

Эслатиб ўтамиз, Ар Риёд клуби Элит ОЧЛда аввал Қатарнинг "Ал Шамал" жамоасига мағлуб бўлган, кейин эса Фарғонада "Нефтчи" билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Ўзбекистон клубига қарши баҳсда Симоне Инзаги шогирдлари биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб, устунликни сақлаб қололмаган.
Саудия Арабистонининг "Kooora" нашри хабар беришича, таниқли журналист Валид Ал Фаррож "Rotana Sport" дастурида "Ал Ҳилол" ичидаги вазиятга оид маълумотларни ошкор қилган.
Унинг сўзларига кўра, бош мураббий Симоне Инзаги жамоанинг уч нафар етакчи футболчиси билан алоҳида йиғилиш ўтказган. Италиялик мутахассис уларнинг сўнгги учрашувларда йўл қўйган хатоларини таҳлил қилиб, ўйин сифатига оид эътирозларини билдирган.
Мураббий футболчиларга ўйинлардан олинган видеолавҳалар орқали хатоларини кўрсатиб, улардан ўз ҳаракатларини яхшилашни талаб қилган.
Шунингдек, клуб спорт директори ҳам асосий таркиб футболчиларидан бири билан алоҳида суҳбатлашган. Суҳбат давомида унга ҳозирги ўйин савияси раҳбариятни мутлақо қониқтирмаётгани билдирилган.
Ал Фаррожнинг маълум қилишича, "Ал Ҳилол" раҳбарияти машғулотлардан бирига кечиккан бир қатор етакчи футболчиларга нисбатан йирик миқдорда молиявий жарималар қўллаган.
Журналист клубдаги вазиятни катта оилага қиёслаб, ички келишмовчиликлар ҳар доим ҳам жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини таъкидлаган.
Унинг қайд этишича, "Ал Ҳилол" мухлислари орасида сўнгги икки йил давомида турли қарашлар юзага келган. Айрим мухлисларда клуб президенти ва спорт директори ўртасида ваколатлар тақсимоти юзасидан келишмовчилик борлиги ҳақида тасаввур шаклланган.
Шунга қарамай, клуб раҳбарияти ва эгалари Симоне Инзагини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Бироқ италиялик мутахассисдан жамоанинг ўйини ва натижаларини яхшилаш талаб қилинган.
Маълумот учун, "Ал Ҳилол" 28 ноябрь куни Саудия Арабистони чемпионатининг 13-турида "Ал Иттифоқ"қа қарши майдонга тушади.



