UZ

Сўнгги янгиликлар

12:58"Челси" вингерини маълум шартлар асосида қўйиб юборишга тайёр  0 12:31"Милан" "Штутгарт" етакчисига қизиқиш билдиряпти  0 12:05Ши Таэ Йонг: "Ўзбекистон ва Саудия учрашувини стадиондан томоша қиламан. Корея мусобақани эрта тарк этгани учун бироз хафаман"  2 11:40"Интер" эгалари ўзгариши мумкин  0 11:16"Бавария", ПСЖ ва АПЛ клублари Меньян ва Теога қизиқишмоқда  0 10:50“Ливерпуль” ва “Арсенал” 80 миллион евролик футболчи учун курашмоқда  0 10:30Жанубий Кореяни уйига жўнатган Индонезия ОТЖ ким бошқараётганини биласизми? (Мутолаа учун)   5 10:13«Манчестер Юнайтед» ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди  2 09:46«Фейеноорд» устози «Ливерпул»нинг қизиқиши ҳақида фикр билдирди  0 09:19Хави «Барселона»да қолиши маълум бўлганидан сўнг нималар деди?  8 08:54«Кальяри» Шомуродовни олиб қолмоқчи. «Рома» эса терма жамоамиз сардорига нарх белгилади  11 08:30Анчелотти «Олтин тўп»га ким лойиқлиги ҳақида фикр билдирди  25 08:04Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланади ва 3-тур бошланади  3 07:38Футзал. Бугун Эронга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борамиз  7 07:15U-23 Осиё кубоги. Қатар - Япония 2:4  0

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида Янгиликлар

ОЧЛ плей-офф ўйини. Жамоаларимиз тайёрми? "Насаф" ҳақида

"Ал Файсали"га қарши майдонга тушиб гуруҳ босқичига йўлланма берувчи ягона ўйинда кураш олиб борадиган Қаршининг "Насаф" жамоасининг бўлажак баҳсларга кўрган ҳозирлиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Хўш, Р.Бердиев шогирдлари бўлажак муҳим беллашувга қанчалар тайёр? Рақиби бўлмиш Иорданиянинг "Ал-Файсали" жамоаси ҳақида нималар биламиз? Шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз.

Олдинга ўтиб шуни айтиш лозимки, гарчи қаршиликлар таркибида сезирларли йўқотишлар юз берган бўлсада, жамоа ягона ўйиндан иборат ўтиш учрашувини ўз майдонида ўтказади. Устига устак, жамоа рақиби "Ал-Файсали"га бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, иорданияликдар гарчи ўз мамлакатида етакчи жамоалар қаторида зикр этилсада, қитъа топ клублари сафига кирмайди ва уларни ҳатто "Насаф"нинг бугунги таркиби ҳам қийинчиликсиз мағлуб эта олади деб ўйлайман.

Тайёргарлик ҳақида. 2017 йилги мавсумнинг сўнгги ўйинини 25-ноябрь куни Наманганда "Навбаҳор"га қарши ўтказган "аждарлар" расмий ўйинларга якун ясаб таътилга чиққанди. 20 кун дам олган насафчилар 15 декабрь куни янги мавсумга тайёргарликни ўз қароргоҳида бошлашди ва янги йилга қадар Қаршида шуғулланишди. Йиғин давомида 22 ва 23-декабрь кунлари Қаршида "U-23" терма жамоасига қарши иккита назорат ўйини ташкил этилди. Қизиқарли кечган баҳсда Р.Ҳайдаров шогирдлари эндигина таътилдан қатган "аждар"ларга имкон қолдирмай дастлабки ўйинда йирик 3:0, иккинчи баҳсда эса 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Янги йил байрами муносабати билан қисқа муддатга таътилга чиққан жамоа аъзолари 3-январдан яна машғулотларга қайтди. Иккинчи йиғин якунида Тошкентда Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси билан зртоқлик учрашуви ташкил этилди ва унда қаршиликлар йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

9-22 январдан бошлаб эса "Насаф"нинг хориж йиғини бошланди. Манзил сифатида Туркиянинг Белек шаҳри танланди.  Йиғин давомида 6 та назорат беллашуви ташкил этилди. Дастлаб, 12-январда Туркия қўйи дивизион вакили бўлган “Tarsus Idman Yurdu” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этган Р.Бердиев шогирдлари, 13-январь куни Украина олий дивизионида 3-ўринда бораётган "Ворскла"га қарши майдонга тушди ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Туркия йиғини доирасидаги учинчи рақиб Қозоғистон юқори лигаси вакили "Шахтёр" клуби бўлди. 14-январь куни бўлиб ўтган ўйинда "аждарлар" 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. 18-январь куни навбатдаги ўртоқлик учрашуви доирасида  Албания супер-лигаси иштирокчиси "Люфтетари" жамоаси билан баҳс олиб борилди. Қизиқарли кечган беллашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан ўз якунига етди. Шу куни ўтказилган яна бир беллашувда Қозоғистон биринчи лигаси вакили "Қизилжар" жамоасига 1:2 ҳисобида имконият бой берилди. Ва ниҳоят 21-январь куни, Туркия йиғинидаги сўнгги назорат ўйинида  Ироқ премьер-лигаси иштирокчиси, тўрт карра мамлакат чемпиони "Арбил" клубига 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Туркия йиғинидан қайтиб келган жамоа ўз қароргоҳида бўлажак баҳсга ҳозирлик кўрмоқда.

Гарчи, Туркия йиғинида жамоанинг Хитойдаги Осиё чемпионатида иштирок этаётган аъзолари қатнашмаган бўлсада, Р.Бердиев жамоага қўшилган янги футболчилар ва ёшлар жамоасидан жалб қиланган футболчилар имкониятларини синовдан ўтказиб олди.

Трансфер сиёсати. Жамоага қўшилган футболчилар. "Аждарлар" янги мавсумда муваффақиятли қатнашиш учун жамоани тарк этган футболчилар ўрнини муносиб тўлдиришга ҳаракат қилди. Жамоа таркибига легионерлардан сербиялик ҳимоячи Славко Лукич ва тожикистонлик ярим ҳимоячи Жаҳонгир Алиевлар қўшиб олинди. Маҳаллий футболчилардан эса, "Сўғдиёна" жамоаси етакчиси Санжар Рашидов, "Металлург" вакиллари Мирғиёс Сулаймонов ва Муроджон Тошматовлар билан шартнома имзоланди. Қизиғи, "Насаф" собиқ маъданчиларни ОЧЛ "заявка"сига киритган бўлсада, сўнгги хабарларга кўра, М.Тошматов ва М.Сулаймонов "Бунёдкор" машғулотларига қўшилган. Шунингдек, жамоа машғулотларида академия тарбияланувчиларидан бир гуруҳи қўшилган.


Жамоани тарк этган футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало "Пахтакор"га йўл олган асосий таркибнинг тўрт вакилини қайд этиб ўтиш лозим. Фаррух Сайфиев, Баҳром Абдураҳимов, Дилшод Раҳматуллаев ва Акмал Шораҳмедовлар якунланган мавсумда "Насаф" ғалабаларига катта ҳисса қўшган футболчилар ҳисобланишар эди. Яна бир ҳимоячи Сайдулло Раҳматов ва ҳужумчи Шаҳбоз Эркиновлар ҳам ўз омадини бошқа жамоада синаб кўришни лозим топиб мос равишда "АГМК" ва "Бухоро" машғулотларига қўшилишди.
Олиб борилган трансфер сиёсатига баҳо берадиган бўлсак, "аждарлар" имкон қадар кетганлар ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилди. Жамоа заҳира ўриндиғи анча торайиб қолганлини айтмаса, жамоа кучли 15 та футболчига эга. Қолаверса, ўтган йили аста-секин асосий таркибда майдонга туша бошлаган бир қанча ёшлар, бу йил жамоа асосий таркибининг тўлақонли аъзосига айланади.

Рақиб ҳақида. "Ал-Файсали" - Амман шаҳри шарафини ҳимоя қилади ва 1932 йил ташкил этилган. Иордания ПРО-лигаси иштирокчиси. “Ал Файсалий” клуби мамлакат чемпионатида етакчи клуб ҳисобланади. Амманликлар ўз тарихида 32 карра чемпионликни, 18 карра федерация кубогини, 15 марта суперкубокни ва икки марта ОФК кубогини қўлга киритганлар. Таркибида легионерлардан Ҳасан ал-Шайх (Катар), Доминик (Сенегал) ва Лукас (Польша) бор.

Иордания ПРО-лигасида 12-турдан кейин 6 та ғалаба, 4 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этиб, 24 очко тўплаган жамоа турнир жадвалининг тўртинчи ўрнида бормоқда ва пешқадам "Ал-Виҳдат"дан 5 очко ортда қолмоқда. Айтиш лозимки, жамоада сўнгги пайтларда бир-биридан қизиқ ўзгаришлар содир бўлмоқда.

20 декабрь куни тарқатилган хабарга кўра, ФИФАдан клуб номига келган расмий хат келган ва унга кўра, жамоанинг тўрт нафар етакчи ўйинчиси бир йил муддатга (2017 йил 14 августдан 2018 йил 14 августгача) ҳар қандай футбол учрашувида майдонга тушишига таъқиқ қўйилди. Булар Мовтаз Ёсин, Баха Абдул Раҳмон Иброҳим, Иброҳим Дледум Заваҳра ва ливиялик легионер футболчи Акрам Зуилардир. Шунингдек клуб раҳбариятидан Сулаймон Ал Ассоф икки йил муддатга футболдан четлатилган.

Жамоа бошқарувида ҳам қўнимсизлик кузатилади. Бунгача эса жамоа Иордания Кубоги ярим финалида “Ал-Жазира”га имкониятни бой бергач, жамоани шу 2017 йилнинг сентябрь ойида қабул қилиб олган хорватиялик мураббийи Драган Талажич истеъфога чиқарилган эди. Янги йилнинг дастлабки кунларида тарқатилган хабарларга кўра, жамоа бош мураббийлигига Набил Кукини таклиф этилган эди. Амманликлар юртимизга эса умуман бошқа мураббий билан ташриф буюрди. Ўтган йили жамоада ишни бошлаган, кейинчалик эса Мисрга кетиб яна Амманга қайтиб келган Небойса Йовович бўлажак баҳсга "Ал-Файсали"ни тайёрлаяпти Шунингдек, яқинда жамоа таркибига албаниялик ярим ҳимоячи Албан Меҳа келиб қўшилди.

Ўзаро тўқнашувлар. Умуман олганда "Ал-Файсали" клуби "аждарлар"га нотаниш эмас. Мазкур жамоалар бунгача ОФК кубогининг нимчорак финалида тўқнаш келишган. 2011 йилнинг 24-майида, Қаршида бўлиб ўтган ўзаро учрашувда "Насаф" ўз рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этган ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритган. Яна бир қизиқ факт: "Ал Файсали" "Насаф"га қарши ўйиндан кейин, аниқроғи, 2011 йилдан 2017 йилга қадар  оз эмас, кўп эмас нақд 21 нафар мураббийни истеъфога чиқарди. Бу эса жамоа барқарорлигига путур етганлигидан дарак беради. Энг қизиғи "Ал Файсали" ўз тарихида икки марта ОФК кубогини қўлга киритган. Жамоа Қаршида мағлуб бўлса ҳам, ОФК Кубоги-2018 даги иштирокини сақлаб қолаверади.

"Ал-Файсали" Қаршига келишдан олдин, Иордания премьер-лигаси 12-тури доирасидаги учрашувни ўтказди. Чемпионат аутсайдери "Ал-Ярмук" жамоаси меҳмони бўлган амманликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги дастлабки голни 17-рақам остида ҳаракатланган ҳимоячи Салим Алажалин 12-дақиқада урди. Иккинчи голни эса 37-дақиқада, 99-рақам остида тўп тепадиган польшалик ҳужумчи Лукаш Гикевич урди.


Ҳакамлар. 30 январь куни Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионида бўлиб ўтадиган ва маҳаллий вақт билан 16:00да бошланадиган беллашувда япониялик ҳакамлар гуруҳи ишлайди. ФИФА ҳаками Хироюки Кимури бошқаради. Унга қанотларда ҳамюртлари Очи Шинжи ва Такаги Такумилар ёрдам беришади. Учрашувда захира ҳаками сифатида тожикистонлик ҳакам Насрулло Кабиров ишлайди. Ҳакамлар ишини Али Ҳамад Бадвавий (БАА) назорат қилади. Учрашувда бутанлик Доржи Минду комиссарлик қилади.  

Қайси гуруҳдан жой олиши мумкин. "Насаф" - "Ал-Файсали" қарама-қаршилиги ғолиби ОЧЛнинг "С" гуруҳидан ўрин олади. Ушбу гуруҳда Эроннинг "Персеполис", Қатарнинг "Ал Садд" ва БААнинг "Ал Васл" каби клублар жой олган.

Умид қиламиз, "Насаф" жамоаси ўз мухлисларини хурсанд қилган ҳолда 2018 йилдаги дастлабки уй учрашувини ғалаба билан якунлаб, юртимизда давом этаётган футбол байрамига ўзига хос ҳисса қўшади.  Янги футбол мавсумининг илк расмий  учрашуви саналган "Насаф" - "Ал Файсали" баҳсига бўлган қизиқиш жуда катта. Ўйинга чиқарилган чипталарнинг ҳам аксарияти сотиб бўлинди. Бўлажак баҳсда ўз тенқурлари орасида Осиё чемпионлигини қўлга киритилишида улкан ҳисса қўшган ва қорли майдонда тўп тепиш ҳадисини олган Азизжон Ғаниев, Дониёр Нарзуллаев, Одилжон Ҳамробеков ва Бобур Абдуҳолиқовларнинг иштирок эта олиши "аждарлар" кайфиятини янада кўтарилишига туртки берса ажаб эмас.  


Рейтинг: +17   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика