ПСЖда эса бор потенциалини кўрсатиш учун унда вақт бўлди, аммо имконият нисбатан камроқ тақдим этилди. Яна бир фарқи, Пасторе ПСЖда юлдузлар соясида қолган бўлса, "Рома"да ёрқин юлдуз бўлиш учун унда яхшигина имконият мавжуд. Швеция терма жамоаси дарвозасини мундиалда муносиб қўриқлаган ва олқишларга сазовор бўлган Ульсен борасида ортиқча таърифга ҳожат йўқ. Пайтида Алиссон ҳам "Рома"га нотаниш дарвозабон сифатида келган ва қисқа фурсатда янги даражага чиқа олган кипер. Ульсенда ҳам камида Алиссон кўрсатган ишни такрорлаш учун шароит ва имконият етарли.

Шунингдек, "Рома"нинг таянч зонасига Нзонзини харид қилгани Ди Франческога танлов имкониятини кенгайтиради. "Аталанта"дан ижарага олинган Кристантенинг келиши ҳам "Рома"нинг трансфер компаниясидаги энг аъло ишларидан бири бўлди. Пасторе ва Кристантенинг борлиги ҳужум ташкил этишда креативлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Кристанте А Сериядаги энг кўп ҳужумга қўшиладиган ярим ҳимоячи саналади. Унинг самарадорлиги ҳам юқори кўрсаткичга эга. Нзонзи таянч зонасидан жой олса, катта эҳтимол - Нзонзи, Кристанте ва Пасторе "учлиги" марказда асосий фигурага айланади. Эйсебио Ди Франческо эса ўзининг анъанавий тактик схемасидан воз кечмайди. Ҳужумдаги "учлик"да сўзсиз асосий фигура марказда ўйнайдиган Эдин Жеко бўлади. Қанот вингерлари сифатида иккита ёш истеъдодлар Ундер ва Клюйверт бўлиш эҳтимоли юқори. Айниқса Жастин Клюйвертнинг трансфери "Рома" учун омадли бўлди. "Рома" охирги йилларда кўплаб бўлажак юлдузлар учун европадаги ҳақиқий трамплин вазифасини бажарувчига айланди. Қисқаси, кўпчилик Наинголан ва Алиссон кетиши натижасида "Рома"га беписанд қараётган бир пайтда, "бўрилар" янги мавсумда "ов"га чиқишга жиддий тараддуд кўришмоқда. "Ов" қанчалик бароридан келишини эса вақт кўрсатади.

Шуни айтиш керакки, Роналду билан "қуролланган" "Ювентус", Анчелоттини А Серияга қайтарган "Наполи", энг сермаҳсул трансфер компаниясини амалга оширган "Интер" ва янги мавсумдан умидлари катта "Милан" орасидан иккинчи ўринни олиш ҳам "Рома" учун муваффақиятга айланади. "Кучли учлик"дан пастки ўрин эса сўзсиз инқироз деганидир.

Лука Модрич трансферини амалга оширишга жуда қаттиқ уринган, аммо бунга эриша олмаган "Интер" янги мавсумда юқори чўққини забт этиш ҳаракатида. Лука Модрич билан бу иш бироз осонлашган бўларди. Аммо шунга қарамай, Спалетти жамоаси ҳар бир позицияда етарли малакага эга ижрочиларни харид қилди. Рақобат ва танлов борасида Спалеттида муаммо йўқ. Икарди, Кейта ва Перишич "учлиги" ҳар қандай ҳимояга ташвиш туғдиришга қодир. Кейта Бальде учун А Серия ҳавоси бегона эмас. Перишич Италияга анча кўникиб, яхшигина мослашишга ҳам улгурди. Икарди эса "Интер"нинг "найза"сининг чархланган ўткир учи. Мудофаа чизиғидан ҳам кўнгил тўқ. Де Врей, Шкриньяр ҳамда Миранда каби ҳимоячилар А Серия ҳужумчиларига енгил нафас олишларига йўл қўйишмайди. "Ювентус"дан таклиф этилган Квадво Асамоа нафақат универсал футболчи, балки скудеттони таъмидан бохабар чемпион саналади. "Интер"га "Ювентус"ни кетма-кет саккизинчи бор чемпион бўлишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган потенциал рақобатчи сифатида қаралмоқда. Спалетти эса қўл остидаги яхшигина масаллиғдан ширин таом тайёрлашга уриниб кўради. Бу йўлда уларга биргина жиҳат қўшимча муаммо тақдим этиши мумкин - ЕЧЛ. Жамоа катта танаффусдан сўнг ЕЧЛга чиқди ва мазкур турнирга ҳам ўзгача эътибор қаратишига тўғри келади. Айнан шу омил "Интер"ни ички чемпионатдаги диққатини жамлашга бироз тўсқинлик қилиши, жамоани учта фронтда курашиши толиқиб қолишга сабаб бўлиши мумкин. Агарда Спалетти бу борада оқилона ротацияни амалга ошира олса, унда муаммо камроқ бўлади.

"Милан" яна қайта тикланиш машқини қайтадан бажариб кўрмоқчи. Бу гал Женнаро Гаттузо билан бу амалга оширилади. Буни уддалаш қанчалик ўхшайди ёки йўқ, ҳозирдан бир нарса дейиш мушкул. Шуниси аниқки, "Милан" охирги йилларда жамоага етишмаган тўпурарга эга чиқди. "Ювентус"дан жамоага гол машинаси - Игуаин таклиф этилди. Мазкур трансфер "Милан"нинг ёзги трансфер бозоридаги энг муҳим ва асосий хариди десак муболаға бўлмайди. "Милан"нинг ҳимоя қурғони "мовий гвардия"нинг келажаги сифатида қаралаётган истеъдодлардан ташкил топган. Айниқса Маттиа Кальдара трансфери келажакда "Милан" учун "лотерея"да чиққан жекпотга айланиши мумкин. Клуб раҳбариятининг "Милан"ни Женнаро Гаттузо билан қаддини кўтариш миссияси қанчалик ўзини оқлашини мавсум давомида кўрамиз. Биргина савол турибди, Гаттузони жамоада олиб қолиниши тўғри қарорми ёки йўқ? Янги мавсум Гаттузо мураббий сифатида қандай салоҳиятга эга эканлигини ҳам кўрсатиб беради.

Қолган жамоалар ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, "Лацио" учун Сергей Милинкович-Савични жамоада қолгани биргина яхши плюс. "Рома"нинг қўшниси бўлган Симоне Инзаги бошчилигидаги "Лацио" мазкур трансфер бозорини эконом режимида ўтказди. Етакчиларидан айрилган "Аталанта" учун биргина яхши тарафи, жамоа бош мураббийи Гасперини ҳеч қаерга кетмади. "Фиорентина" эса А Сериядаги энг жўшқин ва ёш жамоа. Фаворитлар соясида қолиб кетган, аммо янги мавсумда шовқин кўтаришга қодир ёшларни йиғиб олган "Фиорентина"ни кузатиш қизиқ бўлади. Филиппо Инзаги қўл остига ўтган "Болонья" ҳам нима каромат кўрсатиши кўпчиликни ўйлантирмоқда. Хуллас бугун кўпчилик ўзгача иштиёқ билан кутаётган А Серия старт олади. Давомини эса биргаликда кузатамиз. Ёқимли томоша :-)


Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +24   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
������.�������

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг