"Рақиб жарима майдони яқинида қоида бузилса, стадион "Лебед! Лебед!" деб ҳайқирарди" — ўзбек футболининг собиқ юлдузлари Сергей Лебедевни хотирлади

Iskandarov Abdulaziz
26 ноя 2026, 18:50
Футбол баъзан юракни ларзага соладиган айрилиқлар билан ҳам синайди.

Абдусамад Дўрмоновдан сўнг кўп ўтмай, ўзбек футболи яна бир ёрқин юлдузи — Ўзбекистон терма жамоа собиқ аъзоси, "Нефтчи"нинг унутилмас етакчиларидан бири Сергей Лебедевдан айрилди. Унинг майдондаги шижоати, қойилмақом зарбалари ва инсоний фазилатларини кўрганлар учун бу хабар кутилмаган зарба бўлди. Қуйида устоз ва сафдошларнинг қалбдан чиққан хотираларни қоғозга туширишга қарор қилдим.

Шуҳрат Мақсудов (Ўзбекистон терма жамоаси, "Нефтчи" ва "Пахтакор" собиқ футболчиси): — Лебедевнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб, чуқур қайғуга ботдим. Яқиндагина Абдусамад Дўрмоновни йўқотган эдик. Улар билан кўп йиллар елкама-елка тўп тепдик. Сергей билан 1993 йилдан бери танишмиз. Ўшанда мен "Пахтакор"да, у эса "Нефтчи"да ўйнарди. Майдонда рақиб саналсак-да, кўришганда доимо самимий салом-алик қилардик. Терма жамоада эса яқин дўстга айландик, Осиё ўйинларида бирга чемпион бўлиш насиб этди.
1997 йил тақдир тақозоси билан "Нефтчи"га ўтганимдан сўнг клубда ҳам бирга фаолият юритдик. Бутсаларимизни михга илгач, мураббийликка ўтиб, биргаликда ўринбосарларга устозлик қилдик. Сергей майдонда қанчалик ишончли шерик саналса, ҳаётда ҳам худди шундай олийжаноб инсон эди. Фарғона академиясида кўплаб ёшларга футбол сирларини ўргатди. У нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё мамлакатлари орасидан Жаҳон терма жамоаси сафида майдонга тушган ягона футболчи сифатида тарихга кирган. Бу ўз даврида ўзбек футболи учун улкан ютуқ ҳисобланарди.

photo_2026-11-26_17-44-48.jpg



Мурод Исмоилов ("Нефтчи" собиқ футболчиси ва мураббийи): — Сергей Лебедев ҳақида фақат илиқ фикр билдириш мумкин. У камсонли, чинакам мард — ҳақиқий "мужик" футболчилар тоифасига кирарди. Майдонда улкан шижоат ва ғайрат билан ҳаракат қилар, суҳбатлашганингизда эса ҳар бир сўзида теран маъно сезиларди. Доимо ўз қараши ва мустақил фикрига эга ажойиб шахс эди. Мураббийлик фаолиятида ҳам ўз йўналишини ярата олди. Ўзбек халқининг юксак ишончи ва меҳрини қозонди. Менимча, инсон учун бундан ортиқ эътироф йўқ.
Лебедевнинг сўзга собитлиги ва қатъияти уни жамоадошлари учун таянчга айлантирган эди.

Анвар Бердиев ("Нефтчи" собиқ футболчиси): — У ҳақида қанча гапирсак ҳам оз. Ўзбек футболи яна бир афсонасидан айрилди. Сергей қандай савиядаги ўйинчи бўлганини барча яхши билади. "Нефтчи"га илк келган кезларим, ундан аввал ҳам жамоа таркибини кўриб ҳавас қилардим. Лебедев ўша авлоднинг энг ёрқин вакили эди, айниқса, жарима зарбаларини қойилмақом ижро этарди. У билан бир жамоада тўп тепганимдан фахрланаман.
Бу совуқ хабарни эшитиб, карахт аҳволга тушиб қолдим. Хабарингиз бор, яқинда Асад ака Дўрмонов оламдан ўтганди. У зотнинг йўқотишини ҳазм қилиб улгурмай, Лебедевдан айрилдик. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. Сергей майдонга тушса, борини берар, доимо жанговар руҳда ўйнарди.

Футболчиликни тугатгач, Юрий Саркисянга яқиндан ёрдам берди ва жамоани руҳлантиришда муҳим роль ўйнади. Юрий Вазгенович кетганидан кейин эса мустақил ишлай бошлади. Мен ҳам фаолиятимни якунлагач, мураббийликдаги илк қадамларимни айнан Лебедевга ёрдамчиликдан бошлаганман. "Истасанг келиб ўйна, хоҳласанг ёрдам бер", дея ўзи таклиф билдирганди. Футболда бундай олижаноб инсонлар кам учрайди. "Истиқлол", "ФарДУ" жамоалари тилга олинганда, кўз олдимга дарҳол Сергей Лебедев келади. Жорий йилда ҳам кучли рақиблар орасида тўртинчи ўринни эгаллаб, жамоанинг Суперлига йўлланмаси учун курашга қўшилишига улкан ҳисса қўшди. Охирги ўртоқлик учрашувида "Яйпан"га қарши ўйинни стадиондан кузатгандим: бир томонда Акмал Холматов, иккинчи томонда Сергей Лебедев жамоалари турарди. Бу манзарани кўриш ўзгача завқ бағишлаганди. Яқинларига сабр тилайман, очиғи, бошқа сўз топиш қийин.

photo_2026-11-26_16-19-35.jpg



Мухтор Қурбонов ("Нефтчи" ва Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси): — Бу хабар мени шок ҳолатига тушириб қўйди. "Металлург" билан учрашув олдидан шундай оғир жудолик юз бериб турибди. Бир неча кун аввал университет ректори билан биргаликда "ФарДУ"нинг тайёргарлик жараёнини кузатган эдик. Сергей билан терма жамоада ҳам, "Нефтчи"да ҳам бирга тўп тепганмиз. У жисмонан бақувватлиги ва майдонда ностандарт қарорлар қабул қила олиши билан ажралиб турарди.

"Металлург"да бирга ўйнаганимиздаги қизиқ бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ҳакам тахминан 25 метрлар масофадан жарима зарбаси белгилади. Сергей: «Молодой, кел, ўзим тепаман», деди. Мен эса: "Йўқ, бу сафар ўзим амалга ошираман", дея туриб олдим. Биринчи зарбам ноаниқ кетди, аммо жонли девордаги футболчи вақтидан олдин югуриб чиққани боис ҳакам тўпни қайта тепишни буюрди. Иккинчи уринишда эса гол урдим. Ўйиндан сўнг бу вазиятни эслаб, узоқ ҳазиллашгандик. Ундан фақат яхши хотиралар қолди. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди, шу боис барчага мустаҳкам соғлиқ тилайман.

Абдуқаҳҳор Маъруфалиев (Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси): — У футбол нуқтаи назаридан ҳақиқий профессионал эди. Ёшларни ҳам, катталарни ҳам бирдек ҳурмат қилар, ниҳоятда тартибли инсон саналарди. Терма жамоага бежиз чақирилмаганини ҳар бир ўйинда исботларди. Шу билан бирга, жуда ҳазилкаш ва кўнгли очиқ йигит эди.

"Пахтакор" ва "Дўстлик" сафида Лебедевга қарши кўп бора майдонга тушганман. Ишонасизми, учрашувдан бир кун аввал "Эртага Лебедевни қандай тўхтатаман?" деб ўйлаб ётардим. Чунки унинг ҳар икки оёғидаги зарбалари ниҳоятда кучли ва хавфли эди.

Рақиб ҳимоячиларини ўйиндан бир кун олдин ўйлашга мажбур қилган футболчилар кам бўлади. Сергей Лебедев ана шундай ўйинчилардан эди — майдонда ҳар лаҳзада таҳдид сола оладиган, аммо ҳаётда оддий ва самимий инсон.

photo_2026-11-26_16-08-25.jpg

Неъматжон Аҳмедов (Ўзбек футболи фахрийси, устоз журналист): — Очиғини айтсам, кеча Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Сергей Лебедевнинг тўсатдан вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб, шокка тушиб қолдим. Аввалига ишонмадим. Шу боис таниш-билишларга қўнғироқ қилиб, суриштирдим... Чунки уни яқиндан ва яхши танирдим. ФарДУнинг жисмоний тарбия факультетида таҳсил олгандик, яъни курсдош бўлганмиз. Оддий, самимий ва камгап йигит эди... Ўзбек футболи жамоатчилигида ўз ҳурматига, ўз ўрнига эга инсон эди...
Яқинда у билан “Бунёдкор” футбол академиясида кўришиб, дилдан суҳбатлашгандик... “Нефтяник” собиқ Иттифоқ иккинчи лигасида қатнашган даврида — 1989 йилдан бошлаб жамоа ўйинларини бевосита “Спартак” стадионидан кузатганман. Ўшандаёқ таркибда жисмонан бақувват, ёш, тезкор ва ниҳоятда кучли зарбага эга “Лебед” алоҳида ажралиб турарди. Рақиб жарима майдони яқинида қоида бузилса, маҳаллий мухлислар “Лебед!”, “Лебед!” деб ҳайқиришарди. Сабаби Сергей замбарак ўқидек кучли зарба эгаси эди.
У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 33 та учрашувда майдонга тушиб, 10 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Лебедев терма жамоа таркибида 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби бўлган. Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси сафида тўрт марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган ва икки марта мамлакат Кубоги соҳибига айланган. 1997 йилда эса жаҳон терма жамоаси таркибида кўргазмали учрашувда майдонга тушганди. Сергейнинг ҳаракатларида ўзига хос шиддат ва қатъият, тажовузкорлик сезиларди — у майдонда шунчаки вақт ўтказиш учун тўп тепмасди. У ўзига берилган топшириқни аьло даражда бажарарди…
Унинг сўнгги иш жойи «ФарДУ» футбол клуби (бош мураббий) эди. Сергей ҳали ишлаши, ўзбек футболига янада кўпроқ хизмат қиладиган салоҳиятга эга эди… Нима ҳам дердик, ўлим ҳақ. Машҳур футболчи Сергей Лебедевнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланади. Охиратинг обод бўлсин, афсона...

photo_2026-11-26_18-16-41.jpg

Баҳром Ҳайдаров ("Нефтчи", "Насаф" собиқ футболчиси) - Футболимиз афсонаси Сергей Элефертович Лебедев билан бир жамоада тўп тепиш насиб қилганидан фахрланаман. Футбол майдонида ҳар бир тўп учун интилиш, рақибга курашларни бой бермаслик Лебедевга ҳос хислат эди. Бундай футболчи билан елкама-елка тўп тепиш ҳар бир ўйинчи учун орзу эди. Лебедевнинг вафотини барчамиз чуқур қайғу билан қабул қилдик. Суперлигада ўйнаб кетишимда ҳам Сергей Элефертовичнинг ҳиссаси ва ёрдами катта бўлган. Ўйлайманки, у ҳаммамизнинг қалбимизда абадий қолади. Айниқса, жаҳон юлдузлари сафида майдонга тушгани бир умр хотирамиздан ўчмайди.

Очиғи, у ҳақда гапиришга сўз топа олмаяпман. Футбол аҳли унинг номини доимо эъзозлаб сақлайди. Бундай инсонлар дунёга бир марта келади — бу шунчаки мақтов эмас, айни ҳақиқат. Биз ака-укадек бўлиб қолгандик.

Ўхшаш янгиликлар

Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia