

Қирғизистоннинг "Vesti.kg" нашри хабар беришича, "Топ Юнайтед" номли спорт драмеди жанридаги сериал 28 ноябрь куни "Этномедиа" онлайн платформасида намойиш этила бошлайди.
Қирғиз тилида суратга олинган сериал "Қирғизсериал" давлат муассасаси, "1.1 Studio" студияси ва мамлакат Кинематография департаменти ҳамкорлигида яратилган.
Сериал бош қаҳрамони – собиқ совет футболчиси Жениш. Фаолиятини якунлагач, ичкиликка ружу қўйган қаҳрамон чет элга кетиш арафасида турган набираси билан бирга қолиш учун ўз футбол жамоасини бошқараётгани ҳақида ёлғон гапиради.
Бироқ унинг ўйлаб топган ҳикояси кутилмаганда ҳақиқатга айланади. Эски дўсти Женишнинг олдига ижтимоий мослашув дастурида қатнашаётган беш нафар муаммоли ўсмирни олиб келади. Собиқ футболчи улардан жамоа шакллантириши ва шу орқали ўз ҳаётини ҳам изга солиши керак бўлади.
Сериал режиссёри Илгиз Қуватбекнинг таъкидлашича, лойиҳанинг асосий ғояси фақат футбол ҳақида ҳикоя қилиш эмас, балки инсоннинг ҳаётда иккинчи имкониятга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатишдир.
Суратга олиш жараёнида профессионал актёрлар билан бир қаторда Қирғизистон миллий терма жамоасининг таниқли футболчилари Мирлан Мурзаев ва Эржан Токотаев ҳам иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи Мирлан Мурзаев 2022 йилда Наманганнинг "Навбаҳор" клуби шарафини ҳимоя қилган. Дарвозабон Эржан Токотаев эса 2025 йилги мавсумда "Андижон" сафида Ўзбекистон Суперлигаси ва Осиё клуб мусобақаларида иштирок этган.
"Топ Юнайтед" сериали расмий тақдимоти 28 ноябрь куни Бишкек шаҳрида ўтказилади. Тақдимот доирасида рэп ижрочилари Estebez ва Bapay томонидан тайёрланган мусиқий клип ҳам намойиш этилиши режалаштирилган.



