UZ

Марказлашган мусобақа учун нега Тошкент қулайроқ? Диёр Имомхўжаевнинг жавоби Янгиликлар

Марказлашган мусобақа учун нега Тошкент қулайроқ? Диёр Имомхўжаевнинг жавоби

Кеча ЎзПФЛ Coca Cola Суперлига учрашувларини марказлашган ҳолатда ўтказиш вариантини ҳам ўрганиб чиқаётгани ҳақида ёзгандик.

Бу бизнинг вазифамиз, А план ўхшамай қолса, албатта Б тайёр туриши керак. Савол: мусобақалар тўхтаб қолмаслиги нима учун муҳим?

Тўхтатиш осон, бошлаб олиш қийин. Ҳолат бизданда салбийроқ мамлакатлар футболни давом эттиришни эплаётган бўлса, биз ҳам ҳаракат қилишимиз керак.
Куз фаслида халқаро ўйинлар бор, футболчилар унга қадар яхши формада бўлишлари шарт.
Карантин сабаб одамларга уйда ўтириш таклиф этилаётган бўлса, уларнинг аксари футбол томоша қилади. Жуда қийин бўлса-да, чет эл футболи мухлисларга бераётган озуқани ўз одамларимизга ўз футболимиз билан беришга ҳаракат қилишдан тўхтамаслигимиз керак.

Хўш, марказлашган мусобақа мавзуси нега очилди?


Вилоятлараро чегаралар ёпилди, бу жамоаларга биринчи муаммо.
Поезд ва авиақатновлар қисқартирилди, бу иккинчи муаммо.
Водий йўлида жамоалар автобус билан ҳаракатлана олмайди, бу учинчи муаммо.
Сурхондарёга автобусда борадиган Тошкент ва водий жамоалари жисмоний тарафдан жуда катта куч йўқотади, бу тўртинчи муаммо.

Биз бу борада ИИВ билан ҳамкорликда ишлаябмиз. Футбол клубларига йўлларда қулайлик яратиш мақсадида уларнинг режалари, ҳаракат қиладиган транспортлари ва делегациялар рўйхати ИИВ учун тақдим этилди. Яъни, 9-тур бизга бу борада жуда кўп ахборот беради, кейинги режалар шундан келиб чиқади.

Хўш, марказлашган мусобақа учун нега Тошкент қулайроқ? 

Биринчидан, Суперлиганинг барча клубида Тошкентдан қўним топиш учун навбатчи отеллар бор. Улар бу отеллардан мунтазам — тиббий текширув учун, йиғинлар учун ва ҳоказо вақтларда фойдаланади. Яъни, ҳар бир клуб учун ўз вилоятидан кейинги қароргоҳ бу Тошкент.

Иккинчидан, Тошкент ва Тошкент вилоятида Суперлига талабларига жавоб берадиган 7 та майдон бор, биз шуларнинг 5 тасидан фойдаланишимиз мумкин (2 тасида прожекторлар муаммоси бор). Бошқа бирор ерда бунча майдонлар йўқ. Водий масаласи кўтарилиши мумкин албатта. Бироқ водийда бундай стадионлар сони 4 та (улар орасидан Истиқлол стадиони масаласи алоҳида мавзу).

Учинчидан, Тошкент ва Тошкент вилоятларида машғулот майдонлари нисбатан кўп. Ҳаёт фақат расмий ўйинлардан иборат эмас, клублар машғулот ҳам олиб бориши керак. Сизнингча, яна қайси вилоят бир вақтнинг ўзида 14 клубни қабул қила олади? Тошкентда эса уларнинг барчасида келганида шуғулланиш учун навбатчи майдонлар бор (аслида бу мавзу ҳали Тошкентда ҳам муаммолар келтириб чиқариши катта эҳтимол).

Тўртинчидан, биз U-21 мусобақасини ҳам унутмаслигимиз керак. Чунки Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U-19 Осиё чемпионатининг асосий футболчилари мана шу лигада тўп суради. Ҳатто Тошкентнинг ўзида улар учун табиий майдонлар қолмаяпти, биз мажбур бўламизки, уларга сунъий майдонларни таклиф қилишга. Муҳими, мусобақанинг тўхтаб қолмаслиги.

Бешинчидан, U-21 жамоалари асосий жамоалар билан ёнма-ён бўлганидагина ёш футболчиларда мотивация ва ўсиш бўлади. Шу тариқа, умумий 28 жамоа учун Тошкентдан бошқа вилоят қийинчилик туғдиради.

Олтинчидан, учрашувлар ҳакамлари, инспекторлари ва комиссарларининг асосий қисми Тошкентда истиқомат қилади. Бу улар учун чегараларни босиб ўтиш муаммосини камайтиради, футбол клублари уларни олиб келиш ва кузатиш харажатларини вақтинча ўйламайди. Уларнинг ҳаммасини бошқа вилоятга кўчириб бориш ва яшашини таъминлаш эса қўшимча маблағ талаб қилади.

Еттинчидан, МТРК ходимларининг асосий қисми ҳам Тошкентда истиқомат қилади. Уларда ҳам чегарани босиб ўтиш масаласи бор. Битта учрашувда МТРКнинг таҳминан 15 нафар ходими хизмат қилиши инобатга олинса, барча учрашувлар учун етарли персоналнинг бошқа вилоятга олиб бориш муаммоси, уларнинг харажатлари масаласи келиб чиқади. Қолаверса, МТРК ва Спорт фаолияти фақатгина футболдан иборат эмас, улар қолган вақтларда бошқа лойиҳалар учун ҳам ишлаши керак, бунинг учун улар Тошкентда бўлиши лозим.

Саккизинчидан, футболни ёритиб борувчи асосий интернет нашрлар ҳам пойтахтдан туриб ишлайди. Championat.asia дейсизми, Кун, Дарё, SportsUZ ва ҳоказо, улар ҳам бошқа вилоятлар учун ўз ходимларини юборишда, уларнинг яшашини таъминлашда молиявий қийинчиликка дуч келиши мумкин.

Касалланиш ҳолати Тошкентда кўпроқ, вилоятларда камроқлиги масаласида шундай дейишимиз мумкин: айни вақтда бутун Ўзбекистон қизил зонада. Инфекция юқтириб олиш хавфи барча жойда бор. Агар жамоалар Тошкентдан қўним топса, режамиз бўйича улар истиқомат қиладиган масканларда карантин талаблари кучайтирилади. Бу ишга СЭС ва ИИВни жалб қилиш нисбатан осонроқ бўлади. Клублар ўз қароргоҳи орқали автобусда машғулотга ва ўйинга қатнайди холос. Улар билан бегона кишиларнинг учрашмаслигини иложи борича назорат қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, марказлашган мусобақа бизга вақтдан ютиш имконини беради. Режа бўйича 12-тур учрашувлари 4 август куни тугайди. Марказлашган ҳолатда эса биз 12-турни 30 июль куни якунлашимиз мумкин.

Жамоалар кетма-кетлигига ҳам қаранг. Пахтакор, Тошкентда, Локомотив, Бунёдкор, Металлург, АГМК ва Сурхон ҳам шу нуқталарда, Андижон машғулотларни Янгиерда олиб боряпти. Яъни, жамоаларнинг деярли тенг ярми шу ерда. Бу албатта кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлади, бироқ фактдан қочиб ҳам бўлмайди. 10-турда Навбаҳор Термизга, Андижон Муборакка бориши керак. Улар барибир Тошкент орқали йўлга чиқади. Бу ҳам муҳим фактор.

Биз қачондир ҳамма нарса пойтахт жамоалари учунми, деган қарашдан воз кечишимиз керак. Биз қачон бутун бир Ўзбекистон бўламиз, шунда ривожланамиз. Исталган соҳани олиб қарасангиз ҳам шундай, метро фақат Тошкентда, асосий банклар, ташкилотлар ва ҳоказо. Бу жараёнларга футболгина сабабчи эмас. Биз вилоят жамоаларининг муваффақиятига, уларнинг халқаро майдонлардаги ўйинларига кўпроқ муҳтожмиз. Бу олдинга каттагина қадам ташлашимиз учун туртки беради. Айтайлик, кубок финали Наманганда ўтади, бу битта имконият. Карантиндан кейин тикланган футболда Насаф, Сўғдиёна, Навбаҳор, Қўқон каби клублардаги ўсишни кўпчилигимиз кўрдик, ўйнаса, етакчиларни ҳам ютиш мумкин экан. Мана энди юқорида келтириб ўтилган масалаларни исталган вилоятга солиштириб чиқасиз, саволлар бўлса, уларга жавоб беришга тайёрмиз.

Шу ўринда ИИВга кўрсатаётган ёрдами учун катта миннатдорчилик билдирамиз. 9-тур учрашувлари муаммоларсиз ўтиб олса, кейингилари масаласида яна фикр алмашамиз.


Диёр Имомхўжаев 

Рейтинг: +23   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика